ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


“O‘zbekiston tarixi” телеканали 2019 йилнинг 1 сентябридан ўз фаолиятини бошлайди 12.07.2019

“O‘zbekiston tarixi” телеканали 2019 йилнинг 1 сентябридан ўз фаолиятини бошлайди


Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг 28 декабрь куни Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида улкан вазифаларни амалга оширишда биз учун куч-қудрат манбаи ҳисобланган миллий ғояни ривожлантириш зарурлиги, миллий ўзлигимизни англаш, Ватанимизнинг қадимий ва бой тарихини ўрганиш, бу борада илмий-тадқиқот ишларини кучайтириш, гуманитар соҳа олимлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш лозимлигини таъкидлаган эди.

“Ўтмишга берилган баҳо албатта холисона, энг муҳими, турли мафкуравий қарашлардан холи бўлиши зарур. Афсуски, юртимиз тарихини ўрганишда ўтган даврда археологик тадқиқотлар етарли даражада олиб борилмади”, — дея қайд этган эди давлатимиз раҳбари Мурожаатномада. Буюк аллома, адибларимиз, азиз-авлиёларимизнинг бебаҳо мероси, енгилмас саркарда, арбобларимизнинг жасоратини ёшлар онгига сингдириш, уларда миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини инобатга олиб, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси таркибида “O‘zbekiston tarixi” каналини ташкил этиш, илмий жамоатчилик, ижодкор зиёлиларимиз билан биргаликда унинг дастурларини пухта шакллантириш кераклигини таъкидлаган эди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ташаббуси билан ҳам ўтган вақт давомида “O‘zbekiston tarixi” телеканалини ташкил этиш, уни халқимиз, айниқса, ёшларнинг маънавий-мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш, уларни Ватанга содиқ қодир инсонлар этиб тарбиялашдаги таъсири мавзуида давра-суҳбатлари, илмий ва амалий тадбирлар ўтказилди. Телеканалнинг дастурлар йўналиши, мазмун-моҳиятини шакллантириш борасида жамоатчилик фикри ўрганилди, тарихчи олимлар, мутахассислар таклифи ва мулоҳазалари кўриб чиқилди. Янги телеканал ёшлар наздида қандай бўлиши керак каби саволларга жавоб изланди.

Албатта, давлатимиз раҳбарининг ушбу ташаббуси халқимиз тарихини янада чуқур тадқиқ этиш, ёш авлоднинг она Ватанимиз олис ва яқин ўтмишини билиш, мамлакатимиз истиқлолининг тарих солномасини тизимли ўрганиш, уни тўлақонли англаб етишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Ушбу телеканал буюк тарих, маданий меросга эга бўлган ва дунё тамаддуни ривожига улкан ҳисса қўшган ўзбек халқининг тарихий ўтмиши ва бугунги кунига муносиб баҳо бериш, фуқароларда тарихий хотира, миллий ўзликни англаш, юксак маънавият, халқнинг ўтмиш анъаналари, маданий меросига ҳурмат, мамлакатимиз мустақилликка эришганлигининг буюк тарихий аҳамиятини ҳис қилиш каби эзгу фазилатларни шакллантиришга хизмат қилади.

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президентининг “O‘zbekiston tarixi” телеканалини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.

Қарорда 2019 йил 1 сентябрдан “O‘zbekiston tarixi” телеканалини ташкил этиш тўғрисида республика кенг жамоатчилиги томонидан қўллаб-қувватланган таклиф маъқулланди.

Минг йиллар қаърига илдиз отган Ўзбекистоннинг кўҳна ва бой тарихи, халқимизнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ғоят катта илмий, маданий ва маънавий ҳиссаси ҳақида мамлакатимиз ва чет эл жамоатчилигини кенг кўламда хабардор қилиш, ҳар бир воқеанинг мазмун-моҳиятини изчил ва тизимли очиб бериш орқали буюк тарихимизнинг барча даврларини чуқур илмий тадқиқотларнинг холисона натижалари асосида кўрсатиб берувчи, буюк ватандошларимизнинг бебаҳо меросини ўрганиш, дунё аҳамиятига эга бўлган энг янги тарихнинг ғоят ёрқин ва унутилмас саҳифалари ҳақида ҳикоя қилувчи ахборот-таҳлилий телекўрсатувлар, ток-шоу, “давра суҳбатлари” тайёрлаш каби вазифлар янги телеканал фаолиятининг асосий вазифа ва йўналишлари сифатида белгиланди.

Шунингдек, телеканалда Ўзбекистон тарихи бўйича илмий тадқиқотлар натижалари, маданий ва кўҳна ёдгорликларни сақлаш билан боғлиқ муаммолар, халқимиз тарихига тааллуқли ва умуммиллий аҳамиятга эга бўлган бошқа ғоят муҳим масалаларни очиқ муҳокама қилиш, чет элларга ижодий сафарлар давомида халқимизнинг моддий ва номоддий мероси, Ўзбекистон тарихи билан боғлиқ бўлган нодир қўлёзмалар, китобларни излаш, амалий санъат буюмлари ҳамда музейлар коллекцияларида сақланаётган қимматли топилмаларни ўрганиш натижалари бўйича махсус телекўрсатувлар тайёрланади.

Телеканал Ўзбекистон ва жаҳон тарихида ёрқин из қолдирган воқеалар ҳамда шахсларга бағишланган маҳаллий ва хорижий бадиий фильмларни мунтазам намойиш қилиш, ушбу мавзу бўйича мамлакатимиз кино санъати усталари билан бадиий фильмлар ва телесериаллар яратишда иштирок этади.

“O‘zbekiston tarixi” телеканалини ташкил этиш халқимизнинг нафақат тарихимиз билан фахрланиш туйғусини, балки буюк аждодларимиз хотираси олдидаги масъулиятини оширишга, дунёқарашимиз кенгайишига хизмат қилади. Бунинг учун телеканал дастурларини барча ёшдаги вакиллари учун қизиқарли тарзда ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Ҳаққоний тарих миллий онг ва мафкуранинг юксалиши, миллатнинг жипслашу­вига хизмат қилади, инсонпарварлик, Ватанга садоқат ҳисла­ри­ни шакл­лан­ти­ради. Зеро, тарих миллатнинг буюк устози ва тарбиячисидир.

 

Жамшид КАРИМОВ,
халқ депутатлари Учтепа туман Кенгашига
“Миллий тикланиш” ДПдан сайланган депутат

 


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz