ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


Очиқ мулоқот: Болалар қўшиқлари қани? 07.04.2018

Очиқ мулоқот: Болалар қўшиқлари қани?

Аввал хабар берганимиздек бугун Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича 2016-2020 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида”ги Қарори ижроси муҳокамасига бағишлаб “Болалар қўшиқчилиги: бугунги ҳолати ва истиқболлари” мавзусида очиқ мулоқот ўтказилди.

Унда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон бадиий жамоалари ижодий бирлашмаси, Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси, Ўзбекистон давлат Консерваторияси, Р.Глиэр номидаги ва В.Успенский номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейлари масъул ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

IMG_0300.JPG

Очиқ мулоқотда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фаоллари ва мутахассислар бугунги кундаги болалар мусиқа ва санъат мактаблари ҳамда умумтаълим мактабларининг мусиқа фани бўйича ўқув дастурлари, педагог кадрлар салоҳияти ва моддий техник базаси ҳолатини атрофлича муҳока қилдилар.

Сарвар Отамуратов,

Партия Марказий кенгаши раиси:

- Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси сайловолди Платформасида мамлакатимизда болаларнинг руҳий-маънавий дунёсини ва маданий савиясини ўстиришда нафақат миллий, балки жаҳон мусиқа санъатининг кўпдан-кўп йўналишларини ҳам чуқур ўрганиш ва ютуқларини ўзлаштириш, халқаро нуфузли танловлар ва фестивалларда иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш, шу билан бирга маданият муассасалари, “Баркамол авлод” болалар марказлари, мусиқа ва санъат мактабларини ривожлантиришга кўмаклашиш каби вазифалар белгиланган.

IMG_0254.JPG

Шундан келиб чиққан ҳолда, ҳудудий партия ташкилотлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари томониданмактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактабларидаги мусиқий таълимнинг сифати, болалар қўшиқчилигининг бугунги аҳволи ўрганилди.

Мазкур ўрганишлар натижаси партия Марказий кенгаши бош мутахассиси Шаҳноза Султанова томонидан тақдимот орқали намоён этилди.

- Таҳлиллар натижасида 3 ёшдан 16 ёшгача бўлган болаларнинг аксарияти болалар мусиқий таълими дастурларидан ўрин олмаган қўшиқларни жумладан, хорижий эстрада хонандаларининг қўшиқларини куйлаётганлиги аниқланди, - деди Ш.Султанова. Шунингдек, мактабгача таълим муассасаларида турли байрам дастурларининг аксарияти рэп, поп йўналишидаги ва паст савиядаги “қўшиқлар”дан кенг фойдаланган ҳолда ташкил этилмоқда.

IMG_0340.JPG

Умумтаълим мактабларидаги ўқувчиларнинг мусиқа маданияти фани ҳақидаги мулоҳазалари ҳамда 1-, 4-, 6-, 7-синфларига мўлжалланган 2017-2018 ўқув йиллари учун тақвимий-мавзу режаси ўрганилганда мусиқа дарсларида мусиқа тинглаш, жамоа бўлиб куйлаш, мусиқа саводи бўйича машғулотлар ўтилиши ва таълим мазмунидан ўзбек болалар қўшиқчилигининг ва жаҳон мусиқасининг энг сара намуналари ҳамда мусиқали ўйинлар ўрин олганига гувоҳ бўлинди.

Бироқ, бу тасдиқланган дастурга мувофиқ, тақвимий-мавзу режасидаги машғулотларнинг ташкил этилишида кўп ҳолларда дарс соатларининг номутахассис ўқитувчилар томонидан ўтилиши, уларнинг аксарияти бирорта соз чалиш малакасига эга эмаслиги, дарслар аксарият ҳолда шунчаки, шеър ёдлаш ёки таълим мазмунига номувофиқ бўлган қўшиқларни турли ахборот ташувчи қурилмалар ёрдамида эшиттириш орқали ўтилиши аниқланди.

IMG_0272.JPG

Аксарият умумтаълим мактабларида фортепиано бўлсада, у жуда яроқсиз ва носоз аҳволда. Чунки ундан ашула дарси машғулотлари давомида фойдаланилмайди. Таълим дастурида ўзбек халқ мусиқа чолғулари ҳақида маълумот бўлсада, миллий чолғулар тақчиллиги кузатилмоқда.

Тадбирда болалар қўшиқларининг телевидение орқали тарғиботи бўйича Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг эфир сеткаси таҳлил этилгани, “Булбулча” болалар ашула ва рақс ансамблининг бугунги ҳолати ва фаолияти ҳамда мусиқий таълимни сифатли ташкил этишда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети тадқиқотчи-изланувчиларининг қатор ўрганишлари таҳлил этилгани таъкидланди.

IMG_0237.JPG

Қайд этилганидек, мамлакатимизда деярли ярим аср мобайнида болалар қўшиқчилик санъатини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этган, халқимиз маданий-маърифий ҳаётида профессионал санъатни тарғиб этишнинг таъсирчан воситасига айланган “Булбулча” болалар ашула ва рақс ансамблига кейинги пайтда эътибор берилмай қўйилди.

Ваҳоланки, 1970 йилда ташкил топган ва Марказий Осиёда ягона саналган, Ўзбекистон телерадиокомпанияси қошидаги катта болалар хори мақомини олган “Булбулча” болалар ашула ва рақс ансамбли нафақат мамлакатимизда, балки хорижий давлатларда ўзбек санъатини муносиб намойиш этиб, 50 га яқин турли даражадаги мукофотларга сазовор бўлган. Ушбу ансамбл 100 га яқин Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар, бастакорлар, “Ниҳол” мукофоти совриндорлари, турли илмий даражадаги соҳа мутахассислари, санъатшунослар, мусиқашунослар, хор дирижёрлари ва таниқли ижодкорларни тарбиялаб вояга етказди.

IMG_0307.JPG

Жамоа фаолияти давомида Ўзбекистон радиоси “Олтин фонди”га киритилган 1000 га яқин болалар қўшиқлари миллионлаб ёшларни мусиқий саводини чиқаришга хизмат қилган.Ансамбл томонидан республикамизда оммавий равишда илк бор мактабларда мусиқали-хор синфларининг ташкил қилинишига эришилди. Мусиқали-хор синфининг ўзига хослиги шунда эдики, унда биринчи марта академик ва ўзбек миллий қўшиқчилиги анъаналарини мужассам этган янги ижрочилик йўналиши шакллантирилди.

Мусиқа синфининг ўқув жадвалига хор, ритмика, сольфеджио, мусиқий чолғуда ижрони ўргатиш фанлари киритилди. 1990-1991 ўқув йилида умумтаълим ва мусиқа мактаблари ҳамкорлигида “мажмуа-мактаб” тажрибаси йўлга қўйилган. Мактаб мажмуаларида болалар мактабгача ёшидан бошлаб мусиқага фаол жалб этилиб, кейинчалик уларнинг билимлари мактабда кенгайиб ва чуқурлашиб, мактабни тугатаётган битирувчилар эса санъат йўналишидаги олий ўқув юртига кириш имкониятига эга бўлдилар. Энг муҳими, мазкур таълим муассасаларида тизимли равишда мусиқа соҳасидаги таълимнинг барча босқичларида хор ижрочилигини ўз ичига олган ҳаваскор ва профессионал хор жамоалари шаклланди.

IMG_0343.JPG

Очиқ мулоқотда таъкидланганидек, болаларни маънавий, маданий-маърифий ва эстетик тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга бўлган ансамблга эътибор бугун ҳаминқадар. Зеро, унинг фаолиятини тиклаш, тажрибасини амалиётга татбиқ этиш бугунги шиддатли глобаллашув даврда мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ҳамда мактаб ўқувчилари учун жуда муҳимдир.

Халқаро тажрибадан маълум бўлганидек, хор куйловчилари орасида жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортилиш кўрсаткичи икки баробар кам қайд этилган. Мусиқашунос олимларнинг таъкидлашича, .аҳолининг атиги 5 фоизини қамраган ҳолда доимий хор маданиятини ўрганиш ёки уларни турли тўгаракларга доимий жалб этиш орқали мамлакатнинг умумий маданий даражасини ошириш мумкин.

IMG_0362.JPG

Хорда куйлаш орқали ёшларни чекиш, спиртли ичимликлар, гиёҳванд моддалар истеъмол қилиш, ижтимоий зўриқиш даражасини пасайтириш, ўзининг ҳаёт даражасидан қониқмаслигининг олдини олишга ёрдам бергани учун санъатнинг бу тури бугунги кунда қатор давлатларда, жумладан АҚШ, Германия, Австрия, Россия, Италия, Испания, Швеция, Чехия, Венгрия, Жанубий Корея, Хитой, Индонезия, Малайзия, Вьетнамда ривожлантирилмоқда. Бу далиллар эса ўз навбатида мамлакатимизда айни кунда болалар мусиқа таълимида хор ижрочилигининг ҳозирги аҳволи ва истиқболлари борасида зарур чора-тадбирларни амалга оширишни тақозо этади.

Очиқ мулоқотда Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси раисиРустамбек Абдуллаев, "Булбулча" болалар ашула ва рақс ансамбли раҳбари Шермат Ёрматов, Ўзбекистон давлат Консерваторияси профессори Феруза Абдурахимова, В.Успенский номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи директори Дилдора Жамалова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ашурали Жўраев ва бошқалар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. 

Тадбир сўнгида мутахассисларнинг фикр-мулоҳазалари асосида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг болалар қўшиқчилигини, вокал-хор таълимини ривожлантириш, мусиқа ўқитувчиларини тайёрловчи олий ўқув юртлари ҳамда мусиқа мактабларининг ўқув дастурлари ва моддий техник базасини такомиллаштириш,  “Булбулча” болалар хори, ашула ва рақс жамоасини қайта ташкил этиш каби таклифлари ишлаб чиқилди.

Очиқ мулоқотда сўз олган мутахассисларнинг фикрлари сиз учун қизиқми?

Унда сайтимизни кузатиб боринг. Келгуси мақолаларимизда сизлар билан ўртоқлашамиз.

ЎзМТДП Марказий кенгаши Матбуот хизмати

 

 



Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

info@mt.uz

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz