ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


09.08.2019

Оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш – бугуннинг вазифаси


Эркин, мустақил ҳаёт кечиришга ички интилиш барчамизнинг жисмимизга табиат томонидан жойланган хислат. Аммо орамизда у ёки бу сабабларга кўра ёрдамга муҳтож кишилар бор экан, ижтимоий ёрдамга эҳтиёж ҳамиша олдинги қаторларда туради.   Шу ўринда ижтимоий-сиёсий маънода мустақил ҳаёт нима? – деган савол жавобига тўхталиб ўтамиз: мустақил ҳаёт – бу ҳар бир инсоннинг жамиятни ажралмас қисми бўлиш ва жамият ҳаётининг барча аспектларида фаол иштирок этиш, танлаш эркинлиги ҳамда ўз-ўзини бошқариш ҳуқуқи демакдир.

Ҳар бир инсон оилада, майли, таркиби қандай бўлишидан қатъи назар, икки инсон бирлашувидан дунёга келаркан, оиланинг ижтимоий институт сифатидаги фаолияти асосий, ҳаётий муҳим бўлган жамиятдаги мулоқотлар, маҳсулот ишлаб чиқариш ва уларни тарқатиш хизматлари, жамият аъзолари ва уларнинг ижтимоийлашувини акс эттириш, ижтимоий тартиб ва назорат, жамият аъзоларининг хавфсизлиги ва ижтимоий турғунликни қамраб олувчи ижтимоиий эҳтиёжларни қондиришга йўналтирилган.

Оила болаларни тарбиялаш натижасида нафақат ўзи ҳам такомиллашиб боради, балки инсоний авлод узлуксизлигини, уларнинг жисмоний ва маънавий ворислигини қўллаб-қувватлайди.

Оила шахс ривожланишидаги дастлабки муҳитни ташкил этади. У болада ижтимоий алоқалар ҳақидаги тасаввурни шакллантиради, болани асосий жамоатчилик қадриятлари, ахлоқнинг маънавий-маданий стандартларига иштирок эттиришда асосий рол ўйнайди. Бола томонидан ҳаётининг дастлабки етти йилида қадриятлар тизими, авваломбор, ота-онаси билан мулоқот, кейин эса оиладаги ҳар бир аъзонинг шарофати билан ўзлаштирилади. Оилада болалар ижтимоий маъқулланган ахлоқ кўринишларини, атрофдагиларга мослашиш, ўзаро муносабат ўрнатиш, ҳис ва туйғуларини намойиш этишни ўрганадилар. Оила аъзоларининг болани ноёб тавсифли мавжудот сифатида қабул қилиш қобилиятлари кўпроқ унинг ўзи тўғрисидаги тасаввурига таъсир кўрсатади.

Оила Кодексининг 4-бандида Оила, оталик, оналик ва болалик давлат ҳимояси остида экани, шунингдек, бола вояга етгунига қадар ота-онанинг жавобгарлиги таъкидлаб ўтилган[1].

Шундай экан, айтиб ўтганимиздек, тақдир тақозоси ва бошқа сабабларга кўра ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар ва уларнинг фарзандлари ҳамиша давлат тасарруфида бўладилар. Зеро, ижтимоий ёрдам ижтимоий кучли давлат томонидан аҳолисининг бирмунча ҳимояга муҳтож қатламига кўрсатадиган эътиборининг таркибий элементи бўлиб, аҳолининг иқтисодий кам таъминланган, ижтимоий заиф, психологик жиҳатдан ҳимояга муҳтож қатлами вакилларига ижтимоий мавжуд бўлиш қобилиятларини яхшилаш мақсадида кўрсатиладиган гуманитар хизматлар мажмуидир. Ижтимоий ёрдам икки кўринишда бўлиши мумкин:

1. Даврий (ўз вақтида нафақа ҳамда ёрдам пулларига қўшимчалар қўшиш);

2. Узоқ муддатли (тиббий, психологик, ҳуқуқий, педагогик, маиший ва бошқалар), яъни манзилли ёрдам кўрсатиш, нохуш ижтимоий-иқтисодий шароит оқибатида юзага келадиган оғир ҳаётий вазиятларни бартараф этиш ва ҳ.к.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг 4.2-банди “Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш”га йўналтирилган бўлиб, унда “аҳолига мажбурий ижтимоий кафолатларни таъминлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ижтимоий ҳимоялашни кучайтириш ҳамда кексалар ва имконияти чекланган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, ижтимоий хизмат кўрсатишни яхшилаш, аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатишда давлат-хусусий шериклигини ривожлантириш”[2] зарурлиги эътироф этилган.

Республика болалар ижтимоий мослашуви қошида ташкил этилган Ахборот консалтинг хизмати (АКХ) мутахассислари марказнинг миссиясидан келиб чиққан ҳолда мана 10 йилдирки, аҳолининг алоҳида эътиборга муҳтож қатлами бўлмиш ногиронлиги бўлган болалар ва уларнинг оилаларига мажмуавий ижтимоий-реабилитацион, тиббий-психологик-педагогик ёрдам кўрсатиб келмоқда. Туғилганидан бошлаб 18 ёшгача бўлган алоҳида эҳтиёжли болаларга ҳар бирларининг эҳтиёжларига кўра индивидуал танланган коррекцион машғулотлар ва машқларни қўллаш йўли билан улар ҳаётининг сифатини яхшилаш, болалар қобилиятини ривожлантириш ва ижтимоий мослашиш имкониятини эгаллашлари мақсадида шифокор-реабилитолог, психоневролог, ортопед-травматолог, невропатолог, педиатр, дефектологлар (махсус педагоглар) ва психолог каби мутахассислар фидокорна меҳнат қиладилар. Марказ фаолияти давомида АКХ нинг ўзида 9 мингдан ортиқ алоҳида эҳтиёжли болаларга мажмуавий ёрдам кўрсатилди ва консультатив қўллаб-қувватланди. Реабилитация курсларини ўтаган 70 % дан ортиқ болаларнинг ривожланишида ижобий динамика кузатилди.

Алоҳида эҳтиёжли болаларнинг жисмоний қобилиятларини ривожлантириш мақсадида даволовчи жисмоний тарбия, гидрокинезотерапия (бассейнда даволовчи гимнастика) ва уқалаш (массаж) бўйича машқлар фаол олиб борилади. Марказ компьютер технологиялари, жумладан, реал шароитларни имитация қилувчи роботлаштирилган механотерапия ва виртуал реаллик технологиясини мужассамлаштирган ҳолда энг янги инновацион асбоб-ускуналар, шунингдек, эксперт синфлари даволовчи, ташҳис қилувчи ва реабилитацион жиҳозлар Lokomat, “Cosmos” билан жиҳозланган.

Боланинг психик соҳасини ташҳис қилиш ва ривожлантириш учун илғор терапевтик методикалардан фойдаланиш билан турли хилдаги психологик ёрдам кўрсатилади:

·        Сенсор терапия;

·        Эртак терапияси;

·        Мусиқий терапия;

·        Монтессори методикаси;

·        Психологнинг индивидуал ва гуруҳли машғулотлари;

·        Ота-оналарга психологик ёрдам

Марказ муттахассислари болалар билан реабилитацион ривожлантирувчи машғулотларни ота-оналар билан ҳамкорликда олиб борадилар(ота-оналар болалар билан биргаликда машғулотларда қатнашади).

Ривожлантирувчи машғулотларда ота-оналарнинг иштироки келгусида уларнинг болалари билан уйда ҳам бу машғулотларни давом эттириш имконига эга бўлишлари учун шароит яратади.

Болаларнинг муваффақиятли ижтимоийлашуви учун атрофдагилар билан ўзаро ҳаракат ниҳоятда зарур. Гуруҳли ўйинлар, тренинглар болаларда ижтимоий кўникмаларни ривожлантириш учун энг самарали усуллардан бири ҳисобланади. Психологлар болаларда фаоллик, очиқлик, ўзига ишонч, ўзаро қўллаб-қувватлашни уйғотганча улар билан гуруҳли коррекцион машғулотларни олиб борадилар ва мулоқот малакаларини ривожлантирадилар.   

АКХ да махсус педагог бола руҳиятининг билиш соҳасини ривожлантириш (сенсор идрок этиш, тафаккурнинг шаклланиши, атроф олам билан таништириш, нутқни ривожлантириш, математика элементларига, саводхонликка ўргатиш) га қаратилган барча машғулотлар ва ўйинларни олиб боради. Арт-терапевт турли-туман бадиий техника ва йўналиш: расм чизиш, нарса ясаш, мусиқа, фотография, китоблар, қўғирчоқ театри, ҳикоялар тўқиб чиқариш ва бошқалардан фойдаланади.

Ижодий фаолият жараёнида эмоционал илиқлик муҳити яратилади, ўзлиги ва ўзининг ички оламини ҳийла чуқур тушуниш содир бўлади. Бола учун ижодкорлик – бу унинг ҳаёти, унинг реаллиги. Бола учун ниманингдир қандай чизилгани ёки пластилиндан қандай ясалгани эмас, балки нима чизилгани ва ясалгани муҳим.

Оилада ўзига хос имкониятли фарзанднинг дунёга келиши ундаги ҳар бир аъзога муайян масъулият юклайди. Шу нуқтаи назардан кузатувларимиз асосида ота-оналарга қуйидагиларни тавсия қиламиз:

Ø    фарзандингизнинг бошқа тенгдошлари билан ҳаракат қилиши, аввало, сизга катта масъулият юклайди. Шу сабабли бу вазият сиздан янада чидамлилик, эътиборлиликни талаб қилишини унутманг;

Ø    жигаргўшангизнинг бошқа болаларга ўхшамаслигидан қайғурманг, ёдингизда бўлсинки, ҳатто саломатлиги меъёрдаги болаларнинг ҳар бири ҳам ўзига хос хислатга эга. Сиз тушган вазиятингизда ёлғиз эмассиз;

Ø    ҳар куни болангизни мактаб ёки мактабгача таълим муассасасига кузата туриб, унинг кайфиятини кўтаришга ҳаракат қилинг, қайтганида эса нималарни билиб олгани билан қизиқинг. Бу болага унинг ҳаётига бефарқ эмаслигингиз, даҳлдорлигингиз туйғусини бериши билан биргаликда воқеа-ҳодисаларни тўғри ифодалаш кўникмаларини ҳосил қилишига ҳам кўмаклашади;

Ø    болалардаги табиат ато этган қизиқиш уларнинг ривожланишларида ҳеч бир нарса билан алиштириб бўлмас мотиватордир. Шу сабабли унинг қизиқишлари, саволларини беэътибор қолдирманг.

Хулоса ўрнида қуйидагиларни таклиф қилишни лозим топдик: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 30-сонли “Мактабгача таълим муассасаларининг фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорининг 732-моддасида Инклюзив таълим қамраб олинмаганлигини айтиб ўтмоқчиман.




[1] Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси. 30.04.1998; № 607-1.

[2] 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси. 2017 йил 7 февраль. ЎзР Президентининг ПФ 4947-сон қарори – Lex.uz



Ғ.Нуримов,
тиббиёт фанлари номзоди,
Республика болалар ижтимоий
мослашуви маркази

 


“Аёл, оила ва жамият: қонун ҳужжатлари ва уларни янада такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари”
мавзусидаги республика илмий-амалий конференцияси тўпламидан олинди.



Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz