ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


Оилавий тадбиркорлик — миллий анъана ва қадриятларимиз асоси 13.09.2018

Оилавий тадбиркорлик — миллий анъана ва қадриятларимиз асоси

Халқимиз бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ушбу даваткор сўзларини амалда руёбга чиқариш учун бугун мамлакатимизда кенг кўламли ишлар бошлаб юборилди. Жумладан, иқтисодиётимизни ривожлантириш, аҳолининг турмуш фаравонлигини оширишда муҳим ўрин тутувчи соҳалардан бири бўлган тадбиркорликни янада ривожлантириш ва унинг кўламини кенгайтириш мақсадида жорий йилда “Ҳар бир оила - тадбиркор” дастури қабул қилиниб, жойларда унинг ижросини сўзсиз таъминлашга киришилди.

Самарқанд вилоятининг Ургут тумани ҳам тадбиркорлик жадал суръатлар билан ривожланиб бораётган ҳудудлар сирасига киради. Айни пайтда туманда 4830 та хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнес субъектлари фаолият кўрсатиб келмоқда. Бугун уларнинг ялпи маҳсулот ишлаб чиқаришдаги улуши 65 фоиздан зиёдни ташкил этмоқда.

Яқин орада ушбу кўрсаткичнинг бундан ҳам ортиши кутилмоқда. Чунки тадбиркорлик борасида етарлича кўникмага эга, унинг сир-асрорларини яхши биладиган ургутликлар ўз хонадонларида ҳам турли йўналишлар бўйича тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, янги иш ўринлари яратишга астойдил интилмоқда.

IMG_4805.JPG

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий Кенгаши вакиллари, депутатлар ва партия фаоллари ана шу сайъи-ҳаракатлар билан яқиндан танишиш ва уларнинг натижасини ўрганиш мақсадида бир нечта оилаларда бўлди. 

Тумандаги “Боғишамол” маҳалласи Наврўз кўчаси, 13 уйда истиқомат қилаётган Хаким Тоиповнинг тадбиркорлик фаолиятини бошлаганига кўп вақт бўлгани йўқ. Аммо у юртимизда соҳа вакиллари учун яратиб берилаётган кенг имконият ва шароитлардан оқилона фойдаланаётгани боис, ишлари анча юришиб кетди.

Оилавий тадбиркорликни бошлаган ишбилармон ўтган 3 ой мабойнида уй-рўзғор учун зарур бўладиган 5 хил турдаги жиҳозлар  ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Кунига 150 донага яқин турли буюмлар тайёрлаб ички бозоримизни сифатли маҳсулотлар билан таъминлаётган оилавий тадбиркор қўл остида оила аъзоларидан ташқари яна 5 нафар маҳалла ёшлари, жами 10 киши меҳнат қилмоқда.

IMG_4811.JPG

- Темирчилик асли ота касб. Отам ёнида юриб мен ҳам шу касб сир-асрорларини пухта ўрганганман. Бугун “Устоз-шогирд” анъанасини давом эттириб фарзандларимга ҳам ўргатаяпман, - дейди Хаким Тоипов. - Биз ишлаб чиқараётган маҳсулотлар маҳаллий хом-ашёдан тайёрланаётгани боис таннархи анча арзон. Сифати ҳам юқорилиги сабаб бозори чаққон. Асосан буюртма асосида ишлаяпмиз.  Маҳсулотларимизни харидорларимиз келиб уйдан олиб кетишаяпти.

“Хар бир оила - тадбиркор” дастурининг қабул қилиниши биз учун айни муддао бўлди. Фаолиятимизни янада кенгайтиришимиз учун қўшимча маблағ зарур эди. Тижорат банкига 7 фоизли кредит олиш учун ҳужжатларни тақдим қилганман. Тез орада банкдан ушбу маблағни олиб, ўйлаб қўйган режаларимизни амалга ошираман. Натижада яна кўшимча 20 та янги иш ўрни яратилади.

Оилавий тадбиркорликни бошлаганига 3 йил тўлган Неъмат Алиев ҳам “Боғишамол” маҳалласи Наврўз кўчаси, 25 уйда Хаким Тоипов билан ёнма-ён яшайди. Асосан келинлари ва маҳалла қизлари билан иш олиб бориб 10 нафар фуқаронинг бандлигини таъминлашга эришган тадбиркор аёллар ва мактаб ўқувчилари учун мўлжалланган  сумкалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйган.

IMG_4855.JPG

- Маҳсулотлар дизайнери дадамнинг ўзлари, -  дейди қўли-қўлига тегмай тикув машинасида ишлаётган Неъмат аканинг келини Зарина Жўрақулова. - Дадам тадбиркорлик фаолиятни бошлаётганда биз бироз иккилангандик. Лекин бугун ишларимиз юришиб кетганидан хурсандмиз. Сумкаларимиз замонавий дизайн ва кўринишга эга бўлгани боис ички бозорда талаб катта. Оиламизда ҳамма иш билан банд. Бекорчи одамнинг ўзи йўқ. Меҳнатимизга яраша манфаат кўраяпмиз. Кўчада кимнингдир қўлида ўзим тиккан сумкаларни кўрсам қилаётган ишимдан янада завқланаман. Бошқа оилаларга ҳам ўз қобилиятлари ва иқтидорларидан келиб чиқиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишларини маслаҳат берардим.   

Ургут шаҳридаги марказий истироҳат боғида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси марказий Кенгаши ташаббуси билан туман ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган  “Оилавий тадбиркорлик - миллий анъана ва қадриятларимиз асоси” мавзусидаги форумда ҳам асосий эътибор оилаларда тадбиркорликни янада ривожлантириш масалаларига қаратилди.

Тадбирда сўз олган Ургут туман хокимининг ўринбосари Ғайрат Абдурахимов, ЎзМТДП Марказий Кенгаши девони бўлим бошлиғи Дониёр Тошбоевлар Президентимизнинг 2018 йил 7 июндаги “Ҳар бир оила тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида” ги қарори ижросини сўзсиз таъминлаш, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган оилаларга кредит ажратишда ортиқча расмиятчиликларга йўл қўймаслик, ажратилаётган маблағларнинг мақсадли сарфланишига эришиш лозимлигини таъкидладилар.

gfdgdfgdfg.jpg

Кредитни энг аввало бошланғич сармояга муҳтож, берилаётган молиявий кўмакдан унумли фойдаланиб оилавий тадбиркорлигини йўлга қўяа оладиган,  янги иш ўринлари яратишга қодир бўлган оилаларга бериш зарурлиги билдирилди.

Форумда тумандаги тижорат банклари “Хар бир оила - тадбиркор” дастури бўйича Ургут туманидаги оилаларга ажратилаётган кредит миқдори, унинг фоиз ставкаси ҳақида аҳолига атрофлича тушунчалар берди.

Банк кредитидан самарали фойдаланиб ўз фаолиятини кенгайтирган ҳамда қўшимча иш ўринлари яратишга муваффақ бўлган ҳунармандлар форум  доирасида кўргазма ташкил қилиб, ишлаб чиқараётган маҳсулотларини  намойиш этишди.

IMG_4923.JPG

Бундан ташқари тадбирда туман бандликка кўмаклашиш маркази томонидан бўш иш ўринлари ярмаркаси ҳам ташкил қилинди. Ишсиз фуқароларга тумандаги корхона, ташкилот, муассасалар ва тадбиркорлар томонидан тақдим қилинган бўш иш ўринларига ишга жойлашиш бўйича йўлланмалар берилди.

Якунда форум иштирокчиларига Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг эсдалик совғалари тухфа қилинди.     

 

ЎзМТДП Самарқанд вилоят кенгаши Матбуот хизмати 

 


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz