ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


Э“МУВАФФАҚИЯТИНГНИНГ ҲАҚИҚИЙ  ҚУВВАТИ”МИ? 17.09.2017

Э“МУВАФФАҚИЯТИНГНИНГ ҲАҚИҚИЙ ҚУВВАТИ”МИ?

Бугун қувват берувчи ичимликларнинг фойдаси ҳақидаги рекламалар тобора кўпайиб бормоқда: “Уларни ичиш – бу жуда зўр танлов, бу замонавийлик белгиси, уни ичсанг, албатта, омадинг чопади, қувватинг ошади, ўзингни яхши ҳис қиласан, ҳаётингда сен хоҳлагандек ҳамма нарса бир зумда амалга ошади. Бир сўз билан айтганда, бу ичимлик –“Муваффақиятингнинг ҳақиқий қуввати”дир. (Қуйидаги иқтибослар қувват берувчи ичимликлар ҳақидаги турли ОАВларидаги реклама эълонларидан олинди).

Албатта, бундай жозибали чақириқлардан, ОАВларда муттасил ёритилаётган агрессив рекламалардан сўнг бу ичимликни жилла қурса бир марта татиб кўрмасанг бўлмайди-ёв?! Боз устига, барча ОАВлар бу борада ким ўзарга рақобатга киришганга ўхшайди. Жорий йилнинг 5 сентябрида “kun.uz” сайтида Чинакам куч-қувват манбаи – Adrenaline Rush® Ўзбекистонда” мақоласини ўқиб, ундаги суратларни кўриб, тадбирни ташкил қилган ташкилотчига иймонинг сачраб “Ҳой, тақсир, сиз Ўзбекистондасиз!” дегинг келади. Бу кутилмаган томошанинг марказида рекламанинг ёзилмаган қоидаларига кўра, албатта, очиқ-сочиқ кийинган аёл... Бундан ташқари, мақолада муаллифнинг “ёрқин мусиқий чиқишлар, кўнгилочар томошалар, қувноқ танловлар, кутилмаган совғалар, айниқса, оловли адреналин томошаси” ҳақида сўз боради. Бу ПИАР акция битта мақсадга – бир қултум бўлса-да дунёнинг кўп мамлакатларида ёшлар учун таъқиқланган ичимликни ичишга қаратилган...

energetik3.jpg

Бундай тарғиботдан сўнг ҳозирги ёшлар кўчада, таълим муассасасида, ишда, дам олиш масканлари, борингки, дўстлар даврасида Adrenaline” қолиб кўк чой ичишармиди!?)))

Шу каби саволлар қувват берувчи ичимликларнинг ёшлар орасида қанчалик оммалашганини ўрганишимизга туртки бўлди.

Жорий йилнинг 7-8 сентябрь кунлари ЎзМТДПнинг “Ёшлар қаноти” фаоллари пойтахтимизнинг 10 га яқин йирик савдо марказларида ҳамда таълим муассасаларида қувват берувчи ичимликларни истеъмол қилиш бўйича ўрганишлар ўтказди. Даслабки ўрганиш ўтказилган дўконда, кутилмаганда, мазкур ичимликларни харид қилаётган 10 ёшли ўқувчини учратдик. Унинг айтишича, у ҳар куни камида бир маротаба ушбу ичимликни истеъмол қилишини билдирди. Энг қизиғи, ўқувчининг бу хоҳишини қондиришига ота-онаси ҳам қарши эмас, шунингдек, у 18+ деган ёзув таъқиқ белгиси эканлигини билади. Бундан ташқари, шаҳримизнинг бир қатор йирик савдо дўконларидаги ўрганишлар, ушбу маҳсулот харидорларининг энг ёши - ўғил болалар ўртасида 12-13 ёш, қизлар ўртасида эса 16-17 ёш эканлигини кўрсатди.

energetik2.jpg

“Ёшлар қаноти” фаоллари ўрганишда давом этди... Айни кунда об-ҳавонинг салқинлаганига қарамасдан, ушбу ичимликнинг бозори чаққон бўлиб, у Coca-Cola ва PEPSI дан кейин (нархи бироз қимматлиги учун, масалан: Red Bull 12490 сўм, Adrinaline 6690 сўм, Zip 5790 сўм) иккинчи ўринда ёшларнинг севимли ичимлиги сифатида истеъмол қилинмоқда.

Энг харидоргир энергетик ичимликлардан Red Bull, Flash, 18+, Tornado, Adrenaline, Zipларни мисол тариқасида келтириш мумкин. Ёшлардан “ушбу ичимликни нега ичасиз?” деган саволга, биринчи навбатда унинг таъми ёққани учун, кейинги ўринда уни истеъмол қилиш бу янги урф (яъни замонавийликнинг белгиси), учинчиси, шунчаки, чанқоқни босиш учун, қувват олиш учун, деган жавобларни олдик. Хусусан, Тошкент шаҳрининг Миробод туманидаги 294-умумтаълим мактабининг юқори синф ўқувчилари ўртасида анкета-сўрови ўтказилди. Унда 35 нафар ўқувчи қатнашди.

Сўров натижаларига кўра, қувват берувчи ичимликларни:

- татиб кўрган ўқувчилар сони 60 %;

- уни “шунчаки қизиқиш учун” ичганлар сони 35%;

- бу яхна ичимликни салбий таъсиридан хабардорлар сони 85%.


IMG_7901.JPG

Ўрганиш давомида Тошкент шаҳрининг Миробод тумани саноат касб-ҳунар коллежи ўқувчиларининг ўртасида мазкур ичимликнинг фойдаси ва зарари борасида очиқ мулоқот ўтказилди. Унда 150 нафарга яқин ўқувчи-талабалар иштирок этди. Мулоқот давомида мазкур ичимликка талаб ошиб бораётгани ҳамда сўраганларнинг ҳар иккинчиси унинг зарарли эканини билиши маълум бўлди. Бироқ унинг айнан қандай салбий таъсири бор, деб сўралганда, бу саволга бирорта ҳам ўқувчи тайинли жавоб бера олмагани аниқланди.

IMG_8000.JPG

Шунингдек, ўрганиш давомида савдо ходимлари ўртасида олиб борилган савол-жавоблар натижасида уни кўп ҳолларда спортчилар, кейинги ўринда узоқ йўлга қатнайдиган ҳайдовчилар, санъаткорлар ҳамда ушбу маҳсулотнинг энг асосий харидорлари бу – талаба ва ўқувчилар эканлиги ўз тасдиғини топди. Сотувчининг сўзларига қараганда, сўнгги пайтларда ушбу маҳсулотга ҳомиладор аёлларнинг ҳам эҳтиёжи ортиб бораётгани кузатилмоқда.

Пўлат Мелибоев, ҳайдовчи: Мен пойтахтдан водийга юк ташийман. Аксарият ҳолларда тунда йўлда юришимга тўғри келади. Шундай вақтларда уйқумни қочириш учун қувват берувчи ичимликларни ичаман. Бу ҳақиқатдан менга ёрдам беради. Аммо унинг соғлиқ учун зарар ёки фойдали эканлигини билмайман.

Акмал Абдуллаев, спортчи: Мен спортнинг bodybuilding тури билан шуғулланаман. Айниқса, ёзнинг иссиқ кунларида кўп тер тўкиш натижасида менда чанқоқ ва ҳолдан тойиш ҳолатлари кузатилади. Шу вақтда энергетик ичимликлар ичаман. Ичганимда қандайдир баданимда тетиклашганимни ҳис қиламан. Аммо бу кўпга бормайди ва менга қувват бермайди. Шунчаки, маълум бир муддатга одамни тетиклаштиради.  

Шу ўринда савол туғилади: яқинда Ўзбекистон ахборот бозорида 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган аҳолининг эътиборини қозонган, керак пайтда инсонларга ёрдам қўлини чўзиб, дардига малҳам бўлишда ибрат бўлаётган “kun.uz” сайти, ёшлар минбари бўлган ва ёшларни ахборот соҳасидаги эҳтиёжини қондириш бобида Президентимиз танқидига учраб, янги вазифалар олган Yoshlar телеканалига ўхшаб аҳоли, айниқса ёшлар соғлиғига зарарли бўлган ичимликларнинг тарғиботи билан шуғулланаётгани бизни ўйлантирди. Бу борада “MY5” телеканали ҳам “ўрнак” бўлаётгани ва шаҳримиздаги баннерларда акс этган қувват берувчи ичимликлар иштаҳани карнай қилишга хизмат қилмоқда. Келинг, шу ўринда савол берайлик: Сиз, шахсан ўзингиз, ота-она бўлиб ўз фарзандингизга шу ичимликни олиб берасизми? “Ҳа” ёки “Йўқ” дейишга шошилманг!

Бугун Дания, Норвегия, Литва, Латвия, Мексика, Ҳиндистон, Туркия, АҚШнинг Вашингтон, Юта, Оклахома, Мичиган штатлари, Россия Федерациясининг 38 та субъектида қувват берувчи ичимликни ичиш таъқиқланган. Ҳаттоки, баъзи мамлакатларда Франция ва Мексика ҳудудида сотилаётган маҳсулотнинг ҳар литрига солиқ ҳажми кескин оширилган.

Мериленд университети ходимлари йигирма ёшлар атрофидаги йигитларни беш йил давомида кузатиб борди. Маълум бўлишича, таркибида кофеин миқдори кўп бўлган энергетик ичимликларни мунтазам истеъмол қилувчилар келажакда руҳий фаоллаштирувчи моддаларни тез-тез қабул қила бошлайди. Жумладан, энергетик ичимликларга ружу қўйган шахслар 25 ёшларида меъёридан ортиқ алкоголь ичишни ва қўзғатувчи моддалар (масалан, кокаин) дан фойдаланишни бошлар экан.

Дунё миқёсида энергетик ичимликлар юзасидан ўрганилган тадқиқотлар кўрсатишича, дастлабки қувват берувчи ичимлик 1960 йилда Японияда ишлаб чиқарилган. 1987 йили у Европада ҳам шиддат билан оммалашган. Роппа-роса 10 йилдан сўнг ичимлик АҚШ га етиб келган. 2000 йил ушбу ичимлик энг оммалашган йил деб манбаларда қайд этилади. 2006 йилга келиб дунёда ушбу ичимликнинг расман 500 га яқин тури қайд этилади ва биргина АҚШнинг ўзида 2008 йилдан 2012 йилгача мазкур маҳсулотнинг сотуви 60% гача ўсиб, 12,5 миллиард АҚШ долларини ташкил этган. Айниқса ушбу маҳсулот алкоголли ичимликларни сотувини ўсишига таъсир кўрсатди. Кўпгина мижозлар уни алкоголь маҳсулотларига аралаштириб ичишининг натижасида кўплаб нохуш қайд этила бошлади. Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича Европа агентлиги (EFSA) берган маълумотларига кўра, 18-29 ёшда бўлган ёшларнинг 70%и энергетик ичимликларни алкоголь маҳсулотига қўшиб ичиши маълум бўлди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу усул алкоголни ўзидан заҳарланишдан кўра хавфлироқ. Сабаби қувват берувчи ичимлик одамни тетиклаштирса, спиртли ичимликлар аксинча ҳолдан тойдиради. Қолаверса кофеин моддаси мастлик даражасини билишга имкон бермайди. Натижада инсон ичимликни меъёрини назорат қилиши имконига эга бўлмайди.

Жумладан, 2010-2011 йилларда АҚШда худди шундай таркибдаги ичимликдан 5 мингга яқин инсон заҳарланган. Уларнинг аксарияти талабалар бўлган. Европа Иттифоқига аъзо мамлакатларда қувват берувчи ичимликлар таъқиқланмаган, бироқ қонунчиликда уларни вояга етмаганларга сотишни чеклаш билан боғлиқ нормалар киритилган. Швецияда эса ушбу ичимликни 15 ёшдан кичик бўлган болалар ва ўсмирларга сотиш таъқиқланган. Бу ичимликнинг айрим турлари фақатгина дорихоналарда сотилади. Канадада харидорлар учун маҳсулотни қачон ва бир кунда қанча миқдорда ичиш ҳамда уни алкоголь билан аралаштирмаган ҳолда истеъмол қилиш билан боғлиқ йўриқномалар ёрлиқларида акс эттирилган. 2012 йилда Венгрияда зарарли маҳсулотлар рўйхатига кирувчи ичимлик сифатида, улардан “аҳоли соғлигига солиқ” ундирилади.

ЎзМТДП фракцияси томонидан партия сайловолди Платформасида белгиланган озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашни янада кучайтириш ва генларни модификация қилиш усулидан фойдаланишни чеклаш вазифаси асосида қувват берувчи ичимликларнинг истеъмолини тартибга солиш ҳамда уни реклама қилиш, вояга етмаганларга сотилишининг олдини олиш мақсадида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳасига таклифлар ишлаб чиқилди. Унга мувофиқ, “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонунга “қувват берувчи ичимликлар” нима эканлиги, 18 ёшга тўлмаган шахсларга уни сотиш таъқиқланиши билан боғлиқ нормалар илк бора киритилмоқда. Шунингдек, “Реклама тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг тегишли моддасига “қувват берувчи ичимликлар” рекламасини, жумладан, улар ҳақидаги ахборотлар ижтимоий ҳамда спортдаги муваффақиятлар, жисмоний ва руҳий ҳолатни яхшилашга қаратилган жараёнларни намойиш қилмаслиги, реклама сабаб унинг меъёридан ортиқ истеъмол қилиниши зарарли оқибатларга олиб келиши, шунингдек, уни истеъмол қилишдаги ёш кўрсаткичлари акс этган огоҳлантирувчи эслатмалар билан берилиши таклиф этилмоқда.

Жумладан, бундай эслатмалар учун реклама майдонининг 10% дан кам бўлмаган жой ажратилиши ҳамда реклама роликларида эфир вақтининг 5 секунддан кам бўлмаслиги назарда тутилган. Бундан ташқари, 7:00 дан 22:00 гача қувват берувчи ичимликларни электрон шаклда реклама қилишни чеклаш ва бошқа шу каби қатъий чораларни назарда тутувчи меъёрлар билан тўлдириш таклиф этилмоқда. Айни кунда ушбу қонунчилик ташаббуси юзасидан унга маъсул ва манфаатдор ташкилотларнинг ижобий хулосалари олинди. Бугунги кунда ЎзМТДП “Ёшлар қаноти” фаоллари томонидан республикамизнинг барча таълим муассасаларида қувват берувчи ичимликларнинг савдоси, зарари ҳақидаги муносабатлар ўрганилмоқда.

Оловли адреналинми ёки кўк чой? Хулосаси ўзингизга ҳавола! Лекин барибир, ўзимизникидан қўймасин.

ЎзМТДП Марказий кенгаши

“Ёшлар қаноти” фаоллари



Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

info@mt.uz

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz