ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


Ҳовлидаги зиёратгоҳ депутатлар эътиборини тортди 12.09.2017

Ҳовлидаги зиёратгоҳ депутатлар эътиборини тортди

ЎзМТДП сайловолди Платформасида белгиланган маданий, тарихий ёдгорликларни бутун инсоният учун қимматли осори атиқалар сифатида сақлаш ва қайта таъмирлаш, тарихий, маданий ва илмий-интеллектуал меросни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, бойитиш ҳамда уларни янада кўпайтиришга кўмаклашиш устувор вазифалар сифатида белгиланган. Мазкур мақсад-вазифалар ижросини таъминлаш партия фракцияси, ЎзМТДП гуруҳлари ва фаоллари ҳамда ҳар бир аъзосидан масъулият, фаоллик ва ташаббускорлик талаб этади. 

_MG_0006.JPG

Ана шундай мақсад-вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ЎзМТДП Фарғона вилоят кенгаши томонидан Риштон туманида жойлашган моддий маданий мерос объектлари амалдаги қонун хужжатларига мувофиқ сақланиши, муҳофаза белгиларининг ўрнатилгани, эгалик хуқуқи, кадастр хужжатларининг мавжудлиги, архитектура ва шаҳарсозлик, ёнғин хавфсизлиги, санитария эпидимиология ва фавқулодда вазиятлар талабларига риоя этилиши ҳамда улардан фойдаланиш борасида ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур жараёнда ЎзМТДП вилоят кенгаши девони ходимлари Р.Отабоев, М.Акбарова, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш минтақалараро давлат инспекцияси бўлим бошлиғи Б.Қирғизов, ЎзМТДП вилоят кенгаши депутати М.Бекмирзаева, туман кенгаши депутати Ш.Собиров, И.Худойқуловлардан иборат ишчи гуруҳ ҳудуддаги “Хўжа Рўшноий”, “Соҳиби ҳидоя”, “Ҳазрати Хизр”, “Абулазизхондада” зиёратгоҳлари ҳамда “Қамбар ота” масжиди бинолари ҳолатини ўрганди.

_MG_0030.JPG

Риштон шаҳар Тўқимачи кўчасида жойлашган “Хўжа Рўшноий” зиёратгоҳидаги мақбара ўрнатилган тартибда давлат бюджети ҳисобидан ажратилган маблағлар ҳисобидан қайта тикланган. Лекин мақбара атрофи қурилиш чиқиндиларидан тозаланмаган, ободонлаштириш ишлари олиб борилмаган. Зиёратгоҳда зиёратчилар учун яратилган шароитлар талаб даражасида эмас. Қўшимча бинолар таъмирлашга муҳтож ҳолатда. Зиёратгоҳ йўлаклари ҳамда кириш қисмида қурилиш таъмирлаш ишлари бошланган бўлишига қарамай, айни пайтда иш тўхтаб, якунига етказилмаган.

Ўрганишлар натижасида “Соҳиби ҳидоя” зиёратгоҳига кўчадан кириб бориладиган йўлакнинг ўнг қисмидаги йўл қопламалари кўчириб ташланган, йўлак таъмирлашга муҳтож ҳолатда эканлиги маълум бўлди. Шунингдек, зиёратгоҳ гумбази уст қисмидаги керамик плиткалар кўчиб кетганлиги сабабли гумбаз ички томонлари нам тортиб кетган, айвонлари таъмирталаб ҳолатда, таҳоратхоналари талаб даражасида эмас. Мақбара атрофи, йўлаклар ва зиналардаги плиталар кўчиб кетган. Кўкаламзорлаштириш ишлари талаб даражасида олиб борилмаган, атрофдаги қуриган ўтлар юлинмаган, дарахтларга шакл берилмаган ва қаровсиз ҳолатга келиб қолган. Зиёратгоҳнинг кадастр ҳужжатлари мавжуд бўлиб, мазкур объект маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш минтақалараро давлат инспекцияси томонидан рўйхатга олинган бўлишига қарамай бундай қаровсиз ва эътиборсиз қолдирилаётгани ажабланарли ҳол.

_MG_0129.JPG

Зоҳидон шаҳарча фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “Абулазизхондада” зиёратгоҳи яхши ҳолатда сақланмоқда, зиёратчилар учун барча шароитлар яратилган, аммо моддий маданий мерос сифатида кадастр ҳужжатлари мавжуд эмас.

Яна бир қадамжодаги ҳолат депутатлар эътиборини тортди. Риштон туман Бўстон ҚФЙ ҳудудидаги “Ҳазрат Хизр” қадамжолари зиёратгоҳи фуқаролар Қ.Мирзаев ва А.Мирзаевларга тегишли турар жойда жойлашган экан. Мазкур объектда муҳофаза белгиси мавжуд эмас, унга бориладиган йўлакча жуда тор, атрофи таъмирталаб. 2017 йилги кадастр ҳужжатларига асосан ушбу уй-жойнинг ҳудудида жойлашган зиёратгоҳ кадастр ҳужжатларида алоҳида ажратилмаган ва ҳудуди белгиланмаган. Шу боис мазкур зиёратгоҳга келувчилар учун шарт-шароитлар мавжуд эмас. Масалан, зиёратгоҳда автотураргоҳ йўқ, ёнғин хавфсизлиги, санитария эпидимиология ва фавқулодда вазиятлар талабларига умуман жавоб бермайди. Зиёратчилар учун яратилган шароитлар қониқарсиз ҳолатда. Хайрия қутилари мавжуд эмас, аммо унинг ўрнига зиёратчилардан тушаётган маблағларни қоғоз қутиларга йиғилмоқда, тушган маблағлар ҳисоби юритилмаган ва ушбу маблағларни қайси мақсадларга йўналтирилиши ҳисоботи ва назорати мавжуд эмас. Энг ачинарлиси умуман диний билимга эга бўлмаган шахслар ушбу зиёратгоҳда Қуръон тиловат қилиб, диний удумларни ўтказишмоқда.

_MG_0149.JPG

Ўрганишлар давомида “Бешкапа” ҚФЙ ҳудудида жойлашган “Қамбарота” масжиди ҳам қаровсиз ҳолатга келиб қолганлиги аён бўлди. Объект охирги марта 1991 йилда реставрация қилинган. Унинг кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмаган, ҳудуди белгиланмаган. Масжиднинг ҳимоя чегарасида хусусий клиника ва савдо растаси қурилмоқда. Масжид ёнида “Бешкапа” маҳалла фуқаролар йиғини идораси биноси жойлашган бўлсада, маҳалла фаоллари масжид олдидаги қурилиш чиқиндиларининг тўпланиб ётганига эътибор қаратмаслигини қандай тушуниш мумкин. Шунингдек, маҳаллий аҳоли томонидан қўйилган ҳом ғиштлар масжиднинг кириш қисми, эшик остоналарида қуритилмоқда. Бино атрофида ўт-ўланлар ўсиб кетган. Маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари маҳалла ҳудудидаги тарихий обидага умуман аҳамият бермай, масжид биноси қаровсиз ҳолатга келиб қолишига бепарволарча муносабатда бўлишмоқда.

_MG_0154.JPG

Партия ходимлари ва депутатлар Риштон туманидаги моддий маданий мерос объектлари ҳолати бўйича ўрганишлар натижасидан келиб чиқиб, туман сессиясига масала олиб чиқиш ҳамда қадамжолардаги муаммоларни ҳал этиш юзасидан мутасадди ташкилотларга депутатлик сўрови юборишга келишиб олди.

Муаттархон Акбарова

ЎзМТДП Фарғона вилоят кенгаши

бош мутахассиси


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77, (8-371) 239-45-53

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

info@mt.uz

Ўз E-mail манзиллингизни киритинг ва янги маълумотлар, ҳабарлар ва маслаҳатларга почта оркали ега бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz