ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


Партия ташаббуси билан ўзбек мусиқа маданияти тарихи ўрганилмоқда 12.01.2018

Партия ташаббуси билан ўзбек мусиқа маданияти тарихи ўрганилмоқда

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи ҳамкорлигида “Ўзбек мусиқа маданияти тарихи саҳифаларидан” номли китоб тақдимоти бўлиб ўтди.

Унда партия Марказий кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзМТДП фракцияси аъзолари, партия Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоят кенгашлари фаоллари, адабиётшунос, мусиқашунос олимлар, академиклар, ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирни ЎзМТДП Марказий кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Сарвар Отамуратов олиб борди.

— Тарихий хотирани тиклашда, миллий ўзликни ва миллат зеҳниятини англашда миллий мусиқа меросининг ўрни ниҳоятда катта, — деди С.Отамуратов. — Зеро, бугунги глобаллашув даврида “оммавий маданият”нинг салбий таъсири аксарият ёшларнинг ҳаёт, борлиқ, маданият, санъатга бўлган қарашларини ўзгартириб, дунёқараш ва туйғулари қашшоқлашувига олиб келаётир. Миллий менталитетимизга ёт бундай салбий оқибатларга фақат миллий маданиятимиз ва санъатимиз, аждодларимизнинг бой маънавий меросини тиклаш, уларни ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш орқалигина қарши курашиш мумкин.

IMG_5489.JPG

Партия етакчиси таъкидлаганидек, Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилнинг 3 август куни адабиёт, санъат ва маданият соҳаси вакиллари билан бўлган видеоселектор йиғилишида “Адабиёт ва санъат, маданиятни ривожлантириш – халқимиз маънавий оламини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдеворидир” номли маърузасида илгари сурилган энг устувор мақсад-вазифалар соҳа ривожини янги босқичга кўтариш борасида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб берилди. Президент таъбири билан айтганда, “адабиёт ва санъатга, маданиятга эътибор – бу аввало, халқимизга эътибор, келажагимизга эътибор эканини, буюк шоиримиз Чўлпон айтганидек, адабиёт, маданият яшаса, миллат яшаши мумкинлигини унутишга бизнинг асло ҳаққимиз йўқ”... Бизнинг ҳавас қилса арзийдиган буюк тарихимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган улуғ аждодларимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган беқиёс бойликларимиз бор. Ва мен ишонаман, насиб этса, ҳавас қилса арзийдиган буюк келажагимиз, буюк адабиётимиз ва санъатимиз ҳам албатта бўлади.

IMG_5546.JPG

Ушбу устувор вазифаларни ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси сайловолди Платформасида кўзда тутилган масалалар, жумладан, халқимизнинг беназир миллий қадриятларини асраб-авайлаш, миллий ғурур ва шаън туйғусини мустаҳкамлаш, миллий ўзликни англаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратмоқда. Зеро, партия ташаббуси билан тайёрланган “Ўзбек мусиқа маданияти тарихи саҳифаларидан” номли тўплам мустабид тузум давридаги ўзбек мусиқа маданияти ривожига доир муаммоларни тарихшунослик юзасидан тадқиқ этишга хизмат қилади. Бундан ташқари ушбу тўплам орқали партия тарихимиз, адабиётимиз, санъатимизни тадқиқ этишга киришган ёш олимларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижодий ютуқларини тарғиб этишга киришганлигининг амалий ифодасидир.

IMG_5507.JPG

Давра суҳбатида қайд этилганидек, мазкур китоб ўзбек халқининг мусиқий маданияти илдизлари Авесто ва зардуштийлик дини анъаналари билан боғлангани, у катта даврни ва ниҳоятда кўп маълумотларни қамрагани, ва энг муҳими, мўъжаз рисола асосини турли даврларда чоп этилган матбуот материаллари ташкил этгани, яъни, 20-йилларидаги нашрлар, “Туркистон” газетаси, “Инқилоб”, “Ер юзи”, “Маориф ва ўқитувчи” журналлари саҳифаларида эълон қилинган мақолалар илк бор илмий муомалага киритилгани соҳа мутахассисларини эътирофига сабаб бўлмоқда.

IMG_5526.JPG

Айниқса, ўзбек мусиқасининг жонкуярлари Абдурауф Фитрат, Ғулом Зафарий, Чўлпон, Шокир Раҳимий, Искандар Икром, Ниёз Ражабзода, Санжар Сиддиқ, Муҳиддин қори Ёқубовларнинг ўтган асрнинг 20-30 йилларида эълон қилинган фикрлари ўзбек халқининг мазкур буюк дарғалари билан бевосита мулоқотга киришга ундайди. Қолаверса, тарихнинг энг қалтис палласида санъатимиз фидойилари К.Отаниёзов, Ф.Умаров, Т.Қодиров кабиларнинг нафақат миллий мусиқа соҳасида ўз мактабларига асос солганлари балки ўзларининг ўзларинг нодир асарлари миллий мусиқа санъатимизни дунёга танитганлари ёш авлод учун ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади. Саййид Али Хўжа, Шокир Сулаймон каби ўша вақтда ҳали талаба бўлган ёшларнинг ўзбек миллий маданияти, мусиқий мероси келажаги ҳақидаги ташвишлари, кечинмалари ёшидан қатъий назар ўқувчини бефарқ қолдирмайди. Шунингдек, ушбу тўпламда миллий театр, мусиқали драма театри, миллий опера, кино ва кино мусиқаси каби санъат турларининг юзага келиши билан боғлиқ кўплаб жараёнлар ҳам қаламга олинган.

IMG_5568.JPG

Давра суҳбатида партия фаоллари, адабиётшунос, мусиқашунос олимлар ҳамда мутахассислар мазкур китобнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти борасида тўхталиб, мазкур китоб Президентимизнинг ижодкор зиёлилар вакиллари билан учрашувида белгиланган мақсад-вазифаларига ҳамоҳанг эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

IMG_5469.JPG

“Ўзбек мусиқа маданияти тарихи саҳифаларидан” номли китобнинг электрон нусхаси ҳамда ундаги қимматли маълумотлар партиянинг босма ва электрон нашрларида чоп этилиши режалаштирилган. Бизни кузатишда давом этинг.

ЎзМТДП Марказий кенгаши Ахборот хизмати


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

info@mt.uz

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz