ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма етти йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи 01.09.2018

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма етти йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи

Ассалому алайкум, қадрли ватандошлар!

Муҳтарам меҳмонлар!

Хонимлар ва жаноблар!

Аввало, сиз, азизларни, сизлар орқали бутун халқимизни энг буюк, энг азиз байрамимиз – Мустақиллик куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этишга ижозат бергайсиз.

Биз учун янги давр, эркин ва озод ҳаётни бошлаб берган шу қутлуғ санада халқимиз қандай машаққатли ва айни вақтда шарафли йўлни босиб ўтганини яна бир бор чуқур ҳис этамиз.

Мана шундай улуғ айёмда бутун ҳаётини озодлик учун курашга бағишлаган, бу йўлда жон фидо қилган ота-боболаримиз, мард ва жасур юртдошларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирамиз.

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг асосчиси, Биринчи Президентимиз муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг барҳаёт номларини ҳурмат ва эҳтиром билан ёдга оламиз.

Азиз дўстлар!

Мустақиллик туфайли биз дунё ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлиб, ёруғ келажагимизни ўз қўлимиз билан бунёд этмоқдамиз.

Истиқлол йилларида эришган ютуқларимизга таяниб, миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари дадил қадам қўймоқдамиз.

Мамлакатимиз тараққиётини янада юксак босқичга кўтариш мақсадида Ҳаракатлар стратегиясини қабул қилдик. Бу ноёб ҳужжатда белгиланган улуғвор вазифаларни рўёбга чиқаришга қатъий киришганимиз биз учун янги уфқ ва имкониятлар очиб бермоқда.

Дунё миқёсида рақобат кескинлашиб бораётган ҳозирги мураккаб даврда мамлакатимизни илм-фан ютуқлари, юқори технологиялар асосида модернизация қилиш ва янгилаш энг муҳим вазифамизга айланмоқда. Ана шундай ўткир талабни чуқур англаган ҳолда, биз 2018 йилни юртимизда Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб эълон қилдик.

Бу борада қабул қилинган Давлат дастурида 11 триллион 200 миллиард сўм ва 1 миллиард 300 миллион АҚШ доллари ҳажмидаги ишларни амалга ошириш кўзда тутилган. Дастур ижросини таъминлаш учун кенг кўламдаги улкан ишлар олиб борилмоқда.

Юртимизда фаол инвестиция сиёсати юритилмоқда, замонавий корхоналар барпо этилмоқда, солиқ тизими тубдан ислоҳ қилиниб, тадбиркорлик ва хусусий мулкни ривожлантириш, барча соҳа ва тармоқларда инновация, илм-фан ютуқлари, янгича ва ижодий ёндашувларни жорий этишга алоҳида эътибор берилмоқда. Қишлоқ хўжалигида замонавий, истиқболли тармоқларга асос солиш, кластер тизимини йўлга қўйиш, фермер хўжаликларининг натижадорлигини кучайтириш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

Ана шундай улкан саъй-ҳаракатларимиз натижасида юртимизда макроиқтисодий барқарорлик таъминланмоқда.

Биз учун энг устувор вазифа бўлган аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини юксалтириш бўйича катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилмоқда.

Айниқса, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларига ҳам янгиланиш нафасини, бунёдкорлик руҳини олиб кирмоқда. Одамларнинг фикри, дунёқараши ўзгармоқда, қишлоқда турмуш маданияти ошиб бормоқда.

Бутун мамлакатимизни қамраб олган мазкур дастурлар доирасида 416 та қишлоқ ва 105 та маҳаллада қурилиш ва ободонлаштириш ишлари жадал давом этмоқда. Буларнинг барчаси жонажон Ўзбекистонимизнинг янги, обод қиёфасини яратиш, халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Аҳолимизнинг замонавий уй-жойга бўлган талаб ва эҳтиёжларини таъминлаш мақсадида жорий йилда 13 минг 900 дан зиёд оилага мўлжалланган 335 та кўп қаватли турар жой фойдаланишга топширилди. Йил охиригача бу рақам 2017 йилга нисбатан 2 баробар кўпаяди.

Ана шу йўналишдаги ишлар қишлоқ жойларда ҳам янгиланган лойиҳалар асосида олиб борилмоқда. Ҳозирги кунга қадар қишлоқларда 40 мингта оила янги хонадонларга кўчиб кирди.

Бу борада биз илгари етарлича эътибор бермаган муҳим масала – яъни, кам таъминланган, ногиронлиги бўлган инсонларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Бунинг тасдиғини ўтган 2 йилда 1000 нафардан ортиқ шу тоифага мансуб инсонлар уй-жой билан таъминлангани мисолида кўриш мумкин.

Албатта, барчамизни хурсанд қиладиган бундай ўзгаришлар минг-минглаб оилалар ҳаётига шодлик ва бахт олиб келмоқда.

Ҳеч шубҳасиз, ҳаётда мана шундай қувончли воқеалар юз берганда инсоннинг қадди ҳам, қадри ҳам кўтарилади. Бундай дамларда адолат ҳақида гапирмасангиз ҳам одамлар ҳақиқат ва адолат борлигига ишонади.

Илоҳим, юртимизда уй тўйлари, ҳовли тўйлари янада кўпайсин, бу хонадонларда янги ҳаёт бошлаётган одамлар мурод-мақсадига етсин!

Аҳоли бандлигини таъминлаш, ҳар бир оилада тадбиркорлик муҳитини яратиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Кейинги икки йилда мамлакатимиз бўйича 700 мингдан ортиқ юртдошларимиз иш билан таъминлангани, тижорат банклари томонидан тадбиркорларга 25 триллион сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилгани ана шундай саъй-ҳаракатлар натижасидир.

Муҳтарам юртдошлар!

Биз мамлакатимизда қандай дастур ва режалар қабул қилсак, уларнинг барчасида умидимиз, келажагимиз бўлган ёшларимиз манфаатларини алоҳида ҳисобга олмоқдамиз.

Бу ҳақда сўз юритганда, мамлакатимизда янги олий ўқув юртлари, хориждаги нуфузли университетларнинг филиаллари ташкил этилаётгани, қабул квоталари оширилгани, кўпгина йўналишлар бўйича сиртқи бўлимлар очилганини алоҳида қайд этиш лозим.

Айни вақтда буюк алломаларимиз номидаги махсус мактаблар, ҳудудларимизда атоқли адибларимиз номидаги ижод мактаблари иш бошлагани, ёшларимиз ўртасида турли танлов ва фестиваллар, спорт мусобақалари мунтазам ўтказиб келинаётгани уларнинг илмий ва ижодий камолотида катта роль ўйнамоқда.

Жамиятимизда “Қонун ва адолат – устувор”, “Жиноятга жазо муқаррар” деган муҳим принципларни таъминлаш, суд, прокуратура, ички ишлар органлари, адвокатура тизими фаолиятини такомиллаштириш, уларни том маънода инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоячисига айлантириш бўйича ҳам салмоқли ишлар қилинмоқда.

Ана шундай ўзгаришлар туфайли биз йиллар давомида деярли унутиб қўйган тартиб-интизом, қонун-қоида, одамларнинг ҳақли талаблари билан ҳисоблашиш каби энг муҳим тамойиллар ҳаётимизда тобора чуқур ўрин эгалламоқда.

Халқимизга хос кечиримли, раҳм-шафқатли бўлиш, бағрикенглик ва олижаноблик фазилатлари асосида жамиятимизда соғлом ижтимоий муҳит мустаҳкамланиб бормоқда.

Билиб-билмай нотўғри йўлга кириб қолган, ўз қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлган фуқароларни кечириш, уларни оиласи бағрига, фойдали меҳнатга қайтаришга қаратилган тадбирлар ҳақида сизлар яхши хабардорсиз.

Куни кеча қабул қилинган Президент фармонига биноан қилмишига чин дилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган, озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган 261 нафар шахс Мустақиллик байрами муносабати билан афв этилгани шу эзгу ишларимизнинг давоми бўлди.

Тасаввур қилинг, 261 инсон тақдиридаги бундай ўзгариш – бу аввало уларнинг оиласи, фарзандлари, ота-оналари, яқинлари ҳаётига нур олиб кирди, қувонч олиб кирди, деганидир.

Азиз юртдошлар!

Бугун бир фикрни тўла ишонч билан айтиш мумкин: бутун жамиятимизни қамраб олаётган ана шундай эзгу ишларимиз туфайли ҳаётимизда файзу барака, миллатлараро дўстлик ва меҳр-оқибат туйғулари кучайиб бормоқда.

Энг муҳими, мамлакатимизни янада тараққий эттириш йўлида олиб бораётган ички ва ташқи сиёсатимиз эл-юртимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Халқимизнинг розилиги – бизнинг, биринчи навбатда, Президент сифатида менинг, барча бўғиндаги раҳбар ва мутасаддилар, депутат ва сенаторлар, бутун давлат идораларининг фаолиятига берилган энг олий ва энг адолатли баҳодир.

Агар халқимиз биздан рози бўлса, Яратган ҳам албатта рози бўлади.

Бу ҳақиқатни ҳеч ким ҳеч қачон унутмаслиги зарур.

Ҳурматли анжуман иштирокчилари!

Мана, бугун Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллиги муносабати билан давлатимизнинг юксак унвонлари, орден ва медаллари билан тақдирланган юртдошларимизга ана шу мукофотлар марказда ва жойларда тантанали равишда топширилди.

Ўзининг кўп йиллик фидокорона меҳнати билан эл-юртимиз ўртасида катта обрў-эътибор топган бу инсонларни ўз номимдан, сизларнинг номингиздан яна бир бор табриклаб, эзгу тилакларимни билдиришга рухсат этгайсиз.

Жонажон Ўзбекистонимизда, барча шаҳар ва қишлоқларимизда сизлар каби фидойи одамлар сафи янада кенгайиб, олижаноб меҳнатингиз самарасидан аввало ўзингиз, оилангиз, эл-юртимиз баҳраманд бўлсин!

Хонадонларингиздан бахту саодат, файзу барака ҳеч қачон аримасин!

Қадрли юртдошлар!

Бугун миллий тараққиётимизнинг янги босқичига қадам қўяр эканмиз, биз ютуқларимиз билан бирга хато ва камчиликларимизни ҳам чуқур таҳлил қилиб, уларни бартараф этиш ҳақида ўйлашимиз табиийдир. Чунки бу ишларни ўзимиз қилмасак, ҳеч ким четдан келиб муаммоларимизни ҳал қилиб бермайди.

Бу ҳақда сўз борганда, юртимизда халқ билан мулоқотнинг мутлақо янги ва самарали тизими жорий қилинганини айтиш ўринли, деб ўйлайман. Бугунги кунда халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қила бошлагани учун ҳам одамларнинг фикри, дунёқараши ўзгармоқда, эл-юртимиз ўз кучи ва имкониятларига, эртанги кунга ишонч билан қарамоқда.

Шунинг учун бир ҳақиқатни таъкидлаб айтмоқчиман: халқ билан бевосита мулоқот олиб бориш, унинг дарду ташвишлари билан яшаш, эл-юртимизни рози қилиш – бу вақтинчалик кампания эмас. Бу – халқимизнинг фаровон ҳаётини, юртимиз равнақини таъминлашга қаратилган узоқ муддатли стратегиядир.

Азиз дўстлар!

Бугунги таҳликали замонда бебаҳо бойлигимиз бўлган тинч-осойишта, эркин ва обод ҳаётни ҳар томонлама асраб-авайлаш ва мустаҳкамлаш энг асосий вазифамиз бўлиб қолмоқда. Шу мақсадда Қуролли Кучларимизнинг жанговар салоҳиятини оширишга бундан буён ҳам алоҳида эътибор қаратамиз.

Биз дунё миқёсидаги кескин ва бешафқат рақобатга бардош бериш учун иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, жаҳон бозоридан муносиб ўрин эгаллаш, мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини янада оширишга эришмоғимиз зарур.

Тадбиркорлик фаолияти эркинлигини, хусусий мулк дахлсизлигини янада кенгроқ таъминлаш – олдимизда турган муҳим вазифадир.

Бу борада йирик ишлаб чиқариш корхоналари билан бирга, туризм, кичик бизнес, оилавий тадбиркорлик, деҳқон ва томорқа хўжаликларини, ҳунармандчилик ва касаначиликни ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратамиз.

Айниқса, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, халқимиз ҳаётини янада яхшилаш, кам таъминланган қатламларни ижтимоий муҳофаза қилиш, иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар миқдорини ошириш доимий эътиборимиз марказида бўлади.

Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш мақсадида биз “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастурини қабул қилдик. Ушбу дастур ижроси учун шу йилнинг ўзида 786 миллиард сўм маблағ йўналтирилмоқда. Бунинг натижасида, жумладан, 100 мингдан ортиқ ёшларимизнинг бандлиги таъминланади.

Ёш оилаларни замонавий уй-жойлар билан таъминлаш, ёшларни ишга жойлаштириш, касб-ҳунарга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича белгиланган катта ишлар изчил давом эттирилади.

Ҳурматли ватандошлар!

Шу кунларда Индонезияда 45 та мамлакат вакиллари ўртасида бўлиб ўтаётган ёзги Осиё ўйинларида навқирон спортчиларимиз шижоат ва маҳорат кўрсатиб, 15 та олтин, 19 та кумуш, 23 та бронза медални қўлга киритганлари ҳаммамизга қувонч бағишлайди.

Мамлакатимиз шуҳратини дунёга тараннум этаётган спортчи ёшларимизга, уларнинг ота-оналари, устоз ва мураббийларига сизларнинг номингиздан, бутун халқимиз номидан чуқур миннатдорлик билдиришга рухсат бергайсиз.

Қадрли анжуман қатнашчилари!

Биз жаҳон ҳамжамияти билан, барча узоқ-яқин давлатлар, биринчи навбатда, қўшни мамлакатлар билан дўстона алоқаларни янада кучайтирамиз.

Турли халқаро ташкилотлар, нуфузли молия институтлари билан кенг тармоқли ҳамкорликни ривожлантириш бизнинг миллий манфаатларимизга тўла жавоб беради ва биз бу йўлни қатъий давом эттирамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, бугунги тантанали маросимда иштирок этаётган хорижий давлатларнинг муҳтарам элчиларига, халқаро ташкилотлар вакилларига, чет эллик шерикларимизга, Ўзбекистоннинг барча дўстларига сизларнинг номингиздан, ўз номимдан самимий ҳурмат-эҳтиром ва эзгу тилакларимизни билдиришга ижозат этгайсиз.

Азиз ва муҳтарам ватандошларим!

Барчангизни Ўзбекистон давлат мустақиллигининг йигирма етти йиллик байрами билан яна бир бор чин қалбдан самимий табриклайман.

Мана шу улуғ айёмда барча ютуқларимизнинг ижодкори ва бунёдкори бўлган меҳнаткаш, мард ва саховатли, бағрикенг ва олижаноб халқимизга фарзандлик меҳрим билан таъзим қиламан.

Фурсатдан фойдаланиб, кўнглимдаги энг эзгу тилакларни билдирмоқчиман.

Бугун барчамиз нуроний оқсоқоллар, муҳтарам фахрийларимизга мустаҳкам соғлиқ, узоқ умр тилаймиз.

Мўътабар, дуогўй онахонларимизга чин юракдан фарзандлик ташаккуримизни билдирамиз.

Хонадонларимиз кўрки ва фариштаси бўлган мунис аёлларимиз доимо соғ-омон, бахтли-саодатли бўлсинлар! Чунки аёл, она бахтли бўлса – жамият бахтлидир.

Ватанимиз ва халқимизга ўзининг билим ва заковати, маънавий салоҳияти билан хизмат қилаётган илмий ва ижодкор зиёлиларимизга янги-янги ютуқлар ёр бўлсин!

Юртимизда яшаётган барча миллат ва элат вакиллари ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик янада барқарор бўлсин!

Азму шижоатли ёшларимизнинг, барча фарзандларимизнинг бахту камолини, омадини берсин!

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимиз омон бўлсин!

Мустақиллигимиз абадий бўлсин!


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

info@mt.uz

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz