ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


Ўрол ҲАЙИТОВ: Мактабгача таълим тизимининг ҳуқуқий асоси мустаҳкамланмоқда 16.08.2019

Ўрол ҲАЙИТОВ: Мактабгача таълим тизимининг ҳуқуқий асоси мустаҳкамланмоқда


Мамлакатимизда таълим-тарбия жараёнининг дастлабки бўғини — мактабгача таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлат дастурига мувофиқ, 2019 йилда мактабгача ёшдаги болаларни  қамраб олиш кўрсаткичини 44 фоизга етказиш белгиланган. Жорий йилнинг олти ойида болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш кўрсаткичи 40,5 фоизни ташкил этди. Қиёсий назар ташланса, ушбу кўрсаткич 2017 йилда мамлакатимизда 4 940 та мактабгача таълим муассасалари фаолият юритиб, қамраб олиш даражаси 27 фоизни ташкил этган.

Ҳозирги кунда фаолият юритаётган 9774 та мактабгача таълим муассасаларининг 5832 таси давлат, 3942 таси нодавлат мактабгача таълим муассасаларидир. Нодавлат мактабгача таълим муассасаларининг 753 тасини хусусий, 419 тасини давлат-шерикчилик асосидаги ҳамда 2770 тасини оилавий мактабгача таълим муассасалари ташкил этади.

Таъкидлаш жоиз, мактабгача таълим тизимининг ташкилий-бошқарув асослари ва фаолияти билан боғлиқ жараёнларни тартибга солиш мақсадида 72 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган.

Албатта, соҳанинг кенгайиб бориши, давлат мулки билан бир қаторда,  бошқа мулк шаклига асосланган мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини ташкил этишга имкониятлар яратилиши, уларнинг моддий-техник базаси замон талабларига жавоб бериши, ахборот-коммуникация технологияларини кенг жалб қилиш, илғор хорижий тажрибалар асосида таълим-тарбия жараёнларини ташкил этиш бўйича қўйилаётган талаблар соҳанинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришни назарда тутади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 сентябрдаги қарори билан тасдиқланган “2018-2019 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар” Дастурида соҳани тартибга солишни назарда тутувчи қонун қабул қилиниши белгилаб берилган эди. Айни кунларда Дастур ижроси доирасида ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг “Мактабгача ёшдаги болаларга мактабгача таълим бериш ва тарбиялаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасида муҳокамалардан ўтказилмоқда.

Биринчи навбатда, эътибор қаратишимиз лозимки, қонун лойиҳасида ташкилот тушунчаси ишлатилган. Бу, албатта, таълим даргоҳларини турли мулк шаклларида ташкил этиш имкониятларини яратади. Бу жараён мамлакатимизда бошланиб кетган. Ҳеч бир иш мақсадсиз бўлмаганидек, лойиҳада унинг мақсади аниқ мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Болаларни мактабгача таълим муассасаларига жалб этиш, тарбиялаш, ғамхўрлик кўрсатиш, таълим бериш билан боғлиқ муносабатлар қонун даражасида тартибга солинмоқда.

Таъкидлаш лозимки, тарбия берувчи ва тарбия олувчи томон қонунда белгилаб берилган нормалар асосида ўз муносабатларини ташкил этиши бола ривожланишини таъминлашнинг асосидир. Шу мақсадда қонун лойиҳасида мактабгача ёшдаги болаларнинг ривожланишини таъминлашнинг асосий принциплари қандай бўлиши белгилаб берилмоқда. Ҳар қандай мактабгача ёшдаги бола билан шуғулланадиган таълим-тарбия маскани ўз фаолиятида мана шу принципларга амал қилиши қонунда ўз аксини топмоқда. Шунингдек, мактабгача таълимнинг давлат кафолатлари белгилаб берилмоқда.

Қонун лойиҳасининг муҳим жиҳатларидан яна бири — бу мактабгача ёшдаги болаларни эрта ривожланиш жараёни алоҳида босқичларга бўлинганидир. Шу асосда болаларни тарбиялаш ва уларга ғамхўрлик қилиш ҳамда боланинг мактабгача таълим олиши белгилаб қўйилмоқда. Мактабгача таълим ташкилотларининг ҳуқуқлари, мажбуриятларига алоҳида ўрин берилган. Таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш, давлат мактабгача таълим стандарти мазмуни масалалари ҳам қонун лойиҳаси нормаларида ўз аксини топган.

Қонун лойиҳасида мактабгача таълим ташкилотлари типлари умумий, кўп тармоқли ихтисослашган, инклюзив гуруҳларга эга ҳамда қўшма типдаги мактабгача таълим ташкилоти типларига ажратилган бўлиб, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг истак-хоҳиши, шароитларига қараб танлаш имкониятини яратади.

Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати — мактабгача таълим ташкилотини ташкил этишнинг мажбурий тартиби таклиф этилмоқда. У қандай мулк шаклида ташкил этилишидан қатъи назар, ўз фаолиятида мазкур тартибнинг талабларига жавоб бериши зарур. Нодавлат мактабгача таълим ташкилотини лицензиялаш, аккредитациядан ўтказиш тартиблари ҳам алоҳида моддаларда берилган. Бу борада ваколатли ва назорат қилувчи органларнинг ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам эътиборга олингани муҳим ҳисобланади.

Бир сўз билан айтганда, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши  мактабгача таълим тизимини янада ривожлантиришда, таълим муассасалари фаолиятини такомиллаштиришда муҳим омил бўлади.



Ўрол ҲАЙИТОВ,
ЎзМТДП фракцияси аъзоси


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz