ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


11.07.2019

Ўрол ҲАЙИТОВ: Таълим ва илм-фанда математиканинг ўрни кучаяди


Давлатимиз раҳбарининг «Математика таълими ва фанларини янада ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг В. И. Раммановский номидаги математика институти фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори мамлакатимизда таълим, илм-фан соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиши билан аҳамиятлидир.

Илм-фан ва техниканинг замонавий тармоқлари жадал ривожланиши тараққиётнинг тезлашиб кетишида, янгидан-янги техника ва технологияларнинг яратилишида математика фани, унинг ривожи асос бўлаётгани сир эмас. Бугун дунё иқтисодий сиёсатида етакчи ўринларга чиқиб олган ахборот-коммуникация технологиялари, тиббиёт, биология, рақамли иқтисодиёт ва бошқа кўплаб соҳалар ривожи математик ёндашувлар, унинг ушбу соҳаларга самарали татбиқи асосида рўй бермоқда.

Математика — барча фанларнинг отаси, дея эътироф этилади. У кириб бормаган фан соҳаси йўқ. Нафақат табиий фанлар, балки ижтимоий-гуманитар фанлар соҳаларида ҳам математикага, ҳисоб-китобга унинг таҳлилида эҳтиёж сезилади. Қайсидир маънода математиканинг алоқаси бўлмаган социология, психологияда ҳам математик анализ долзарб ҳисобланади. Бугун ҳаётимизнинг барча жабҳасида, ҳаттоки, маданият, спорт соҳаларида ҳам математик таҳлилларсиз уларнинг натижадорлигини аниқлашимиз қийин кечади. Ушбу фаннинг ривожи, унинг бошқа фанлар орқали соҳаларга татбиқи юзаки хулосалар чиқаришдан тийилишга сабаб бўлади, масала моҳиятига чуқур кириш, тизимли таҳлил ва ёндашувларга олиб келади.

Бу борада математика фанининг асосчилари ва уни ўз илмий фаолиятида ривожлантирган улуғ аждодларимиз Муҳаммад ал-Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбеклар давомчилари мамлакатимизда математика илм-фанини янада юксалтириш борасида ўтган даврда муайян ишларни амалга оширдилар. Қабул қилинган қарорда мазкур соҳадаги эътиборга молик ишлар эътироф этилган ҳолда, бугунги давр талаблари, таълим ва илм-фанни ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш, илмнинг фундаментал, қидирув ва амалий соҳаларини ривожлантириш, дунё илм-фани, у билан интеграциялашув, соҳани дунё илм-фани даражасига олиб чиқиш, ушбу мақсадларда соҳани мувофиқлаштириш ва давлат томонидан қўллаб-қувватлашга қаратилган вазифалар белгилаб берилган.

Ушбу мақсадларда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг В.И.Романовский номидаги Математика институтида математика таълими ва фанларини янада ривожлантиришга тааллуқли комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган. Устувор вазифаларни адо этиш бўйича мақсадли дастур қабул қилинган. Унда илм-фаннинг турдош соҳаларида ва иқтисодиёт тармоқларида илмий натижалардан фойдаланишга, институтнинг айрим илмий йўналишларини фундаментал изланишлардан амалий тадқиқотларга қайта йўналтириш дастурларини ишлаб чиқиш белгиланган. Бу, ўз навбатида, натижали илмий ишлар қамровининг ошишига олиб келиш билан бирга, амалий аҳамиятга эга илмий ишлар салмоғининг ортишига олиб келади. Шунингдек, 2020-2022 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа учун математика бўйича олий малакали кадрлар тайёрлаш чора-тадбирлари дастурини ишлаб чиқиш вазифаси белгилаб берилмоқда. Бу эса, истиқболда математиканинг барча соҳаларга татбиқининг кучайишига, чуқур тизимли таҳлилга асосланган хулосаларга эга бўлишга замин яратади.

Давлавтимиз раҳбарининг қарорида таълим ва илм-фан алоқаларини мустаҳкамлашга алоҳида ўрин берилган. Хусусан, Математика институти ходимлари Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети талабаларининг тажриба start-up лойиҳаларининг амалга оширилишида кўмаклашиши лозимлиги қайд этилган. Бу, ўз навбатида, малакали кадрлар тайёрлаш сиёсатини амалга оширишда ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Шу билан бирга, математика соҳасида жаҳон илмий марказлари — МДҲ, Европа, Америка ва Осиё мамлакатларининг етакчи университетлари билан ҳамкорликда тадқиқотлар ташкил этиш вазифасининг белгилаб қўйилиши институт ходимларига юксак масъулият юклайди. Илмий изланишларни улар даражасида ташкил этиш имкониятини яратади. Инглиз тилидаги «Ўзбекистон математика журнали» илмий нашри фаолияти такомиллаштирилиши илм-фанимизнинг жаҳонга юз тутишида, ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашда, шунингдек, илмий ишланмаларнинг жаҳон ақл бозорига чиқишида бошланғич нуқталаридан бири бўлиб хизмат қилади.

Эътиборлиси, қарорга мувофиқ, иқтидорли ёшларни танлаш ва саралаш ишларига, уларга шароитлар яратишга ҳам алоҳида эътибор берилган. Ушбу мақсадларда институтда «Ёш математиклар ўқув маркази»га асос солинади. Унда математика фани бўйича ўқув курслари ташкил этилиб, уларда умумтаълим мактаблари, лицейларнинг ўқувчилари, олий таълим муассасаларининг талабалари, докторантлари қатнашиши назарда тутилган. Шунингдек, Ўзбекистон терма жамоасини халқаро математика олимпиадаларига тайёрлаш учун зарур шарт-шароитлар яратилади. Иқтидорли ёшларни саралаб олиш ва мақсадли тайёрлаш жараёнларига ўқитишнинг замонавий усуллари, педагогик инновациялар жорий этилади. Марказга етакчи олимлар ва юқори малакали мутахассислар билан бир қаторда, хорижий олимлар ва мутахассислар жалб этилиши кўзда тутилган.

Бир сўз билан айтганда, мазкур қарор мамлакатимизда математика фанининг янги босқичга чиқишини назарда тутади. Таълим ва илм-фанда математиканинг ўрнини кучайтириш, мазкур фаннинг янада ривожланишига кенг имконият яратади.




Ўрол ҲАЙИТОВ,
ЎзМТДП фракцияси аъзоси



Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz