ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


Саёҳат учун мақбул таклиф: Осмонўпар тоғлар, маржон булоқлар ва яна... 04.12.2017

Саёҳат учун мақбул таклиф: Осмонўпар тоғлар, маржон булоқлар ва яна...

Ўрингач, Бодак, Шовур, Ихноч... Булар — Тошкент вилоятидаги осмонўпар тоғлар бағрида ҳосил бўлган табиий кўллар. Уларнинг бетакрор манзараси ҳар қандай кишини маҳлиё қилади. Маржон булоқларнинг шифобахш суви эса таннинг малҳами. Сирли ва виқорли ўрмонзорлар атроф-муҳитга ҳамиша ўзига хослик бахш этиб турса, чанғи учиш, сноубординг, параплан ҳамда дельтапланда парвоз ёки велоспорт, мотоспортда сайр қилишдан унутилмас завқ оласиз...

Пойтахт вилоятига хорижий ва маҳаллий сайёҳларни чорлаш мақсадида чоп этилган буклетлардан айни шу мазмундаги жумлалар ўрин олган. Боиси, воҳада туризмни ривожлантириш, мавжуд салоҳият ҳамда имкониятлардан тўла фойдаланиш юзасидан бошлаб юборилган ишлар кўлами кенг. Истиқболга мўлжалланган муҳим чора-тадбирларни белгилашда вилоятнинг ҳам саёҳат, ҳам зиёрат, ҳам тижорат учун қулай ҳудудлиги алоҳида ҳисобга олинган.

Маълумотларга кўра, айни пайтда бу ерда 498 та археологик, меъморий ва монументал ёдгорлик ҳамда маданий мерос маскани мавжуд. Айниқса, воҳанинг экотуризм салоҳияти ўта юқори. Улкан тоғ тизмалари, қир-адирлар, кўл ва сойлар, ноёб ҳайвонот ҳамда ўсимлик дунёси ҳеч бир табиат шайдосини бефарқ қолдирмаслиги аниқ.

100 минг: бу камми ёки кўп?

“Угом-Чотқол” Миллий табиат боғи буларнинг барчасини ўзида мужассамлаштирган. Майдони 574,6 минг гектарга тенг. Бу ерда 230 га яқин ҳайвонот, 1800 га яқин ўсимлик турлари мавжуд. Уларнинг бир қисми “Қизил китоб”га киритилган. Чотқол биосфера қўриқхонаси, Бурчмулла, Оҳангарон, Саксонота, Бекобод, Тошкент ўрмон ҳамда Далварзин ов хўжаликлари ушбу маскан таркибидадир. Қолаверса, туризмнинг тоғ ва экстремал турларини ривожлантириш учун қулай иқлим шароити айнан шу манзиллар учун хос. Муҳими, буларнинг барчаси диёримиз ҳамда олис ўлкаларда яшовчиларни оҳанрабодек ўз бағрига чорламоқда. Шунга муносиб шарт-шароит яратиш эса галдаги устувор вазифалар сирасидан. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, сайёҳнинг кайфияти туристларни қабул қиладиган ҳар қандай мамлакатнинг, айтиш мумкинки, асосий бренди, яъни товар белгиси бўлиши керак. Агар одамлар бизнинг диёримизга яхши кайфият билан келиб, шундай яхши кайфият билан кетадиган бўлса, Ўзбекистонда туризм соҳаси мустаҳкам асосга қўйилган, деб айтишга ҳақлимиз. Бунинг учун эса соҳада тадбиркорлик фаолиятини янада равнақ топтириш давр талабидир.

Тошкент вилоятида ҳозир 120 та сайёҳлик ташкилоти фаолият юритаётир. Мавжуд 45 та меҳмонхона кунига 2440 нафарга яқин туристларга халқаро стандартлар даражасида сервис хизмати кўрсата олади. Биргина ўтган йили бундай имкониятдан 100 минг нафардан ортиқ сайёҳлар, жумладан, 8250 нафар хорижлик меҳмон баҳраманд бўлди. Бироқ бу жуда кам кўрсаткич ва уни бир неча баробар кўпайтириш имконияти бор. Шу мақсадда яқинда бир гуруҳ мутахассислар Бўстонлиқ туманида бўлиб, ҳудудда туризмни ривожлантиришга доир йирик лойиҳалар ижросини муҳокама этдилар. Қабул қилинган дастурларга мувофиқ, 2018-2019 йилларда бу ерда 7 та йирик лойиҳа амалга оширилади. Натижада 758,7 миллиард сўмликдан ортиқ инвестиция ўзлаштирилиб, 900 дан зиёд иш ўринлари яратилади.

Нанай қишлоғида барпо этиладиган эко-агротуристик дам олиш маркази — шулардан бири. Олтмиш гектар майдонни эгаллайдиган мазкур мавсумий кўнгилочар мажмуани яратиш “Nanay’s Paradise” масъулияти чекланган жамияти зиммасида. Лойиҳа ижросига 19 миллиард сўм миқдорида маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган. Ҳожикент қишлоғида эса “Caravan group” масъулияти чекланган жамияти томонидан 107,6 миллиард сўм эвазига замонавий 4 ва 5 юлдузли меҳмонхоналар ҳамда соғломлаштириш мажмуи қурилмоқда. Шунингдек, 600 ўринга мўлжалланган “Соғлом авлод” комплекси, 216 нафар сайёҳни сиғдира оладиган 36 та коттеж, 210 ўринли ресторан ҳамда клублар бунёд қилиниши белгиланган. Айни пайтда ушбу лойиҳалар ижроси изчил давом эттирилаяпти.

“Меҳмон уйлари”да дам олинг

Яна бир муҳим янгилик Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 июлдаги “Тошкент вилоятининг маъмурий-ҳудудий тузилишини ҳамда маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 октябрдаги қарорларига мувофиқ, Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳузурида Туризмни ривожлантириш департаментининг ташкил қилиниши бўлди. Янги тузилма воҳанинг сайёҳлик салоҳиятини тубдан ошириш масъулиятини ўз зиммасига олади. Соҳага доир маркетинг тадқиқотларини олиб бориш, тарихий-маданий меросни кенг тарғиб этиш, вилоятнинг туристик имиджини юксалтириш, сайёҳлик инфратузилмасини мустаҳкамлаш кабилар департамент фаолиятининг устувор йўналишлари ҳисобланади.

20-1024x707.jpg

Жойларда “меҳмон уйлари”ни ташкил қилиш ҳам шулар жумласидан. Бу воҳа туризми учун — янгилик. Қўйилган талабларга биноан, бундай масканлар чет эллик меҳмонларга замонавий сервис хизмати кўрсатиш баробарида, уларни ўзбекона турмуш тарзи, урф-одатларимиз, қадриятларимиз, миллий таомлар тайёрлаш жараёни билан яқиндан таништира олиши лозим. Айни кунга қадар Бўстонлиқнинг Чимён, Нанай, Писком, Майдонтол, Тепар, Сижжак, Боғистон, Чимбойлиқ, Паркент туманининг Сўқоқ, Заркент, Кумушкон, Оҳангарон туманининг Чанпан, Сусам, Тут, Ўргазсой, Шовгазсой каби қишлоқларида ва Янгиобод қўрғонида 5 тадан 10 тагача, жами 162 та хонадон танлаб олиниб, “меҳмон уйлари” ташкил этиш ишлари бошлаб юборилди.

Хуллас, соҳада юксалишлар кутилмоқда

— Президентимиз томонидан ўтган йил 2 декабрда имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида кўзда тутилган вазифаларни босқичма-босқич амалга ошираяпмиз, — дейди Тошкент вилояти ҳокимлигининг туризмни ривожлантириш масалалари котибияти мудири Жамшид Машрабов. — Бироқ ҳали ўз ечимини кутаётган масалалар кўп. Шулардан келиб чиққан ҳолда, яқинда бажарилиши зарур ишларни белгилаб олдик. Чунончи, туризм йўналишида фаолият юритаётган тадбиркорларга амалий ёрдам бериш, мавжуд сайёҳлик объектларини тўлиқ хатловдан ўтказиш, сайёҳлик йўналишлари хариталарини ишлаб чиқиш, чет эллик меҳмонларга хизмат кўрсатишни сифатли ташкил қилиш бўйича услубий қўлланма ишлаб чиқмоқчимиз.

Албатта, режалар истиқболли. Уларнинг ижроси эса воҳада туризм индустриясини жадал ривожлантиришда хусусий сектор иштирокини янада кенгайтириш, сайёҳликни мавсумий эмас, балки доимий даромад манбаига айлантириш, меҳмонларни жалб этишда янгича усул ҳамда ёндашувлардан самарали фойдаланиш каби долзарб масалаларни ҳал этиш имконини беради.

“Халқ сўзи”


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

info@mt.uz

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz