ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


Сайловолди ташвиқоти қизғин давом этмоқда: ЎзМТДП номзодлари бу жараёнда фаол қатнашмоқда 07.12.2017

Сайловолди ташвиқоти қизғин давом этмоқда: ЎзМТДП номзодлари бу жараёнда фаол қатнашмоқда

Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига 24 декабрь куни   бўлиб ўтадиган сайлов тобора яқинлашмоқда. Сайлов қонунчилигига кўра, айни пайтда сайлов жараёнининг муҳим палласи — сайловолди ташвиқоти уюшқоқлик билан олиб борилмоқда.

Бунда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига кўрсатилган номзодлар сайловчилар билан учрашувлар мобайнида асосий эътиборни партия сайловолди Платформасида белгиланган мақсад-вазифалар мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тарғиб қилишга, аҳолини ўз сайловолди дастурлари билан таништиришга эътибор қаратмоқда.

Партиянинг дастурий мақсад-вазифаларини амалга ошириш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этишда маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар фаолияти муҳим аҳамият касб этади. Шу боис ҳам ЎзМТДП мазкур сайловда муносиб иштирок этиш ва пойтахт туманларидаги вакиллик органларидан кўпчилик ўринни эгаллашга интилмоқда.

17-Тонг сайлов округидан номзод Беҳзод Норбоевнинг ўз сайловчилари билан бўлиб ўтаётган учрашувлари фуқаролар фаоллигида ўтмоқда. Яшнобод туманида бўлиб ўтган навбатдаги учрашувда дастлаб номзоднинг ишончли вакили, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзМТДП фракцияси аъзоси Азамат Зиё сайловчиларни номзод Беҳзод Норбоевнинг таржимаи ҳоли билан таништирди. Шундан сўнг номзод ўзининг сайловолди дастурида илгари сурилаётган мақсад-вазифалар хусусида маълумот берди.

Номзоднинг сайловолди дастури партиянинг сайловолди Платформаси асосида ишлаб чиқилган бўлиб, унда маънавий-маърифий йўналишда олдимизда турган долзарб вазифаларга кўмак­лашиш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳудуд аҳолисини ўйлантираётган муаммоларни ҳал қилишга қаратилган аниқ таклиф ва ғоялар илгари сурилган. Қайд этилганидек, бугун давлатимиз раҳбари бошчилигида миллий ўзликни англаш, ватандошларимизда миллий ғурур ва қадр-қиммат туйғуларини мустаҳкам қарор топтириш, буюк аждодларимизнинг бой маънавий-илмий меросини ўрганиш ва тадқиқ этиш ҳамда ёшлар масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинаётир.

Номзод бу борадаги давлат сиёсатига кўмакдош бўлиб, тажрибали журналист сифатида аждодларимизнинг бой маънавий, тарихий, маданий меросини, унинг аҳамиятини кенг тарғиб қилиш ишларига ҳисса қўшиб келаётир. Ўз сайловолди дастурида ҳам тарихий, маданий ва илмий-интеллектуал меросни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, бойитиш ва уларни янада кўпайтириш, ўзбек халқининг бой тарихи ва маданиятини ўрганиш, бу бойликларни ёшлар ўртасида кенг тарғиб этиш, навқирон авлодда тарихий мерос ва халқ анъаналарига чуқур меҳр, ҳурмат ва эҳтиром уйғотиш ишларида ташаббус кўрсатишни илгари сурмоқда.

Туманда кутубхона, ахборот-ресурс марказлари, ёшлар учун маънавий-маърифий марказлар сонини кўпайтириш, таълим муассасаларининг ахборот-кутубхона фондини бойитиш борасидаги ишларга кўмаклашишни мақсад қилган.

10-Миробод сайлов округидан номзод Аъзамжон Раҳмоновнинг сайловчилар билан бўлган учрашувида партия дастурий вазифаларига мос равишда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларга кўмак­лашиш борасидаги мақсад-ғоялар илгари сурилди. Учрашувда дастлаб номзоднинг ишонч­ли вакили Муслимбек Йўлдошев йиғилганларни унинг таржимаи ҳоли билан таништирди.

Номзод Аъзамжон Раҳмонов юрист, олим сифатида адолатли фуқаролик жамиятини шакл­лантириш, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги саъй-­ҳаракатларга кўмаклашиб келмоқда. У номзод сифатида партия дастурий вазифаларидан келиб чиқиб, фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти ва сиёсий-ҳуқуқий билимини юксалтиришни илгари сурмоқда. Бу борада туман ҳудудида фуқароларга турли муаммоли вазиятларда ҳуқуқий маслаҳат бериш, уларга қонуний асосда тўғри йўл-йўриқ кўрсатиш мақсадида ҳуқуқий маслаҳатхоналар фаолиятини йўлга қўйишни илгари сурмоқда. Бунинг учун қонунчиликни янада либераллаштириш ва инсонпарварлаштириш, оила, мерос, уй-жой даъвоси ва маиший турмуш манбаида туғиладиган бошқа низоларни судгача ҳал этиш тизимини ривожлантириш, шу жумладан, ҳар қандай низони халқимизга хос тинч йўл билан ҳал этишга интилиш ва муроса йўлини излаш, фуқароларимизнинг серташвиш суд мажлисларига хоҳиш-истаги йўқлигини инобатга олиб, бу борада маҳалланинг хизматидан фойдаланишни илгари сурмоқда.

— Ҳудудимиздан халқ депутатлари туман Кенгашига ЎзМТДПдан номзод Аъзамжон Раҳмонов билан учрашувда унинг сайловолди ҳаракат дастурида илгари сурилаётган қатор долзарб вазифалар эътиборимни тортди, — дейди сайловчи Миразим Шомуродов. — Хусусан, номзоднинг туманимизда ҳуқуқий маслаҳатхоналар ташкил этиш ғояси муҳим аҳамиятга эга. Бу фуқароларнинг турли масалалардаги тушунмовчиликларини бартараф этиш, уларга тўғри йўл кўрсатиш, фуқароларнинг ўзлари учун зарур ҳуқуқий маслаҳат олишига хизмат қилади.

3-Халқобод сайлов округидан халқ депутатлари Сергели туман Кенгаши депутатлигига номзод Хирожиддин Ибрагимовнинг сайловчилар билан учрашуви ҳам қизғин руҳда бўлиб ўтди.

Учрашувда номзоднинг ишончли вакили Неъматулла Мўминов Хирожиддин Ибрагимов ҳақида сайловчиларга батафсил маълумот берди. Шундан сўнг номзод ЎзМТДП сайловолди Платформаси ҳамда ўзининг сайловолди дастури билан сайловчиларни таништирди.

— ЎзМТДП сайловолди Платформасида белгиланганидек, туризм иқтисодиёт ривожида истиқболли соҳа, шу билан бирга, маърифат ва фуқаролик жамиятининг маънавий асосларини шакллантиришда кучли восита бўлиб хизмат қилади, — деди учрашувда Хирожиддин Ибрагимов. — Дарҳақиқат, туризм ривожи мамлакатимиз иқисодиётига миллиардлаб даромад келтириши баробарида ўн минглаб аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Сўнгги йилларда Сергели туманида қатор қурилиш ва бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Маълумки, туманимизда аэропорт жойлашган бўлиб, юртимизга келадиган сайёҳлар Ватанимиз ҳақида, энг аввало, ана шу манзилдан илк тасаввурларга эга бўлади. Шунинг учун аэропортдаги сервис хизматини янада яхшилаш, сайёҳлар учун зарур ахборот ва маълумотларни ўрнатиш ва янгилаб туриш зарур. Шунингдек, туман ҳудудида замонавий меҳмонхоналар ташкил этиш, улар сонини кўпайтириш ва ушбу соҳани равнақ топтириш лозим. Сайёҳлик инфратузилмасининг янада ривожланиши, сайёҳлар учун мўлжалланган объектларнинг ҳар томонлама мақбул бўлиши, транспорт ва меҳмонҳона хизматлари ва умуман, сайёҳлик логистикаси билан боғлиқ барча хизматларнинг қулайлиги, соҳага замонавий ахборот технологияларини жорий этишни таъминлаш устувор аҳамият касб этади. Бу билан ҳудуднинг иқтисодий ўсишига салмоқли ҳисса қўшилади ва бир неча юзлаб янги иш ўринлари яратилади. Шу нуқтаи назардан мен ўз сайловолди дастуримда бу борадаги мақсад-вазифаларга кўмаклашишга бел боғлаганман.

Шунингдек, номзод Сергели тумани ҳудудини ободонлаштириш, аҳоли фаровонлигини ошириш каби муҳим вазифаларга эътибор қаратишини таъкидлади. Айниқса, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, оилавий тадбиркорлик ва касаначиликни ривожлантириш орқали хотин-қизлар ва ёшларнинг иш билан бандлигини таъминлаш масалаларида ташаббус кўрсатишини билдирди. Депутат этиб сайланса, ўз сайловолди дастурида акс этган масалаларнинг ижросини таъминлашини алоҳида қайд этди.

Тошкент шаҳар халқ депутатлари Миробод туман Кенгашига 28-Янги Қўйлиқ сайлов округидан номзод Рустам Жабборовнинг учрашуви ҳам қизғин руҳда бўлиб ўтди. Учрашувда номзоднинг бугунги замон талабига муносиб равишда юртимиз равнақи учун муҳим бўлган қатор вазифаларни амалга ошириш борасида илгари сурган дастури сайловчиларда катта қизиқиш уйғотди.

— Мамлакатимиз миллий манфаатларини ҳимоя қилиш, маънавий қадрият, урф-одат ва анъаналар, тарихий меъросимизни асраб-авайлашга кўмаклашиш, ёшларни маънан етук, жисмонан баркамол қилиб тарбиялаш ЎзМТДПнинг устувор мақсад ва вазифалари сирасига киради, — деди Р.Жабборов. — Сайловолди дастуримда айнан шу масалага алоҳида эътибор қаратиб, туманимиздаги истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, мактабгача таълим муассасалари ва мактабларнинг ахборот кутубхоналарини керакли жиҳозлар ва китоблар билан таъминлашни устувор вазифа сифатида белгилаб олдим. Шунингдек, диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик, ижтимоий адолат, маънавий етуклик каби умуминсоний фазилатларни камол топтириш, фарзандларимизни турли таҳдид ва тажовузлардан ҳимоя қилишга кўмаклашишни мақсад қилганман. Ниятим партиянинг “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” ғоясини ҳаётга татбиқ этиш орқали фуқароларимизда миллий ўзликни англаш, инсоний қадр-қимматни қадрлаш, она тилимизни улуғлаш, қадрият ва анъаналаримизни эъзозлаш каби туйғуларни мустаҳкамлашга хизмат қилишдир. Журналист сифатида шуни айтишим мумкинки, халқимиз миллий қадриятлари, анъаналарининг фарзандларимиз тарбиясига таъсири беқиёс. ЎзМТДПнинг сайловолди Платформасида ҳам жисмонан соғлом ва ҳар томонлама баркамол авлодни камол топтиришга кўмаклашиш устувор мақсадлардан бири сифатида белгиланган. Партиямиз тафаккури кенг, ўз қарашларида миллий ғоямизга таянган, хатти-ҳаракати, ҳаёт тарзи билан миллий-маънавий қадриятларга, ватанпарварлик ва инсонпарварлик ғояларига садоқатли ёшларни тарбиялаб вояга етказишни ўзининг асосий вазифаси, деб билади.

ЎзМТДПнинг бу каби улуғвор мақсад-вазифаларини ҳаётга жорий этиш, биринчи навбатда, депутатлик бирлашмалари зиммасига юкланади.

Депутатликка номзод, шунингдек, ўз сайлов­олди дастурида ишсизлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасида белгиланган мақсад-вазифалар тўғрисида ҳам сайловчиларга кенг маълумот берди.

Партия номзодларининг сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда.

Муҳтарама Комилова,
Ойдин Алимардонова,
“Milliy tiklanish” мухбирлари

Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

info@mt.uz

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz