ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


Шоҳрухия ёдгорлиги — қимматли тарихий манба: ёхуд халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳининг ташаббуси хусусида 06.12.2017

Шоҳрухия ёдгорлиги — қимматли тарихий манба: ёхуд халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳининг ташаббуси хусусида

Мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида табаррук қадамжолар, турли даврларда яшаб ўтган алломалар мангу ором топган муқаддас жойлар, ўлка тарихини ўрганишда муҳим ўрин тутувчи объектлар борки, уларни аниқлаб, асраб-авайлаш ва ўрганиш, кенг тарғиб этиш – бугун долзарб вазифа. Бу, бир томондан, бой тарихимизнинг ҳар бир саҳифасини теран ўрганишда муҳим аҳамиятга эга бўлса, иккинчи томондан, бундай тарихий масканларни туризм манзилига айлантириш орқали мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳиятини янада ошириш имконияти юзага келади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳар бир вилоятда бўлганида мавжуд тарихий, маданий мерос объектларини ўрганиш, қайта тиклаш ҳамда ҳудуднинг мавжуд туристик салоҳиятини юзага чиқариб, соҳа самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратаётганидан мақсад ҳам шу аслида: халқимиз, айниқса, ёшларнинг Ватанимиз тарихини чуқур билиб, ўзлигини англаши, туризм манзилларини кўпайтириш орқали ҳудуд иқтисодиётини мустаҳкамлашига кенг имконият ва шароит яратиб бериш.

Тошкент вилоятидаги қадимий манзиллар ҳудуд тарихидан сўзлайди

Тошкент вилояти — қадим-қадимдан Марказий Осиёнинг энг бой ва гўзал минтақаларидан бири бўлиб келган. Олиму сайёҳлар қадимий Чоч шаҳри ва Чоч воҳаси ҳақида ёзиб қолдирган. Ушбу қадимий шаҳарларнинг маданияти, давлатчилик тарихи, жаҳон цивилизациясида тутган ўрни тарихий манба ва қўлёзмалар орқали бизгача етиб келган. Чоч воҳасидан топилган асори атиқалар ҳудуддаги шаҳарларнинг Буюк ипак йўлида жойлашган давлатлар билан доимий маданий ва савдо алоқаларини ўрнатганидан далолат беради. Хусусан, Оққўрғон туманидаги қадим Чочнинг энг йирик шаҳарлари — Шоҳрухия ва Ҳанқа харобалари ўрнида ана шундай қадимий, бир вақтлар гуллаб-яшнаган шаҳарлар мавжуд бўлган. Бу вилоятда туризмни ривожлантириш, маданий мероc объектларини муҳофаза қилиш ва уларни асраб-авайлаш, ободонлаштириш бўйича аниқ мақсадли ишларни олиб бориш, тарихий шаҳарларни қайта таъмирлашга қаратилган йирик лойиҳаларни амалга оширишни тақозо этади.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси маданий мерос объектларини асраб-авайлаш, тарихини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш, шунингдек, туризм соҳасини ривожлантиришга кўмаклашишни ўзининг устувор вазифаларидан деб билади. Бу борада Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 12 июлда парламент аъзолари ва сиёсий партиялар вакиллари билан бўлган видеоселектор йиғилишида алоҳида тўхталиб, юртимиздаги тарихий обидаларни тиклаш ва таъмирлаш, буюк аждодларимизнинг қадамжоларини обод этиш бўйича олдимизда турган вазифаларни амалга оширишда ЎзМТДП ташаббускор бўлиши зарурлиги таъкидланган эди. Ана шу вазифалардан келиб чиқиб, партия бугун маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш борасидаги амалий ишларини янада кучайтиришга эътибор қаратмоқда.

Тошкент вилоятидаги мавжуд тарихий, маданий объектлар ва туризм манзиллари ЎзМТДП ташкилотлари ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларининг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. Жумладан, халқ депутатлари вилоят Кенгашига ЎзМТДПдан сайланган депутатлар Оққўрғон ва Пискент туманларида Президентимизнинг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва соҳага оид бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси ҳамда вилоятда туризмни ривожлантириш дастурининг бажарилиши, келгусида бу соҳани ривож­лантириш истиқболларини ўрганди. Оққўрғон туманидаги Ҳанқа ва Шоҳрухия харобаларида олиб борилган ўрганиш натижалари ушбу масканларни ободонлаштириш ва муҳофаза қилиш зарурати борлигини кўрсатди.

— Ўзбекистон Фанлар академияси Археологик тадқиқотлар институти, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Маданият вазирлигининг Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш Тошкент шаҳри, Тошкент ва Сирдарё вилоятлари бўйича минтақалараро давлат инспекцияси, Тошкент вилояти ҳокимлиги вакиллари ҳамда партия гуруҳимиздан иборат ишчи гуруҳи тузилиб, ҳар иккала тумандаги маданий мерос объектлари, тарихий масканларнинг ҳолатини ўрганди, — дейди халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳи аъзоси Мунира Қориева. — Оққўрғон ҳудудида кўҳна Чочнинг биринчи пойтахти Ҳанқа харобалари мавжуд. Бу шаҳар-давлатнинг қанчалик улуғворлиги охиригача ҳали ўрганилмаган. Археолог олимлар В.Верешчагин, Ю.Буряков, академик М.Массон турли даврларда қазилма ишларини олиб бориб, бу улкан тепалик тарихий ёдгорлик эканлигини таъкидлаган. Шоҳрухия харобаларини ўрганиш жараёнида шунга амин бўлдикки, Сирдарё бўйида жойлашган ушбу тарихий шаҳар деворининг дарё томони тобора кўпроқ ювилиб кетмоқда. Муттасил ювилиш оқибатида турли даврларга тегишли ҳар хил буюмлар қолдиқлари ер юзига чиқиб қолган. Шоҳрухия ўзининг ҳунармандлари — кулоллар, дегрезлар, шишасозлари билан машҳур бўлган. Ўрганиш давомида Амир Темур, Чингизхон даврларига оид кулолчилик, шиша намуналари ва сопол пишириш печлари қолдиқларига дуч келинди. Қадимги шаҳарнинг ҳимоя деворлари харобалари сақланиб қолган. Аммо 25 гектарга тенг шаҳар ўрнида бугун қорамол боқилмоқда, кўпгина майдони хирмонга айлантирилган.

Шоҳрухияда ўтган асрнинг 70-80 йилларида, шунингдек, мустақиллик йилларида археологик қазиш ишлари олиб борилган. Аммо кейинчалик ўрганишлар ўз ҳолига ташлаб қўйилиб, охирига етказилмаган. Ҳанқа ва Шоҳрухия маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун улкан салоҳиятга эга истиқболли маскан. Шу боис партия гуруҳимиз аъзолари ўрганиш натижалари асосида амалий таклифларни ишлаб чиқди. Хусусан, Шоҳрухия археология ёдгорлиги ўрнида очиқ осмон остидаги музей ташкил қилиш, йўлларни таъмирлаш, атрофини ўраш, муҳофаза ҳудудини белгилаш, Сирдарё ўзанини эски ўзанига қайтариш, бунинг учун чамаси 1,5 километр масофада дарё ўрнини қазиш ишларини олиб бориш зарур. Шунингдек, Ҳанқа археологик ёдгорлиги атрофини ўраш, йўлларни таъмирлаш, ободонлаштириш ишларини амалга ошириш, кўрсаткич баннерларни ўрнатиш, Шоҳруҳия ва Ҳанқани тарихий қўриқхона мақомига кўтариш каби таклифларни ишлаб чиқдик. Партия гуруҳимизнинг ўрганиш натижалари ва таклифларини жамлаб, шу йилнинг ноябрь ойида масалани халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясига киритдик.

Шоҳрухия ёдгорлиги — ўтмишнинг тилсиз гувоҳи, бугун учун ер ости кутубхона

— Депутатлар ўрганган масканлар, шу жумладан биргина Шоҳрухия ёдгорлиги ҳам тарихий аҳамияти, ҳам туристик салоҳияти билан муҳим манзиллардан ҳисобланади, — дейди Археологик тадқиқотлар институти катта илмий ҳодими Геннадий Бакамалов. — Шоҳрухия қадимий Банокат ўрнида вужудга келган. Банокат мўғуллар истилоси даврида вайрон бўлган. 1392 йилда Амир Темур уни ҳарбий қалъа сифатида қайта тиклаб, ўғли Шоҳрух шарафига “Шоҳрухия” деб атаган. Ҳудуди 140 гектардан зиёд, арк, 3 шаҳристон ва работдан иборат бўлган. Шоҳрухия темурийлар салтанати сиёсий ҳаётида муҳим роль ўйнаган. Чунончи Амир Темур қўшини учун Шоҳрухия асосий истеҳком, унинг вафотидан кейин ҳам муҳим стратегик маскан вазифасини ўтаган. XV аср охири – XVI аср бошларида Шоҳрухия Шарқий Мовароуннаҳрнинг йирик ҳарбий марказларидан ҳисобланган. Ўтган асрнинг 80-йилларида археологлар томонидан бу ердан топилган XI асрга тегишли тангада “Харажкет” сўзи битилган. Яъни “хараж” сўзи “давлат марказий ғазнасига тушадиган солиқ (хирож)” маъносини англатади. Демак, шаҳарнинг Харажкент деб аталиши унинг пойтахт шаҳар мақомига эга бўлганини билдиради. Шоҳрухиянинг иқтисодий, ҳарбий-маъмурий мавқеи XVII аср охиригача баланд бўлган. XVIII асрдаги ўзаро ички урушлар натижасида шаҳар таназзулга учраган.

Шоҳрухия Бобурнинг “Бобурнома” асарида ҳам тилга олинган. Мазкур манзилгоҳни ер ости кутубхонаси дейиш мумкин. Тарихий маълумотларга кўра, аҳоли дарёда китоблар оқиб кетаётганини кўрган, шундан сўнг, яъни XIX асрда ушбу шаҳар харобасини ўрганишга қизиқиш бошланган. Олиб борилган тадқиқотлар давомида Шоҳрухиядаги кулолчилик хумдонлари, турар жой қолдиқлари, 2 қаватли буржлар очиб ўрганилган. Топилмалар орасида пўлат совут, дубулға, шахмат доналари, сирланган турли сопол идишлар, шиша идишлар, пичоқ, қилич, ҳатто бешик қолдиқлари борлиги шаҳарда қизғин ҳаёт қайнаганини далиллайди. Қолаверса, темурийлар маданияти, санъатини ўрганишда, ҳудуд тарихини чуқур тадқиқ этишда муҳим аҳамиятга эга. Аммо бугунги кунда шаҳар харобаларининг Сирдарё томони дарё сувида ювилиб кетаётгани, бир қисми эса маҳаллий аҳоли томонидан ўзлаштириб олингани ачинарли. ёдгорлик шаҳристон қисмининг яқин орада йўқ бўлиб кетиш хавфи мавжуд. Шу боис ёдгорликнинг мавжуд қисмини сақлаб қолиш, асраб-авайлаш, туристик манзилга айлантириш лозим. Юқорида Шоҳрухияни ер ости кутубхонаси, дея бежиз таърифламадик. Девор харобалари остида тарих тилсимларини очишимизга асос бўладиган маданий қатлам, китоб ва бошқа кўринишдаги ёзма манбалар бўлиши эҳтимоли йўқ эмас. Шунинг учун ЎзМТДП гуруҳининг бу борадаги ташаббусини қўллаб-қувватлаган ҳолда амалий ишларни изчиллик билан давом эттириш ёдгорликнинг тарихий аҳамиятини янада оширишга хизмат қилади.

Амалий ишлар сари бир қадам

Ишчи гуруҳнинг ҳудуддаги ўрганишлари, ЎзМТДП гуруҳининг илгари сурган ташаббуси нафақат вилоят тарихи, балки юртимиз, аждодларимиз тарихини ўрганиш нуқтаи назардан ҳам долзарб аҳамият касб этади. Биргина Шоҳрухия харобаси мисолида ўтмишимиз, аждодларимиз ҳаёти ҳақида муҳим тарихий маълумотларга эга бўлишимиз мумкин. Шу боис халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳининг мазкур масалани сессия кун тартибига киритгани, шу асосда қабул қилинган қарорда муҳим вазифалар ўз аксини топгани амалий ишлар сари ташланган яна бир қадам бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Қарорга мувофиқ, вилоятдаги тегишли мутасадди раҳбарларга Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг хулосаси асосида Ҳанқа ва Шоҳрухия археология ёдгорликлари атрофида туристик инфраструктура объектларини ободонлаштириш ишларини ташкил этиш юзасидан қатор вазифалар топширилди. Жумладан, бир ой муддатда Шоҳрухия, Ҳанқа археологик ёдгорликларига бориш йўлларини кўрсатувчи йўл-ахборот кўрсаткичлари ҳамда кириш қисмида ўзбек ва инглиз тилидаги ахборот стендлари ўрнатилишини, объектларнинг харитаси ёки тарихи битилган баннер жойлаштирилишини таъминлаш, уларнинг чегара ҳудудини шакллантириш ва кадастр рўйхатидан ўтказиш, зиёратгоҳларга олиб борувчи йўлларни таъмирлаш, бу жойларда сервис хизматларини ташкил қилиш вазифалари қарорда ўз ифодасини топди. Шунингдек, “Олтин мерос” халқаро хайрия жамғармаси, Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш Тошкент шаҳри, Тошкент ва Сирдарё вилоятлари бўйича минтақалараро давлат инспекцияси, Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси, Маданият бошқармаси, Оққўрғон тумани ҳокимлиги билан ҳамкорликда ҳомийларни жалб қилиш асносида Шоҳрухия ҳудудида очиқ осмон остидаги музейни ташкил этиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқиш ҳамда тегиш­ли тартибда вилоят ҳокимлигига тақдим этиш белгиланди.

Давлатимиз раҳбари мамлакатимизнинг туристик салоҳиятидан тўла ва оқилона фойдаланиш, маданий мерос объектларини, алломаларимиз ўтган қадамжоларни ободонлаштириш, тарихни ўрганиш масалаларига устувор аҳамият қаратаётган бир пайтда ЎзМТДП гуруҳининг илгари сурган мазкур ташаббуси, таклифлари, шу асосда қабул қилинган қарор бу борадаги ислоҳотларга кўмак бўлиши шубҳасиз. Ушбу масала ҳаётий ва тарихий аҳамиятга эга эканлиги, ҳудуд равнақи, туризм ривожига муҳим ҳисса бўлиб қўшилиши билан аҳамиятлидир.

Бир сўз билан айтганда, депутатларимиз саъй-ҳаракати билан яна бир туризм манзилига йўл очиш имкони юзага келмоқда. Шундай экан, халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳининг ушбу ташаббуси асосида қабул қилинган сессия қарорини қўллаб-қувватлаган ҳолда унинг ижросини таъминлаш лозим. Ҳудуддаги барча тарихий, маданий мерос объектларини асраб-авайлаб сақлаш, сайёҳлик манзилларига айлантириш ишларини жадаллаштириш мақсадга мувофиқ.

Муҳтарама Комилова,

“Milliy tiklanish” мухбири


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

info@mt.uz

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz