ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


Сирдарё: археологик манбалар кўп, лекин… 08.11.2018

Сирдарё: археологик манбалар кўп, лекин…


Президентимиз Сирдарё вилоятига ташрифларидан бирида вилоятнинг кўплаб туманларида туризмни йўлга қўйиш учун етарлича манбалар мавжудлиги ҳақида гапирган эди. Бу, албатта, бежиз эмас. Чунки бир қарашда Сирдарёнинг туризм салоҳияти, тарихий, маданий масканлари бошқа ҳудудларга нисбатан камдай туюлади. Бироқ Сирдарёда ҳам мавжудларидан ташқари ҳали кашф этилмаган тарих сир-синоатларига бой манбалар сероб. Уларни тадқиқ этиш, ўрганиш, тарғиб қилиш ва асраб-авайлаш долзарб масалалардан бири саналади. Бу эса туризмни йўлга қўйиш, натижада вилоятни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантиришга, ҳудуднинг ёрқин қиёфаси — имижини оширишга муносиб ҳисса қўшади.

Сирдарё қадим даврлардан буён худди давлатлараро кўприк вазифасини ўтаб, Сўғдни Чоч билан, Фарғона орқали Хитой билан боғлаган. Археологик топилмалар ҳудудда тош давридаёқ аҳоли яшаганлигини исботлайди. Сирдарё вилояти ўрта асрларда шимолий Уструшона таркибига кириб, катта қисми чўлдан иборат бўлгани боис у ерда работлар, карвонсаройлар,  қалъа-қўрғонлар, шаҳарлар  қад  ростлаган. Ўзбекистон Фанлар академияси Археология инс­титути бундан 34 йил аввал Сирдарё вилоятида ўрганишлар олиб борган.

Бунинг натижасида “Сирдарё вилоятидаги археологик ёдгорликлар” номли монография чоп этилиб, минтақанинг антик, ўрта асрлар даври тарихига оид манбалар, афсоналар, археологик изланишлар натижасида аниқланган ёдгорликлар ҳақида маълумотлар келтирилган. Монография муаллифи А.Грицина ёдгорликларни топографик жиҳатдан иккига — шимоли-шарқий (Сирдарёбўйи) ва жануби-ғарбий (чўл ва тоғ олди) зоналарига бўлиб ўрганади. Биринчи қисмга Мирзачўлдаги ёдгорликлар киритилган бўлиб, у иқтисодий жиҳатдан Тошкент минтақасига боғланган, маълум тарихий босқичларда эса Чоч таркибига кирган. Иккинчи қисм Уструшонага оид бўлиб, улар минтақадаги йирик сув манбаларига боғланган Шўрбулоқсой, Хўжамушкентсой, Мўғолсой, Тағобсой ва Сармичсой гуруҳларига бўлиб ўрганилган. Ҳар бир гуруҳда шаҳристон ёки йирик манзилгоҳ бўлиб, у маълум бир ҳудуднинг маркази бўлган. Китобда келтирилган вилоятдаги 120дан зиёд маданий мерос объектлари хусусидаги маълумотларни бу заминдаги ёдгорликлар ҳақидаги дастлабки манбалар, дейиш мумкин. Бироқ вақт олий ҳакам деганларидек, ҳозирда мазкур маданий мерос объектларининг сони, ҳолати, жойлашган ўрни борасида ўзгариш­лар учрамоқда.

Аввал маълумот берганимиздек, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси мамлакатимиздаги моддий маданий мерос объектларини инвентаризациядан ўтказиш, муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш ҳолатини ўрганмоқда.
ЎзМТДП Сирдарё вилоят кенгаши ҳам бу жараёнда фаол иштирок этишга интилиб, мутасадди ташкилотлар билан биргаликда туман ва шаҳарларда ўрганиш олиб бормоқда. Бунинг натижасида бугунги кунда вилоятда давлат муҳофазасига олинган 75та моддий маданий мерос объекти мавжуд экани, унинг 18 таси археологик ёдгорлик, 15 таси архитектура ёдгорлиги, 38 таси монументал санъат ёдгорлиги ва 4 таси диққатга сазовор жой экани аниқланди. Мазкур объектлар ҳудудлар кесимида Гулистон, Янгиер, Ширин шаҳарлари, Гулистон, Боёвут, Сайҳунобод, Сардоба, Сирдарё, Ховос, Мирзаобод, Оқолтин туманларига тўғри келади.

Ўрганишлар Сирдарё туманидаги X-XI асрларга оид Катта Қизилтепа (Қуттиқиз) ва Пучуқтепа тепаликларидан бошланди. Мазкур тепаликлар тумандаги “Ҳақиқат” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган. Катта Қизилтепа карвонсарой вазифасини ўтаган бўлиб, унинг 12 гектар майдони Аркдан иборат. Бу тепаликда 2015-2016 йилларда археологик тадқиқотлар олиб борилган. Изланишларда X асрга оид сопол идишлар, тегирмон тошлари ва уй-рўзғор буюмлари топилган. Туман ободонлаштириш бошқармаси тепаликнинг маълум бир қисмини муҳофаза чегараси билан ўраган бўлса-да, лекин қолган ҳудуди ташландиқ ҳолатда, ён-ат­рофи чиқиндилар билан тўлиб-тошган. Пучуқтепа тепалигида ҳам шундай ҳолатни кузатиш мумкин. Мазкур тепалик­ларда археологик тадқиқотлар, юқорида таъкидлаганимиздек, бундан 34-35 йил аввал олиб борилган.

Сардоба туманидаги Ёғочли сардоба тарихий ёдгорлиги ХVI асрнинг иккинчи ярмида Бухоро хони Абдуллахон томонидан бунёд этилган. Афсуски, ўз даврида гуллаб-яшнаган мазкур объект ҳозирда таъмирталаб ҳолатда, ён-атрофи қаровсиз кўринишга келиб қолган. Туманнинг шарқий томонида жойлашган Сардоба (Оғочли) археологик ёдгорлиги хусусида ҳам шундай фикрни билдириш мумкин. Гарчи у Ёғочли сардоба тарихий ёдгорлиги билан тенгдош бўлса-да, лекин ҳозирги кунга қадар археологик қазиш ишлари олиб борилмаган. Айни пайтда 10 сотихдан зиёд майдондан иборат маданий мерос объекти ерлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари (пахта) етиштириладиган майдонга айлантирилгани аниқланди.

Навбатдаги манзил Ховос туманида жойлашган Эски Ховос тепалиги бўлди. Унинг тарихи милоддан аввалги VI-IV асрларга бориб тақалади. Ўрта асрлар манбаларидаги маълумотларга кўра, Ховос Буюк ипак йўлининг Самарқанддан шарққа йўналган чорраҳасида жойлашган. Ховос қўрғонидаги қазилма ишлари чоғида топилган археологик манбалар бу манзилгоҳ камида икки минг йиллик тарихга эга Сирдарёдаги энг қадимги шаҳар харобаси қолдиғи эканини тасдиқлади.

—Эски Ховос ёдгорлигида 2014 йилда Ўзбекистон Фанлар академияси Археология институти ва музейимиз илмий ходимлари билан ҳамкорликда илмий тадқиқот ишлари олиб борилди, — дейди Сирдарё вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи директори Зокир Холдоров. — Мазкур жараёнда 5,5 мингдан ортиқ турли қадимий ашёлар топилди. Эрамиздан аввалги III-II асрга оид маъбуда — Анахита ҳайкалчаси, сомонийлар даврига тегишли мис тангалар, XII асрга доир Ҳумо қуши тасвири туширилган чироқ дастаси, X-XI асрларга тааллуқли махсус симоб идишчаси, IX аср ҳамда темурийлар даврига оид муҳрлар, XIII-XIV асрларга тегишли хумдон-кўзалар, нақшли идиш-товоқ бўлаклари, қопқоқлар ҳамда баландлиги 2-2,5 метрли буғдой солишга мўлжалланган хумлар ана шулар жумласидандир. Ёдгорликнинг ҳозирга қадар сақланиб қолган ҳудуди 7 гектарни ташкил этади. Марказида қалъа жойлашган, унинг 4 минораси бўлган. Қазилма ишлари давомида ҳозирча минораларнинг фақат биттасини очишга муваффақ бўлинди. Уларнинг ҳаммаси очилиб, қалъа ичида жойлашган турли бинолар, устахоналар ўрни аниқланса, бу ерда очиқ осмон остидаги музей ташкил этиш имкони туғилади. Бу, ўз навбатида, сайёҳларни мазкур тарихий ёдгорликка жалб этиш, туризмни ривожлантиришга шароит яратади.

Таъкидлаш жоизки, 2015 йилда халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги
ЎзМТДП гуруҳи аъзоси, тарих фанлари номзоди, археолог Солижон Қудратов мазкур маданий мерос объектини ички туризм маршрутига киритиш масаласи бўйича ўша пайтдаги “Ўзбектуризм” миллий компанияси вилоят бўйича вакилига депутатлик сўрови билан мурожаат қилган ва уни ташаббус-масала сифатида сессия муҳокамасига олиб чиққан эди. Гарчи ўтган давр мобайнида тепалик ободонлаштирилиб, археолог олимлар, тадқиқотчилар томонидан мукаммал ўрганилган бўлса-да, лекин уни очиқ осмон остидаги музейга айлантириш ҳамон мавҳумлигича қолмоқда.

Ишчи гуруҳ аъзолари умумий майдони 6 гектарни ташкил этадиган тепаликнинг атиги 10 сотихи ўрганилганини аниқлади. Улар тепаликни ўрганиш ишини жадаллаштириш, ундан ҳудуд сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида фойдаланиш мумкинлигини таъкидлаб, мутасадди ташкилотларга ахборот ва таклифлар киритди.

Ховос туманида жойлашган маданий мерос объектларидан яна бири Ховособод қишлоғида жойлашган Саъду-Саид, Биби Ҳадича, Юсуф бобо ва Шер бобо мақбаралари ҳисобланади. Уларнинг тарихи тахминан VII-VIII асрларга бориб тақалади. Жорий йил Ховособод “Обод қишлоқ” дастури доирасида бутунлай қайтадан қурилаётгани боис мазкур мақбаралар ён-атрофи ҳам янгича қиёфа касб этмоқда. Ёдгорликларга элтувчи йўллар текисланиб, ҳудуди ободонлаштирилмоқда.

— Партия ташкилоти ва депутатларнинг ўрганишлари ўз натижасини бериб, кўпгина масъул ташкилотларнинг эътиборини тортмоқда, — дей­ди ЎзМТДП вилоят кенгаши етакчи мутахассиси Дилобар Каттабекова. — Яқинда халқ депутатлари Гулистон туман Кенгашидаги партия гуруҳида ҳудуддаги маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, туризмни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан туман ҳокими ўринбосарининг ҳисоботи эшитилди. Унда Гулистон туманида туризм соҳасини ривожлантириш борасидаги масалалар таҳлил этилди. Натижада ҳудуддаги “Олтин водий” маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Отлиқ аскарлар қароргоҳи”, Деҳқонобод шаҳарчасидаги рус провослав черкови ва Ибрат маҳалласида жойлашган “Романовлар хонадони” музейи биноларини тарихий обидалар реестрига киритиш ҳамда уларни реставрация қилиш учун зарур маблағлар ажратиш, бу тарихий обидаларни ўрганиш жараёнида аниқланган муаммоларни ҳал этиш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгиланди. Ижро учун масъуллар тайинланиб, 2019 йилда амалга ошириш мўлжалланди.

Шунингдек, ЎзМТДП фаоллари Гулис­тон туманида ички туризмни ривожлантириш мақсадида Сирдарё дарёси бўйида замонавий дам олиш масканлари ташкил этиш масаласи юзасидан вилоят Туризм­ни ривож­лантириш давлат қўмитаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вилоят бошқармалари ҳамда туман ички ишлар бўлимига мурожаат киритди. Бугунги кунда мазкур ташкилотлар масалани ўрганиб, тегишли хулосалар тайёрламоқда. Агар ижобий хулосалар олинса, Сирдарё бўйида замонавий дам олиш масканлари барпо этиш мумкин бўлади.

Мухтасар айтганда, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фаоллари айни пайтда асосий фаолиятни юртимиздаги мавжуд моддий маданий мерос объектларини сақлаб қолиш ва уларни асраб-авайлашга қаратаётир. Партиянинг Сирдарё вилоятидаги ўрганишлари ҳудуддаги кўплаб тарихий масканлар ўз тадқиқотчиларини кутаётганлигини кўрсатди. Бу борада, энг аввало, вилоятда фаолият олиб бораётган олимлар, археологлар ташаббускор бўлишлари лозим. Қолаверса, вилоятдаги ягона олий ўқув юрти ҳисобланган Гулис­тон давлат университетида тарих факультетини очиш (айни пайтда ижтимоий-иқтисодий факультетида тарих кафедраси мавжуд) ҳам соҳада малакали кадрлар тайёрлашга хизмат қилади.


Умида УЗОҚОВА,
“Milliy tiklanish” мухбири


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz