ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


10.01.2019

Сиёсий ҳаётимизда янги ўзгаришлар: амалга оширилади


Президентимизнинг Олий Мажлис палаталарига тақдим этган Мурожаатномаси давлат ва жамият олдида турган долзарб вазифаларнинг дастуриламалига айланиб бормоқда. Шу боис Мурожаатнома мамлакатимиз сиёсий-ҳуқуқий тарихида муҳим аҳамият касб этадиган воқеага айланди. Давлат бошқарувининг бундай демократик усули, бугун юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, аввало, халқ билан мулоқот принципига ўзаро уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб, ҳар биримизнинг иш фаолиятимиз самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Шу боис Президентимиз Мурожаатномани парламент вакиллари тимсолида бутун халқимизга йўллаб, бир қатор муҳим масалаларга аҳамият қаратди.

Давлатимиз раҳбарининг, айниқса, парламентнинг муҳим қарорлар қабул қилиш ва қонунлар ижросини назорат этиш фаолиятини жонлантириш лозимлигини алоҳида таъкидлаб, Вазирлар Маҳкамаси
аъзоларини Олий Мажлис томонидан тасдиқлаш амалиётини киритишни таклиф этгани кўпчилик депутатларнинг юрагидаги гап бўлди. Чунки айни пайтда Конституцияга мувофиқ парламент фақат Бош вазирни тасдиқлайди.

Лекин вазирларни лавозимга қўйишда қатнашмагани боис ҳукумат аъзолари парламент олдида масъулиятни етарли даражада ҳис этмаслиги маълум эди. Эндиликда бўлажак вазирнинг парламент аъзолари олдида соҳани ривожлантириш бўйича дастурини ҳимоя қилиши ва унга эришиш йўлларини асослаб бериши ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга, бир ёқадан бош чиқариб ишлашга ундайди.

Шунингдек, Президентимиз 2019 йилдан бошлаб Мурожаатномада баён қилинган ҳар бир устувор йўналиш бўйича бажарилган ишлар ҳақида олий вакиллик органларида ҳисоботларни эшитиш амалиётини йўлга қўйиш зарурлигини қайд этди: “Биз янги йилдан бошлаб сиёсий ҳаётимизда янги бир амалиётни жорий этамиз.

Кириб келаётган йилнинг бош ҳужжати бўлган Мурожаатномада баён қилинган ҳар бир устувор йўналиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида Бош вазир ҳукумат аъзолари билан бирга Сенат ва Қонунчилик палатаси олдида ҳар ойда ҳисобот бериб боради”. Эътиборлиси, бу жараённинг оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритилиши, шу тариқа фуқаролар Мурожаатномада белгиланган вазифалар ижроси бўйича олиб борилаётган ишлардан хабардорлигини таъминлаш имкони яратилиши айни муддао бўлади.

Жойларда партия ташкилотларининг депутатлик ўринлари учун муносиб баҳс олиб бориши, қолаверса, партия гуруҳларининг эмин-эркин фаолият юритиши, кўтараётган масалалари юзасидан халқ депутатлари Кенгаши сессияси қарорларининг қабул қилинишида ҳокимнинг Кенгаш раиси эканлиги маълум маънода салбий таъсир кўрсатар эди. 2019 йилда ушбу тартиб бекор қилинаётгани кўпчиликни ўйлантираётган масалага ижобий якун бўлди, дейиш мумкин. Ва бу ўзгариш партия гуруҳлари орасида соғлом рақобатни шакллантиришга хизмат қилади, энг муҳими, депутатларнинг жойларда маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари фаолиятига оид камчиликларни очиқ-ойдин ўртага ташлай олиши имкониятини кенгайтиради.

Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг Олий Мажлис палаталарига тақдим этган Мурожаатномаси мамлакатимиз ҳаётининг энг муҳим йўналишларини белгилаб берди. Мазкур Мурожаатномадан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳамда фракцияси Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йилида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар бўйича амалий чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқди ва айни пайтда Давлат дастури лойиҳаси юзасидан таклифларини билдиришда фаол иштирок этмоқда. Жумладан, фракция ташаббуси асосида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда “Uzbekistan Airways” ва “Ўзбекистон темир йўллари” компаниялари раҳбарларининг “Ўзбекис­тоннинг экспорт салоҳиятини оширишда замонавий логистика йўналишларини кенгайтириш тўғрисида”ги ахборотларини эшитиш режалаштирилмоқда. 2019 йилда ҳокимнинг айни вақтда халқ депутатлари Кенгаши раиси сифатида фаолият кўрсатишига доир тартиб бекор қилиниши борасида фракциямиз янги таҳрирдаги “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги ҳамда “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари тўғрисида”ги янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва Қонунчилик палатасига киритишни режалаштирмоқда. Шунингдек, фаол инвестицияларни ривожлантириш мақсадида Миллий иқтисодиётни ривожлантиришнинг узоқ муддатли Стратегияси лойиҳасини ишлаб чиқиш, бунда ривожланишнинг натижавий мақсадлари, иқтисодий ўсишнинг сифат кўрсаткичлари, устуворликлари, молиявий манбалари ва омиллари, иқтисодиётда дуч келиниши мумкин бўлган юқори хавф-хатар ва рискларни аниқлаш, инвес­тицияларни йўналтиришда асосий урғуни саноатнинг қайта ишлаш ва истеъмол товарларини ишлаб чиқаришга қаратиш каби аниқ йўналишлар партия диққат марказида бўлади.

Партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари томонидан Мурожаатнома мазмун-моҳиятини кенг аҳоли қатламига етказиш мақсадида туркум учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилади. Мурожаатномада кўзда тутилган мақсад-вазифаларни амалга ошириш ҳамда 2019 йилги Давлат дастури ло­йиҳасини янада пишиқ ва пухта қилиб тайёрлашда партиямиз ва депутатлар фаоллик кўрсатади. Зеро, бугун мамлакат тақдирига дахлдор барча масалада биздан фақат ташаббускорлик ва фидойилик талаб этилади.


Сарвар ОТАМУРАТОВ,
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси
Марказий кенгаши раиси


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz