ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


Тарихий меъморий масканлар эътиборгагина эмас, тарғиботга ҳам муҳтож 07.11.2018

Тарихий меъморий масканлар эътиборгагина эмас, тарғиботга ҳам муҳтож

Самарқанд шаҳридаги «Регистон Плаза» меҳмонхонасида «Афғонистон, Марказий Осиё ва Эрон – Буюк Ипак йўли бўйлаб умумий мерос, Европага йўл» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

ЮНЕСКО, Европа Иттифоқи ҳамда Марказий Осиё тадқиқотлари халқаро институти ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда Марказий Осиё мамлакатларидан ташқари, Эрон, Афғонистон, Туркия, Озарбайжон ва Покистондан ташриф буюрган шарқшунос, санъатшунос, музейшунос ҳамда тарихчи олимлар, мустақил экспертлар иштирок этди.

Конференциянинг очилиш маросимида вилоят хокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов, ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Криста Пиккат, Европа Иттифоқининг юртимиздаги делегацияси раҳбари Эдуардс Стипрайс ва бошқалар Ўзбекистонда барча соҳалар бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар нафақат минтақадаги қўшни мамлакатлар, балки дунё давлатлари билан ҳамкорлик қилиш учун янги имкониятлар эшигини очганини эътироф этишди.

Анжуман ишида қатнашчилар моддий ва номоддий маданий мерос объектларини асраш, Буюк Ипак йўлида жойлашган мамлакатлар халқларининг маданий мероси ҳақидаги умумий билимларини ошириш, туризмни барқарор ривожлантиришнинг янги имкониятларидан самарали фойдаланишга доир фикрлари мулоҳазаларини билдиришди.

- ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси кўп йиллардан буён миллий шериклар билан ҳамкорликда ўз ваколати доирасига кирадиган соҳаларда кўплаб лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда, - дейди К.Пиккат. - Бу борада кейинги икки йил давомида йўлга қўйилган ишончли муносабатлар, айниқса, лойиҳаларимизга Европа Иттифоқининг ҳам қўшилгани ҳамкорлик алоқаларимизнинг янада ривожланишига мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади. Масалан, Европа аҳолисининг аксарияти, Марказий Осиё мамлакатлари тарихи, маданий мероси ҳақида тулиқ тасаввурга эга эмас. Шунинг учун бугунги анжуманда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Афғонистондаги мавжуд тарихий мерос объектлари, сайёҳлик манзиллари, музейларини кенг тарғиб этиш масалалари ҳам муҳокамага қўйилди.

Анжуманда маданий объектлар билан боғлиқ халқаро лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, жаҳон музейларида сақланаётган қўлёзмалардан рақамли технологиялар асосида нусха кўчириш, мумтоз мусиқа намуналарини тадқиқ этиш, ўрта асрларда динлараро муносабатлар каби мавзуларда ўнлаб маърузалар тингланди.

Анжуман доирасида Самарқанд шаҳридаги «Буюк Ипак йўли» туризм халқаро университети ҳамда Марказий Осиё тадқиқотлари халқаро институти ўртасида малакали кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

 

Абдуғофур Шерхолов,

ЎзМТДП фаоли


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz