" /> ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ
ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


Тайёр ошга доимо шерик топилар ёхуд  Тошкент туризмни ривожлантириш департаменти велосипед кашф қилгани ҳақида 16.01.2019

Тайёр ошга доимо шерик топилар ёхуд Тошкент туризмни ривожлантириш департаменти велосипед кашф қилгани ҳақида

Маълумки, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ва унинг ҳудудий кенгашлари томониданреспубликамиздаги мавжуд маданий мерос объектларини хатловдан ўтказиш борасида ўтган йилнинг сентябрь, октябрь ва ноябрь ойларида жуда катта амалий ишлар бажарилди.Қилинган ишлар натижалари, аниқланган муаммо ва камчиликлар бўйича танқидий мақолалар, репортажлар, суҳбатлар бериб борилди, мутахассислар таклифлари, фикр-мулоҳазалари ўрганилди. Бу ҳақда ЎзМТДП матбуот хизмати томонидан кўп ва хўп ёзилди, жамоатчиликка бонг урилди.

Натижада “Миллий тикланиш” ДП амалий ишлари сабаб,йил якунида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди ва ўрганишлар жараёнида бизни хушламаган айрим ташкилотлар эндиликда партия билан елкадош бўлишга мажбур бўлди. 

Таажжубланарлиси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати томонидан “tashkentnews.uz” саҳифасида эълон қилинган бир хабар бизни ушбу мақолани ёзишимизга сабаб бўлди.
Хабарда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-4038-сонли ҳамда “Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4068-сонли қарорлари тасдиқлангани ва унинг ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳар Туризмни ривожлантириш департаменти томонидан жорий йил январ ойининг биринчи ўн кунлигида пойтахтдаги мавжуд таъмирталаб маданий мерос объектлари хатловдан ўтказилгани, шунингдек, атрофлича ўрганилган маданий мерос объектларини реставрация қилиш ишлари борасидаги маълумотлар мунтазам ёритиб борилиши таъкидланган.

Тайёр ошга доимо шерик топилар ёки ёв қочса ботир кўпаяр деганларидек, “tashkentnews.uz”да эълон қилинган ушбу хабардан ҳайратландик. Наҳот,Тошкент шаҳар Туризмни ривожлантириш департаменти“Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонун ҳамда бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифалар бажарилмаганидан хабардор бўлмаса?

Жумладан, Президентнинг 2018 йилнинг 16 январдаги “Моддий маданий ва археологик мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармойиши доирасида ишчи гуруҳи тузилган ва гуруҳга Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳам киритилган эди. Аммо ишчи гуруҳига киритилган айрим идоралар давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган вазифаларни тўла бажара олмади. Натижада катта саҳнага ЎзМТДП чиқди ва ушбу масъулиятли вазифани ўз зиммасига олгани ҳақида департамент раҳбарияти эшитмаган ва газеталарда ўқимаган бўлса?

2018 йилнинг 19 декабрь куни эса Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ЎзМТДП фракцияси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаевнинг “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижроси ҳақида”ги ахборотига оид парламент эшитуви ўтказилди. Қонунчилик палатасининг қарори қабул қилинди. Қолаверса, якунланган йилнинг 20 декабрь куни ЎзМТДП ва Маданият вазирлиги раҳбариятининг учрашуви бўлиб ўтган эди. Учрашувда партия Марказий кенгаши раиси Сарвар Отамуратов партия томонидан Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий ишлаб чиқариш Бош бошқармасининг тасдиқланган рўйхати асосида моддий маданий мерос объектлари ўрганилганини қайд этиб, тўпланган барча маълумотлар, ҳужжатлар, фотоальбомлар жамланмаси ҳамда уларнинг электрон нусхалари Маданият вазирлигига расман топширилди.
Вазир Б.Сайфуллаев мамлакатимизда 7 мингданортиқ моддий маданий мерос объектлари рўйхатга олинган эса-да, ҳали шу пайтга қадар бирон марта ЎзМТДПчалик чуқур хатловдан ўтказимаганини тан олиб, бунинг учун партия раҳбариятига миннатдорчилик билдирди. Ушбу тадбирлар ҳам ОАВда кенг ёритилди ва департамент наҳот ушбу хабарлардан ҳам бебаҳра қолган бўлса? Акс ҳолда бутун бир жамоа янги йил кунлари пойтахтдаги таъмирталаб тарихий объектларни рўйхатдан ўтказиб юрмаган бўлармиди?

Қолаверса, ЎзМТДП Тошкент шаҳар кенгаши тарихий объектларни хатловдан ўтказиш борасидаги ишларни бошлашдан олдин тегишли идоралар, хусусан, Тошкент шаҳар Туризмни ривожлантириш департаментини ҳам бу борада ҳамкорликка чақирган эди. Аммо ўшанда таклифлар эътиборсиз қолдирилганди.

Тошкент шаҳар Туризмни ривожлантириш департаменти томонидан бу иш амалга оширилгани ҳам шубҳали. Чунки биргина пойтахтимизда 346та маданий мерос объекти рўйхатга олинган ва уларни хатловдан ўтказиш учун ЎзМТДП Тошкент шаҳар ва туман кенгашларида ишчи гуруҳи тузилди, камига бу ишга маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳам жалб қилинди. 50 кишидан ортиқ пойтахт жамоаси қарийб уч ойда топширилган вазифани бажарди. Департамент томонидан эса бу юмуш январ ойининг биринчи ўн кунлигида (янги йилнинг биринчи уч куни дам олиш деб эълон қилинган эди) бажарилди-қўйди. Бу икки аср олдин яртилган велосипедни яна қайтадан кашф қилиш дегани эмасми? Департамент ундан кўра асосий вазифаси, яъни Тошкентда туризмни ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этиш билан шуғулланиши мақсадга мувофиқ эмасми?!Ахир хоҳиш бўлса, сайёҳлик борасида бир олам муаммо ва камчиликлар бор-ку!

Муҳтарам Президентимиз деярли барча учрашувларда раҳбарларни эскича тартибда, қоғозбозлик, ҳисобот учун ишлашдан воз кечиб, ташаббускор амалий ишлар қилишга чақириб келади. Туризмни ривожлантириш департаменти эса ҳамон бугунги талаб ва таклифларни тушунмаётган, Тошкентдаги таъмирталаб маданий мерос объектларини хатловдан ўтказиш ниқоби остида гўёки бир ўқ билан икки қуённи мўлжалга олган кўринади: ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг бу борадаги икки Қарори ижросини таъминлади, ҳам шу пайтгача ҳеч ким эътибор қаратмаган моддий маданий мерос объектларини хатловдан ўтказди.


ЎзМТДП Тошкент шаҳар кенгаши


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz