ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


08.11.2018

Телефондан бошингни кўтар, замондош!


Ҳа, ростдан ҳам, газета китобдан олдин ўқилади. Одам боласи ўқиш билан тирик. Мен дунё ва одамларни гоҳ онгим, гоҳ қалбим билан англайман. 

Рўзнома бўлмаса, рўзнома ўқимасам, мамлакат, халқ, жамият ва улар ичида дам сайин, дам-бадам яратилаётган, қайнаб, тошиб, вулқондек отилиб чиқаётган ранг-баранг воқеаларни бошқа қайдан топаман?

Рўзномаларнинг — “Халқ сўзи” ва “Народное слово”, “Правда Востока”, “Ишонч”, “Миллий тикланиш”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “XXI аср”, “Маърифат”нинг оқ, олижаноб саҳифаларида баён қилинаётган ҳодиса-хабарларни ақлим, юрагим, дунёқарашимга эшу ошно қилмасам, маърифатимга маърифат, фикримга фикр, зикримга зикр, тийнатим, маънавиятимга маънавият ва тийнат қўшмасам, ўзимни қандай шу замон кишиси санайман?

Рўзномалар орқали инсониятлик, одамийлик бойликларимга ҳар он, ҳар сония бойликлар етказмасам, бойимасам, бойитмасам ва филжумла, файласуф, донишманд шоиримиз, ҳассослар ҳассоси мавлоно Мақсуд Шайхзода таърифича айтсам, “гўзаллик ходими” эканлигим қаерда қолади?

Улуғвор ҳимматлар замонасида,
Чин ишдан туғилган афсонасида —
Гўзаллик ходими бўлолсин юрак,
Замоннинг гувоҳи — дафтари кўкрак.

Менинг идеалим — асли мана шу, яъни улуғ шоирнинг ўлмас лутфидек, “гўзаллик ходими” бўлиш. Онгим ва юрагимни шу мақомда, шу маромда тарбиялаш! Ўқиганларим, билганларимдан ишонч ҳосил қилганманки, рўзнома — газета, бу асли — азамат, ҳеч чарчоқ билмайдиган тарбиячи, мураббий.

Кўзимнинг нури рўзномалар сатрлариаро дарёдек оқиб, хабарлар, талқинлар, таҳлиллараро ҳаёт ҳақиқатларини қидиради. Уларда юрт, эл, замон ўзгаришлари худди тиниқ ойнадагидек намоён бўлади. Мен газеталар сўзлари, сарлавҳалари оралаб замон ва давр ўзгаришлари, тинимсиз янгиланиб боришлари оқимларига кириб бораман. Шу янгиликлар оқимларига кирмасам ё буни бир зум фаромуш қилсам, ўзимни замондан кечиккандек, кечикаётгандек сезаман. Улуғ орзулар, режалар билан яшаётган мамлакатимнинг нафасига ҳар дамда ҳамнафас, томирдош бўлгим келади. Бугунги кетма-кет, пайдар-пай ўртага қўйилаётган масалалар мағзи-мағзига етиб борсам дейман. Бу бир туганмас эҳтиёж. Фақат кундалик рўзномаларгина бизнинг бу маърифий, маданий, ижтимоий эҳтиёжларимизни қондириш ва бу борадаги талабларимиз, саволларимизга жавоб беришга қодир!

Ёшлик чоғларимда ҳар қайда мук тушиб газета ўқиётган одамларни кўп кўрардим. Ғафур Ғулом, Шайхзода, Абдулла Қаҳҳор, Асқад Мухтор, Ҳамид Ғуломнинг тахлам-тахлам газеталарни шимириб ўқиётганларини кўрганда ҳайратланардим. Беқиёс ибрат кўплаб ўқиш, уқиш иштиёқи билан яшайдиган маъруф баркамоллар учун газеталар ҳақиқатан “Турмуш — ҳар хил катта-кичик масалалар рўзномаси...” эди. Масалалар ичида яшаш улар учун ростдан ҳам буюк эҳтиёж эди.

Ҳозир эса кўпчилик қўл телефонидан бош кўтармайди. Ҳамма нарса — энди қўл телефони! Э, бошингни кўтар, замондош! Сени не-не рўзномалар, китоблар кутяпти!

Газеталарни ташна варақлайман: замон масалалари забт билан шоир айтмоқчи, азамат дарёдек ҳаётимга кириб келади. Ўз тирик, жонли оқимига тортиб кетади. Акс садо беради.


Иброҳим ҒАФУРОВ,
Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz