ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


Тил — миллатнинг қиёфаси: Сессия қарори асосида ташқи реклама ёзувларидаги хатоликлар тузатилди 02.11.2017

Тил — миллатнинг қиёфаси: Сессия қарори асосида ташқи реклама ёзувларидаги хатоликлар тузатилди

Она тили — миллат руҳининг юксак ифодаси, миллат тафаккурининг бетакрор намунаси. Чунки тил халқнинг, миллатнинг тарихи, маданий мероси, турмуш тарзи, урф-одат ва анъаналарини ўзида мужассамлаштиради, аждодлардан авлодларга ўтишини таъминлайди.

1989 йил 21 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Бу ота-боболаримиз орзиқиб кутган ҳурлик учун қўйилган илк қадам эди. Ўтган даврда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги аҳамиятини ошириш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилди. Бугун она тилимиз сиёсат, саноат, дипломатия, ҳарбий иш, халқаро ҳуқуқ, замонавий илм-фан, ахборот ва коммуникация технологиялари, спорт соҳаларида ҳам кенг қўлланилмоқда.

Шу билан бирга, бугунги глобаллашув шароитида ўзбек тилининг софлигини сақлаш ҳамон долзарб аҳамият касб этмоқда. Бу жараёнда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ўзбек тилини асраб-авайлаш ва янада ривожлантириш, жамиятимизда тил маданиятини ошириш, адабий тил қоидаларига риоя этилишига яқиндан кўмаклашиш борасида устувор дастурий вазифаларни изчил бажариб келмоқда. Партия фаоллари ва депутатлар, айниқса, адабий тилдан тўғри фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратмоқда, бу борада тизимли ишлар олиб борилаётир. Партиянинг ҳудудий ташкилотлари ва маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари жойларда ўзбек адабий тили меъёр ва қоидаларига амал қилиниши ҳолатини ўрганиш, йўл қўйилаётган камчиликларнинг олдини олишда тегишли ташкилотлар билан ҳамкорлик қилмоқда. 2016 йилда 40 дан ортиқ халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш сессияларида “Давлат тили ҳақида”ги ва “Реклама тўғрисида”ги қонунларнинг ҳудудлардаги ижроси муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Бу халқимизнинг маънавий бойлиги бўлган она тилимизнинг ижтимоий ҳаётдаги мавқеини янада юксалтириш, унинг софлигини сақлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Халқ депутатлари Бекобод туман Кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳи аъзолари ҳам партия дастурий вазифалари ижросини таъминлаш мақсадида туман ҳудудида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги ва “Реклама тўғрисида“ги қонунларида белгиланган талабларнинг ижросини ўрганди. Бунинг учун дастлаб тегишли вакиллар ва мутахассислардан иборат ишчи гуруҳи тузилиб, туман ҳудудида адабий тил меъёр ва қоидаларига амал қилиниш ҳолати ўрганилди, мавжуд муаммолар билан яқиндан танишилди.

— Оммавий жамоат жойлари, кўча ва бекатлардаги айрим эълон, ёзув ҳамда жой номларида имловий-орфографик хатоликларга йўл қўйилаётгани ачинарли ҳол, — дейди халқ депутатлари Бекобод туман Кенгашига ЎзМТДПдан сайланган депутат Муҳаббат Нурматова. — Бу борадаги ўрганишларимиз натижасида маълум бўлдики, туман кўчаларидаги, жамоат жойларидаги ташқи реклама ва эълонларда ўзбек адабий тили меъёр ва қоидаларига амал қилинишида қатор муаммолар бор, айрим сўзлар хорижий тилларда аралаш ҳолатда қўлланилган. Масалан, туманимиз маркази — Зафар шаҳарчасининг асосий кўчаси бўлган Мустақиллик кўчасидаги савдо ва хизмат кўрсатиш ҳамда умумий овқатланиш шохобчалари реклама баннерларида “Комила” сўзи “Камила”, “лағмон” сўзи “лагмон”, “дераза” сўзи “дереза”, “шўрва” сўзи “шурпа” шаклида ёзилган. Шунингдек, кўчалардаги ташқи ёзувларда “истимолчилар”, “баҳт”, “совдогар”, “профисонал” тарзида хато ёзилган сўзлардан кўз юмиб бўлмайди.

Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Кўчалардаги эълонлар, умуман, ташқи ёзувларда “Давлат тили хақида”ги қонун талабларидан четга чиқиш, сўзларни хато ёзиш, хорижий тиллардаги ёки имловий хато билан битилган пешлавҳалар бу борадаги ишлар қамровини янада кенгайтириш зарурлигини кўрсатади. Шу боис партия гуруҳимиз ўрганиш натижаларини жамлаб, “Бекобод тумани ҳудудида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги, оммавий жамоат жойларида “Реклама тўғрисида”ги қонунларнинг ижроси тўғрисида”ги масалани халқ депутатлари туман Кенгаши сессияси муҳокамасига киритди.

Сессияда партия гуруҳи раҳбари ўрганиш натижалари юзасидан ахборот берди. Депутатлар ва туман фаоллари мазкур масалани кенг муҳокама қилдилар. Ҳаётий таклиф ва фикр-мулоҳазалар билдирилди. Кун тартибидаги масала юзасидан сессия қарори қабул қилинди. Унга кўра, номлари келтирилган иккита умумий овқатланиш объекти, тўртта гўзаллик салони, шунингдек, тикувчилик устахонаси, автомобилларга эҳтиёт қисмлар сотувчи дўкон ва бошқа объектларнинг реклама баннер ва пешлавҳаларини олиб ташлаш, “Давлат тили ҳақида”ги ва “Реклама тўғрисида”ги қонунларга мос равишда янгиларини ўрнатиш вазифаси белгиланди. Халқ депутатлари туман Кенгашининг барча депутатларига ўз сайлов участкаларида “Давлат тили ҳақида”ги ва “Реклама тўғрисида”ги қонунларга хилоф равишда ўрнатилган ёзувларга барҳам бериш ва адабий тил меъёр ва қоидаларига мос равишда ўрнатилишини назорат қилиш вазифаси юклатилди.

Шунингдек, тумандаги корхона, муассаса ва ташкилотлар ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларида соҳа мутахассислари иштирокида ўзбек адабий тили меъёр ва қоидаларига амал қилиниши юзасидан мунтазам тадбир ва давра суҳбатлари ташкил этиш борасида келишиб олинди.

Бугунги кунда гарчи орадан кўп вақт ўтмаган бўлса-да туманда сессия қарорида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан қатор ишлар амалга оширилди. Корхона, ташкилот ва муассасалар пешлавҳалари, реклама банерларидаги хатоликлар тузатилиб, ўзгартирилди. Жумладан, “Ўзбекистон ширкатлар уюшмаси”, “Далварзин ф/у” , “Далварзин ф/у 3-бўлим”, “Авангард ф/у”, “Навоий ф/у” деб ёзилган жой номларини англатувчи ёзувлар олиб ташланди. Сабаби ҳозирги кунда барча ҳудудлар маҳалла номлари билан аталади. Юқорида кўрсатилган ёзувлар ўрнига маҳалла номлари ёзилган пеш­лавҳалар ўрнатилди. Шунингдек, тумандаги барча корхона, ташкилот ва муассасалар пешлавҳалари “Давлат тили ҳақида”ги қонунга мувофиқ равишда лотин алифбосида ёзилди.

“Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 20-моддасига мувофиқ, ташқи рекламани жойлаштириш тартибини маҳаллий давлат ҳокимияти органлари белгилайди. Туман ҳокимликларида рек­лама-ахборот фаолияти бўйича махсус комиссия ташкил этилган. Партия гуруҳи аъзолари ва фаоллар туман ҳокимлиги ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги ва “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги қонунлари ижросини таъминлаш масалалари бўйича туман комиссияси билан биргаликда ҳудуддаги кўчалар, майдонлар, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларида, оромгоҳлар, савдо мас­канларида, умумий овқатланиш ҳамда хизмат кўрсатиш жойларида ўрнатилган ёзувлар, лавҳалар, эълонлар ва реклама маҳсулотларини қонунлар талабларига мос бўлишини таъминлашга кўмаклашаётир.

Бир сўз билан айтганда, мазкур масаланинг сессия йиғилишида муҳокама этилиши ва қабул қилинган қарор ижроси натижасида жой номлари, кўча ва маҳаллалар ҳудуднинг тарихи, унинг ўзига хослиги, миллий анъана ва қадриятларимизга мос тарзда номлангани эътиборга молик. Шунингдек, адабий тил меъёр ва қоидаларига зид равишда қўлланилган ёзувлар тузатилгани ўзбек тилининг софлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Зеро, ҳар бир халқнинг маънавияти, ўзлиги, орзу-интилишлари унинг тилида яққол намоён бўлади. Уни асраб-авайлаш, бойитиш, софлигини сақлаш миллат руҳи ва маънавиятини асраш билан баробар.

Аҳлиддин Жумаев,
ЎзМТДП Марказий кенгаши
Ижроия қўмитаси девони етакчи мутахассиси

Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

info@mt.uz

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz