ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


Тошга айланган табиат намуналари 11.10.2018

Тошга айланган табиат намуналари

Она юртимиз нафақат тарихий обидалар, муқаддас зиёратгоҳ ва қадамжолар, балки бой табиат оламига ҳам эга. Айниқса, кеча ва бугунни боғловчи, олис ўтмишдан ҳикоя қилувчи тош ўрмонлари ажойиб ва ғаройиб табиат мўъжизасидир.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан мамлакатимизда мавжуд моддий маданий мерос объектларини тўлиқ инвентаризация қилиш, уларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш ҳолатини ўрганиш ҳамда бу боради аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тасдиқланган чора-тадбирлар режасига асосан тузилган Ишчи гуруҳ аъзолари Учқудуқ туман Мингбулоқ қишлоғида жойлашган Жарақудуқ дарасини кўздан кечиришди.

Дунёнинг кўплаб мамлакатларида ноёб тошларнинг сеҳрли оламини ўзида мужассам этган “Тошўрмон”лар мавжуд. Масалан, Юнань провинциясида 350 квадрат километрни эгаллаган “Тошўрмон” (Shilin) миллий парки Хитойнинг табиий ёдгорликлари рўйхатига киритилган. Лена дарёсининг Якутск оқимидан 60 километр юқорида жойлашган яна бир “Тошўрмон” сайёҳларнинг севимли масканига айланган.

Болгарияда эса Варна ва София шаҳарлари оралиғида жойлашган ажойиб “Тош ўрмон” 50 миллион йиллар олдин денгиз бўлган бу жойларда сув тугаб, кварцли қумлар бирлашган ва мустаҳкам тош устунларига айланиши натижасида вужудга келган.

Тахминларга кўра, АҚШнинг Аризон чўлларида ястаниб ётган “Тош ўрмон” энг катта ҳудудга эга. Мадагаскарнинг Цинги-де-Бемараха (Tsingy de Bemaraha) миллий боғидаги тош ўрмон антиқалиги билан бошқаларидан ажралиб туради. Оҳактошли плато келиб чиқиши карст бўлган ўткир учлар билан қопланган. Ушбу минерал ҳосилалар турли-туман шаклларга эга.

Бу каби тарихий ва афсонавий табиат мўъжизаларига эга давлатлар қаторида Ўзбекистоннинг ҳам борлиги барчамизни бирдек қувонтиради.

Юртимиздаги Қизилқум саҳроси ўзига хос флора ва фаунасига эга.  Навоий вилоятининг Учқудуқ туманига қарашли Мингбулоқ қишлоғидан 30 км узоқликда жойлашган Жарақудуқ дараси – ноёб палеонтологик музей ҳисобланади. Илмий фаразларга кўра, бу ерда тахминан 90-95 миллион йиллар аввал ҳудуддаги чинор (платан) ва қирққулоқ (папоротник)ларнинг тошга айланиши натижасида “Тош ўрмон” юзага келган.

photo_2018-10-10_16-37-41.jpg

– Қизилқум кенгликлари ўзининг бепоёнлиги ва мўъжизаларга бойлиги, ўта қурғоқ ва  жазирама иссиғи билан бошқа ҳудудлардан ажралиб туради, – дейди суҳбатдошимиз, тарих билимдонларидан бири Рамазон Эгамов. – У ўзининг географик жойлашуви ва таъсири жиҳатидан ўзгача хусусиятга эга. Бу эса қўшни ҳудудларнинг иқлимига таъсир кўрсатади. Унинг ландшафти ҳам жозибадорлиги ва ранг-баранглиги билан алоҳида аҳамият касб этади. Бугунги кунда вилоятимизда 500 га яқин археологик, 300 дан зиёд меъморчилик ёдгорликлари рўйхатга олинган. Шу ўринда Сангижумондаги қимирлаб турувчи улкан тошлар, Сармишсойдаги тошга ўйиб чизилган қоя суратлар, Нурота чашмаси ва бошқа ёдгорликларни таъкидлаб ўтиш жоиз.

Вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи ходими Дилафрўз Мустафоева Архиология бўлими палеонтология бурчагидаги “тошга айланган табиат намуналари” тўғрисида тўхталар экан, қуйидагиларни гапириб берди:

– Қизилқум бағридаги “Тош ўрмон” Тетис денгизи қирғоғига келиб тушган метеорит қолдиқлари бўлиши мумкин, деган тахминлар мавжуд. “Тош ўрмон”да тош қотган чиғаноқлар, акула тишлари ва суяклари, дарахт танаси ва меваларини, ҳатто ўрдакбурун динозаврнинг тошга айланган болдир суякларини ҳам кўриш мумкин. Буларнинг барчаси қачонлардир Қизилқум ўрнида улкан уммон бўлганлигидан далолат беради. Шунингдек, “Тош ўрмон”ни шаклланишида қуйидаги фаразлар бор: ўша даврда дарахтлар ва сув остида ўсадиган паст буталар дарё бўйларида жойлашган. Атрофдаги қумлар сув билан оқиб келиши натижасида аста-секинлик билан дарахт атрофларига йиғилиб, тошга айлана бошлайди. Натижада ўсимликлар қурийди. Бутунлай қуриб битган дарахтлар ўрнида бўшлиқ пайдо бўлади ва бу бўшлиқ қум, чўкиндилар билан қопланади. Миллион йиллар давомида бу чўкиндилар тошга айланган.

Албатта, тарихнинг ўқилмаган саҳифаларига муҳрланиб қолган тошлар ўрмони ажойиб ва ғаройиб табиат мўъжизаси бўлиши билан бирга, давлат ва халқ бойлиги саналади.

Айни пайтда бу каби ноёб ва беқиёс масканларни бебаҳо мерос сифатида асраб-авайлаш борадаси қатор чора-тадбирлар белгиланган.

 

Абдували БЎРИЕВ,

ЎзМТДП Навоий вилоят кенгаши матбуот котиби


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz