ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


Туризмни ривожлантириш — миллий иқтисодиёт равнақига хизмат қилади: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакили депутатларга ахборот берди 10.08.2018

Туризмни ривожлантириш — миллий иқтисодиёт равнақига хизмат қилади: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакили депутатларга ахборот берди

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасида ривож­ланган давлатлар тажрибаси асосида Қонунчилик палатасида “Ҳукумат соати” институтини жорий этиш бўйича таклифлар билдирилган эди. Бундай механизм ҳукумат аъзоларининг ҳисоботини эшитиш ва шу бўйича тегишли қарорлар қабул қилишда муҳим восита вазифасини ўтайди. Қолаверса,  “Ҳукумат соати”нинг ўтказилиши Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган жамиятда парламентнинг ролини оширишга қаратилган чора-тадбирларнинг амалдаги ифодаси ҳисобланади.

Кеча — 7 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган “Ҳукумат соати”да депутатлар бирлашмаларининг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари таклиф этилди. Унда Президентимизнинг 2017 йил 16 августдаги қарори билан тасдиқланган “2018-2019 йилларда туризмни ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастури”нинг жойлардаги ижроси тўғрисидаги масала бўйича ахборот эшитилди.

Бугун мамлакатимизда миллий иқтисодиётнинг энг муҳим секторларидан бири ҳисобланган туризм соҳасини ривожлантириш, юртимизнинг ҳали тўла ишга солинмаган сайёҳлик салоҳиятидан самарали фойдаланиш, хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки мазкур соҳанинг янги иш ўринлари яратиш, ҳудудларни жадал ривож­лантириш, валюта тушуми, аҳолининг турмуш сифати ва даромадларини ошириш, мамлакатнинг инвестиция жозибадорлиги ва имижини яхшилашда ўрни беқиёс. Давлатимиз раҳбарининг соҳа ривожига қаратилган қатор фармон ва қарорлари ҳамда Давлат дастурлари туризмни жадал тараққий эттиришга хизмат қилмоқда. Бу жараёндаги ишларда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ташкилотлари ҳамда депутатлик бирлашмалари ҳам фаол иштирок этишга интилмоқда. Зеро, партия мамлакатимизнинг халқаро ижобий имиджини шакллантиришда туризмни самарали восита деб билади. ЎзМТДП сайловолди Платформасида соҳа ривожига кўмаклашиш борасида қатор мақсад-вазифалар белгиланган.

“Ҳукумат соати”да Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Абдулазиз Оққулов ахборот берди.

Қайд этилганидек, мазкур қўмита тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентининг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, 2017 йил 16 августдаги “2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги, 2018 йил 6 февралдаги “Кириш туризмини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2018 йил 7 февралдаги “Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ижроси доирасида қатор чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда.  Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 16 августдаги қарори билан тасдиқланган “2018-2019 йилларда туризмни ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастури”да кўзда тутилган жами 53 тадбирдан 22 таси бажарилган, қолган 23 таси бўйича тегишли вазирлик, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари иш олиб бормоқда. Жумладан, 8 та тадбирни доимий равишда ўтказиб бориш назарда тутилган. Дастур доирасида 10 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниб, амалга оширилмоқда.

Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизнинг ташқи сиёсатда очиқлик принципига таянаётгани, қўшни ва бошқа хорижий мамлакатлар билан алоқаларни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотлар, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, юртимизга ташриф буюришнинг тўсиқларсиз амалга оширилишини таъминлаш борасида қатор ишлар, ўз навбатида, юртимизга қизиқувчилар ва ташриф буюрувчилар сонини янада оширди. Президентимизнинг 2017 йил 4 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси консуллик йиғимлари тарифларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори асосида якка тартибдаги хорижий сайёҳлар учун 30 кун муддатга бериладиган ягона кириш туризм визалари жорий қилинди. Уларни расмийлаштириш нархи учдан бир қисмга камайтирилди. Туристлар гуруҳи визасини расмийлаштириш учун гуруҳларнинг қуйи чегараси икки баробарга (10 нафардан 5 нафарга) камайтирилди. Қўшни давлатлар билан ҳамкорликда сайёҳлик йўналишлари, шу жумладан, Буюк ипак йўли йўналиши бўйича туристик маршрутларни ривожлантириш чоралари кўрилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 4 июлдаги қарори асосида Европа ва Осиё — Тинч океани минтақаси ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни оптималлаштириш мақсадида, республиканинг ягона географик жойлашувини инобатга олган ҳолда 101 мамлакат фуқароларига республиканинг аэропортларидан транзит саёҳатчи сифатида ҳаракатланаётганда 5 сутка мобайнида мамлакатда визасиз бўлиш имконияти берилди.

— Юртимизда агротуризм, экотуризм, тиббий туризм сингари сайёҳликнинг янги турларини янада ривожлантириш, ҳудудлар кесимида соҳа тараққиётини жадаллаштириш  бўйича ҳам  муайян ишлар амалга оширилмоқда, — деди қўмита раиси ўринбосари А.Оққулов. —  Жумладан, бугунги кунга қадар республикамизнинг айрим ҳудудларида махсус туризм зоналари ташкил қилинмоқда. Президентимиз фармони асосида “Чорвоқ” эркин туристик зонаси, Вазирлар Маҳкамасининг “Сурхондарё вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори доирасида Бойсун, Сариосиё ва Шеробод кичик туризм зоналари ташкил этилди. Соғлиқни сақлаш ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирликларига   мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, туристик маҳсулотни диверсификация қилиш, туризм соҳаси учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида тегишли таклифлар тақдим қилинди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги шу асосда 2018-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида тиббий туризмни ривожлантириш концепциясини амалга ошириш бў­йича чора-тадбирлар режасини қабул қилди ва ижро этилмоқда. Шунингдек, агротуризмни ривожлантириш бўйича ҳам чора-тадбирлар дастури тасдиқланиб, ижрога йўналтирилди.

Таъкидланганидек, миллий сайёҳлик маҳсулотларини ички ва ташқи бозорларда тарғиб қилиш доирасида “Дам олиш дунёси — 2017” халқаро туризм кўргазмаси ва қатор тақдимот тадбирлари ташкил этилган. Хорижий мамлакатлар элчилари, Европа тикланиш ва тараққиёт ҳамда Жаҳон банкининг, шунингдек, “BBC”, “CNN” ва “Euronews” оммавий ахборот воситалари  вакиллари билан 20дан ортиқ учрашув ўтказилди. Қўмита мутасаддилари қатор халқаро туризм форумлари ва кўргазмалари, жумладан, Мадрид, Берлин, Москва, Остона, Токио, Париж, Измир шаҳарларида ташкил этилган йирик тадбирларда  иштирок этди.

Мамлакатимизнинг 40дан ортиқ туризм ташкилотларига Испания, Польша, Латвия, Корея Республикаси, Малайзия, Туркия, Индонезия каби мамлакатларнинг туроператорлари билан ҳамкорлик келишувлари ўрнатишларига кўмаклашилди. Шунингдек, соҳа кадрларини тайёрлаш, уларнинг таж­риба ва кўникмаларини ошириш мақсадида келишувларга эришилди. Жаҳон ҳамжамиятини мамлакатимизнинг туризм салоҳиятидан   хабардор қилиш мақсадида 19 давлат оммавий ахборот воситалари вакилларининг Ўзбекистонга ташрифи ташкил этилди.

Депутатлар “Ҳукумат соати” доирасида Қўмита вакилига ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар. Савол-жавоблар чоғида мамлакатимизда туризмни ривожлантириш борасида синовдан ўтган илғор  халқаро тажрибани ўрганиб, амалиётга татбиқ этиш, янги сайёҳлик йўналишларини очиш, фойдаланилмаётган имониятларни ишга солиш, инфратузилмаларни халқаро талаблар асосида яхшилаш, бир сўз билан айтганда, мафтункор юртимизга жаҳон сайёҳлари оқимини кенгайтириш масаласига эътиборни кучайтириш лозимлиги қайд этилди. Ушбу соҳага оид қонун ҳужжатларини бугунги кун талабларидан келиб чиқиб, янада такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди. Хусусан, “Туризм тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш  ва Қонунчилик палатасига киритиш зарурлиги юзасидан таклиф-мулоҳазалар билдирилди.

Савол: — Бугунги кунда аксарият давлатлар сайёҳликдан катта даромад кўриши сир эмас. Шу боис мамлакатимизда туризмни ривожлантириш, унинг мамлакат иқтисодиётидаги улушини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган йиллар давомида юртимизга ташриф буюрган сайёҳлар сони қанчага ўсди? Ички ва ташқи туризмда қандай натижалар қайд этилди ва бу йўналишдак нечта сайёҳлик компаниялари очилди? 

Жавоб: — 2017 йилда юртимизга жами 2 миллион 700 нафарга яқин хорижий сайёҳ келди, бу 2016 йилга нисбатан 2,7 фоизга кўп дегани.  2018 йилнинг 6 ойидаёқ 2017 йилги кўрсаткичга эришилди. Яъни сайёҳлар сони 2017 йилнинг 6 ойига нисбатан 91,6 фоизга кўпайди. Шунингдек, ички туризмни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар натижасида 2016 йилда 8 миллион 855 минг ички сайёҳ қайд этилган бўлса, улар сони 2017 йилда 10 миллион 700 мингга етди. 2018 йилда 14 миллионга етиши кутилмоқда. Бунда фақат вилоятдан вилоятга саёҳат қилиш ҳисобга олинган. Агар ҳар бир вилоятнинг ичидаги саёҳат ва зиёрат ҳам инобатга олинса, ушбу рақам янада ошиши шубҳасиз. Чунки юртдошларимиз, айниқса, зиёрат туризми доирасидаги саёҳатларда жуда фаол.  Юртимиздаги сайёҳлик компаниялари 2017 йилда 600 тани ташкил этган бўлса, жорий йил ярмида 680 тага етди.

Савол: — Маълумки, туризм ривожи асосан даромадлар базасини мустаҳкамлашга хизмат қилади.  Айтингчи,  2017 йил ва 2018 йилнинг ўтган 6 ойи давомида туризм мамлакатимиз иқтисодиётига қай даражада улуш қўшди? Ва бу кўрсаткич шу йилнинг охиригача қанчани ташкил этиши кутилмоқда? 

— 2017 йилда туризм экспорти тушуми 1 миллиард 600 миллион долларга етди. Бу халқаро стандартларга мувофиқ равишда ҳисоблаб чиқилган. Шунингдек, туризмдан келаётган тушумни баҳолашни тўғри ташкил этиш мақсадида ҳам муайян чора-тадбирлар кўриляпти.

Йиғилиш якунида туризм соҳасидаги ишлар юзасидан самарали парламент назоратини олиб боришга келишиб олинди ҳамда қонунчилик палатасининг тегишли қарори қабул қилинди.

 

Муҳтарама КОМИЛОВА,
“Milliy tiklanish” мухбири


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

info@mt.uz

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz