ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


Ҳунар – аёлнинг зийнати 07.08.2019

Ҳунар – аёлнинг зийнати

 

Қашқадарё заминида қадим-қадимдан ҳунармандчиликнинг бир неча турлари, жумладан, гиламчилик жуда ривожланган. У қадимдан аёллар орасида кенг тарқалган ҳунар сифатида машҳур.

Эътиборли жиҳати, бугун бу соҳани тадбиркорлик йўналиши сифатида танлаб, уни муҳим даромад манбаига айлантирганлар ҳам кўпчиликни ташкил этади.

Айниқса, сўнгги вақтларда ҳунармандлар томонидан табиий жун ва пахтадан тўқилган гилам ва кигизлар, турли сувинерларимизга чет элликларнинг ҳам қизиқиши ошиб бормоқда. Бу эса ушбу соҳани янада ривожлантириш, хотин-қизлар бандлигини таъминлашда муҳим тармоққа айлантириш имконини беради.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Қашқадарё вилоят кенгаши “Аёллар қаноти” томонидан ҳам бу борада бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Воҳанинг миллий гиламчилик анъаналарини оммалаштириш, айниқса, хотин-қизларнинг ушбу ҳунарлар сирларини эгаллашига кўмаклашиш партиянинг доимий эътиборида.

Партиянинг Шаҳрисабз шаҳар Кенгаши саъй-ҳаракати билан “Хизмат – беминнат” лойиҳаси асосида йўлга қўйилаётган янги ўқув курслари ҳам бу борадаги ишларнинг яна бир амалий ифодаси бўлмоқда.

Лойиҳа асосида Шаҳрисабз шаҳрида фаолият кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркор Зилола Хўжақулованинг мўъжазгина устахонасида 20 нафардан ортиқ кам таъминланган оила фарзандлари, уюшмаган хотин-қизларга миллий ҳунармандчилигимизнинг бугунги кунда йўқолиб бораётган ироқи, бигиз кашта туридан сабоқ берилмоқда.

- Бу ҳунарни даромадли фаолиятга айлантириш ниятидамиз - дейди ҳунарманд З.Хўжақулова. – Бунинг учун бизга қўшимча ишчи кучи керак бўлади. – Ўзбекистон “Миллий тикланиш” деморактик партияси билан ҳамкорликда ташкил этилган ўқув-курси битирувчилари орасидан ушбу ҳунарни пухта ўрганган хотин-қизларни доимий иш билан таъминлашни мақсад қилдик.

Дарҳақиқат, уста тиккан маҳсулотларни мамлакатимизнинг турли бурчакларидан ҳам олиб кетишади. Каштачилик буюмларига айниқса, хорижликларда қизиқиш катта. Кашта урилган камзул, ироқи дўппи охирги пайтларда кўп талаш бўлаяпти. Ихчам сувинер учун мўлжалланган хуржун, телефон ғилофи каби маҳсулотлар ҳам ёшлар учун қизиқ. Ҳозирда бир вақтлар кенг урфда бўлган каштачилик услубларини қайта тиклаш устида ишлаяпмиз.  

Шаҳардаги яна бир ўқув-курси “Кешбегойим” қандолатчилик марказида ташкил этилди. Марказ раҳбари Ҳилола Аҳророва Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан амалга оширилаётган бу хайрли ишларга ўз ҳиссасини қўшиш учун “Устоз-шогирд” анъаналари асосида 10 нафар уюшмаган ёшлар, ишсиз хотин-қизларга миллий қандолатчилик маҳсулотларини тайёрлашни ўргатмоқда. Қатнай бошлаганига кўп бўлмаган Нилуфар Боймирзаеванинг нияти катта. Қўшҳовуз маҳалласида яшовчи, ишсизликдан қийналган Нилуфар кўпдан бери торт ва пишириқлар тайёрлаш курсига қатнаб, кейин ўз тадбиркорлигини йўлга қўйишни ўйлаб юрарди. Лекин оиладаги моддий етишмовчилик унинг орзуларига чанг соларди. Бу ерда 3 ой давомида бепул ўқишини эшитиб, умидлари қайта бўй чўзди. Шу боис, У устозининг айтганларини қунт билан ўрганмоқда.

“Хизмат – беминнат” лойиҳаси вилоятнинг Касби туманида ҳам намунали ташкил этилган. Ўтган 6 ой давомида туман Кенгаши масъуллари саъй-ҳаракати билан 10 та ҳунар ўргатиш курслари ташкил этилган бўлиб, бу курсларда 50 нафарга яқин уюшмаган хотин-қизлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактабларида таълим олаётган кам таъминланган оилалар фарзандлари касб-ҳунар ўрганишмоқда. Машғулотларни етук маҳорат эгалари олиб бориши албатта ўз самарасини кўрсатмоқда.

Касби туман “Тадбиркор аёл” уюшмаси раҳбари Дилшода Сағдиева ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Уста ҳунарманд йил бошидан буён 3 нафар уюшмаган хотин-қизга бичиш-тикиш сирларини ўргатиб келмоқда. Устознинг одати яхши. Шогирдлари ўзлари мустақил тарзда либослар бичиб-тикишни ўрганмагунларича чуқурлаштирилган машғулотларни ўтаверади. Шунинг натижаси ўлароқ туманда Дилшода Сағдиеванинг шогирдлари кўп. Аксариятининг ўз тикувчилик устахонаси бор.   

- Аёл кишининг ҳунар ўрганиши ҳам оиласи, ҳам жамият учун фойдали, - дейди курс қатнашчиси Зайнаб Арабова. - Ёшликдан тикишга қизиқаман, лекин турмушдаги қийинчиликлар, эътиборсизликлар сабаб бирор устоздан сабоқ олишга қурбим етмади. Устозимиз Дилшода опа ёрдамида турли бичимдаги кўйлаклар, костюм-юбка бичиб-тикишни ўргандим. Эндиликда тижорат банкидан имтиёзли кредит олиб, тикув машинаси сотиб оламан ва ўзимнинг шахсий тикувчилик цехимни очаман.

Қашқадарё вилоятининг аксар ҳудудида гиламчилик ривожланган. Азалдан бизда гиламнинг араби, ғажари, терма, еттиипли, сатранж, чархпалак, қоқма, бахмали, буғжама, бурама, сил-сила, арча гулли, мапраж, жулхурс, қиз гиламлари каби турларини тикишни ўргатишган.

Масалан, Чироқчи, Деҳқонобод, Қамаши, Ғузор туманлари гиламчилик турлари Касби, Миришкор туманидагидан фарқ қилади.

Жумладан, Миришкор туманидаги Жейнов қишлоғида гиламнинг “жехизи”, “ой”, “бозори”, “ишти”, “харам” ва “янглови” каби турлари тўқилади. Улар ўзининг мустаҳкам ва бежирим, турфа безакларга бойлиги билан эътиборга молик. Жейнов маданият уйида фаолиятини “Устоз-шогирд” анъанаси асосида йўлга қўйилган моҳир гиламдўз Рўзимо Ҳакимова эса гилам тўқиш ҳунарини сақлаш ва уни келгуси авлодларга қолдиришни асосий вазифаси деб билади. Шу сабаб, Рўзимо Ҳакимова раҳбарлигида ташкил этилган гиламчилик курсида кўплаб хотин-қизлар гиламчилик турларини ўрганишмоқда.

Тумандаги Майманоқ маҳалласида эса Гулчеҳра Равшанова маҳалланинг 6 нафар ўғил-қизига июнь, июль, август ойлари давомида рассомчиликдан таълим беришни бошлади. Рассомчиликка қизиққан ёшларнинг иқтидорини шакллантиришда бу курснинг ўрни катта.

Бир сўз билан айтганда, “Хизмат – беминнат” лойиҳаси кўплаб ишсиз хотин-қизларнинг, уюшмаган ёшларнинг умидлари ушалишига хизмат қилмоқда.

 



Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz