ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


20.05.2019

Ҳунармандларни ўйлантираётган муаммоларга жавоб қайтарилди

"Milliy tiklanish" газетасининг ўтган сонида “Ҳунармандлар нимадан норози?” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Унда пойтахтимизда фаолият олиб бораётган айрим ҳунармандлар миллий ҳунармандчиликни янада ривожлантиришга қаратилган фармон, қарор ва дастурлар ижроси хусусида фикр билдириб, “Ҳунарманд” уюшмасининг фаолиятини танқид қилган эди.

Мухбиримиз “Ҳунарманд” уюшмасида бўлиб, ушбу мақола юзасидан уюшма раисининг биринчи ўринбосари Шерзод РАБИМҚУЛОВ билан суҳбатлашди.

— Шерзод Муртазоевич, аввало “Ҳунарманд” уюшмасининг асосий мақсад ва вазифаларига тўхталсангиз.

—Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик билан шуғулланаётганларга янада кенг имкониятлар эшигини очди. Ушбу фармон миллий ҳунармандчилигимиз ва халқ амалий санъатини янги босқичга олиб чиқиш билан бирга аҳоли даромадларининг ошишига туртки бўлди.


Президентимизнинг “Ҳунарманд” уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан уюшма зиммасига ҳунармандчиликнинг анъанавий турларини сақлаш ва қайта тиклаш, бу йўналишда тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш, аҳолини ушбу фаолиятга кенг жалб этиш, ҳунармандларни давлат рўйхатига олишда кўмаклашиш ва ягона реестрини юритиш, бу соҳадаги қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, ҳунармандларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, таклиф, лойиҳалар ишлаб чиқиш, сайёҳлар учун жозибадор бўлган ҳунармандчилик объектлари яратиш, ҳунармандчилик маҳсулотларини экспорт қилишни рағбатлантириш, ҳунармандларнинг ёшларни меҳнатсеварлик, инсонпарварлик ва миллий қадриятларга садоқат руҳида тарбиялашда фаол иштирокини рағбатлантириш ва “Уста-шогирд” мактабларини такомиллаштириш каби вазифалар юклатилган.


Бугунги кунда мамлакатимизда ҳунармандлар ишлаб чиқараётган буюмлар ва товарлар (ишлар, хизматлар) йўналиши 25 тадан 34 тага етди. Ҳунармандчиликнинг ривожланиши, ўз навбатида, аҳоли, айниқса, ёшлар, аёллар ва кам таъминланган оилалар бандлигини таъминлашга ҳисса қўшмоқда. 2018 йил бошида “Ҳунарманд” уюшмаси аъзолари қарийб 10 минг нафарни ташкил этган бўлса, бугунги кунда улар сони 30 мингга яқинлашди.

— Ҳунармандлар уюшмага аъзо бўлиши орқали қандай имтиёзларга эга бўлади?

— “Ҳунармад” уюшмасига аъзо бўлиш ихтиёрий, аъзо бўлмасдан ҳам якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиб, фаолият юритиши мумкин. Президентимизнинг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоларига бир қанча имтиёзлар берилган. Жумладан, 2017 йилнинг 1 декабридан бошлаб ҳунармандчилик субъектлари — “Ҳунарманд” уюшмасининг аъзолари ҳунарманд­чилик фаолияти маҳсулотлари (товар, иш, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотишда қатъий белгиланган солиқдан, ёшга доир пенсия ва нафақа олувчилар Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига суғурта бадали тўловидан озод этилди. Қишлоқларда фаолият кўрсатаётган ҳунарманд дастлабки икки йили мобайнида Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига белгиланган суғурта бадалининг 50 фоизини тўлаши белгиланди. Ҳунармандлар ўз маҳсулотларини экспорт қилишдан тушган хорижий валютани эркин тасарруф этиш, банк ҳисоб рақамидаги чет эл валютасини нақд шаклда олиш ҳуқуқига эга.

— Шунчалик имтиёз яратилган экан, аммо айрим ҳунарманд­лар нима учун уюшма фаолиятидан норози? Улар уюшма ўз аъзоларини ҳимоя қилмаяпти, ёрдам бермаяпти деган фикрда…

— Агар сиз “Миллий тикланиш” газетасида эълон қилинган материал ҳақида гапираётган бўлсангиз, аввало олдимизда турган вазифалар ҳамда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида батафсил тўхталиб ўтсам.


Мақолада келтирилган “Ҳунарманд” уюшмаси асл ҳунарманд билан “олиб-сотар”ларни фарқлай олмаётгани тўғрисидаги фикрга келсак, юқорида таъкидланганидек, уюшмага аъзо бўлиш ихтиёрий. Уюшмага аъзо бўлмаган тадбиркорга ҳунармандчилик маҳсулоти савдоси билан шуғулланишига чеклов қўйиш ваколати ҳеч кимга берилмаган. Масаланинг яна бир жиҳати шундаки, уюшма ўзининг аъзоларига савдо-сотиқ билан шуғулланишни таъқиқлай олмайди. Уюшма аъзоси сифатида имтиёзлардан фойдаланган ҳолда, бошқа фаолият турлари билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини назорат қилувчи давлат органи бор ва албатта, биз қонуний фаолият юритувчи аъзоларимиз манфаатларини ҳимоя қиляпмиз.


Ҳунармандларни аъзоликка қабул қилиш тартибига тўхталадиган бўлсак, бу жараён уюшма уставига асосан тузилган республика Бадиий кенгаши томонидан назорат қилинади. Ушбу кенгаш ҳунармандларни уюшма аъзолигига уларнинг фаолиятини тўла ўргангандан сўнг қабул қилади.


Энди бир ҳунармандга икки ва ундан кўп йўналиш бўйича аъзолик гувоҳномаси берилиши масаласига тўхталсак. Бугунги кунда аъзоларни электрон тарзда рўйхатга олиш тартиби йўлга қўйилган. Солиқ органи томонидан фуқарога бериладиган СТИР(ИНН) асосида фақат бир йўналиш бўйича гувоҳнома берилади ва бу электрон тизим солиқ органи билан боғланган бўлиб, аъзоликка қабул қилинган ҳунарманд тўғрисидаги маълумот солиқ идорасига электрон тарзда етиб боради.


Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ишларини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий комиссияларнинг намунавий таркиби тасдиқланган бўлиб, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари комиссия раиси этиб белгиланган. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, ҳунармандчилик марказларини ташкил этиш масаласи ваколатли бўлган давлат органларига юклатилган. Маълумки, маданий меърос объектлари давлат мулки ҳисобланади. Бугун бундай иншоотлар, умуман, туристлар кўп ташриф буюрадиган масканларда ҳунармандлар учун ажратилган жойлар “Давлат мулкини ижарага бериш маркази” томонидан ижарага берилади…

— Ҳунармандларнинг яна бир эътирози имтиёзли кредит масаласида бўляпти.

— Албатта, бу борадаги барча ишларимизни рисоладагидек дейиш қийин. Чунки кредит олишнинг ҳам ўзига яраша талаби бор. Банк мурожаат қилган барча ҳунарманднинг ҳам талабини қондирмайди. Аввало унинг фаолиятини ўрганади, кредитни қайтариш имконияти, гаровга қў­йиладиган мол-мулкни кўриб чиқади. Ажратилган кредит нақд пулсиз берилади. Ҳунармандлар сотиб оладиган хом-ашё эса бозорда асосан нақд пулга сотилади.
Уюшма “Микрокредитбанк”, “Халқ банки” ва “Агробанк” АТБ билан бу борада яқин ҳамкорлик қилиб келади. 2018 йилда республика бў­йича 105 миллион 449 минг сўмлик, жами 3 минг 15та лойиҳани амалга ошириш белгиланган бўлса, амалда банклар томонидан 222,5 миллиард сўмлик 7 минг 482та лойиҳа молиялаштирилди. Ҳунармандчиликни ривожлантириш орқали янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2018 йилда мамлакатимизда 26 минг 883та иш ўрни яратиш белгиланган бўлиб, у амалда 40 минг 338 тани ташкил этди.

— Қайси ҳунарманд билан гап­лашманг, уюшма халқаро кўргазмаларда иштирок этишга ёрдам бермаётганидан нолийди…

— Маълумки, кўргазмалар даромад кўриш мақсадида ташкил қилинади ва иштирокчилар харажати тадбир ташкилотчиси томонидан қоплаб берилмайди. “Ҳунарманд” уюшмаси нотижорат ташкилот ҳисобланади. Ҳунармандлардан тушаётган аъзолик бадали билан бундай катта харажатларни қоплаб бўлмайди. Имкониятимиз саноқли ҳунарманднинг эҳтиёжини қондиришга етишини инобатга олсак, унда 30 мингга яқин ҳунармандлар ҳуқуқини поймол қилган бўламиз. Чунки улар ҳам аъзолик бадали тўлаган ва текинга хорижга чиқишни хоҳлайди. Қолаверса, кўргазмада иштирок этиб, ўз маҳсулотини сотиш орқали даромад билан қайт­ган ҳунарманднинг харажатини бормаганлар ҳисобидан қоплаш адолатдан эмас.

— Ҳунармандларнинг солиқ идоралари вакиллари билан юзага келаётган муаммоларга ҳам ойдинлик киритсангиз?

— Ҳунармандлар билан солиқ идоралари ўртасида юзага келаётган асосий муаммо шундаки, масалан, 10 нафар шогирди билан фаолият юритаётган тадбиркор “Гул босилган газламалар ва чокли буюмлар” йўналиши бўйича ҳунарманд ҳисобланадими ёки тикувчилик цехи? Мана шу нуқтада солиқ органлари билан муаммолар юзага келмоқда.


2018 йил 26 июндаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан “Ҳунарманд” уюшмасига тадбиркорлик субъектларини аъзо қилиш меъзонларини қайта кўриб чиқиш вазифаси юклатилди. Уюшма аъзоларининг навбатдан ташқари IV Конференциясида фаолият мезонлари тасдиқланди ва бу Давлат солиқ қўмитасига юборилган. Ҳунармандлар орасида мезон талабларини бузаётганлари ҳам бор, баъзан солиқ органи ходимлари ҳам нотўғри талқин қиляпти.
Иккинчи тарафдан бозорда ижара асосида савдо-сотиқ қилаётган ҳунарманд ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотга тегишли бўлмаган товарларни ҳам сотиш ҳолатлари учрамоқда ва бу солиқ органи эътирозига сабаб бўлаётир. Бу ҳолатда ҳунармандни ҳам тушуниш мумкин, сабаби маҳсулот турини кўпайтирмай туриб савдо нуқтаси учун ижара ҳақини тўлаши қийин. Бу муаммоларни ҳал этишда солиқ органлари билан дои­мий ҳамкорликда ишлаяпмиз.

— Уюшмада маркетинг ишларини кенгайтириш бўйича қандай ишлар амалга ошириляпти? Чунки юқорида таъкидланганидек, ҳамманинг ҳам чет давлатлардаги кўзгазмаларда иштирок этиши қийин. Шундай эмасми?

— Тегишли вазирлик ва идоралар биргаликда “Хорижий мамлакатларда ўтказиладиган кўргазма, танлов, ярмаркаларда намойиш этиш учун ҳунармандчилик маҳсулотлари олиб чиқишнинг соддалаштирилган тартиби тўғрисида” низом ишлаб чиқилган ва унда қиймати 5000 АҚШ долларигача бўлган ҳунармандчилик маҳсулотини тегишли сертификат асосида ҳеч қандай божхона декларацияси ва юк хати расмийлаштирмасдан олиб чиқилиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳунарманд” уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорига мувофиқ уюшма қошида “Craft and Art” МЧЖ ташкил қилинди. Жамият ҳозирги кунда асосан МДҲ давлатлари санъат галереяси ва савдо дўконлари билан ишлаяпти. Интернет дўконимиз иш бошлади.


Бу борадаги муаммога тўхталадиган бўлсак, сотиш ҳажмини ошириш учун рекламани кучайтириб, хорижий ҳамкорларга кўпроқ маҳсулот юборишимиз зарур. Бунинг учун иккита йўл бор: бири ҳунармандлардан маҳсулот сотиб олиб юбориш ёки иккинчиси улар ўз маҳсулотини сотилгунга қадар бизга ишониб топшириши лозим. Афсуски, бизда ҳунарманддан маҳсулотни олдиндан сотиб олишга имконият йўқ. Шу сабабли фақат бизга ишонч билдирган ҳунармадлар билан ишлашга мажбурмиз.



“Milliy tiklanish” мухбири
Равшан МАҲМУДОВ суҳбатлашди.


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz