ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


Ватанпарварлик миллий тарбия тизимининг асоси 27.12.2018

Ватанпарварлик миллий тарбия тизимининг асоси

Мамлакатимизнинг ёшларга оид миллий тарбия тизимида ватанпарварлик, Ватан туйғуси, Ватанни севиш каби категориялар энг муҳим таянч тушунчалар сирасига киради. Ана шу негиз тушунчалар бизнинг онгу-шууримизга, аввало, оиладаги тарбиядан бошлаб сингдирилади. Ватан, аввало, оиладан бошланади, дея бежиз айтилмаган. Ватанни эса онага қиёслаймиз, уни кўз қорачиғидек асрашга ҳаракат қиламиз. Лекин ушбу қадриятлар кейинчалик мактабгача муассасаларда, умумтаълим мактабларида ва унга ихтисослашган таълим-тарбия ўчоқларида ҳар томонлама сайқал топиб, мустаҳкамлаб борилади.

Ана шу маънода, 2018 йил 12 декабрь куни Президентимиз томонидан “Ёшларни ватанпарварлик руҳида ва жисмоний тарбиялаш ҳамда чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4061 сонли Қарорини қабул қилиниши мамлакатимизда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш соҳасини янада такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.

Зеро, давлатимиз раҳбари томонидан соҳага давлат сиёсатининг энг устувор йўналишиларидан бири сифатида эътибор берилиши натижасида ҳарбий хизматга чақирилувчи йигитларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича пухта тайёрлаш, маънан етук ва жисмонан соғлом шахсни камол топтириш соҳасида муайян ишлар амалга оширилиб, спорт, шу жумладан, унинг техник ва амалий турлари билан шуғулланиш учун қулай шарт-шароитлар яратилмоқда.

Айни пайтда, мамлакатимиз мудофаа қудратини янада мустаҳкамлашга қаратилган янги доктрина, қонун ва қарорлар, Қуролли Кучларни таъминлаш учун келтирилаётган замонавий ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар даражаси фан-техника тараққиёти ютуқларига тезкор ва муносиб равишда эътибор қаратиш зарурлигини ҳамда чақирувгача бўлган ёшларни ҳарбий хизматга тайёрлаш тизимини такомиллаштиришни тақозо этади.

Ушбу қарорда таъкидланганидек, ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий-ахлоқий ва ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, унда мамлакат суверенитети ва мустақиллигини ҳимоя қилиш бўйича бурч туйғусини шакллантириш борасидаги тадбирлар лозим даражада олиб борилмаяпти. Хусусан, спортнинг техник ва амалий турларини ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган бир қатор камчиликлар мавжуд бўлиб, улар кенг аҳоли қатлами, айниқса, ёш авлод ўртасида спортнинг техник ва амалий турларини оммалаштириш бўйича таъсирчан чоралар кўришни талаб этмоқда.

Юқоридагиларни эътиборга олиб, Президентимиз чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича ва фуқароларни оммавий техник касбларга сифатли тайёрлашни ташкил этиш, спортнинг техник ва амалий турларини янада ривожлантириш, ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий-ахлоқий ва ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича фаолиятни янада такомиллаштириш мақсадида, биринчидан, Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Марказий кенгаши томонидан айрим таълим муассасалари ва автодромларни уларнинг асосий воситалари, ўқув ва моддий-техник базаси билан биргаликда мулк қилиб давлатга беғараз бериш тўғрисида қабул қилинган қарорини маъқуллади.

Иккинчидан, Мудофаа вазирлигига ўша таълим муассасалари ва автодромларни уларнинг асосий воситалари, ўқув ва моддий-техника базаси билан бирга оператив бошқариш ҳуқуқи асосида қабул қилиб олиш бўйича топшириқ берди.

Учинчидан, Мудофаа вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармалари ҳузурида Чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш марказларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифини маъқуллади.

Тўртинчидан, ушбу Марказларнинг ҳуқуқий мақоми, тузилмаси, кадрлар билан таъминоти ва меҳнатига ҳақ тўлаш шароитлари, молиялаштириш манбалари белгилаб берилди.

Бешинчидан, мазкур марказларга ҳайдовчилар, шунингдек, оммавий техник касбларнинг бошқа мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича жисмоний ва юридик шахсларга пуллик хизматлар кўрсатиш ҳамда бунда Мудофаа вазирлиги бўлинмаларининг ўқув ва моддий-техник базасидан беғараз фойдаланиш ҳуқуқлари берилди.

Олтинчидан, Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти фаолиятининг асосий йўналишлари сифатида:

ёшлар ва фуқароларни маънавий-ахлоқий ва ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг онгига ватанпарварлик, Ватанга муҳаббат, меҳнатга масъулиятли муносабат, ҳарбий хизматга ҳурмат туйғуларини сингдириш;

спортнинг техник ва амалий турлари ривожлантирилиши ва оммалаштирилишини таъминлаш, спорт ташкилотлари ва жамоалари фаолиятига кўмаклашиш;

болалар, ўсмирлар ва чақирувгача бўлган ёшлар ўртасида оммавий спорт ишларини ташкил этиш ва ўтказиш;

ёшлар ва фуқароларни мудофаа соҳасидаги бошланғич билимларга ўқитишда ва уларни ҳарбий хизматга тайёрлашда давлат ҳокимияти органларига кўмаклашиш;

автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини, шунингдек, оммавий техник касблар мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

шундай йўналишлар бўйича фаолият юритаётган халқаро ташкилотлар билан фаол ҳамкорлик қилиш вазифалари юклатилди.

Еттинчидан, юқоридаги қайд этилган вазифаларни аниқ ва ўз вақтида самарали бажариш учун ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш соҳасидаги фаолиятни такомиллаштириш бўйича «Йўл харитаси» ишлаб чиқилди.

Мухтасар қилиб айтганда, Президентимизнинг ушбу қарори ёшлар орасида уларда ватанпарварлик, Ватанга муҳаббат, меҳнатга масъулиятли муносабат, ҳарбий хизматга ҳурмат туйғуларини тарбиялаш, мамлакат суверенитети ва мустақиллигини ҳимоя қилиш бўйича юксак бурч туйғусини шакллантириш борасидаги ишларни кучайтиришга хизмат қилади.

Юртимизда ёшлар ўртасида ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга йўналтирилган турли спорт ва бошқа тадбирларни, фестиваллар ва танловларни ўтказилишини кенгайтиради. Энг муҳими, замон талабларини ҳисобга олган ҳолда соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ҳамда ёшлар ва фуқароларда юксак маънавий-ахлоқий фазилатларни тарбиялаш бўйича маънавий-маърифий ишлар сифатини янада оширади.

2019-2020 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетига умумий қабул квоталари доирасида спортнинг техник ва амалий турлари бўйича мутахассислар тайёрлаш учун қўшимча квоталар кўзда тутилади. Спортнинг техник ва амалий турлари бўйича республика мусобақаларида биринчи, халқаро мусобақаларда, яъни Олимпия ўйинлари, Осиё ўйинлари, жаҳон чемпионати ва Осиё чемпионатида биринчи, иккинчи, учинчи ўринларни эгаллаган академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактабларининг битирувчилари тегишли олий таълим муассасаларига таълимнинг ушбу соҳадаги йўналишларига умумий қабул квоталари доирасида тест синовларисиз ва қўшимча имтиҳонларсиз қабул қилинади.

Буларнинг барчаси бутун дунёда, жумладан, ён-атрофимизда халқаро терроризм, экстремизм ва радикализм хавфи тобора ортиб бораётган бир вақтда, эҳтимолий таҳдидларга қарши муносиб зарба беришга тайёр бўлишимизда, энг муҳими Ўзбекистоннинг тинч ва барқарор ривожланишини таъминлашда улкан ҳаётий аҳамиятга эга бўлади.

Бинобарин, Президентимиз таъкидлаганидек, мудофаа тизимида амалга оширилаётган ўзгаришлардан кўзланган асосий мақсад мамлакатимиз хавфсизлигини мустаҳкамлаш, халқимиз тинчлигини таъминлашдир. Ёшлар ва ҳарбий хизматчилар мамлакатимизнинг шонли тарихини, она заминимизда яшаб ўтган буюк қаҳрамонлар, саркарда ва қўмондонлар ҳаёти ва жасоратини чуқур билган, улар билан ғурурланган ҳолда тарбияланиши бу саъй-ҳаракатларнинг негизи саналади.

Ватанпарварликнинг жуда кўп таъриф-тавсифлари бор. Бизда ватанпарварлик деб инсоннинг ўз она Ватанига меҳр-муҳаббати, унга садоқати, унинг ўтмиши, ҳозири ва келажаги билан фахрланиши ҳамда Ватан манфаатлари йўлида хизмат қилишга тайёр туриши каби хатти-ҳаракат ва фазилатларга айтилади. Албатта, ҳар қандай инсон учун ўз Ватанидан, она-юртидан, туғилиб ўсган, бағрикенг кучоғида меҳнат қилиб, яйраб-яшнаётган жойидан юксакрок бойлик йўқдир. Чунки ҳар биримиз ўз ҳаётимизни илк бор киндик қонимиз тўкилган кишлоғимиз ва шаҳримиз, туманимиз ва вилоятимиз ва ниҳоят бутун мустақил Ўзбекистонимизсиз, унинг шонли тарихи-ю жўшқин бугуни ва ёруғ келажагисиз яшашни тасаввур ҳам қила олмаймиз. Шу боисдан бўлса керак, ҳар биримиз учун Ўзбекистонни севишимиз ҳам фарз, ҳам қарздир.

Акмал РАХМАНОВ,
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати,
«Миллий тикланиш» ДП фракцияси аъзоси


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz