ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


Янги ғоя, ҳаётий ташаббус, амалий иш 12.08.2017

Янги ғоя, ҳаётий ташаббус, амалий иш

қуйи бўғинлар фаолиятини такомиллаштиришнинг муҳим шарти

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 12 июлдаги видеоселектор йиғилишидаги маърузасида парламент, сиёсий партиялар ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари фаолияти танқидий таҳлил қилиниб, аниқ ҳаётий вазифалар белгилаб берилди. Айни пайтда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг барча даражадаги ташкилотларида ушбу маърузани ўрганиш ва унда белгиланган вазифаларни амалга оширишга бағишланган йиғилишлар бўлиб ўтмоқда.

Навоий. ЎзМТДП Конимех туман кенгашида бўлиб ўтган тадбирда халқ депутатлари туман Кенгашига ЎзМТДПдан сайланаган депутат
Перизат Мингтаева таъкидлаганидек, бугунги ўзгариш ҳамда янгиланишлар даврида партия вакиллари ва депутатлар ҳар қачонгидан ҳам жонкуяр ва фидойи бўлиши зарур. Партия ўз олдига мақсад қилиб қўйган долзарб вазифаларни аҳолига етказишда бошланғич партия ташкилотлари муҳим ўрин тутади.

SAM_1456.JPG

Тадбирда бошланғич партия ташкилотларининг фаолиятини тубдан такомиллаштиришга қаратилган устувор вазифаларга эътибор қаратилди. Унда Президентимиз илгари сурган мақсад-вазифаларни амалга ошириш, қонунларимизнинг жойлардаги ижросини назорат қилишда сиёсий партияларнинг ўрни яққол сезилиши, ислоҳотларни амалга ошириш, қабул қилинаётган қонунларга муносабат билдиришда партия фаоллари, айниқса, депутатлик гуруҳлари ва бошланғич партия ташкилотлари фаол бўлиши муҳимлиги  алоҳида таъкидланди.

Бошланғич партия ташкилотларининг халқ билан мулоқот қилиши, электорат билан ишлашини такомиллаштириш, партия тарафдорлари сонини кўпайтириш масалалари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Қуйи бўғинлар амалга оширган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар, муаммолар тўғрисида батафсил тўхталиб ўтилди. Кун тартибига киритилган масалалар атрофлича кўриб чиқилиб, йиғилиш қарори ишлаб чиқилди.

Сурхондарё. ЎзМТДП Олтинсой туман кенгаши ташкил этган бошланғич партия ташкилотлари йиғилишида Президентимизнинг видеоселектор йиғилишидаги маърузасида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, тарғибот ишларида янгича ёндашувларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.  Амалга ошириш зарур бўлган ишлар, барча даражадаги партия ташкилотларининг электорат билан тизимли мулоқот ўрнатишини таъминлаш ҳамда партия гуруҳлари ташаббускорлигини ошириш, оммавий ахборот воситалари орқали партия позициясини эълон қилиб бориш каби бир қатор масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, маърузада таъкидланган танқидий фикрлардан хулоса чиқариб, фаолиятдаги камчиликларни бартараф этишда қуйи бўғинлар қандай ташаббусларни илгари суриши таъкидланди.

Ҳар бир сиёсий партиянинг ғояси, мақсад-вазифаларини аҳолига етказиш қуйи бўғинлар фаоллиги билан узвий боғлиқ. Шу боис улар партиянинг бош таянчи, деган номга сазовор бўлган. Президентимиз маърузасининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишда бошланғич партия ташкилотлари намуна бўлиши керак. Тадбир давомида Президентимизнинг “Сиёсий партия аъзоларининг қанчаси партиянинг ғояси, мақсад ва вазифаларини чин юракдан ҳис қилади ва шу ғояни амалга ошириш учун курашга тайёр?” деган саволларига БПТ аъзолари  ҳам ўз муносабатларини билдириб, бу борада кўпроқ партия вакиллари ва электорат ўртасида тизимли учрашувлар ташкил этиш тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини баён этишди.

02.03.2017 018.jpg

Дарҳақиқат, бугунги кунда сиёсий партиялар тизимида бошланғич партия ташкилотлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш муҳим вазифалардан бирига айланмоқда. Уларнинг самарали фаолияти партия хайрихоҳлари сонининг ортишида муҳим ўрин тутади.

Тадбир якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан қарор қабул қилиниб, бундан кейинги фаолиятни янада кучайтириш борасида таклифлар қабул қилинди.

Фарғона. Шундай тадбирлардан бири Марғилон шаҳарида ҳам бўлиб ўтди. Унда партия шаҳар кенгаши фаоллари, депутатлар, бошланғич партия ташкилоти етакчилари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Йиғилиш кун тартибидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 июлда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” маърузасидан келиб чиқиб белгиланган устувор вазифалар, 2017 йилнинг дастлабки 6 ойи давомида олиб борилган ишлар ва бошқа масалалар жой олди.

Тадбирда ЎзМТДП Марғилон шаҳар кенгаши раиси, халқ депутатлари шаҳар Кенгашига партиядан сайланган депутат Шуҳрат Мадраҳимов бошланғич партия ташкилотларининг фаолияти ҳамда келгусида амалга оширилиши зарур бўлган вазифаларга тўхталиб ўтди. Халқ депутатлари шаҳар Кенгашига партиядан сайланган депутат Ваҳобжон Парпиев иштирокчиларни Президентимизнинг маърузаси мазмун-моҳияти билан таништирди. Давлатимиз раҳбари белгилаб берган мақсад-вазифаларни амалга ошириш, қонунларимизнинг жойлардаги ижросини назорат қилишда сиёсий партияларнинг ўрни кўп жиҳатдан қуйи ташкилотлар ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатларининг амалий фаолиятига боғлиқлигига эътибор қаратди.

Маърузада белгиланган асосий йўналиш ва вазифаларни амалга ошириш сиёсий партиялар, парламент, маҳаллий Кенгашлар фаолиятини такомиллаштириш, ҳаётий ташаббуслар, янги ғоялар билан бойитиш учун мустаҳкам асос яратади, ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда туб бурилиш ясайди.

Самарқанд. Видеоселетор йиғилишида парламент ва сиёсий партиялар фаолиятидаги камчилик­лар танқидий таҳлил қилингани ўз ишимизни бугунги давр талаби даражасида ташкил этолмаётганимизни яққол кўрсатиб берди.

ЎзМТДП Самарқанд вилоят кенгаши партия ташкилотлари ҳодимлари, БПТ етакчилари иштирок этган йиғилишда шу хусусда сўз борди.

— Бугунги тезкор давр сиёсий партиялар амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг нафақат иштирокчиси, балки ташаббускори ва ижрочиси бўлишни талаб этмоқда, — деди халқ депутатлари Самарқанд вилоят кенгашидаги партия гуруҳи аъзоси. — Бугун халқимизнинг сиёсий-ҳуқуқий маданияти юксалмоқда. Улар ўзи сайлаган депутат қандай амалий ишлар қилаётганини кузатиб, билиб турибди. Шунинг учун сайловчиларимиз, электоратимиз олдида юзимиз ёруғ бўлиши, сайловолди ваъдаларимизни амалга ошириш учун хотиржамлик кайфиятидан бутунлай воз кечишимиз лозим.

IMG_0255.jpg

Президентимиз таъкидлаганидек, “Миллий тикланиш” партияси миллий меросимиз ва қадриятларимизни тиклаш, уларни янада бойитиш билан бирга, туризм соҳасини ривожлантиришни ҳам ўз олдига вазифа қилиб қўйган. Аммо партия амалда бу соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш, мавжуд қонунларнинг ижросини назорат қилиш юзасидан етарлича ¬фаоллик кўрсата олмаяпти. Бу борада, айниқса, ЎзМТДП Самарқанд вилоят кенгаши ва депутатлари намуна бўлиши лозим эди.

Йиғилишда партия туман ва шаҳар кенгашлари раиси ва етакчи мутахассислари фаолияти танқидий кўриб чиқилди ва уларга муддатли топшириқлар берилди.

Жумладан, бошланғич партия ташкилотларининг кенгайтириш, партия туман кенгаши, депутатлик гуруҳи ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, малакали кадрлар захирасини шакллантириш, ходимларнинг билимини ошириш мақсадида Самарқанд давлат университетида ўқув курси ташкил этиш, уюшмаган ёшлар билан ишлаш, бандлигини таъминлаш билан боғлиқ долзарб масалалар хусусида фикрлашиб олинди.

Ойдин АЛИМАРДОНОВА,

“Milliy tiklanish”  мухбири



Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

info@mt.uz

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz