ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


Ёш авлод тарбияси мактабгача таълимдан бошланади 13.09.2017

Ёш авлод тарбияси мактабгача таълимдан бошланади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини халқимиз, айниқса, маънавий-маърифий соҳа вакиллари ҳамда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фаоллари ва электорати кўтаринки руҳда кутиб олди. Айтиш керакки, ушбу қарор бугунги кун учун ниҳоятда муҳим ва долзарб аҳамиятга эга ҳужжат бўлди. У фарзандларимизнинг илм-маърифатли, дунёқараши кенг инсонлар бўлиб камолга етишида муҳим дастуриламал вазифасини ўтайди.

Дарҳақиқат, мамлакатимиздаги мавжуд мактабгача таълим тизими аҳолининг бугунги талаб ва истакларига тўла мос келмай қолган эди. Мамлакатимиздаги болаларнинг атиги йигирма етти фоизга яқини мактабгача таълим муассасаларига жалб этилгани, амалда фаолият кўрсатаётган мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техник базаси, кадрлар билан таъминланиши, уларнинг салоҳияти, услубий таъминоти замон талабларидан орқада қолгани ҳеч кимга сир эмас.

Қарорда мактабгача таълимни бошқаришнинг замонавий механизмларини жорий этиш назарда тутилган. Албатта, ишни самарали ташкил этиш кўп жиҳатдан бошқарувнинг қай даражада ташкил этилганига боғлиқ. Қарорда асосий вазифамиз бўлган таълим-тарбия жараёнини анна шу асосда такомиллаштириш кўзда тутилмоқда. Мактабгача таълим муассасалари инфратузилмаси ва моддий-техник ривожланишини яхшилашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар белгиланаётгани соҳани янги босқичга кўтариш имкониятини яратади.

Қарорга мувофиқ, мактабгача таълим тизимига жиддий ўзгаришлар, янги ёндашувлар киритилаётир. Жумладан, 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб Тошкент, Нукус шаҳарлари ва республиканинг вилоят марказларида эксперимент тариқасида давлат-хусусий шериклик шартларида янги мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш белгиланган.

Давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ташкил этилаётган мактабгача таълим муассасалари истиқболда ўзини оқлаши табиий. Бунинг натижасида, биринчидан, мактабгача таълим муассасалари сони ортади. Иккинчидан, инвесторлар ота-оналарнинг талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда замонавий типдаги муассасалар қуриш ва фойдаланишни йўлга қўяди. Ушбу мақсадларда инвесторларга ер участкалари ажратилади, бўш турган бинолар 50 йил муддатга беғараз берилади.

Қарорда инвесторлар келишув амал қилишининг бутун муддати давомида фаолият йўналишини ўзгартирмаслиги мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Аҳоли учун муҳим ҳисобланган мактабгача таълим хизматини кўрсатиш нархининг мақбуллиги ва арзонлигини таъминлаш масаласига ҳам қарорда алоҳида эътибор қаратилган. Ушбу мақсадда инвесторларга кенг солиқ имтиёзлари ва бошқа преференциялар, имтиёзли кредитлар тақдим этилиши назарда тутилган.

Тошкент шаҳридаги мактабгача таълим муассасаларига эксперимент тариқасида тадбиркорлик субъектлари билан озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёр овқатларни етказиб бериш тўғрисида тўғридан-тўғри шартномалар тузишга рухсат берилаётгани бу борадаги мавжуд қийинчилик ва муаммоларга ечим топишга имкон яратади.

Қарорнинг яна бир муҳим жиҳати —мактабгача таълим тизимини танқидий ўрганиш ва янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш бўйича комиссия ташкил этилишидир. Унинг зиммасига соҳа қонунчилигини такомиллаштириб бориш, давлат сиёсатини самарали рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилувчи тизимли муаммоларни аниқлаш ҳамда комплекс ўрганиш вазифаси юклатилаётир. Бунда зарур инфратузилмани яратиш, айниқса, мактабгача таълимнинг хусусий секторини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиши белгилаб қўйилмоқда. Бу, ўз навбатида, мазкур соҳага ҳам бозор иқтисодиёти муносабатлари кириб келиши ва ривожланишига хизмат қилади.

Қарорда нодавлат мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, улар фаолиятини лицензиялаш тартиб-тамойилларини соддалаштириш, ташкилий-ҳуқуқий шаклларини такомиллаштириш масалаларига ҳам эътибор қаратилган.

Бир сўз билан айтганда, мазкур қарор ижроси мамлакатда мактабгача таълим тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқади. Мактабгача таълим муассасаларининг инфратузилмаси ва моддий-техник жиҳозланишини замон талабларига уйғун тарзда ташкил этишга кенг шароит яратади.

ЎзМТДП аъзолари ҳам партия дастурий мақсад-вазифалари ижросида муҳим аҳамият касб этувчи ушбу қарорнинг аҳамияти ниҳоятда муҳимлигини эътиборга олиб, ваколат доирасида унинг ижросини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар белгилаши, ўрганишлар олиб бориши, парламент эшитуви ва депутатлик сўровларини амалга ошириши талаб этилади.

Урал Хаитов,

ЎзМТДП фракцияси аъзоси


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77, (8-371) 239-45-53

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

info@mt.uz

Ўз E-mail манзиллингизни киритинг ва янги маълумотлар, ҳабарлар ва маслаҳатларга почта оркали ега бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz