ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


04.06.2019

Ёшлар қонунчилигини такомиллаштириш истиқболлари


Ҳозирги кунда мамлакатимизда 30 ёшгача бўлганлар бутун аҳолининг 64 фоизини ташкил этади. Шу сабабдан ёшларга оид сиёсат давлат фаолиятининг устувор йўналишларидан бири бўлиб, унинг асосий мақсади – ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ёшларнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлаш, уларнинг маънавий интеллектуал, жисмоний ва ахлоқий жиҳатлардан камол топишига кўмаклашиш, ёшлар учун очиқ ва сифатли таълимни таъминлаш, ёшларни ишга жойлаштириш ва уларнинг бандлиги учун шарт-шароит яратиш, ёшларни ватанпарварлик, фуқаролик туйғуси, бағрикенглик, қонунларга, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашдан иборатдир. Мамлакатимиз Президенти Ш.М.Мирзиёев: “Тарбия қанча мукаммал бўлса, халқ шунча бахтли яшайди, дейди донишмандлар. Тарбия мукаммал бўлиши учун эса бу масалада бўшлиқ пайдо бўлишига мутлақо йўл қўйиб бўлмайди. Гап ёшлар тарбияси ҳақида борар экан, бу борада шошмаслик, ёшлар ва ота-оналарнинг талаб-истакларидан келиб чиқиб, ҳар томонлама пухта ўйлаб иш тутиш керак. Маълумки, ёш авлод тарбияси ҳамма замонларда ҳам муҳим ва долзарб аҳамиятга эга бўлиб келган. Аммо биз яшаётган XXI асрда бу масала ҳақиқатан ҳам ҳаёт-мамот масаласига айланиб бормоқда”, деб бежизга айтмаган. Дарҳақиқат, юрт келажаги фарзандлар қўлидадир. Демакки, нурли келажак бугунги ўсмир ва ёшлар тарбияси билан узвий боғлиқ.

Бугунги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий тараққиёт ёшларнинг чуқур билимли бўлишлари, чет тилларини мукаммал билишлари, замонавий ахборот-технологияларидан хабардор бўлмоғи, ҳуқуқий онги ва маданияти юксак даражада бўлиши, касб-ҳунарли бўлиши, миллий, умуминсоний қадриятларни ўзлаштириши, ватанига, миллатига, халқига садоқатли бўлиши кераклигини тақозо этади.

Ушбу вазифалар, ўз навбатида, ёшлар сиёсатига оид қонунларни такомилаштиришни зарурат қилиб қўймоқда. Ёхуд Юртбошимиз таъкидлаганидек, “Биринчилар қаторида ёш авлодимизнинг манфаатларини таъминлашни кучайтиришга қаратилган ҳуқуқий базани янада мустаҳкамлаш, амалдаги қонун ҳужжатларини бугунги кун талаблари нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқишимиз зарур”.

Бозор муносабатлари ёшларнинг ҳам, вояга етмаган фуқароларнинг ҳам ҳуқуқ ва эркинликларини кенгайтириб юборди. Ҳозирда ёшлар тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши, банкда ўз жамғармаларига эга бўлиши, мерос мол-мулкни қабул қилиб олишлари, ёлланма меҳнатдан фойдаланишлари, турли битимлар тузишлари, интеллектуал фаолият натижаларига эга бўлишлари мумкин. Айни вақтда Фуқаролик кодексининг 28-моддасида эмансипация ҳолати белгиланиб, унга кўра, “Ўн олти ёшга тўлган вояга етмаган шахс меҳнат шартномаси бўйича ишлаётган бўлса ёки ота-онаси, фарзандликка олувчилари ёхуд ҳомийсининг розилигига биноан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган бўлса, у тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши мумкин”. Меҳнат кодексида эса меҳнат ҳуқуқининг субъект ёши баъзан 15 ёшдан бошланиши мумкинлиги ҳам белгиланади. Шу муносабат билан ФКнинг 28-моддасини ўн беш ёшга тўлган вояга етмаган шахс меҳнат шартномаси бўйича ишлаётган бўлса ёки ота-онаси, фарзандликка олувчилари ёхуд ҳомийсининг розилигига биноан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган бўлса, у тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши мумкинлигини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Айни вақтда шуни ҳам айтиш лозимки, васийлик ва ҳомийлик билан боғлиқ ҳуқуқий нормалар мамлакатимизда турли норматив – ҳуқуқий ҳужжатларда сочилиб ётганлигини кўриш мумкин. Чунончи, Фуқаролик кодекси, Оила кодекси, “Ўзбекистон Республикасида васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Низом, шунингдек, яна бир қатор норматив – ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам белгиланганки, бу ҳолатлар битта предметни турли жойларда қайтарилавериши (тофтология)га олиб келади. Масалан, Ўзбекистон Республикасининг 14.04.1999 йилдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида” (янги таҳрирда)ги қонунининг фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) ваколатларига бағишланган 13-моддаси 1-қисми 11-хатбошисидаги “...ота-онасининг қаровисиз қолган болаларни тегишли давлат муассасаларига жойлаштиришга кўмаклашади” дейилган нормада назарда тутилган ваколат Оила кодексининг 175-моддасига кўра, мазкур фаолият турлари васийлик ва ҳомийлик органлари фаолиятининг предметига кириши назарда тутилган. Шунингдек, Оила кодексининг 149-моддасига, Низомнинг 34-банди мазмунига кўра, “Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар борлигидан хабардор бўлган муассасалар (мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим, даволаш ва бошқа муассасалар)нинг мансабдор шахслари ва бошқа фуқаролар бу ҳақда болаларнинг аниқ турган жойидаги васийлик ва ҳомийлик органига хабар беришлари шарт”лиги назарда тутилади. Мавжуд фуқаролик-ҳуқуқий ва оила-ҳуқуқий нормаларни инвентаризация ва таҳлил қилиш жараёнида Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасида васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги қонунига ҳозирги кунга тўғри келадиган нормаларни ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва уни амалга киритиш лозим. Тўғри, амалда “Ўзбекистон Республикасида васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Низом жуда яхши ишламоқда, вужудга келган муносабатларни тартибга солишда ва мустаҳкамлашда муҳим манба бўлиб қолмоқда. Аммо, у қонуности ҳужжати даражасидадир.

Мамлакатимизда ер ва бошқа табиий ресурслардан фойдаланувчи субъектларнинг салмоқли қисмини ёшлар ташкил этишини ҳисобга олсак, ушбу соҳада ҳам қонун ҳужжатларини такомиллаштириш мақсадга мувофиқ. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 18.05.2007 йил ПФ-3878 сонли “Ёш оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонидан келиб чиқиб, Ер кодексининг 27-моддасига ёш оилаларга
уй-жой қуриш учун ер участкалари имтиёзли асосларда берилишига қаратилган чора-тадбирлар тизимини янада такомиллаштириш, ёш оилаларнинг турар-жой шароитларини яхшилашга хизмат қиладиган тартибларни жорий этиш мақсадга мувофиқ. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси ва Солиқ кодексига ёш оилаларга уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун берилган ер участкаларини 5 йил муддатга солиққа тортмаслик тўғрисида қўшимча киритиш ёшларни моддий жиҳатдан ҳимоялашга ёрдам беради.

Вояга етмаганларнинг жиноят ишларини юритишга доир жиноят-процессуал қонун нормаларини такомиллаштириш бугунги куннинг долзарб муаммоларидан бири ҳисобланади. Ушбу муаммони ҳал этиш учун биринчидан, хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиб, ювенал юстицияни жорий қилиш, иккинчидан, суриштирувчи, терговчи,
прокурор ва суднинг вояга етмаганларнинг жиноят ишларини юритишга доир фаолиятини тартибга солувчи алоҳида, ихтисослаштирилган кодекс ишлаб чиқиш лозим. Бу кодексда вояга етмаганларга нисбатан жиноят ишини қўзғатиш, дастлабки тергов олиб бориш, жиноят иши материалларини судга тайинлаш, суд муҳокамаси, ҳукм, ажрим ва қарорларнинг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш ва ҳукмни ижрога қаратиш каби процессуал ҳаракатлар тартибга солиниши зарур. Шунингдек, бу кодексда тарбия мезонлари ва вояга етмаган процесс иштирокчиларининг ҳуқуқий кафолатларини кучайтириш, вояга етмаганларнинг жиноятлари ҳақидаги ишларни юритишда иштирок этадиган ҳимоячи, вакил, қонуний вакил, педагог, мутахассис, психолог, ижтимоий ишчи ҳамда жамоатчилик номидан иштирок этадиган шахсларнинг ваколатларини оширишга алоҳида эътибор қаратилиши керак.

Демократик жамиятда жазо шахс, оила, жамият ва давлатнинг ҳуқуқ ва манфаатлари муҳофазасини кучайтириш, фуқароларни қонунга бўйсуниш ва уни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш воситасига айланиб боради. Жиноят содир этган вояга етмаганларга тайинланадиган жазолар эса, биринчи навбатда, уларни тарбиялаш ва жамиятга қайтариш мақсадига қаратилган бўлиши лозим.

Шунингдек, ўз ғоясини амалга ошириш учун тинимсиз меҳнат қилишга тайёр ёшлар бор, лекин уларда дастурлаш, веб-сайтлар яратиш ва юридик билимнинг етарли эмаслиги ёки молиявий муаммолар сабаб уларнинг ажойиб ғоялари йўқ бўлиб кетмоқда. Кимлардадир веб-сайт яратиш имконияти, юридик билим, маблағ бор, лекин улар креатив фикрлай олмайди. Ёшларни бир-бирига бирлаштириб, инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг бўш вақтини унумли ташкил этиш, уларнинг янгиликлар яратишга қизиқишларини вақтида аниқлаб, ғоядан лойиҳагача бўлган босқични тезлаштириш мақсадида уларга амалий кўмаклашадиган “Инновацион марказ”ларни яратиш лозим. Ривожланишнинг фаол йўлидан кетаётган мамлакатимизнинг асосий таянчи – фаол, ҳаракатчан ёшлар ҳисобланаётган бир пайтда, уларни қидириб топиш ва вақтида қўллаб-қувватлаш масаласи давлат сиёсати даражасидаги масалалардан биридир. Юзлаб ёшлар орасида баъзида кўринмай қолаётган инновацион фикрлайдиган ёшларнинг ҳаётимизни янада яхшилайдиган, барча соҳаларда қулайликлар яратилишига олиб келадиган ғояларига эътибор қаратишимиз керак. Айнан шу масалада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирлигини ташкил этиш тўғрисида”ги фармонида илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини, энг аввало, ёш авлоднинг ижодий ғоялари ва ишланмаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш хамда рағбатлантириш, шунингдек, ушбу фаолиятда иқтидорли ёшлар иштирок этиши учун қулай шароитлар яратиш, таълим тизимида инновацияларни, ўқитишнинг замонавий, интерактив ва ижодий услубларини жорий этиш орқали тарғиб қилишга кўмаклашиш, рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш, “Ақлли қишлоқ хўжалиги”, “Ақлли тиббиёт” каби инновацияларни ривожлантириш вазифалари долзарб аҳамиятга эга. Асосий масала шундаки, фақат иқтидорлиларни қидиришгина эмас, уларни яратиш лозим. Яъни баъзи ёшлар креатив фикрлаб, ажойиб ғоялар яратади, баъзи ёшларнинг қўлидан фақат дастурлаш келади, баъзилар юридик жиҳатдан, ҳисоб-китоб, маркетингдан кучли. Бу шахсларнинг ҳар бирини алоҳида фаолияти самарасиз, лекин уларнинг қобилиятларини бирлаштириб, кучли синергетик эффект бериб, янги истеъдодларни яратиш мумкин. Аммо юртимизда инновацион ғоялар ва технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш учун мавжуд имкониятлар ва салоҳиятдан деярли фойдаланилмаяпти. Жамоа ҳолда ишлаш барча соҳаларда бўлгани каби инновациялар яратиш соҳасида ҳам натижавийликка олиб келади. Бунда жамоа бўлиб ишлаш ғоянинг қисқа вақт ичида лойиҳа сифатида юзага чиқишида муҳим рол ўйнайди. Бунинг учун республиканинг барча туманларида Ёшлар итифоқи таркибида ИҒМ (инновацион ғоялар маркази) ташкил этилиб, унда 5 нафар ёш ахборот технологиялари соҳаси коллеж ва ОТМ битирувчилари веб-сайт яратувчи ва дастурловчи сифатида ишга олинса, уларнинг ишларини бошқарувчи, йўналтирувчи мотиватор шахс тайинланса, улар марказга ғоя билан келган ёшлар билан суҳбатлашиб, дастур яратиб, унинг устида ишлаш ва ривожлантириш каби фаолият билан шуғулланади ва бу, ўз навбатида, давлатимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшади, деган умиддаман.

Юқорида зикр этилганлар мамлакатимизда вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар учун жазо тайинлаш амалиётини ўрганиш, уларга тайинланаётган жазоларнинг жиноятчиликка қарши курашдаги роли, жазо тайинлашда инобатга олиниши лозим бўлган ҳолатлар ва уларнинг аҳамияти, вояга етмаганларга тайинланиши мумкин бўлган жазо тизими ва турлари, жиноят содир этганларга нисбатан жазо тайинлаш масалаларини янада такомиллаштириш лозимлигидан далолат беради.

Хулоса ўрнида ёшларга доир давлат сиёсатини амалга оширишга масъул бўлган тегишли давлат органлари, жамоат ташкилотлари ҳамда тузилмалар ўртасида ўзаро самарали ҳамкорликни, амалий фаолиятларни мувофиқлаштириш ва мутаносиблашни янги давр талабларига мос даражага кўтариш вазифаси бугунги кунда аҳамиятлидир. Бу борада Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Давлат тест маркази, манфаатдор давлат ва нодавлат тузилмалари, маҳаллий давлат ҳокимият органларининг, шунингдек, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларининг баҳамжиҳат фаолият олиб бориши самарали бўлади.

Олий таълим муассасаларини битирган ёш мутахассисларнинг моддий, уй-жой таъминотини яхшилаш масаласи кун тартибидаги долзарб вазифадир. Уни бажариш юзасидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар ичида олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжни аниқлаш тизими ва механизмини такомиллаштириш масаласи муҳим эканлигини таъкидлаш зарур. Шу муносабат билан кадрлар тайёрлаш режаси жуда аниқ ва асослантирилган эҳтиёжлар асосидагина шакллантирилиши керак, деб ҳисоблаймиз. Бундан ташқари, мамлакатимизнинг чекка туманларига мутахассисларни жалб этишнинг (меҳнат тақсимотининг) реал, самарали, ёшлар учун қизиқарли тизимини ишлаб чиқиш вақти ҳам келди.

Юқорида билдирилган таклиф ва мулоҳазалар ёшларга оид ҳуқуқий базани ривожлантириш ва такомиллаштиришга, жамиятимиз ижтимоий ҳаётида ёшларнинг фаоллиги ва ролини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.



З.М.Шамсиев,
Самарқанд  давлат  университети
Психология ва ижтимоий фанлар факультети
Ижтимоий фанлар кафедраси талабаси


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz