ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


12.06.2019

Ёшларда ахборот маданиятини шакллантиришнинг инновацион омиллари ва йўллари


Бугунги кунда ахборот маконининг глобаллашуви, очиқлиги ва оммавий коммуникациянинг кучайиши натижасида ахборотлар инсон онгу шуурига шиддат билан оқиб келмоқда. Ахборот даврида оммавий ахборот воситалари сони кундан кунга ошиб бормоқда. Бугунги кунда глобал тармоқ шиддат билан ривожланиб, имкониятлари тобора кенгаймоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва ахборотни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, ахборот соҳасидаги таҳдидларга ўз вақтида ва муносиб қаршилик кўрсатиш” муҳимдир.

Ҳозирги вақтда бутун дунё аҳолисининг 46,1% (3,4 млрд) интернет тармоғидан фойдаланмоқда. ЮНИСЕФ томонидан 2017 йил 12 декабрь куни эълон қилинган ҳар йилги ҳисоботида, дунё бўйича интернет фойдаланувчиларининг учдан бир қисмини болалар ташкил этади. Бироқ шунга қарамай, уларни рақамли дунёнинг хавф-хатаридан ҳимоя қилиш ва хавфсиз онлайн ахборотлардан фойдаланиш имкониятларини ошириш борасида жуда оз чоралар кўрилмоқда. Бугунги мафкура полигонлари ядро полигонларидан кучли бўлган шароитда оммавий ахборот воситалари манипуляция, тарғиботнинг энг таъсирчан воситасига айланди, десак адашмаган бўламиз. Зеро, тарқатилган ахборотни тўғридан-тўғри қабул қилиш эса берилган ҳар қандай овқатни қабул қилиш каби муаммоларга олиб келади. Шу билан бирга, бугун биз яхлит ахборот маконидан айро тараққий эта олмаймиз. Шунингдек, “Ахборот асрида кашф” этилган нақлнамо бир фикрда, “ахборот суст айланган жамиятда тафаккурлар ҳам суст ишлар эмиш”.

Ҳозирги даврда ахборот истеъмолчиларининг қарашлари, қадриятлари ва идеалларини шакллантириш масалалари ёшлар онгида ахборот оламини тартибга солиш йўлларини излаш, ахборот билан муомала қилишнинг янги усул ва кўникмалари тизимини ишлаб чиқиш ва шакллантиришни тақозо этмоқда. Жаҳон тажрибасида бу соҳадаги изланишлар ўтган асрнинг 60-70-йилларидаёқ бошланди ва фанда ўзига хос йўналиш – медиатаълим пайдо бўлди. Янги йўналиш ўқувчилар ва талабаларга медиамаданият дунёсига мослашишга, оммавий ахборот воситалари тилини ўзлаштиришга, медиаматнларни таҳлил қила олишга ёрдам бериши кўзда тутилган. ЮНЕСКО тавсиясига кўра, медиатаълим дунёнинг кўплаб ривожланган мамлакатларида жорий этилмоқда. Бундан кўзланган мақсад медиасаводхонликни шакллантиришдир. Медиа саводхонликни Хуршид Дўстмуҳаммад “ахборот маданияти” ёки “инфо этика”, деб атайди. Нобель мукофоти совриндори, иқтисодчи Герберт Саймоннинг фикрича, ҳозирги пайтда ахборот ўз истеъмолчиларини (реципиентларини) қириб ташламоқда, еб битирмоқда” деб таъкидлайди. Ҳозирда медиатаълимнинг нималиги, мақсади ва вазифалари кенг миқёсда ўрганилиб, салмоқли натижаларга эришилмоқда. “Wikipedia”да медиатаълим - оммавий ахборот воситалари – матбуот, телевидение, радио, кинематография, Интернетни ўрганишдир. Бу борадаги билимлар нафақат соҳа учун кадрларни етказиб бериш учун, балки ахборот технологияларига мурожаат этадиган ҳар бир инсонда медиасаводхонлик - медиаматнларни таҳлил этиш, баҳолаш ва яратиш кўникмасини шакллантириш учун хизмат қилади. Медиатаълим сўзининг синоними сифатида педагогикада медиа-маданият ва ахборий маданият сўзлари ҳам қўлланилади. Таълимнинг янги йўналиши, бир сўз билан айтганда, оммавий ахборот ва коммуникация соҳасидаги таълимдир.

1982 йилда ЮНЕСКО Медиатаълим декларациясини қабул қилган. Унга кўра, “Медиатаълим медианинг барча турлари (босма, график, овозли, экранли ва бошқалар) ва турли технологиялар билан чамбарчас боғланган. У инсонларга оммавий коммуникациядан ижтимоий онгда қандай фойдаланишни тушуниш, бошқа одамлар билан коммуникация пайтида медиадан фойдаланиш кўникмасини ўзлаштириш каби билимларни беради.           Медиатаълимни қуйидаги асосий йўналишларга ажратишимиз   мумкин:

1. Медиатаълим матбуот, радио, телевидение, кино, видео ва Интернет оламига бўлғуси профессионаллар тайёрлайди;

2. Медиатаълим таълим муассасаларидаги медиамаданият курсларини олиб борувчи бўлғуси педагогларни тайёрлайди;

3. Медиатаълим мактаблар, ўрта махсус, (касб-ҳунар) таълим, олий таълим муассасаларида ёки мустақил тартибдаги (махсус, ихтиёрий равишда ўтиладиган, тўгарак ва бошқа)таълим олувчи ўқувчи ва талабалар умумий таълимининг бир қисмидир;

4. Қўшимча таълим муассасалари ва ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этувчи марказлар (маданият уйлари, мактабдан ташқари марказ ишлари, эстетик ва бадиий тарбия, яшаш жойидаги клубларда)ги медиатаълим;

5. Матбуот, телевидение, видео, DVD, Интернет ёрдамида ёши катталар, талабалар ва ўқувчилар учун олиб борилувчи масофавий таълим;

6. Мустақил, узлуксиз медиатаълим. (Бу йўналиш назарий жиҳатдан инсоннинг бутун умри давомида амалга оширилади).

Медиатаълим шахснинг ахборот олиш ва тарқатиш ҳуқуқининг бир қисмидир. ЮНЕСКО томонидан медиатаълим дунёнинг барча мамлакатлари таълим тизимлари миллий ўқув режаларига жорий этиш тавсия этилган. Жумладан, Буюк Британия медиатаълими тарихи бир неча ўн йилликларга бориб тақалади. Бошқа давлатлардаги каби бу мамлакатда ҳам медиатаълим кинотаълими сифатида шакллана бошлаган, кейин эса объектларини кенгайтириб, матбуот, радио, телевидение ва Интернетни қамраб олди. 1930 йилларда Британия медиатаълими медианинг зарарли таъсирига қарши “сақловчи”, “эмловчи” парадигмасига кўра ривожланган. ХХ асрнинг 50 йилларидан Бельгияда медиатаълим куртаклари пайдо бўлди. 1961 йилда Левен католик университети профессори Ж.М.Петерс (J.M.Peters) ЮНЕСКО учун тайёрлаган материалида кинотаълим танқидий тафаккур, таҳлилий қобилият, эстетик тарбия, сўзсиз ҳаётий тажрибани оширишга кўмаклашишини айтган. Германияда медиатаълим тарихи XVII асрдаёқ машҳур педагог Я.А.Коменский қарашлари билан бошланган. У газета таҳсил олувчиларнинг лингвистик қобилиятини ривожлантиришини таъкидлаган. ХХ асрнинг 20 йилларида медианинг жамият ҳаётидаги роли ва таълим муаммолари З.Кракауэр (Siegfrid Kracauer), Р.Арнхейм (Rudolf Arheim), В.Беньямин (Walter Benjamin) ва Б.Брехт (Bertolt Brecht) томонидан кенг муҳокама этилган. Швейцарияда медиатаълим француз ва немис медиапедагогикаси таъсирида пайдо бўлган. ХХ асрнинг 50-60 йилларида Швейцария мактабларида медиатаълимни ўргатишнинг аниқ стандартлари (ҳатто айни кунгача ҳам амалда бўлган) ишлаб чиқилган. Баъзи кантон ўқув дастурларида фақатгина медиатаълимнинг умумий мақсадлари акс этган, бироқ бирор ўринда аниқ услуб ва воситалар кўрсатилмаган. АҚШда ўтган асрнинг 20 йилларида медиатаълимнинг баъзи йўналишлари қайсидир даражада бор эди. Бир неча университетларда ихтисослашган (кинематография, журналистика) факультет лар ташкил этилди. 60 йилларда эса дунёнинг етакчи мамлакатларидаги каби кинотаълимни ривожлантирди. Мактабларда ўқиш мажбурий эмас эди. Уни ўз хоҳишига кўра фидойи ўқитувчилар ўқитган. 60 йиллар медиатаълимга нисбатан “бадиий” қарашнинг ривожланишидаги “олтин давр” бўлди. “Медиатаълим” сўзи МДҲ давлатларига ўтган асрнинг 80-йилларида кириб келди. Инглизча “media education” сўзини сўзма-сўз таржима қилиш мумкин эмас.

Замонавий медиатаълим қуйидаги йўналишларда ривожланмоқда:

Ø Таълим муассасаларини замонавий АКТ билан таъминлаш ва улардан таълим жараёни самарадорлигини оширувчи янги педагогик қурол сифатида фойдаланиш;

Ø Замонавий ахборот, телекоммуникация воситалари ва маълумотлар базасидан таълим жараёнини ахборий қўллаб-қувватлаш, илмий, ўқув-методик ахборотлар билан таъминлашда фойдаланиш;

Ø Таълим жараёни ва мустақил таълимни реализация қилишнинг янги шаклларини кенг ривожлантириш, таълим жараёни миқёсини кенгайтириш, аҳолининг дунё мамлакатлари таълим ресурсларига кириш имкониятини таъминлаш;

Ø Иштирокчиларни информатика бўйичагина тайёрлаш эмас, постиндустриал ахборий жамият шароитига, ҳаётга инсонларни тайёрлаш моделига кўра уларда зарурий малакани шакллантириш[9].

Ўзбекистонда ҳам ахборот коммуникация тузилиши бугунги кунда ўзгариб, бутун дунёдаги каби катта ахборот оқими мавжуд. “Интернетизация” ва “медиатизация” ҳолатларининг салбий таъсирини эса медиатаълим камайтириши лозим. Тадқиқотчи Ш.Т.Халилованинг “Ўқувчиларни ахлоқий-эстетик тарбиялашда оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишнинг педагогик шарт-шароитлари” мавзуидаги номзодлик диссертациясида мактабда радио студия тузиш, унинг вазифаларини аниқ белгилаш, “Ёш сухандон”, “Ёш мухбирлар” ўқувини ташкил этиш, натижада ўқувчиларда ОАВга, жумладан, радио тинглаш ва унда фаол иштирок этиш, билим, кўникма ва малакаларини шакллантириш лозимлиги таъкидланган. Юртимизда медиатаълим бугунги замон талаблари ва ахборотларнинг турли манбалари билан ишлашни инобатга олган ҳолда, мамлакатимизда бунинг бироз ўзгача кўринишлари жорий этилган. Интернетнинг таъсири ва ахборот маконида турли маълумотларни олиш ва чоп этиш имкониятларининг ортиб бораётгани ва ахборот маконида мультимаданий (турли маданиятларнинг) ахборот маконининг шаклланиши натижасида ахборот хавфсизлиги ва ахборот хуружлари билан боғлиқ айрим фан ва махсус курслар ишлаб чиқилган ва таълим жараёнига киритилган. Хусусан, олий таълим муассасаларида ахборот ва мураббийлик соатларининг олиб борилишидир. Глобаллашув, ахборот асрининг ижобий таъсирини кучайтириб, салбий таъсирини бартараф этишга хизмат қилаётган нокасбий медиатаълимни жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнини мустаҳкамлаб бораётган Ўзбекистонда жорий этиш истиқболлидир ва буни амалга ошириш учун қуйидагиларга эътибор қаратиш лозим:

Ø ахборот глобаллашувида миллий ахборот маконини шакллантириш, ҳимоя қилиш ва уни жадал ривожлантиришнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини яратиш масалалари жаҳондаги ҳар қандай давлатнинг стратегик манфаатлари билан ҳамоҳанг бўлган муҳим масалалар сирасига киради;

Ø медиатаълимнинг назарий асослари, концепцияси ва принципларини тўғридан-тўғри қабул қилмасдан, миллий таълим тизимимизга мослаштириш;

Ø медиатаълимнинг миллий тизимини ишлаб чиқиш ва унинг компоненти сифатида миллий ғурур, ўзлик, ватанпарварлик каби туйғуларни шакллантириш вазифасини ҳам юклаш;             

Ø медиатаълим аудиторияни суст тингловчидан фаол танқидчига айлантириш, инсонларда танқидий тафаккурни шакллантириб, жамиятдаги лоқайдлик иллатига барҳам беришини назарда тутган ҳолда ўқув дастурларини тузиш, медиасаводхонлик кўникмасининг амалий сабоқларда шаклланишини инобатга олган ҳолда, дарсларни асосан амалий шаклда ташкил этиш;

Ø умумтаълим мактабларида “Миллий ғоя ва маънавият асослари” фанига медиатаълимни интеграциялаш самарали бўлиши мумкин. Интеграциялашга сабоқларни тажриба гуруҳларида синаб кўриш зарур;

Ø мамлакатимиз олий таълим муассасаларида мураббийлик соати – ахборот соатини ўз мақсад ва вазифаларига кўра самарали шаклда ўтказиш- долзарб вазифа. Боиси, айнан шу соатда талабалар юртимизда ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеликлар билан танишади, олий таълим муассасасига тегишли эълонлар ва янгиликлардан бохабар бўлади. Бу жараёнда медиатаълим унсурлари акс этса ҳам, унинг мақсад ва вазифаларини ўзида тўлиқ жамламайди. Ахборот соатининг самарадорлигини ошириш, у соатда талабаларнинг медиасаводхонлигини ошириш мақсадида услубий материаллар ишлаб чиқиш;

Ø республикамиздаги янги веб-сайтларни яратаётган ва унга ахборот киритиб бораётганларнинг аксарияти ёшлар эканлигини ҳам алоҳида таъкидлаш зарур. Ёшларимизнинг маънавий оламида бўшлиқ вужудга келмаслиги учун уларнинг қалби ва онгида соғлом ҳаёт тарзи, миллий ва умуммиллий қадриятларга ҳурмат-эҳтиром туйғусини болалик пайтидан бошлаб шакллантиришимиз зарур, дарсларда насиҳатдан чекиниш ва оҳирги хулосани ўқувчи ёки талабанинг ўзига қолдириш;

Ø мактабгача таълим, умумтаълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, олий таълим муассасалари тарбияланувчи, ўқувчи ва талабалари медиасаводхонлик даражасини аниқловчи социологик сўровномалар ўтказиш;

Ø сценарий ёзиш, суратга олиш, эффектлар, овоз бериш ва монтаж ишларини олиб борувчи “Медиатаълим тўгараклари”ни ташкил этиш.

Бир сўз билан айтганда, медиатаълимнинг жорий этилиши нафақат оммавий коммуникация соҳаси учун малакали мутахассислар шаклланишига ҳисса қўшади, балки жамиятда соғлом ахборот муҳити шаклланишига ва ёшларда ахборот маданияти шаклланишига хизмат қилади.



Нодирбек Кодиров,
Наманган давлат университети
Ижтимоий-иқтисодий факультети
декани ўринбосари










Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz