ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


Ёшларни маънан баркамол этиб тарбиялаш, уларни турли оқимлар ва ёт ғоялар таъсиридан асраш устувор вазифалардан биридир 06.07.2018

Ёшларни маънан баркамол этиб тарбиялаш, уларни турли оқимлар ва ёт ғоялар таъсиридан асраш устувор вазифалардан биридир

Бугун Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар билан манзилли ва тизимли ишлаш, улар учун муносиб шароитлар яратиш, бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлашга қаратилган “Ёшларни маънан баркамол этиб тарбиялаш, уларни турли оқимлар ва ёт ғоялар таъсиридан асраш устувор вазифалардан биридир” мавзусидаги давра суҳбати ташкил этилди.

Давра суҳбатида “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури ижросини таъминлаш, ёшларни маънан баркамол этиб тарбиялаш, уларда мафкуравий иммунитетни шакллантириш ва ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш бўйича партия “Ёшлар қаноти” фаолиятини такомиллаштириш масаласи муҳокама этилди. 

132.jpg

Давра суҳбатини партия Марказий кенгаши раиси Сарвар Отамуратов олиб борди.

- Давлатимиз раҳбари видеоселектор йиғилишида таъкидлаганидек, ҳар бир ёш жамиятда ўз ўрнини топиши учун муносиб шароит яратиш кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бирига айланди.Аммо ёшлар билан ишлашда ҳамон камчиликлар мавжуд.Бунинг оқибатида ёшлар жиноятга қўл уришининг олди олинмаяпти. Жорий йилнинг ўтган даврида содир этилган 17,5 минг жиноятнинг қарийб 31 фоизи ёшлар ҳисобига тўғри келади. Мамлакат бўйича жиноят содир этган 22 минг шахснинг 11 минг нафарини ёшлар ташкил этиб, бу кўрсаткич Андижон, Бухоро, Самарқанд, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида, айниқса, юқорилигича қолмоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда ҳудудий партия ташкилотлари “Ёшлар қаноти” етакчилари уюшмаган ёшлар билан самарали ва манзилли ишлаши зарур. Қашқадарё вилоятида жиноят содир этган ёшларнинг 70 фоизини ўқимайдиган ва ишламайдиганлар ташкил этиши, бу кўрсаткич Андижон вилоятида 57, Сурхондарё вилоятида 43, Жиззах вилоятида 42 фоизга тенглиги мазкур ҳудудлардаги партия ташкилотлари “Ёшлар қаноти” зиммасига масъулиятли вазифаларни юклайди.

12345.jpg

Давра суҳбатида Ўзбекистон Мусулмонлар идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур иштирок этиб, ёшларга бугун Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган диний маърифий илоҳотларнинг мазмун-моҳияти, Ислом цивилизацияси марказининг ташкил этилиши, унинг мақсад-вазифалари ҳақида тўхталиб ўтди.

Айни пайтда ёшларни ёд ғоялардан асраш, уларнинг мафкуравий иммунитетини шакллантиришда ёш авлод маънавиятини, маърифатини юксалтириш устувор вазифалардан бири эканлигини таъкидлади.   

Ҳамдам Ниёзов,

ЎзМТДП Марказий кенгаши ёшлар бўлими бошлиғи:

- Видеоселектор йиғилишида ёшларнинг бандлигини таъминлаш бўйича мутлақо янги тизим жорий қилишимиз керак, деди давлатимиз раҳбари. Бу борада партия “Ёшлар қаноти”нинг “Хизмат-беминнат”, “Уйма-уй”, “Депутат билан юзма-юз” лойиҳалари доирасида ёшларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, банк кредитларини олишда кўмаклашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратишиз зарур. Айни вақтда ёшларни бизнес билан шуғулланишга фаол жалб қилиш учун шароит яратиш, уларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассислик ва бизнес юритиш кўникмаларига ўқитиш бўйича Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ тумани ва Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида янги тизим синовдан ўтказилмоқда. Ёшлар куни арафасида “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури тасдиқланди ва уни барча туман ва шаҳарларда амалга ошириш бошланди. Дастур ижроси учун Ёшлар иттифоқи ҳузурида “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси ҳамда унинг туман ва шаҳар филиаллари ташкил этилди. Бу тузилма маблағларидан ёшларнинг бизнес лойиҳалари учун йиллик 7 фоиз ставка билан имтиёзли кредит берилади. Дастурда ҳар бир туманда ажратиладиган кредит ҳажми ва уни олувчилар сони, кредит бериладиган фаолият йўналишлари, бунинг натижасида яратилиши зарур бўлган иш ўринлари миқдори аниқ белгилаб қўйилган.

987645.jpg

Давра суҳбатида ёшларни маънан баркамол этиб тарбиялаш, уларни турли оқимлар ва ёт ғоялар таъсиридан асраш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бунга асосан Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси “Ёшлар қаноти”га барча ҳудудларда ёшлар билан маънавий-маърифий йўналишдаги ишларни янада жонлантириш, уларни музей, театр ва бошқа маданий-маънавий масканлар, спорт мусобақалари, илм-фан, спорт ва амалий санъат тўгаракларига фаол жалб этиш орқали бўш вақтини мазмунли ўтказишини ташкил этиш вазифалари юклатилди.

Шухрат Тўхтабоев,

ЎзМТДП фракцияси аъзоси:

- Ёшларни маънан баркамол этиб тарбиялаш, уларда мафкуравий иммунитетни шакллантириш ва ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишининг олдини олишга қаратилган таъсирчан, амалий чора-тадбирларни амалга оширишда Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари аъзоларини фаол жалб этиш зарур. Партия депутатлар корпуси халқ вакиллари сифатида ёшлар келажаги учун ҳаммадан ҳам кўпроқ жон куйдириши лозим. Депутатларнинг жойларда партия “Ёшлар қаноти” фаолиятини тубдан такомиллаштириш, амалий учрашув ва тадбирлар орқали “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури ижросини таъминлашда фаол иштирокини таъминлашимиз даркор.

1234.jpg

Давра суҳбатида Президентимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилган вояга етмаган қизлар ўртасида эрта турмуш ва туғруқлар сони кўпайгани билан боғлиқ муаммолар ҳам муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, эрта турмуш қуриш ва ажрашиш муаммоси бўйича жойларда фақатгина ота-оналарни айбдор қилиш билан чекланиш ҳоллари кузатилмоқда. Бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олишда партия “Аёллар қаноти” фаолиятини такомиллаштириш, бу йўналишдаги партиявий ишлар ва лойиҳаларни танқидий қайта кўриб чиқиш ва таъсирчан чора-тадбирларни белгилаш вазифаси топширилди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ўртасида ўзаро ҳамкорлик Битими имзоланди.

545257.jpg

Дилором Ташмухамедова,

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази директори:

- Мазкур Битим доирасида оиладаги маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш, оила ижтимоий ҳаётининг айрим салбий кўринишларига барҳам бериш, тўй-ҳашамлар ва маросимларни ихчамлаштириш, оила, мерос, уй-жой даъвоси ва маиший турмуш манбаида туғиладиган бошқа низоларни судгача ҳал этиш тизимини ривожлантириш, бу борада маҳалланинг хизматидан фойдаланиш, соғлом оила қуриш ҳамда жисмонан соғлом ва ҳар томонлама баркамол авлодни дунёга келтириш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ҳамда ёш оилаларга ғамхўрлик қилиш, шунингдек хотин-қизларнинг ҳуқуқларини таъминлаш устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш мақсадида ўзаро манфаатли ҳамкорликни амалга оширамиз.

465987.jpg

Якунда оила институтини мустаҳкамлашга доир “Соғлом оила - соғлом жамият” концептуал ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатининг ижросини таъминлаш ва бу соҳада ижтимоий ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олинди.

98774654.jpg

 

ЎзМТДП Марказий кенгаши Ахборот хизмати

 


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz