ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


06.08.2019

Ёшларнинг инновацион фаоллигини оширишда мотивациянинг аҳамияти


Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси барча соҳаларда жадал ривожланиб бормоқда. Хусусан, ёшларни мамлакат ривожига ҳисса қўшишда, уларда ватанпарварлик ҳиссини янада кучайтиришда ва етук шахс бўлиб шаклланишида ҳам турли чора-тадбирлар, маънавий-маърифий ишлар амалга оширилмоқда.

Ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий принципларининг таркибий элементларидан бири бўлган “ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш” [1] ва асосий йўналишларидан иқтидорли ва истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш келажак авлоднинг инновацион фаоллигини оширишда муҳим вазифа бўлиб хизмат қилмоқда. Зеро, ёш авлод ўсиб улғаяр экан, психологик жиҳатдан ўз фаоллигига қўшимча эътибор қаратилишини, яъни рағбатлантирилишини истайди. Шу сабабли, инсонни кучли ўзгаришига ва бирор натижага эришишига ундаги ички мотивация жуда муҳим ҳисобланиб, бу мотивация ташқи омиллар таъсирида йиллар давомида шаклланади.

Илмий адабиётларда қайд этилишича, мотивация (грекча motif, лотинча moveo – “ҳаракатлантираман” сўзидан ясалган) – инсонни бирон-бир мақсадга эришиш учун астойдил интилиш, бунга иштиёқ уйғотишга қизиқтириш ва бунинг учун куч жамлаш жараёнидир.

Бу тушунча бевосита инсон омили билан чамбарчас боғлиқдир. Шу нуқтаи назардан: “Мотивлаштириш - бу руҳий омил бўлиб, шахс фаоллигининг манбаси, сабаби, далили ва ҳар хил турли эҳтимолларидир. У ёшларни унумли меҳнат фаолиятига рағбатлантирувчи кучли воситадир.”

Мотивлар – инсонни ҳаракат қилишга ундайдиган, нима қилиш ва қандай қилишни белгилаб берадиган, инсоннинг дилидан кетмайдиган ва ҳар кимда ҳар хил тарзда намоён бўладиган хусусият. Мотивларни:

- фаоллик турларига қараб;

- намоён бўлиш вақтларига қараб;

- инсоннинг эҳтиёж турларига қараб;

- шахснинг муддаоларига қараб;

- тузилишига қараб;

- функцияларига қараб;

- етакчи мотиваторига қараб таснифлаш мумкин.

Илмий жиҳатдан қараганда мотивацияни иккиёқлама, чунончи:

- инсон ва гуруҳнинг эҳтиёжлари, руҳияти, одобини ҳисобга олиб, самарали меҳнатга ундовчи шарт-шароит ва сабабларни аниқлаш ва қондириш воситаси;

- жисмоний ёки руҳий етишмовчилик ёки эҳтиёждан бошланиб, хатти-ҳаракатларни кучайтирадиган ёхуд мақсадга эришишга ёки мукофот олишга қизиқтирадиган жараён тарзида кўриб чиқиш мумкин.

Бошқача қилиб айтганда, мотивлаштириш - бу ёш авлод фаолиятини руҳий йўллар билан мақсадга мувофиқ, яъни мамлакатига ва миллатига муносиб фарзанд бўлиб етишишига ҳамда юрти тараққиёти учун самарали фаолият кўрсатишига йўналтиришдир. У албатта, муайян моддий ёки маънавий эҳтиёжни қондириш билан боғлиқ бўлиб, бу ўринда ёшларнинг ўзига яраша қараши мавжуддир. Ёшлар эҳтиёжи турлича бўлиб, қайси бирларида маънавий рағбатлантиришга бўлган талаб кучли бўлса, яна айримларида моддий томонга эътибор кучли қаратилган.

Айни вақтда ёшларни истиқбол учун самарали мотивация қилиш, яъни йўналтириш жараёнини кетма-кет келадиган қуйидаги босқичлар тарзида ҳам тасаввур қилса бўлади:

- ёшлар эҳтиёжининг келиб чиқиши;

- ёшлар эҳтиёжини қондириш (бартараф этиш) йўлларини излаш;

- ёш авлоднинг келажак мақсадини (ҳаракат йўналишини) белгилаш;

- ёшларнинг эҳтиёжини қондириш учун зарур ҳаракатларни бажариш;

- ҳаракатларни амалга оширганлиги учун мукофот олиш;

- ёшлар эҳтиёжни қондириш орқали умумий самарага эришиш.

Ҳар қандай шахсни биринчи ўринда эҳтиёж ва манфаатлар фаолликка йўналтирар экан, шу муносабат билан эҳтиёж тушунчасини изоҳлаб ўтиш мақсадга мувофиқдир.

Эҳтиёж инсон кўнглида вужудга келадиган, турли кишиларда бир-бирига ўхшайдиган, аммо ҳар кимда алоҳида намоён бўладиган, инсонни кутишга интилтирадиган туйғудир.

Эҳтиёжлар ёшларда турлича бўлиши билан бирга, баъзиларда ўхшаш томонлари кўпдир. Ёш авлод эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, юртимизда ўсиб-ўлғайиб келаётган ёш авлодни ўзи ва атрофидагиларнинг истиқболи учун самарали йўналтириш ва бошқаришда мотивация усулларини қуйидагича таърифлаш мумкин:

-иқтисодий мотивлаш усуллари – агар ёшлар ишлаётган бўлса уларга тўланадиган иш ҳақи, мукофот, имтиёзлар, фоизлар, фойдада қатнашиш, акциялар пакети, қўшимча ҳақ бўлиб, бу уларни янада яхши фаолият кўрсатиши учун асос бўлади. Таълим олаётган ёшлар учун эса, Беруний, Ибн Сино, Навоий, Улуғбек, Имом ал-Бухорий ва Ислом Каримов номидаги давлат стипендиялари, ҳар ойда рейтинг ўзлаштириши бўйича тўланаётган стипендиялар, илмий лойиҳаларда иштироки учун тўланадиган иш ҳақи ва бошқа моддий-молиявий кўринишидаги ресурслардир;

-ижтимоий мотивация усуллари – ёшларни яхши фаолияти ва иқтидори учун жамоат ўртасида рағбатлантириш, ташаккур эълон қилиш ва бошқа ўз тенгқурларига намуна сифатида кўрсатиш ҳисобланади;

-руҳий мотивация усуллари – ёш авлодни кўрсатган хизмати учун обрў-эътиборини ошириш, давлати учун керакли эканини сездиришдир;

-лавозим мотивацияси усуллари – бу усуллар иқтисодий-ижтимоий тармоқларда фаолият кўрсатаётган ёшларни лавозимини кўтариш, қўшимча ваколатлар бериш ва масъулиятини оширишдан иборатдир;

-ижтимоий-руҳий усуллар – ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, малакали кадрлар билан тажриба алмашиш, фаолиятдаги, бошқарувдаги ва касб-кордаги аҳлоқ-одобини яхшилаш;

-маънавий мотивация усуллари – ёшларни шахсий учрашувда, жамоат ўртасида тан олиш, мақташ ёки танқид қилиш;

-ёшларни бошқарувга жалб қилиш усуллари.

Ёшларни инновацион фаоллигини оширишда мотивлаш қандай мақсадни кўзлашига, қандай вазифаларни ҳал этишига қараб унинг икки асосий тоифасини алоҳида кўрсатиб ўтиш мумкин. Биринчи тоифа шундан иборатки, инсонга ташқи таъсир ўтказиш йўли билан муайян мотивлар ҳаракатга келтирилади, мазкур мотивлар инсонни мотивлаштирувчи субъект учун мақбул бўладиган муайян ҳаракатларга ундайди. Мотивлашнинг иккинчи тоифаси инсоннинг муайян мотивацион тузилмасини шакллантиришни асосий вазифа деб ҳисоблайди. Бу вазифани амалга ошириш учун катта куч-ғайрат, билим ва қобилият талаб қилинади. Унинг натижалари мотивлашнинг биринчи тоифасига нисбатан умуман анча баракали бўлади.

Инновацион фаоллигини оширишдаги рағбатлантириш – одамларни мотивлаш учун муайян рағбатлардан фойдаланиш жараёнидир. Рағбатлантиришнинг мотивлашдан фарқи шуки, у мотивлашга ёрдам берадиган воситалардан биридир. Инновацион фаолиятда рағбатлар – муайян мотивлар ҳаракатини чақирувчи таъсир дастаклари ёки қўзғатиш воситалари.

Хулоса қилиб айтганда, мотивлар кўпгина омилларга боғлиқ. Ёшларнинг инновацион фаоллиги битта мотив билан эмас, балки кўпгина мотивларнинг йиғиндиси билан белгиланади. Бунда мотивлар инсоннинг фаоллигига таъсир қилиши даражасига қараб бир-бирига нисбатан муайян муносабатда бўлади. Шу сабабли инсоннинг мотивацион тузилмасини унинг муайян ҳаракатларни амалга ошириш асоси деб билмоқ керак. Бу тузилма муайян барқарорликда бўлади. Бироқ у инсонни тарбиялаш, ўқитиш жараёнида онгли равишда ўзгариши мумкин.

Мотивлаш – инсонда муайян мотивларни уйғотиш йўли билан уни муайян ҳаракатларни қилишга ундаш мақсадида шу инсонга таъсир ўтказиш жараёнидир. Зеро, мотивация шундай улкан куч экан, қонунчилигимизда, хусусан, “Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида” ва “Таълим тўғрисида”ги қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ушбу тушунчани киритиш ва ундан самарали фойдаланиш зарур, деб ҳисоблайман.




[1] Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонуни, 2016 йил 14 сентябр.




Феруза Ғофурова,
Мирзо Улуғбек  номидаги Ўзбекистон
Миллий Университети магистранти





“Ёшлар инновацион фаоллигини оширишнинг долзарб вазифалари”
мавзусидаги республика илмий-амалий конференцияси материаллари тўплами олинди



Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz