ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


Замон талабларига мос фаолият юритиш — асосий вазифа 06.12.2017

Замон талабларига мос фаолият юритиш — асосий вазифа

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгашида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг парламент палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасида илгари сурилган ғоя ва ташаббуслар, белгилаб берилган мақсад-вазифаларни амалга ошириш бўйича ишлаб чиқилган ЎзМТДП чора-тадбирлар дастури ижроси юзасидан таҳлилий-танқидий йиғилиш бўлиб ўтди. Унда ЎзМТДП Марказий кенгаши аъзолари, партия ҳудудий ташкилотлари раислари ҳамда девони раҳбарлари қатнашди.

Йиғилишни ЎзМТДП Марказий кенгаши раиси Сарвар Отамуратов олиб борди.

— Давлатимиз раҳбарининг сиёсий партиялар вакиллари билан учрашувида давлат, жамият, парламент ва сиёсий партиялар фаолияти билан боғлиқ ўта муҳим масалалар қамраб олингани ва таҳлилий муҳокама этилгани билан мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида долзарб аҳамият касб этувчи тарихий воқеага айланди, — деди партия етакчиси. — Президентимиз маърузасида “Ҳар қандай сиёсий партия замон билан ҳамнафас бўлиб, унинг ўткир талабларига жавоб берган тақдирдагина сиёсий куч сифатида яшай олади”, деб алоҳида таъкидлади. Бу иш услубимизни ўзгартириш, режаларимизни қайта кўриб чиқиш, партия сайловолди Платформасида белгиланган мақсад-вазифалар ижросини сифатли ва самарали таъминлаш ҳамда аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, уларнинг муаммо-масалаларини ижобий ҳал этишга кўмаклашишни талаб этмоқда. Ана шундай устувор мақсад-вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг чора-тадбирлар дастури” ишлаб чиқилди. Айни пайтга қадар мазкур чора-тадбирлар дастурининг ҳар бир банди бўйича жойларда аниқ ишлар олиб борилаяптими? Президентимиз билан учрашувдан сўнг ҳудудий партия ташкилотлари ишида қандай ижобий ўзгаришлар юз берди? Бугунги йиғилишимиздан асосий мақсад ҳудудий партия ташкилотлари фаолиятини теран таҳлил қилган ҳолда ушбу саволларга жавоб топишдан иборат.

Таъкидланганидек, мамлакатимиз тараққиёти йўлида қабул қилинган қонунлар ва қарорлар, Президент фармонларига муносабат билдириш, уларни аҳоли орасида кенг тарғиб қилиш бизнинг энг асосий вазифаларимиздан ҳисобланади. Ўтган давр мобайнида қабул қилинган фармон ва қарорлар юзасидан партиямиз сайти ва газетасида эълон қилинаётган муносабатларда ҳудудий партия ташкилотлари фаоллиги кузатилмаяпти. Ваҳоланки, партия ташкилотларида уларни тарғиб қилиш ва ўрганиш бўйича 200 дан ортиқ тадбир ўтказилган. Қабул қилинган қонун ва қарорларга муносабат ва уларни аҳоли орасида кенг тарғиб қилиш, ўрганиш борасида партия Сирдарё, Фарғона, Самарқанд вилоят кенгашлари сусткашликка йўл қўймоқда.

Шунингдек, йиғилишда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясида кўриб чиқилган қонун лойиҳаларининг ҳудудий партия ташкилотларида ташкил этилаётган муҳокамаси, тақдим этилган таклифлар сифати ҳақида тўхталиб ўтилди.

Маълумки, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг асосий иш шакли сессия бўлиб, партия гуруҳларимиз ташаббуси билан унда қабул қилинган қарорлар ижроси орқали муайян вазифаларнинг ҳал этилишига эришилди. Ҳисобот даврида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари томонидан сессиялар кун тартибига 212 ташаббус-масала киритилиб, уларнинг барчаси бўйича тегишли қарорлар қабул қилинишига муваффақ бўлинди. Шундай бўлса-да, партия гуруҳларининг мазкур йўналишдаги фаолиятини янада жонлантириш зарур.

Бугунги давр аҳоли билан доимий мулоқотлар, сайёр қабул ва учрашувлар ташкил этиб, одамларни ўйлантираётган муаммоларга ижобий ечим топишни тақозо этмоқда. Шундан келиб чиқиб, партия чора-тадбирлари доирасида шу йилнинг иккинчи ярим йиллиги давомида ҳудудий кенгаш раислари 100 га яқин сайёр учрашувлар ташкил этди.

Партия етакчиси ўз маърузасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга партия позициясини билдириш, уни кенг жамоатчиликка етказишда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни кучайтириш, партия фракцияси ва депутатлик гуруҳларининг ижро ҳокимияти идоралари фаолияти устидан самарали парламент ва депутатлик назоратини ўрнатиш лозимлиги ҳақида тўхталиб ўтди ва бу борада белгиланиши зарур чора-тадбирларга алоҳида урғу берди.

Очиқ ва ошкора мулоқот тарзида бўлиб ўтган йиғилишда партия фаоллари кўтарилган масалалар юзасидан ўзларининг фикр-мулоҳазалари ҳамда таклифларини билдирди. Якунда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

info@mt.uz

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz