ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


“Замона илми ва фанидан бебаҳра миллат бошқаларга поймол бўлур” 11.07.2018

“Замона илми ва фанидан бебаҳра миллат бошқаларга поймол бўлур”

“Қадим Греция Оврупода цивилизация ўчоғи сифатида қандай ўрин тутган бўлса, Ўзбекистон ва ўзбек халқи Осиёда, бутун туркий ўлкалар ва барча туркий халқлар тарихида ҳудди шундай ўрин эгаллаган”.

Атоқли адиб Чингиз Айтматовнинг бу сўзлари Ватанимиз қадим-қадимдан жаҳон тамаддунлари кесишган чорраҳа бўлгани ва уни ривожлантиришга улкан ҳисса қўшишига яна бир далилдир. XIX аср охири — ХХ аср бошларида Ватанимиз ҳаётида яна бир  миллий уйғониш даври юз берди ва бу бевосита мустамлака зулмига  қарши кўтарилган жадидчилик ҳаракати билан боғлиқ эди. Мустабид тузум миллий ўзликка барҳам беришга зўр бериб киришган пайтда, табиийки,  янгича дунёқарашга эга маҳаллий зиёлилар, яъни жадидлар тўлқини юзага келди. Уларнинг мақсади миллатни илм-фан ва маърифат билан қуроллантириб, ғафлат уйқусидан уйғотиш эди.

Ана шу тўлқинни ҳаракатлантирган пешқадам зиёлилардан бири Мунавварқори Абдурашидхонов эди. Мунавварқори Тошкенти азимнинг эл-юрт орасида ҳурмат қозонган зиёли оилаларидан бирида 1878 йилда дунёга келган. Унга ота-онаси — мадраса мударриси Абдурашидхон ва отинойи Хосиятхон яхши ниятлар билан Мунаввар — “нурга тўлган”, “нур билан ёритилган”, “нурли” деган маънони англатувчи исм қўяди. Мунаввар  ёшлигидан ўз исми шарифига монанд диний-дунёвий илм-фанларнинг нурларидан тўла баҳраманд бўлди. Аввал оиласида, сўнг Тошкентдаги Юнусхон ва Бухородаги мадрасалардан бирида таҳсил олиб етук қорилик мартабасига эришди. Тошкентга қайтиб, ўзи яшаган маҳалла — Дархондаги масжидда имом-қори сифатида фаолият юритиб, халққа  исломий илм нурини ёйди.

Мустамлакачилик зулми оқибатида эл-юртимиз иқтисодий-сиёсий, маданий-маънавий қолоқлик, мутаассиблик, илмсизлик ботқоғида қолган ўша пайтда буларга жавобан Туркистон зиёлилари орасида янгича ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий дунёқараш, миллий уйғониш, яъни жадидчилик ҳаракати пайдо бўлиб, жаҳолатга қарши маърифат шиори остида ривожлана бошлади. Мунавварқори Абдурашидхонов бу сиёсий вазиятнинг мазмун-моҳияти ва мақсад-вазифаларини жуда эрта англаб, 23 ёшида — 1901 йили ўз ҳовлисида Тошкентда биринчи бўлиб “усули савтия”, яъни, янги усулдаги тўрт йиллик (синфлик), пуллик жадид мактабини очади. Бу мактабда ўқувчилар олти ойда савод чиқариб, равон ўқиш ва ёзиш қобилиятига эга бўлдилар. Бунинг учун эски мактабларда беш йил вақт керак бўлар эди. Бундан андоза олган жадид мактаб­лари бутун Туркистон, ҳатто ундан ташқарида ҳам бирин-кетин очилиб, тез кўпая бошлади. Мунавварқори яна бир-икки жойда ўз мактабини очди. У биринчи бўлиб 1908 йилда пуллик икки йиллик “рушдия” жадид мактабини  очиб, ҳозирги миллий, дунёвий ўрта махсус таълимга асос солди. Бу мактаб жуда тез ривожланиб, ҳатто совет даврида ҳам асқотди. У жадидчилик ҳаракати, умуман маориф тарихида “Наъмуна мактаби” номи билан жуда машҳур бўлди.

Яна бир тарихий янгилик.  Мунавварқори Абдурашидхонов “рушдия” мактабида рус тилини ўқитиш учун жуда ҳам қийинчилик билан рухсат олади. Рус тили билан бирга, диний ва дунёвий таълим, яъни ижтимоий-гуманитар ва табиий билимлар анча чуқур ўқитилди. Мазкур мактабни битирганлар хорижий олий ўқув юртларида ўқиш, маҳалла масжидларида имом бўлиш, ўша даврдаги корхона ва ташкилотларда иш юритувчи бўлиб ишлаш имкониятига эга бўлдилар.

Мунавварқорининг мактаби ва бошқа жадид мактабларини маърифатга мухтож халқимиз, айниқса, замонавий мурувватли бойлар қўллаб-қувватлади. Улар мактаб асосчиси тарғиботи билан ўз болаларидан ташқари  камбағалларнинг фарзандларига ҳам каттагина миқдорда маблағни хайрия қилдилар. Буларнинг эвазига камбағалларнинг болалари жадид мактабларида текин ўқитилиб, дарслик ва ўқув қуроллари билан таъминланди.

Мунавварқори мактаби, умуман жадид маорифи ҳудди ҳозиргидек, ишбилармонлик, тадбиркорлик, ислоҳотчилик, янгиланиш асосида ривожланди. Бунинг моддий асосини халқнинг ўзи таъминлади. У жадид мактаблари учун дастур ва дарсликларни биринчи бўлиб амалда тадбиқ этди. Масалан, “Адиби аввал” (Алифбо) дарслиги (1907 й.), “Адибус-соний” (1907 й.)  ўқиш китоби, “Ер юзи” (1908 й.) 3-4 синфлар учун — география ва “Ҳавойижи” (ҳисоб), “Тил сабоқлари” (1925 й.) дарсликлари, “Тажвид” (Қуръони Каримни ўқиш) ва “Сабзавор” (адабий тўплам) каби қўлланмалар шулар жумласидандир.

Аммо бу осонликча юз бермади. Мунавварқори ва бошқалар етакчилигидаги жадидчилик ҳаракати пайдо бўлишидан бошлабоқ, иккита ўта жиддий қарама-қарши ижтимоий-сиёсий кучлар билан тўқнаш келди. Биринчиси — мустамлакачилик сиёсати бўлса, иккинчиси — мусулмон уламо ва зиёлилари орасидаги жаҳолатпарастлик (мутаассиблик) бўлди. Мустамлакачилар иккинчи ҳолатдан жуда усталик билан фойдаланиб, ички мусулмонлараро вазиятни янада оғирлаштирди.

Жадидларнинг асосий мақсадларидан яна бири ва энг муҳими мутаассиблашиб қолган эски олий мадраса таълимини ислоҳ қилиб, халқаро тажрибага асосланган янги диний-дунёвий олий таълимни яратиш бўлган эди. Бунинг учун улар, аввало, иқтидорли ёшларни хорижга ташкилий асосда ўқишга юбориш билан машғул бўлдилар. Шу мақсадда Мунавварқорининг ташаббуси ва етакчилигида 1909 йилда Тошкентда биринчи бор жадидларнинг йирик намоёндалари “Кўмак” номли хайрия жамиятини  ташкил этади. Унинг Низомида асосий мақсад иқтидорли ёшларни чет мамлакатларга ўқишга юбориш ва уларни стипендиялар билан таъминлаш жуда аниқ кўрсатилади.

Бундан ибрат олиб, 1910 йилда Бухоро жадидлари ҳам “Тарбияи атфол”ни тузди. Буларнинг ёрдамида Туркияда 1910 йилда 50 та, 1911 йилда 15 та, 1912 йилда 30 та, Германияда 1922 йилда 70 дан ортиқ ёшлар ўқигани маълум. Германияга борган ёшлар университет ва техникумларда қишлоқ хўжалиги, химия-технология, тарих-филология, архитектура,  тиббиёт, чарм ишлаб чиқариш, педагогика, техника соҳалари бўйича таълим-таҳсил олади. Жадидчилик ҳаракатининг буюк етакчиси Маҳмудхўжа Беҳбудий 1913 йилда “Эҳтиёжи миллат” номли мақоласида ёзади: “…Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдир. Замона илми ва фанидан бебаҳра миллат  бошқаларга поймол бўлур”.

Мунавварқори Абдурашидхонов катта жасорат ва ташаббускорлик билан ўз уйида “Турон”, “Муаллимлар жамияти”, “Гулистон” ва бошқа жадидларнинг ташаббуси билан ташкил этилган мусулмон жамиятлари вакилларини йиғиб, Мусулмон халқ дорилфунуни очиш ҳақида илк бор музокара ўтказади. Йиғилганлар буни қўллаб-қувватлаб, унда 9 кишидан иборат “Мусулмон халқ дорилфунунининг ташкилот комиссияси”ни тузади.

Мунавварқори раҳбарлигидаги миллий олий таълим фидо­йиларининг меҳнати самараси ўлароқ, 1918 йил 12 май шанба куни Мусулмон халқ дорилфунунининг тантанали очилиш маросими бўлди. Бу тантана ҳайъатидан ҳукумат аъзолари — халқ комиссарлари, мусулмон ва рус халқ дорилфунунлари раислари (ректорлари) ва бошқалар жой оладилар.

Бу воқеа кўп йилдан бери тарихий эҳтиёжга айланган, Мунавварқорининг саъй-ҳаракати самараси ила миллий олий таълимга асос солинди, аниқроғи, ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг асоси яратилди.

Мунавварқори Абдурашидхонов ташкил этган Мусулмон халқ дорилфунунининг тарихда тутган ўрни юксак эътироф этилган ҳолда Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2000 йил 28 январдаги фармони билан Тошкент давлат университетига шарафли ҳамда масъулиятли “миллий” мақоми берилди. Фармонда бу миллий университетнинг “асосчилари жадид зиёлилари, унинг ташкил этилган санаси эса 1918 йил 12 май деб белгилансин ва у Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети деб аталсин” дея алоҳида таъкидлаб кўрсатилди.

Миллат, Ватан дея бутун вужуди билан курашган ва бу йўлда жон фидо этган буюк маърифатпарвар Мунавварқори Абдурашидхонов ҳозирги дунёвий бошланғич, ўрта махсус ва олий таълимдан иборат уч босқичли миллий халқ маорифи тизимига асос солганлиги Ватанимиз тарихи саҳифаларида ёрқин ҳарфлар ила ўрин эгаллади. Аслида бу уч босқич ўта оғир тарихий муҳитда амалга оширилди. Шунинг учун ҳам бу ютуқ унинг 53 ёшда ҳазон этилган ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ва миллатпарварлик фаолиятининг бир муҳим жиҳати холос.

Мунавварқори Абдурашидхонов миллий озодлик йўлида жасорат ила курашади. Шунинг учун у “Ҳуррият берилмас, олинур…” деган ҳитобнома билан халққа мурожаат билан чиқади. Шунинг учун бўлса керак, у 1921 йилда давлат тўнтариши ясашда гумон қилиниб қамоққа олинади. Аммо бу исботланмагач, озод этилади ва маълум вақт мобайнида турли лавозимларда фаолият кўрсатади. Унинг амалга оширган ишлари, маориф соҳасини ривожлантириш йўлидаги ҳаракатларини жадид шоири Тавалло, Тангриқулихожи Мақсудов, Лазиз Азиззода, Фитрат, профессор Иброҳим Ёрқин, Салимхон Тиллахонов сингари кўплаб замондошлари илиқ фикрлар ила ёзиб қолдирган.

Мунавварқорининг ўша давр болалари учун ёзилган “Ёлқовлик ёвимиздир” деган шеърининг қуйидаги мисралари бугунги кун ёшлари учун ҳам илм олиш, изланиш йўлида меҳнат қилишга чорловчи, эзгуликка ундовчи қоида сифатида хизмат қилиши шубҳасиз.

Жаннат каби гўзал юртинг йиғлаб,
сендан иш кутадир,
Сенда кўргач ишсизликни,
ҳасрат чекиб, қон ютадир.
Тур ўрнингдан, оч кўзингни,
Айт ёвингга сўнг сўзингни.
Ёвинг кимдир, биласанми?
Нодонликдир, ялқовликдир,
Ёвга қарши курашмаслик —
қўрқоқлиқдир, анқовликдир.
Иш қиличин тур, қўлга ол!
Ёвга қарши чиндан қўзғол!

Мунавварқори Абдурашидхонов каби бир қанча жадидчилик намоёндаларининг ўз халқига қилган буюк хизматларини коммунистик мустамлака мафкурачилари “халққа душманлик” дея талқин қилди. Шу сабабдан ҳам 87 нафар миллат фидойиси “халқ душмани” сифатида  қатағон қурбони бўлди. 1931 йилда эса улардан 15 нафари Мунавварқори билан бирга отувга, қолганлари эса узоқ муддатга сургун қилинди.

Мустақиллик йилларида Мунавварқори Абдурашидхоновнинг номи тикланиб, у ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг асосчиси ва биринчи ректори бўлгани эътироф этилган бўлса-да, лекин миллат ва Ватан олдидаги тарихий хизматлари ҳали кенг ва чуқур ўрганилгани, муносиб баҳо берилгани йўқ. Шу боис бу борада бир неча таклиф билдирмоқчимиз. Жумладан, Миллий университетнинг 100 йиллиги муносабати билан Мунавварқори Абдурашидхонов хотираси абадийлаштирилса, унинг 140 йиллик таваллуди кенг нишонланса, номи эса пойтахтимиздаги Талабалар шаҳарчасида қурилаётган “Талабалар миллий илмий-маърифий маркази”га берилса, адабий, илмий мероси ўрганилиб халққа етказилса, яна бир тарихий ҳақиқат тикланган бўларди. Чунки Мунавварқори Абдурашидхонов мустамлака истибдодига қарши миллий уйғониш (Ренессанс) даврига асос солган жадидчилик ҳаракати, миллий-озодлик курашининг йирик етакчиси ва раҳнамоси, ҳозирги миллий маориф (бошланғич, ўрта махсус ва олий таълим), маърифат ва маънавият, журналис­тика, матбуот, миллий ғоя ва мафкура, болалар адабиёти асосчиларининг ёрқин намоёндаларидан бири, кўп қиррали истеъдодга эга тарихий шахсдир.


Сотимжон ХОЛБОЕВ,
тарих фанлари номзоди, доцент


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz