ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


15.05.2019

Ўзбекистонда эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёши тенглаштирилди


Мамлакатимизда тизимли равишда хотин-қизларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, оналик ва болаликни қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, шунингдек болаларнинг баркамол авлод бўлиб етишишини таъминлаш борасидаги фаолиятнинг институционал ва ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштириш масалалари давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишлари сифатида амалга ошириб келинмоқда.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, жорий йилнинг 23 апрелида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 

Мазкур қарорда, ота-она қарамоғисиз қолган болаларга тегишли тартибда уй-жой масаласини ҳал этиш, уларга барча ижтимоий хизматлар кўрсатиш, шунингдек уларга алимент ундириш борасидаги ҳақ-ҳуқуқларини таъминловчи бандлар киритилган.

Энг эътиборли жиҳати шундаки, ушбу қарорда 2019 йилнинг 1 сентябридан Ўзбекистон Республикасида эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёшини ўн саккиз ёш этиб белгиланиши ҳамда қонун ҳужжатларида оилавий муносабатларни тартибга солишга оид тегишли нормалар бўлмаган тақдирда Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари тамойиллари ва умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ тамойилларига зид бўлмаган маҳаллий урф-одат ва анъаналар қўлланилиши ҳақидаги таклифлари маъқулланганидир.

Дарҳақиқат, соҳада олиб борилган қатор тадқиқотларга кўра, қиз болаларнинг 17 ёшида турмушга чиқиши хавфли эканлиги исботланган. Ушбу масалада БМТ Бош Ассамблеясининг Учинчи қўмитаси аъзолари томонидан қабул қилинган резолюциясида эрта никоҳларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилиб, агар мазкур ҳолатнинг олди олинмаса, 2030 йилга бориб ер юзида 150 миллион вояга етмаган қиз турмушга чиқиши тахмин қилинган. Мазкур ҳужжат муаллифларининг фикрича, эрта ва мажбурий никоҳ – хотин-қизларнинг ҳуқуқларини поймол қилиш билан бирга, уларга нисбатан зўравонликни қўллаш шакли сифатида талқин этилган. БМТ айни кунда иштирокчи давлатларни ушбу масала бўйича қатъий чораларни белгилашга чақирган. 

Сўнгги маълумотларга кўра, дунёда 88 фоиз мамлакатларда эрта никоҳнинг ёши расмий равишда 18 ёш деб белгиланган бўлсада, бироқ амалда 100 га яқин давлатларда никоҳ ёши 18 ёшга тўлмаганлар эканини кўрсатмоқда. 

Дунёда ҳар йили тахминан 16 миллион 15-19 ёшгача бўлган қизлар фарзанд кўради. Энг ачинарлиси, уларнинг 10 тадан ҳар 9 таси эрта турмуш қурганлардир. Бу ёш гуруҳидаги қизларнинг ўлимига асосий сабаб эса эрта ҳомиладорлик ва эрта туғруқлар саналади. Статистик маълумотларга кўра, сўнгги ўн йил мобайнида дунёда 70 миллион эрта никоҳ қайд этилган бўлиб, агар бу тенденция шу ҳолатда давом этаверса, яқин 10 йилликда 18 ёшгача турмуш қурган қизлар сони 2020 йилга келиб 142 миллионга етиши тахмин қилинган.

Мамлакатимизда давлатимиз раҳбари томонидан мазкур қарорнинг қабул қилиниши ёшларимиз билан боғлиқ бўлган салбий ҳолатларни узил-кесил камайтиришга, олдини олишга хизмат қилади. Ушбу қарор юртимизда ювенал юстицияни ривожлантиришда муҳим қадам бўлиб, у вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ жараёнларни янги сифат босқичига олиб чиқиши шубҳасиз. Чунки, ҳали таълимнинг маълум бир босқичида шаклланиши лозим бўлган даврни болалар турмуш ташвиши билан ўтказиши мумкин эмас. “Бешикдан то қабргача илм изла” ҳикмати ўғил ёки қиз бола бўлишидан қатъий назар барчанинг бирдек таълим олишини эслатиб туради.

Эътиборга молик жиҳати шундаки, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳамда Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида 2017 йилда ўтказилган “Аёл, оила ва жамият: қонун ҳужжатлари ва уларни янада такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари” мавзуида Республика илмий-амалий конференциясида миллий қонунчиликда никоҳ ёшини ошириш ҳамда унинг тенглигини таъминлашга қаратилган қатор таклифлар Вазирлар Маҳкамасига киритилган эди.

Бугун эса биз ушбу таклифнинг амалдаги ифодасини кўриб турибмиз. Ўз пайтида қабул қилинган қарорнинг ижросини таъминлашда партия “Аёллар қаноти” депутатлик гуруҳлари билан ҳамкорликда чора-тадбирларни белгилаб олди. Зеро, жамиятда оила институтини янада мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, эрта турмушнинг олдини олиш, соғлом она ва соғлом бола Концепциясини ҳаётга изчил татбиқ этиш каби масалалар Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг устувор вазифаларидандир.



Шахноза Султанова,
Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий
фаоллигини ошириш масалалари бўлими 
бош мутахассиси


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz