ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


03.06.2019

Ўзбекистонда маъмурий ислоҳотлар концепцияси – давлат бошқарувининг миллий инновациявий модели


Мамлакатда ҳозирги даврга келиб давлат ҳокимияти органларини модернизациялаш жараёнлари жадаллашди. Жамият ҳаётининг барча соҳаларини демократлаштиришга доир ислоҳотлар ҳаётнинг барча жабҳаларига тобора чуқурроқ кириб бормоқда. Ислоҳотларнинг асосий пировард мақсади мамлакатда фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлат қуришга қаратилмоқда. Бу ислоҳотларнинг ҳақиқий мазмун-моҳияти – Президент Ш.М.Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Халқ – давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” ғоясини давлат бошқарувининг асосий принципига айланишини таъминлашдан иборатдир.

Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган “давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришга йўналтирилган демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда парламентнинг ҳамда сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш, давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш, давлат хизматининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини ривожлантириш, “Электрон ҳукумат” тизимини такомиллаштириш, давлат хизматлари сифати ва самарасини ошириш, жамоатчилик назорати механизмларини амалда татбиқ этиш, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ролини кучайтириш”га доир вазифаларнинг асосий мақсадлари ҳам фуқаролик жамияти талабларига мос бўлган давлат бошқарув органлари иш услублари мазмун-моҳиятини демократлаштириш, давлат сиёсатининг асосий йўналишларини халқ фаровонлигини оширишга, мамлакатнинг иқтисодий-ижтимоий салоҳиятини юксак даражага кўтаришга қаратилгандир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони мамлакатда давлат ҳокимияти органларини модернизациялаш соҳасидаги туб бурилишни амалга оширишга қаратилгандир. Фармонда Ҳаракатлар стратегиясининг давлат бошқарувининг бутунлай янги, самарали ва сифатли бўлишини таъминлайдиган, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг уйғунликдаги фаолиятини ташкил этиш мақсадини қўйган “Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепцияси” тасдиқланди.

Мазкур концепцияда ҳозирги даврда давлат ва маҳаллий ҳокимият бошқаруви тизимида тўпланиб қолган муаммолар ва камчиликлар, уларнинг маъмурий ислоҳотларга жиддий тўсқинлик қилаётганлиги очиб ташланди. Бошқача айтганда, мазкур фармонда нафақат маъмурий ислоҳотларни амалга ошириш вазифалари, балки бу ислоҳотларни амалга оширишга ғов бўлаётган эски анъанавий бошқарув усулларининг асоратлари, уларнинг қандай тарзда ва қандай ҳолатда давлат бошқарувини модернизациялашга имкон бермаётганлигининг тафсилотлари атрофлича таҳлил этилди.

Ўзбекистон Республикасида Маъмурий илоҳотлар концепцияси ислоҳотлар, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва давлат дастурларининг тўлиқ рўёбга чиқарилишини таъминлай оладиган, шунингдек, ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш муаммоларини ўз вақтида аниқлайдиган ва самарали ҳал қиладиган янги давлат бошқаруви тизимини шакллантириш мақсадида қабул қилинди. Унинг бош вазифаси – давлат бошқарувининг концептуал янги моделини шакллантиришдан иборатдир. 

Маъмурий иcлоҳотлар концепцияси нафақат давлат бошқарувини демократлаштириш, балки жамиятнинг барча соҳаларида ўзгаришларга олиб келадиган ислоҳотлар – фуқаролик жамиятига хос бўлган ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий ва иқтисодий  ҳаёт тарзини шакллантириш, модернизациялашган, ривожланган давлатларнинг тўлиқ сифатларини ўзида намоён этадиган давлат қуришнинг стратегик мақсадини ифодалайди.

Мақолада биз фақат концепциянинг тўртинчи йўналиши “Вертикал бошқарув тизими ва ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамкорлигининг механизмларини такомиллаштириш” соҳасидаги вазифаларни чуқурроқ тасаввур этиш учун бу соҳада ривожланган давлатлар тажрибасига кўпроқ эътибор қаратамиз. Бу соҳадаги ислоҳотлар давлат ҳокимияти органларини номарказлаштириш дейилади. У маъмурий ислоҳотларнинг асосий йўналиши сифатида давлат бошқарув органларини номарказлаштиришни назарда тутади.

Маъмурий ислоҳотларнинг (“маъмурий” тушунчаси лотин тилидан келиб чиққан “администрациявий” маъносини беради; administrate бошқарув, раҳбарлик демакдир) йўналишлари ғарб мамлакатларида давлат ҳокимияти ва маҳаллий ҳокимият органларини номарказлаштириш (децентрализациялаш) дейилади. Маъмурий ислоҳотларнинг негизини ташкил этган номарказлаштириш ислоҳотлари дастлаб 1982 йилда Францияда бошланди. Оз фурсатдан кейин бу каби ислоҳотлар АҚШ, Буюк Британия, Германия, Австралия, Янги Зеландия, Швеция ва бошқа ғарб давлатларида бошланди. Қисқа давр ичида номарказлаштириш ғоялари жаҳондаги мамлакатларнинг аксарият қисмига тарқалди. Бу ислоҳотлар қисқа давр ичида ўзининг ижобий самараларини бера бошлади.

ХХ асрнинг 80-йилларида давлат бошқаруви соҳасидаги ислоҳотлар аксарият мамлакатлар учун долзарб масала сифатида намоён бўлди. Бу ислоҳотлар асосан давлат ва ҳукумат органларининг жамиятдаги ролини янгидан англай бошлашга ва уларнинг фуқаролар билан ўзаро алоқаларини яқинлаштириш кабиларга эришишга қаратилди. Қатор мамлакатларда одамлар солиқ юкини камайтириш ва маъмурий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш талаби билан чиқа бошлаган эди. Бунинг натижасида турли мамлакатлар ҳукуматлари ўз ечимини кутаётган бир хилдаги муаммолар – нафақат давлатни молиялаштиришни кўпайтирмаслик, балки озайтириш асосида давлат ёки маъмурий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва улар миқдорини кўпайтириш кабиларни ечимларини топишга киришди.

XIX асрнинг охиридан бошлаб ғарб мамлакатларининг вазирликларга асосланган бошқарув тизими иқтисодиётга раҳбарлик қилиш ижтимоий масалалар ечимини топишда ўз имкониятлари анча чекланиб қолганлиги сезилди. АҚШда вазирликларга кўмаклашиш мақсадида функционал номарказлашган муассасалар – мустақил агентликлар ташкил этилди. Буюк Британияда ижтимоий корпорациялар, Францияда ижтимоий идоралар тузилди. Номарказлашган тузилмаларга кенг бошқарув ваколатлари берилгани учун маъмурий ҳуқуқ субъектлари функцияларини бажара бошлади (масалан АҚШ Федерал савдо комиссияси). Номарказлашган муассасалар аниқ тижорат ва хўжалик фаолиятини амалга ошира бошлади. Шунинг учун ҳам улар хусусий ҳуқуқ субъекти сифатида ҳам намоён бўла бошлади. Бу янги тузилмалар ўз фаолият учун иш усуллари ва шаклларини танлашда эркин бўлгани учун бозор иқтисодиёти қонуниятларига тезлик билан мослаша бошлади, уларнинг бошқарув самараси ошди.

Аксарият давлатларда вазирлик тизими тармоқ бошқаруви сифатида эмас, балки мақсадга мувофиқлик принципи асосида фаолият юритишининг афзаллиги эътироф этилди. Вазирликлар асосий вазифаси раҳбарлик қилишга эмас, балки стратегик бошқарувга – мувофиқлаштириш ва назорат этишга қаратилди.

Ғарбдаги маъмурий ислоҳотларнинг моҳияти – бу маданият ва бизнесга мувофиқ равишда давлат бошқарув маданияти ва фалсафасини тубдан ўзгартиришдан иборат бўлди. Ривожланган мамлакатларда эски бюрократик бошқарув маданиятига қарама-қарши ўлароқ давлат бошқарув тизимига ишбилармонлик, ташаббускорлик, мижоз учун ғамхўрлик қилиш руҳи кириб келди.

Таниқли ғарб олими Роберт Эбель ҳокимият органларини номарказлаштириш аҳамиятини қуйидагича ифодалаб берди: “Ғарб олами номарказлаштиришни ижтимоий хизмат кўрсатишнинг кам харажатли муқобил усули, деб тушунади. Ривожланаётган мамлакатлар уни иқтисодиёт самарасини ошириш ва бошқарувни яхшилаш учун амалга оширади. Собиқ иттифоқ давлатлари уни бозор иқтисодиёти ва демократияга ўтиш сари табиий бир қадам сифатида қабул қилади. Лотин Америкаси номарказлаштиришга демократаштириш воситаси сифатида ёндашади. Африка эса уни миллий бирлик сари йўл, деб билмоқда”.

Ривожланган мамлакатлар тажрибасига биноан номарказлаштириш марказий ҳукумат ва унинг органларини ўзларидан қуйироқдаги бошқарувга режалаштириш, менежмент, ресурслардан фойдаланиш масъуллигини узатиш (бериш) маъносини беради. Номарказлаштириш субсидиарлик (лотинча захира, ёрдамчи, кўмакчи) тушунчаси билан узвий боғлиқ бўлиб, унга мувофиқ равишда функциялар ёки вазифалар ижтимоий бошқарувнинг энг қуйи даражаларига ўтказилади.

Номарказлаштиришнинг учта – сиёсий, маъмурий ва фискал турлари, деволюция, ваколатларни узатиш ва деконцентрация шакллари мавжуд. Сиёсий номарказлаштириш – сиёсий ҳокимиятни минтақавий ҳокимият органлари – фуқаролар йиғинларидан бошлаб маҳаллий ҳокимият органларигача бўлган даражаларга бериш демакдир. Деволюция (инглизча devolution ваколат ёки мажбуриятни бериш) – бу маҳаллий ҳокимият органларини мустақил ёки автоном бўлишини таъминлаш мақсадида уларга бошқарув масъуллиги, ҳокимият, даромадлар ресурслари ва манбаларини тасарруф этишни берилиши демакдир. Маъмурий номарказлаштириш – турли ижтимоий хизматларни мувофиқлаштириш ва бошқаришга доир қарорлар қабул қилиш, уларнинг ресурслари ва бошқарув масъуллигини қуйи давлат ҳокимияти ва ўзини ўзи бошқариш органларига беришни англатади. Деконцентрация – марказий ҳукуматнинг баъзи ваколатлари ва масъуллигини иерархик бўйсунишни сақлаб қолган ҳолда маҳаллий ҳокимият органларига бериш демакдир. Деконцентрация бошқарувни номарказлаштириш сари қўйилган дастлабки қадам ҳисобланади. Ваколатларни узатиш – марказдаги ҳокимият ва унинг масъуллигини маҳаллий бошқарув органларига (доимо ҳам марказий ҳокимиятнинг маҳаллий бўлинмаси бўлиши шарт бўлмаган) қайтадан тақсимлаб беришдир. Бунда маҳаллий бошқарув органларига масъуллик берилгани билан уларни вертикал бўйсуниши сақланиб қолади. Фискал номарказлаштириш (лотинча fiscalis давлатга қарашли; ғазна, солиқ) – бу ҳокимиятни номарказлаштиришнинг анча тўлиқ ва шаффоф тури бўлиб, у тўғридан-тўғри бюджет амалиёти билан боғлиқдир. У яна ресурсларни марказдан ҳудудларга беришни ҳам англатади.

Лекин, ҳозирги даврга келиб аксарият давлатларда давлат ислоҳотлари маъмурий, бюджет ва давлат бошқаруви каби йўналишларнинг қайси бирида амалга оширилмасин, уларнинг барчаси учун умумийлик касб этадиган қуйидаги мақсадларни амалга оширишга қаратилди: бюджет хизматининг сифатини ошириш; давлат харажатларини самарадорлигини ошириш; ижроия ҳокимият ва унинг барча даражадаги органлари фаолияти ва бошқарув тизимининг самарасини ва сифатини ошириш.

Ҳозирги даврда АҚШ, Буюк Британия, Франция, Германия каби мамлакатларда давлат ижроия ҳокимияти органларини бошқарув натижалари бўйича баҳолашга оид концепциялари асосида ислоҳотлар амалга оширила бошланди. Бу каби янги ўзгаришлар кўплаб мамлакатларга тарқалди. Шунинг учун ҳам ҳукуматларнинг бюджет хизмати сифатини ошириш асосида аҳоли билан фаол ҳамкорлик қилиши масалалари ечимини топиш долзарб вазифага айланди. Ҳукуматлар давлат хизматига нисбатан аҳолининг қандай хоҳиш эътибори кўпроқ мойиллигини аниқлаш учун уларнинг фикрларини доимий равишда мониторинг қилиб боради. Жумладан, Буюк Британия муниципал органлари доимий равишда аҳоли ўртасида кўрсатилаётган давлат хизматининг сифати, унинг солиқ юки ва ҳажмига қанчалик мувофиқ келиши даражаси тўғрисида сўровномалар ўтказиб туришга муҳим аҳамият бера бошлади.

Бу соҳадаги ислоҳотларни амалга ошириш вазифаларидан бири – бу фуқаролар билан ишлаш регламентлари тизимини ишлаб чиқишдан иборат бўлди. Буюк Британияда бу каби тизим “фуқаролар билан ишлаш стандартлари” деб аталди. Унда давлат хизматчилари учун аҳоли билан ишлашнинг аниқ кўрсаткичлари белгиланди. Францияда эса 2000 йилдан буён ҳар бир давлат муассасаси учун фуқаролар билан муносабатлар ўрнатишнинг йўл-йўриқлари ва мажбуриятлари “Давлат хизматини мувофиқлаштириш тўғрисида”ги қонунга киритилди. Ундан ташқари, ҳукумат яна “кўплаб давлат хизмати олиш турларини соддалаштириш”га доир қарорлар қабул қилди, аҳолидан тўловлар олишнинг янги қоидалари жорий этилди.

Европа мамлакатларида аҳолига сифатли давлат хизмати кўрсатиш мақсадида махсус хизматлар ташкил этила бошланди. Иш қидираётган фуқаролар учун махсус шахсий кейс-менежер (case-manager) ажратилди. У ўз эгаси учун иш топиш билан боғлиқ давлат хизматлар тўғрисида ахборотлар беришдан ташқари бу соҳа билан боғлиқ бўлган барча давлат хизматларидан маълумотларни ҳам йиғиб беради.

Бу соҳадаги яна бир йўналиш – бу ривожланган мамлакатларда аҳолига кўрсатилаётган давлат хизматининг шаффофлигини ошириш ва бу хизматларни тезкорлигини таъминлашга қаратиш ҳисобланади. Бу вазифаларни амалга оширишни таъминлаш транспорт, вилоятлар ва муниципалатетлар департаментларига топширилган. Улар ҳар йилда ўз расмий сайтларида энг самарали ва сифатли тажриба кодекси индексларини ишлаб чиқиб аҳолига тақдим этади. Шунингдек, 2000 йилдан бошлаб аксарият ғарб мамлакатларида ҳар бир вазирликнинг хизмат кўрсатиш сифатини баҳолаш режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш қоидаси ўрнатилган.

Европа мамлакатларида маъмурий ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бири сифатида очиқ бошқарув тизимини шакллантиришга муҳим аҳамият берилди. Шу мақсадда маъмурий фаолият ва суд ишларини олиб бориш анча такомиллаштирилди. Агар бу соҳадаги ислоҳотларга Буюк Британия тажрибасини мисол келтирсак, бу давлатда кейинги ўн йилликда бошқарув тизимидаги қуйидаги муаммолар ечимини ҳал этишга эътибор қаратилди:

-давлат бошқарув органларининг барча сифат кўрсаткичларини бизнес бошқарувидан, айниқса, корпоротив бошқарувдан анча орқада қолганлиги;

-менежмент ва ахборот технологиялари тинимсиз равишда такомиллашиб бориши муҳитида давлат бошқаруви функцияларини амалга оширишнинг янада қимматлашиб бориши;

-давлат аппарати тизимида зарурат сезилмайдиган мансабларнинг мавжудлиги, давлат хизматчиларининг ўз бурчларига жонкуярлик билан ёндашишини таъминлашнинг иложи йўқлиги, уларда ўз бурчларига нисбатан масъулликнинг етишмаслиги;

-тежамкор ва самарали давлат бошқарувини шакллантириш эҳтиёжларининг кучайиб бориши, мавжуд бошқарув ресурсларидан олинадиган натижалар ҳозирги даврдаги талабларга жавоб бермаслиги, уларнинг бошқарув фаолиятини баҳолаш тизимини ислоҳ этиш зарурати пайдо бўлганлиги.

Мазкур муаммоларни ҳал этишга қаратилган ислоҳотлар натижасида Буюк Британия жамиятида фуқаролик жамияти асослари янада мустаҳкамланди, жамиятдаги барқарорликнинг доимийлигини таъминлашга доир механизмлар шаклланди. Аҳоли фаровонлиги ҳам анча ўсди.

Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясида давлат ҳокимияти органларини номарказлаштириш соҳасида қуйидаги вазифалар қўйилди: давлат бошқаруви органлари ваколатларини маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, вилоятдан туман (шаҳар) давлат ҳокимияти органларига ўтказишни назарда тутган ҳолда, давлат бошқарувини босқичма-босқич номарказлаштириш, маҳаллий давлат ҳокимияти тизимини ташкил этишда ҳокимиятлар бўлиниши тамойилининг амалий рўёбга чиқарилишини таъминлаш, келгусида маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва ҳокимлар фаолияти устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини таъминлашга қаратилган ҳокимларни сайлаш тартибини жорий этиш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг долзарб масалаларини ҳал этишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ролини ва фаолият самарадорлигини ошириш.

Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, мамлакатда маъмурий ислоҳотларни амалга ошириш мақсадларидан бири – бу номарказлаштириш асосида фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлатни шакллантиришдир. Фуқаролик жамияти давлат органлари ҳокимиятлар бўлинишининг нафақат горизонтал, балки вертикал бўлиниши, яъни сайланадиган давлат органларининг мавжудлиги шароитидагина ривожланиши мумкин. Давлат ва жамият манфаатлари билан шахснинг манфаатлари уйғунлашган фуқаролик жамияти шароитида фуқароларнинг ўз ҳуқуқлари ҳам манфаатлари асосида ижтимоий бирликларга уюшиш ва шу асосда ҳокимият органларини назорат қилиш, уларда иштирок этиш майллари шаклланиб ва ўсиб боради.

Мамлакатдаги маъмурий ислоҳотлар ёш салоҳиятли йигит-қизларни истиқболда раҳбар кадрлар сифатида намоён бўлишига шарт-шароитлар яратади. Ўзбекистон тарихида илк маротаба истиқболли раҳбар кадрларни танлаб олиш бўйича махсус “Тараққиёт“ танлови ташкил этилиши фикримизга далилдир.      Бу танловда Ўзбекистон ёшлари иштирок этиб, унда хориж тажрибасини ўрганаётган вақтда уларнинг номинациялар борасидаги ишларини ижобий, деб топилган, миллий тажрибада қўлланиб келинаётган жиҳат – бу танлов иштирокчиларининг раҳбарлик тажрибасига эга бўлиши кераклиги ҳисобланади. Танловнинг кўп босқичлилиги, танлов иштирокчилари учун талабларнинг имкон қадар қисқартирилгани ҳам эътиборга молик. Бу танловда кенг аҳоли ёш қатлами иштирок этиши мумкинлигини билдиради. Яъни давлат ташкилотларида ишламаётган ёки ҳеч қайси бир давлат органи тавсия қилмаган, лекин потенциалга эга, билимли, инновацион ғояли, раҳбарлик салоҳияти бор кадрларни танлаб олиш имконини беради.

Фуқаролик жамияти шароитида марказий ҳокимият ваколатлари маҳаллий ҳокимият органлари ва фуқаролик жамияти институтларига ўтказиб борилиши натижасида фуқароларнинг, айниқса, ёшларнинг ўзлари ҳам бошқарув органларида шахсан иштирок этишлари зарурат ва бурчга айланади. Фуқароларнинг давлат билан бу каби ўзаро шерикчилиги ўзаро консенсусни ва жамият барқарорлигини таъминлайди.

Маъмурий ислоҳотларнинг яна муҳим жиҳати шундаки, у давлат ҳокимияти органларининг бошқарув фаолиятини анча чегаралаши натижасида жамиятда фуқароларнинг ўзини ўзини бошқаришга интилишлари кучайиб боришига имконият туғилади. Бунинг аҳамияти шундаки, ўзини ўзи ҳаётга татбиқ этиш учун яратилган шарт-шароитлар фуқароларда эркинлик ва шахсий ташаббускорлик фазилатларининг юксалишига кенг имкониятлар яратади. Энг муҳими шундаки, инсон ўзидаги хоҳиш ва манфаатларни эркин ифодалаш ҳиссига эга бўлиши натижасида унда ўз-ўзидан фаровонлик сари интилиш майллари ривожланади. Иқтисодий салоҳият юксалиши фақат эркин инсон фаолияти учун хос бўлишини эътиборга олсак, маъмурий ислоҳотлар натижаси ўлароқ мамлакат иқтисодий қудрати ҳам кучайиши муқаррардир.






Муқимжон Қирғизбоев,
Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар
университети “Умумтаълим фанлари” кафедраси мудири,
сиёсий фанлар доктори, профессор





Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz