ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


Ўзбекистонда замонавий логистика йўналишларини кенгайтириш  масаласи парламент назоратида 12.03.2019

Ўзбекистонда замонавий логистика йўналишларини кенгайтириш масаласи парламент назоратида

Бугун Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси ҳамкорлигида «Ўзбекистан ҳаво йўллари» МАК ва «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ раҳбарларининг «Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини оширишда замонавий логистика йўналишларини кенгайтириш масалалари тўғрисида»ги ахборотлари эшитилди.

Унда парламент қуйи палатаси депутатлари, вазирлик ва идора раҳбарлари, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» ва «Ўзбекистон темир йўллари» компаниялари раҳбарлари, «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши аъзолари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, экспертлар ҳамда ОАВ вакиллари қатнашди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида юртимизда транспорт-логистика тизимини такомиллаштириш долзарб масала эканлиги, денгизга чиқиш имкониятимиз чеклангани учун маҳсулотни экспорт қилишда қийинчиликларнинг мавжудлиги, шу боис, «Ўзбекистан ҳаво йўллари» МАК ва «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ компаниялари товарларимизни экспорт қилиш бўйича замонавий логистика йўналишларини яратишлари зарурлиги, Вазирлар Маҳкамаси эса экспорт юкларини қўшни давлатлардан темир йўл орқали имтиёзли нархларда ўтказиш бўйича музокаралар олиб бориши кераклиги, шу билан бирга, Жаҳон банкининг «Логистика самарадорлиги индекси»даги ўрнимизни камида 20 позиция юқорига кўтариш чораларини кўриш масалалари кўтарилган эди.

Депутатлар Мурожаатномада белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлашда парламент назорати механизмларидан самарали фойдаланиш доирасида мамлакатимиздаги иккита йирик ташувчи компаниялар раҳбарларининг мазкур соҳада олиб борилаётган ишлар билан бирга бугунги куннинг долзарб масалалари хусусида ҳам фикр-мулоҳазалар билдирдилар.

photo_2019-03-12_16-00-45.jpg

Хусусан, фуқаро авиациясини ривожлантириш, шу жумладан ҳаво кемалари паркини янгилаш, парвозларнинг юқори даражадаги хавфсизлигини таъминлаш, аэропортлар инфратузилмасини, ҳаво ҳаракатини бошқариш ва малакали мутахассислар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича изчил чоралар кўрилди. Президентимиз томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишни купайтириш ва рағбатлантириш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 2018 йилда авиайўналишлар орқали қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилиш географияси сезиларли даражада кенгайди.

Мисол учун 2016 йилда Ўзбекистон Республикаси «Ўзбекистан ҳаво йўллари» МАК орқали 800 тоннадан ортиқ қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ташилган, шундан 600 тоннаси (75%) Москва шаҳри йўналишига тўғри келган бўлса, 2018 йилда эса МАК рейслари орқали экспорт ҳажми 1850 тоннага етди, шундан 600 тоннаси БАА йўналишига, 500 тоннаси эса Москва шаҳри ва Инчхон шаҳри (Жанубий Корея) йўналиши бўйича етказиб берилди.

2018 йилда Жанубий Кореяга экспорт қилиш кескин ошди, 2017 йилга нисбатан мазкур йўналиш бўйича юк ташиш ҳажми 5 баробарга ошган. Шунингдек, БАА йўналиши бўйича экспорт ҳажми икки баробарга ошди.

Эътироф этиш лозимки, МАК рейслари орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишнинг ошиши ҳақида гапирар эканмиз, 2018 йилда 1850 тонна юк ташилган бўлиб, ушбу кўрсаткич 2017 йилга нисбатан 731 тоннага кўпайган.

Шунингдек, мамлакатимиз иқтисодиётнинг қон томирлари бўлган темир йул соҳасида ҳам босқичма-босқич истиқболли лойиҳалар бажарилмоқда, жумладан замонавий логистика хизматларини ривожлантириш, уларнинг сифатини ошириш, мультимодал ва интермодал тизимлари яратилмоқда. Тадбиркорларга қулайлик яратиш ва экспортга кўмаклашиш мақсадида юк жўнатувчиларга «Ягона дарча» тамойили асосида хизмат кўрсатиш, юкларни манзилларига етказиш муддатларини қискартириш юзасидан ишлар амалга оширилмоқда.

Натижада, 2018 йилда Ўзбекистон темир йўлларида юк ташиш ҳажми қарийиб 95 млн.тоннани (110%) ташкил этди, шу жумладан, маҳаллий йўналишларда юк ташиш ҳажми 61 млн.тонна, (105,7%), экспорт юкларини ташиш 8,2 млн.тонна (106,0%), импорт юкларини ташиш ҳажми 18 млн.тонна (138%) ташкил этди.

Тадбир давомида иштирокчилар томонидан экспорт юкларини қўшни давлатлардан темир йўл орқали имтиёзли нархларда ўтказиш ва Жаҳон банкининг «Логистика самарадорлиги индекси»даги мамлакатимиз ўрнини юқори позицияларга кўтариш, ривожланган давлатларнинг логистика марказлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш тажрибасини таҳлил қилиш, тизимга хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, замонавий транспорт тармоқлари, транспорт воситалари ва транспорт компанияларини ўз ичига олган транспорт логистика марказларини барпо этиш масалаларига эътибор қаратиш зарурлигига алоҳида урғу берилди.

photo_2019-03-12_16-00-41.jpg

Қайд этиш лозимки, «Миллий тикланиш» демократик партиясининг сайловолди Платформасидаги иқтисодий соҳадаги асосий мақсадларидан бири этиб кучли миллий иқтисодиётни шакллантириш белгиланган. Бу эса Ўзбекистоннинг жаҳондаги иқтисодий ва индустриал жиҳатдан ривожланган давлатлар қаторидан ўрин олишга қаратилган давлат сиёсатини амалга оширишда фаол иштирок этиши, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, шунингдек икки йирик миллий ташувчилар «Ўзбекистон ҳаво йўллари» ва «Ўзбекистон темир йўллари» компанияларининг ички ва ташқи бозордаги мавқеини мустаҳкамлашда фаол иштирок этиши билан аҳамиятлидир.

Шу билан бирга, фракция ва қўмита аъзолари томонидан «Ўзбекистан ҳаво йўллари» МАК ва «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томонидан янги логистика йўналишларини очиш, йўл харажатлари таннархини қисқартириш, соҳа мутахассисларини қайта тайёрлаш ва соҳада рақобатни ривожлантиришга етарли эътибор берилмаётганлиги ҳамда экспортни амалга ошириш учун талаб қилинадиган кўплаб ҳужжатларни расмийлаштириш (тахминан 10 та ҳужжат) ва кўп вақт сарфланиши (ўртача 11 кун) масалалари танқид қилинди. Бошқарувнинг эскирган ва шаффоф бўлмаган тизими тармоқ корхоналарида менежментнинг замонавий тизимини жорий этиш, уларнинг молиявий барқарорлиги ва рентабеллигини таъминлаш имконини бермаётганлиги каби масалалар танқид қилинди.

Бу вазифаларни амалга оширишда биринчи навбатда, барча даражадаги раҳбарлар ўз фаолиятини танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик асосида ташкил этишлари зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Парламент аъзолари тадбирда билдирилган таклифлар асосида иқтисодиётимизни ривожлантиришда замонавий логистика йўналишларини кенгайтириш борасида мавжуд қонунчиликни такомиллаштириш, парламент назорати механизмларидан самарали фойдаланиш бўйича келгусида олиб бориладиган ишларни белгилаб олдилар.

Фракция ва қўмита аъзолари йиғилиш кун тартибидаги масалани атрофлича муҳокама қилиб, тегишли қарорни қабул қилдилар.


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz