ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


Жаҳонгир ШИРИНОВ: Халқ давлат ҳокимияти тизимида ўз вакили борлигини сезиши керак 12.01.2018

Жаҳонгир ШИРИНОВ: Халқ давлат ҳокимияти тизимида ўз вакили борлигини сезиши керак

2018 йил 9 январь куни “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди.

Мазкур Қонун Олий Мажлиснинг Конституция ва қонунлар, давлат дастурлари ижроси устидан парламент назоратини олиб бориш борасидаги фаолиятини такомиллаштиришга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади. Бинобарин, Қонун билан парламент назоратининг объекти кенгайтирилди. Эндиликда парламент назорати нафақат давлат органлари фаолияти устидан, балки хўжалик бошқаруви органлари устидан ҳам олиб борилиши белгиланди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилнинг 22 декабрь куни Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида Олий Мажлис томонидан аниқланган муаммолар ёки сайловчилар кўтараётган масалалар ижро ҳокимияти олдига қатъий қўйилмаётганлиги ҳақли равишда танқид қилинган эди.

Депутатлик назоратини самарали амалга оширишда, айниқса жойларда аҳоли томонидан кўтарилаётган масалаларни мутасадди раҳбарлар олдига қўйишда “ҳукумат соати” институтининг жорий этилгани айни муддао бўлди.

Жойлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганиш шуни кўрсатмоқдаки одамларни ташвишлантираётган масалалар фақат давлат хокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти билан боғлиқ эмас, балки давлат органлари сирасига кирмайдиган бошқа ташкилотлар (масалан: электр-,сув-,газ таъминоти ва бошқалар) фаолиятига ҳам тегишли.

Айрим хорижий мамлакатларда парламент назоратини амалга ошириш доирасига хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти ҳам киритилган. Масалан, Франция қонунчилигига мувофиқ парламент ижро ҳокимияти устидан ҳам, маҳаллийлаштирилган корхоналар фаолияти устидан ҳам, шунингдек давлат улуши 50 фоиздан кўп бўлган корхоналар фаолияти устидан ҳам назорат қилиш хуқуқига эга. Финляндияда парламент давлат акция пакетларига эга бўлган компаниялар устидан назорат қилиш ваколатига эга.

Бундан ташқари, қонун билан парламент назоратининг янги шакли, яъни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “ҳукумат соати” институти киритилган бўлса, Сенатда ҳокимларнинг тегишли ҳудудни ривожлантириш масалалари бўйича ҳисоботларини эшитиш жорий этилди.

Парламент назоратининг “ҳукумат соати” шаклида ўтказилиши Франция, Буюк Британия, Германия каби мамлакатлар тажрибасида жуда ҳам ёрқин намоён бўлиб, у ҳукумат билан парламентнинг ўзаро ҳамкорлигидаги энг самарали усуллардан бири эканлигини кўрсатмоқда. Шуни айтиш жоизки, Францияда “ҳукумат соати” институти 1974 йилдан бошлаб жорий этилган.

Шунга мувофиқ, жорий йилнинг 9 январь куни қабул қилинган қонун билан миллий парламентимиз фаолиятини тартибга солувчи 5 та қонун, шу жумладан 2 та конституциявий қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонуннинг 4-моддасига киритилган ўзгартишларга мувофиқ давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ҳамда улар мансабдор шахсларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг ва улар органларининг қарорларини, давлат дастурларини ижро этиш, шунингдек ўз зиммаларига юклатилган вазифалар ҳамда функцияларни амалга ошириш бўйича фаолияти парламент назорати объекти сифатида белгиланди.

“Парламент назорати тўғрисида”ги Қонун янги 101 ва 102-моддалар билан тўлдирилди. Жумладан, Қонуннинг 101-моддасида “ҳукумат соати”ни олиб бориш тартиби белгиланди.

Унга мувофиқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, қоида тариқасида, бир ойда бир марта ўз мажлисида ҳукумат аъзоларининг Қонунчилик палатаси депутатлари саволларига жавобларини эшитади. Бундан кўринадики, мазкур назорат шаклини амалга ошириш учун тегишли ҳукумат аъзоси олдига савол қўйилиб, ушбу саволнинг бевосита муаллифи халқ вакили – депутат ҳисобланади.

Худди шундай, Қонуннинг 102-моддасида яна бир янги назорат шакли, яъни Сенат мажлисида вилоят, туман, шаҳар ҳокимларининг тегишли ҳудудни ривожлантириш масалалари юзасидан ҳисоботини эшитиш тартиби белгиланди.

Юқорида қайд этилганидек парламент назорати объектининг кенгайтирилиши ва янги назорат шаклларининг жорий этилиши муносабати билан “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида”ги Конституциявий қонунлар ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Регламенти тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати Регламенти тўғрисида”ги қонунларга ҳам тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Шунга мувофиқ, ижро ҳокимияти устидан парламент назоратининг амалдаги тизимини танқидий жиҳатдан қайта кўриб чиқиш, хусусан 2018 йилга мўлжалланган “ҳукумат соати” режасини тасдиқлаб уни амалиётга татбиқ этиш, мазкур назорат шакли доирасида кўтариладиган масаларни бевосита аҳолидан, сайловчилардан олиш, шунингдек парламент назорати якуни бўйича таъсирчан чораларни кўришни замоннинг ўзи талаб этмоқда.

Жаҳонгир ШИРИНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

info@mt.uz

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz