ЎзМТДП Бухоро вилоят кенгаши раиси Махсуд МУҲАММЕДОВ билан суҳбат


" /> ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ
ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


11.06.2019

ЎзМТДП Бухоро вилоят кенгаши фаолияти бугунги кун талабига мосми?


Яқинда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Бухоро вилоят кенгашининг навбатдан ташқари кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтган эди. Йиғилишда партия Бухоро вилоят кенгашининг 2018 йилдаги фаолияти, шу йилнинг биринчи чорак якунлари таҳлил қилинди, маданий мерос объектларини ўрганиш, бу борада партия гуруҳлари томонидан амалга оширилган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар, фойдаланилмаган имкониятларга эътибор қаратилди, уларни тезроқ бартараф этиш чоралари кўрилиб, вазифалар белгиланди.


— Партия вилоят кенгашининг танқидий-таҳлилий руҳда ўтган навбатдан ташқари йиғилишидан қандай хулосалар чиқарилди?

— Бугунги давр сиёсий партияларнинг вакиллари ва депутатлардан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг иштирокчиси, ташаббус­кори бўлишни тақозо этмоқда. Аммо тан олиш керак, ҳақиқатан ҳам бугунги кунда партия ҳудудий кенгашларида фаолият кўрсатаётган ходимларнинг барчаси етарли билим ва малакага эга, деб бўлмайди. Шу боис ҳам партия вилоят кенгашининг кенгайтирилган мажлисида фаолиятимизга билдирилган танқидлардан хулоса чиқариб, йўл қўйилган камчиликларни таҳлил қилдик, фойдаланилмаган имкониятларни ўргандик. Бугун халқимиз манфаати йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар, партиямизнинг дастурий мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда партия вилоят ва туман кенгашлари, депутатлар олдига фаолиятимизни жонлантириш, ташаббускор ғоялар асосида иш олиб бориш бўйича аниқ вазифаларни белгиладик. Ҳар бир топшириқ бўйича масъуллар тайинланиб, жавобгарликни кучайтириш чораларини кўрдик.

Партиянинг “Уйма-уй”, “Депутат билан юзма-юз”, “Хизмат — беминнат” лойи­ҳалари йўналишидаги ишларни янада самарали ташкил этиш мақсадида депутатлик гуруҳлари билан мунтазам иш олиб борилиб, улар фаолияти юзасидан ҳафталик ишлар мониторингини юритиш йўлга қўйилган. Аниқ манзилли чора-тадбирлар режаси белгиланиб, бир кун, ҳафта ёки бир ой мобайнида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар белгиланган. Кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандларини партиянинг “Хизмат — беминнат” лойи­ҳаси доирасида бепул таълим олиши ва ҳунар ўрганишини таъминлаш мақсадида маҳаллий кенгаш депутатлари билан ҳамкорлик режаси ишлаб чиқилган.


— Президентимиз шу йилнинг 29-30 март кунлари Бухоро вилоятига ташрифи чоғида вилоят фаоллари, мутасадди раҳбарлар иштирокидаги йиғилишида Ислом дунёси марказларидан бири ҳисобланган Бухорони “саёҳатлар чорраҳаси”га айлантириш лозимлигини таъкид­лаб, бир қанча таклифлар берган эди. Партия вилоят кенгаши томонидан бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда?  

 — ЎзМТДП вилоят кенгаши, ҳудудий ташкилотлари партиянинг дастурий мақсад ва сайловолди Платформасидан келиб чиққан ҳолда Бухорода туризмни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларда фаол иштирок этмоқда.

Давлатимиз раҳбари вилоят ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган фаоллар йиғилишида Бухоронинг сайёҳлик салоҳиятидан фойдаланиб, 2021 йилгача хорижий турист­лар сонини икки баробар кўпайтириш, хизматлар тушумини 350 миллион АҚШ долларга етказиш лозимлигини қайд этган эди. Бунинг учун аввало замонавий меҳмонхоналар барпо этиш, транспорт инфратузилмасини яхшилаш зарурлигини таъкидлаганди.

Авиақатновлар сонини ошириш, Самарқанд, Хива, Шаҳрисабз шаҳарлари билан автобус ва поездлар қатновини кўпайтириб, Бухорони “саёҳатлар чорраҳаси”га айлантириш, шунингдек, “Бухоро тарихи” музейини қуриш, кўнгилочар масканлар, ҳунармандлар марказлари ва эски шаҳар қисмида туристлар пиёда сайр қиладиган йўналишлар ташкил қилиш бўйича топшириқлар берилган эди.

Бугун шу таклифлардан келиб чиққан ҳолда Бухоро шаҳридаги “Бухоро-палас”, “Варахша” ва “Зарафшон” меҳмонхонаси реконструкция қилиниб, 32 янги меҳмонхона, 9 мотель ва 50 меҳмон уйини фойдаланишга топшириш ишлари бош­ланган. Бунинг натижасида меҳмонлар ўрни 7 мингтага етиб, туристларни қабул қилиш имконияти икки баробар ошади. Ғиждувон-Когон йўналишидаги 122 километр йўлни таъмирлаш, “Етти пир” зиёратгоҳи ўртасида қулай ва замонавий транспорт қатновини йўлга қўйиш, халқаро ҳалол стандартини кенг жорий этиш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.

Бу борадаги ишларни самарали ташкил этиш мақсадида шу йилнинг 9 апрель куни халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгаши сессиясига ЎзМТДПдан вилоят Кенгашига сайланган депутатлик гуруҳи томонидан “Вилоятда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишларнинг самарадорлиги тўғрисида”ги   масала киритилди. Қарор қабул қилиниб, тегишли мутасадди ташкилотлар раҳбарларига топшириқлар берилди. Бугун унинг ижроси тўла назоратга олинган. Шунингдек, халқ депутатлари Ромитан туман Кенгаши сессиясида “Туманда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишларнинг самарадорлиги тўғрисида” масала ҳам кўрилиб, қарор қабул қилинди.

Партия вилоят кенгаши, маҳаллий ташкилотлар, депутатлар томонидан Бухорода туризмни ривожлантириш, бу борада мавжуд муаммоларни аниқлаш ва ечим топиш бўйича йигирмадан ортиқ таклиф ишлаб чиқилиб, тегишли идораларга тақдим қилинган.   


— Вилоятда моддий маданий мерос объектларини асраш, таъмирлаш, муҳофаза ҳудудларини белгилаш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда? Айтиш мумкинки, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, бу борада ўзгаришлар жуда қийинчилик билан амалга ошириляпти...

— ЎзМТДП ва унинг ҳудудий ташкилотлари томонидан 2018 йилнинг сентябрь-октябрь ойида мамлакатимиздаги тарихий иншоотлар хатловдан ўтказилганидан хабарим бор ва унинг натижаси билан танишиб чиқдим. Тўғри, камчилик­лар мавжуд, аммо айтишга арзигулик ишлар ҳам қилинган.

Белгиланган муддатда вилоятдаги жами 660 та моддий маданий мерос объекти тўла ўрганиб чиқилди. Барча депутатлик гуруҳлари томонидан халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгашлари сессияларига аниқланган муаммо ва камчиликлар юзасидан масалалар киритилиб, ижроси назоратга олинган.

Бухорога туристларни янада кўпроқ жалб қилиш бўйича сайёҳлар кўп келадиган маданий мерос иншоотлари ва зиёратгоҳларда амалга ошириладиган ишларнинг “йўл харитаси” ишлаб чиқилган. Бунинг натижасида 2018 йил давомида 15 та моддий маданий мерос объектида таъмирлаш ва тиклаш ишлари олиб борилган. Ўта муҳим ижтимоий маданий ва тарихий аҳамиятга молик объектлар, жумладан, “Арк” қўрғони, “Мир Араб”, Улуғбек, Абдулазизхон, Амир Олимхон мадрасалари, “Калон” масжиди, “Минораи Калон” маж­муалари қайта реставрация қилинган. Олтмишга яқин маданий мерос объекти ободонлаштирилган. Шунингдек, моддий маданий мерос иншоотлари ва уларга туташ ҳудудларни кўкаламзорлаштириш ва зарур ҳолатда сақлаш бўйича инвестиция мажбуриятини олган ҳолда ижарага бериш учун 50 та объектнинг рўйхати шакллантирилган.

Қоровулбозор туманида иккита маданий мерос объекти — Қоровулбозор ва Бўзачи сардобалари давлат муҳофазасига олинган. Узоқ тарихдан сўзловчи ушбу обидалар сўнгги йилларда қаровсиз ҳолга келиб, тупроқнинг шўрланиши натижасида нураб тушаётган эди. Партия гуруҳи ушбу масалани обдон ўрганиб, туман Кенгаши сессиясига киритди ва қарор қабул қилинишига эришди. Айни пайтда қарор ижроси бўйича амалий ишлар бошлаб юборилган. Жумладан, Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, улардан фойдаланиш илмий-
ишлаб чиқариш Бош бошқармасининг Бухоро ва Навоий вилоятлари бўйича минтақалараро давлат инспекцияси “Жасур меъмор” МЧЖ пудратчи ташкилоти билан бирга таъмирлаш ишларини олиб бормоқда. Тарихий обида гумбаз қисмининг кўчган, нураган жойлари таъмирланиб, тўққизта арканинг еттитаси тартибга келтирилди. Сардоба тубидаги катта миқдордаги сув шу атрофдан ўтган захкашга оқизилди. Кириш қисмидаги дарвоза тўлиқ таъмирланиб, ён-атрофи ободонлаштирилди.

Партия вилоят кенгаши саъй-ҳаракати билан маданий мерос объектлари жойлашган айрим йўлларда автотранспорт, айниқса, оғир техника воситаларининг ҳаракатланиши чекланди. Маданий мерос объектларини асраб-авайлашга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишлари мунтазам олиб борилмоқда.

 

— Партия Бухоро вилоят кенгаши бугунги кунда ўз фаолиятида асосан нималарга эътибор қаратиши лозим, деб ҳисоблайсиз?

— Албатта, ҳали қилиниши зарур бўлган ишлар кўп, камчиликлар ҳам етарли. Масалан, 2018 йилда мутасаддиларга қонунлар ва ҳукумат қарорлари ижроси юзасидан 170 та, фуқароларнинг мурожаати асосида эса 158 та депутатлик сўрови юборилган. Аммо уларнинг айримлари ижроси эътиборсизлик оқибатида назоратга олинмаган. Халқ депутатлари Когон шаҳар ва Олот туман Кенгашларидаги партия гуруҳлари томонидан Кенгаш сессиясига масала киритишда сусткашликка йўл қўйилган.

Фуқароларимизнинг сиёсий, ижтимоий, ҳуқуқий онги, жамиятда рўй бераётган воқеалар, ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси кучайгани, масъулият ва жавобгарлик туйғусининг ошгани сиёсий партиялар олдига ҳам аҳоли билан иш олиб боришда янгича ёндашув талабини қўймоқда. Шу боис бугун талаб даражасида ишламаётган партия туман кенгашлари ва депутатлик гуруҳлари раҳбарлари билан алоҳида-
алоҳида гаплашиб олдик. Улар зиммасига ўз ишини тезда ўнглаш бўйича қатъий вазифа ва масъулият юклатилди. Чунки бу йил муҳим сиёсий тадбир — сайлов арафасида турибмиз. ЎзМТДП ғояси, мақсад ва вазифалари тарғиботига қаратилган тадбирлар, учрашувларни янада кўпайтиришимиз, маҳаллий Кенгаш депутатлари уйма-уй юриб, фуқароларнинг муаммоларини ўрганиш ишларини фаоллаштириши лозим. Энг муҳими қилаётган ишимизда самара бўлсин. Шундагина халқимиз биздан рози бўлади ва ишончи ортади.



“Milliy tiklanish”мухбири
Равшан МАҲМУДОВ суҳбатлашди.

 


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz