ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


ЎзМТДПда қонун лойиҳалари юзасидан таклифларни олишда янги тартиб жорий этилди 13.04.2018

ЎзМТДПда қонун лойиҳалари юзасидан таклифларни олишда янги тартиб жорий этилди

Бугун Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши ҳамда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан “Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда такомиллаштириш жараёнида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамкорлигини таъминлашнинг замонавий усул ва воситалари” мавзусида ўқув-семинар ўтказилди.

Унда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви Академияси ўқитувчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

IMG_0134.JPG

Ўқув-семинарда 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалдаги қонунларни такомиллаштиришда партиянинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларининг ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, партия гуруҳларида қонун лойиҳаларининг муҳокамасини ташкил этиш ва таклифлар тайёрлаш самарадорлигини ошириш юзасидан маърузалар тингланди.

IMG_0097.JPG

Семинарни партия Марказий кенгаши раиси Сарвар Отамуратов кириш сўзи билан очиб берди.

- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида парламентимизнинг энг муҳим фаолияти – қонун ижодкорлигини ҳам камчилик ва нуқсонлардан ҳоли эмаслигини таъкидлади. Аксарият ҳолларда бирон-бир масалани аниқ ҳал этмайдиган, бир-бирига тўғри келмайдиган қонун ва қонуности ҳужжатларини қабул қилиш амалда кўплаб муаммолар туғдирмоқда. Ана шундай салбий ҳолатларни бартараф этиш мақсадида давлатимиз раҳбари Қонунчилик ва норматив ҳужжатлар ижодкорлигини такомиллаштиришга доир концепция ишлаб чиқиб, амалга ошириш лозимлигини, қонуннинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи том маънода халқ бўлиши шарт эканлигини эътироф этилди.

Шундан келиб чиққан ҳолда, бугунги кунда партия фракцияси томонидан партия электорати вакилларидан, фуқаролардан, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларидан қонун лойиҳалари юзасидан таклифларни олиш тартиби амалиётга жорий этилди ҳамда қонунларни қабул қилиш жараёнида уларни аҳоли ўртасида ҳар томонлама муҳокама қилиш тизими йўлга қўйилди, -  дея таъкидлади партия етакчиси.

IMG_0087.JPG

Нодир Мухторов,

ЎзМТДП фракцияси аъзоси:   

- Жаҳон тажрибасида ҳар қайси ҳуқуқий давлат ўз сиёсатини амалга оширишда қонун устуворлиги принципининг сўзсиз риоя этилишини таъминлашга интилади. Қонуннинг мавқеи унинг нечоғли амал қилинишига боғлиқлигидан келиб чиқиб, норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ишлаб чиқилишидан то кучга киргунгача бўлган барча босқичнинг самарали ташкил этилиши унинг ҳаётийлигига, халқчиллигига ва пировардида амалиётда бевосита қўлланилишига хизмат қилади.

Шу нуқтаи назардан, муайян ижтимоий муносабатни ҳуқуқий тартибга солиш тизими мукаммал бўлишини таъминлаш мақсадида қонунларнинг ўзида унинг ижро механизмларини имкон қадар тўла акс эттириш ёки қабул қилинаётган қонуннинг амалиётга татбиқ этилиши билан боғлиқ барча қонун ҳамда қонуности ҳужжатлари лойиҳаларини қонун кучга киргунгача бўлган жараёнда тайёрлаш ва ўз вақтида эълон қилиш мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарасини оширишда, шу билан бирга, қонуннинг ижтимоий мавқеи юксалишида муҳим аҳамиятга эга. Бунда қонун ижодкорлиги жараёнида иштирок этувчи барча субъектдан юксак масъулият ва профессионал ёндашув талаб этилади.

IMG_0148.JPG

Жаҳонгир Ширинов,

ЎзМТДП фракцияси аъзоси:

- Қонун устуворлиги принципининг ҳаётийлигини таъминловчи яна бир муҳим вазифа — қонунларни ўз вақтида ижрочиларга етказиш, уларнинг бажарилиши устидан таъсирчан назорат ўрнатиш бўйича жавобгарлигини кучайтиришдир. Зеро, ушбу вазифанинг бажарилиши шиддат билан ривожланиб бораётган бугунги замонда фуқароларнинг қабул қилинаётган қонунлар ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳияти билан ўз вақтида танишишлари, энг аввало, юртимизда ҳаётга татбиқ этилаётган кенг кўламли ислоҳотлардан хабардорлигини оширади. Шу билан бирга, қонун билан белгиланган ҳуқуқларидан самарали фойдаланишларига имкон яратиб, мамлакат равнақига дахлдорлик ҳиссини кучайтиради.

Шу мақсадда,  Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари томонидан аҳоли билан ишлашнинг замонавий технологияларидан фойдаланишга катта эътибор қаратиш зарур. Бунда, албатта, аҳолининг турли қатламларига кириб бориб, қонунларнинг мазмун-моҳиятини етказиш билан бир қаторда, муҳокама этилаётган қонун лойиҳалари юзасидан ҳамда амалдаги қонунчиликни такомиллаштиришга оид таклифлар мунтазам равишда таҳлил этилиб, қонун ижодкорлиги жараёнида фойдаланилиши лозим.

IMG_0175.JPG

Семинар иштирокчилари қонун ижодкорлиги фаолиятини прогноз қилиш ва режалаштириш бўйича самарали тизим яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратдилар. Таъкидланганидек, бу реал ҳаётдан узоқлашмасдан, нафақат давлат бошқаруви, иқтисодий тараққиёт соҳасидаги аниқ вазифаларни ҳал этишда, балки партия электорати манфаатларини ҳимоя қилишда, оддий одамлар муаммоларини ҳал этишда қандай қонунлар қабул қилиш кераклигини аниқ белгилаш имконини беради.

Бу борада  Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари фуқаролик жамияти институтлари, олимлар, юқори малакали мутахассис ва экспертлар билан ҳамкорлик қилишлари лозим.

IMG_0156.JPG

Гулчеҳра Маликова,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви Академияси кафедра мудири:

- Мамлакатда ижтимоий муносабатлар ривожланиб боргани сари уларни тартибга солувчи қонунчилик нормаларини ҳам такомиллаштириб бориш зарурати туғилади. Ижтимоий ҳаётни маълум тизимга солувчи, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини адолатли ўрнатувчи қонун нормаларини тайёрлаш ҳамда қабул қилиш, уларни ижрочиларга етказиш ва назорат қилиш қонун ижодкорларига катта масъулият юклайди. Айни пайтда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларидан қонунлар ҳамда уларни ҳаётга жорий этиш механизмларини ҳар томонлама пухта ишлаб чиқиш ва ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини назорат-таҳлил тартибида янада чуқурроқ ҳамда амалий тарзда ўрганиб бориш талаб этилади.

Ўқув-семинарда қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнида парламент ва маҳаллий Кенгашлар ҳамкорлигини таъминлаш механизмлари, қонун лойиҳаларининг жамоатчилик муҳокамасини ташкил этиш тартиби, қонун ижросини таъминлашда давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини кучайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Семинар якунида Қонунчилик палатасига келиб тушган қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш ҳамда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси позициясини шакллантириш, Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш ҳамда такомиллаштириш юзасидан партиянинг таклифларини шакллантириш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, депутатлар ва партия ташкилотларининг иш услубини такомиллаштириш ва қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш каби масалалар бўйича вазифалар белгилаб олинди.

ЎзМТДП Марказий кенгаши Ахборот хизмати


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

info@mt.uz

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz