Алишер Хамраев: Узлуксиз таълим-тарбия — келажагимиз пойдевори — Новости — Миллий тикланиш

Демократическая партия Узбекистана Миллий тикланиш

Логотип партии Логотип партии

Алишер Хамраев: Узлуксиз таълим-тарбия — келажагимиз пойдевори

Инсон ўз ҳаёти давомида оладиган барча маълумотнинг етмиш фоизини беш ёшгача бўлган даврда олиб улгуриши илмий тадқиқотларда аниқланган. Бу далил бола таълим ва тарбиясида мактабгача таълим муассасаларининг ҳиссаси беқиёс аҳамият касб этишини англатади. Шу боис, мамлакатимизда айнан мактабгача таълим узлуксиз таълим тизимининг ажралмас бўлагига, таъбир жоиз бўлса, унинг дебочасига айланган.

Ана шу сабабли, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 29 декабрдаги “2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамалакатимизда ушбу тизим фаолиятини янги босқичга кўтариш, соҳани бугунги кун талаблари даражасида модернизациялашда муҳим тарихий ҳужжат бўлиб хизмат қилмоқда.

Куни кеча парламентимиз қуйи палатасининг навбатдаги мажлисида “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги қонун қабул қилинди ва маъқуллаш учун Сенатга юбориладиган бўлди. Ушбу қонун мактабгача ёшдаги болаларни ривожланишининг асосий принципларини, мактабгача таълимнинг давлат кафолатларини белгилайди. Шу билан бирга, у давлат ва нодавлат мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашнинг энг муҳим бўғини сифатида мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Қонундаги нормалар мактабгача таълим муассасаларини малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, болаларни мактабгача таълимга тўлиқ қамраб олиш, ўқув жараёнига замонавий таълим дастурларини жорий этиш, болаларнинг интеллектуал, маънавий, эстетик ва жисмоний ривожланишини таъминлаш ҳамда мактабга тайёрлаш даражасини оширишни назарда тутади.

Ўз навбатида, қонун билан миллий қонунчилигимизда биринчи марта мактабгача ёшдаги болаларнинг эрта ривожланиш жараёни алоҳида босқичларда бўлиши, яъни болаларни тарбиялаш, уларга ғамхўрлик қилиш ҳамда мактабгача таълим ва тарбиянинг уйғунлиги белгилаб қўйилган. Шунингдек, унда илк бор ҳар бир боланинг умумий ўрта таълим мактабларига ўқишга киришидан бир йил олдин унинг давлат мактабгача таълим ташкилотларида бепул мажбурий бир йиллик тайёргарликдан ўтиши қайд этилган.

Қонунда давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг, таълим беришнинг муқобил шаклларининг ташкил этилиши ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгилаб берилди.

Энди мактабгача таълим тизими мамлакатимизда том маънода узлуксиз таълимнинг муҳим бошланғич қисмига айланади. Фарзандларимизнинг баркамол ва етук шахс бўлиб шаклланишида тутган ўрин янада юксалади.

Алишер ХАМРАЕВ,
ЎзМТДП Марказий кенгаши раиси ўринбосари,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати