Алишер ҚОДИРОВ: 2020 йил Давлат дастурида халқ иродаси мужассам — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Алишер ҚОДИРОВ: 2020 йил Давлат дастурида халқ иродаси мужассам

Куни кеча Президентимизнинг 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги Фармони қабул қилинди.

Давлат дастури лойиҳаси кенг жамоатчилик иштирокида атрофлича муҳокама қилиниб, фуқаролар таклифлари асосида қабул қилингани муҳим аҳамиятга эга. Шу билан бирга, Давлат дастурида халқимизни узоқ йиллардан бери қийнаб келаётган масалаларнинг ўрин олгани Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан халқни рози қилиш тамойили асосида олиб борилаётган ишлар янада жадаллашаётганининг амалдаги ифодаси бўлди.

Ушбу кенг қамровли ҳужжатда давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Унга кўра, 2020 йилдан бошлаб  Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати фаолиятида фуқароларнинг Интернет тармоғидаги мурожаатлари асосида парламент ва депутат сўровларини шакллантириш, сайловчилар билан бевосита мулоқот қилиш мақсадида электрон портал ва мобиль иловадан фойдаланиш имконини берувчи “Электрон парламент” тизими жорий этилади.

Шу ўринда мазкур масала “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан 2019 йил 22 декабрь куни бўлиб ўтган сайловлар муносабати билан сайловолди ташвиқоти давомида ташаббус қилинганини айтиб ўтиш жоиз. Партия ўша пайтда Олий Мажлиснинг ҳукумат фаолияти устидан назоратни амалга оширишга оид ваколатларини босқичма-босқич кенгайтириш, хусусан, “электрон парламент”, “электрон парламент назорати”, “парламент назорати портали”ни жорий этишни таклиф этган. Бу таклиф партиянинг 2020 – 2024 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастуридан ўрин олган.

Давлат дастурида белгиланганидек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида йил якунига кўра қабул қилинган ҳар бир қонун халқ томонидан қандай баҳоланганини ва унинг самарадорлик даражасини мониторинг қилиш ҳамда мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли чораларни кўриш амалиёти шакллантирилади.

Партия “парламентни – “халқ уйи”га, депутатларни – халқимизнинг фидойи хизматчисига айлантириш”ни амалда таъминлашни асосий вазифа, деб билади. Шунинг учун ҳам биз мазкур амалиётни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз ва у фақат ва фақат қабул қилаётган қонунларимиз халқ манфаатига хизмат қилади, деб ҳисоблаймиз.

Партия халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг маҳаллий ижро ҳокимияти органлари устидан назорат ваколатларини янада кенгайтириш, хусусан, маҳаллий ижро органларининг улар олдидаги ҳисобдорлигини ошириш тарафдори. Шундан келиб чиққан ҳолда, Давлат дастурига мувофиқ, 2020 йилда Самарқанд вилояти халқ депутатлари Кенгашининг фаолияти “намунали Кенгаш” сифатида йўлга қўйилиши ҳамда маҳаллий вакиллик органлари фаолиятида Кенгаш сўрови институти жорий этилишини қўллаб-қувватлаймиз.

Бу, авваламбор, мамлакатимизда ижро ҳокимияти фаолиятини назорат қилиш тизимини янги босқичга олиб чиқади. Бу борада Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг Сайловолди дастурида аниқ вазифалар белгиланган. Хусусан, партия халқ ҳокимиятчилигини ривожлантириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар фаолиятини такомиллаштириш соҳасида “халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир”, деган конституциявий тамойилни амалда таъминлаш чораларини кўради.

Бунинг учун маҳаллий давлат ҳокимияти тизимида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ўрни ва ролини ошириш, уларнинг ваколатларини аниқ белгилаш лозим. Биз маҳаллий ижро органлари раҳбарларини лавозимга тайинлашдан олдин халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар муҳокамасидан ўтиш, унда ўзининг аниқ кўрсаткичларга эга ўрта ва узоқ муддатли дастурини депутатларга тақдим этиш амалиётини жорий этиш, халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш раисининг ҳуқуқий мақомини аниқ белгилаш, маҳаллий ижро ҳокимияти раҳбарини бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши раиси бўлишини босқичма-босқич бекор қилиш вақти келди, деб ҳисоблаймиз.

Президентимиз Фармони билан 2020 йил 1 июлдан бошлаб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисларида давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ўз фаолияти бўйича, шунингдек, Ҳукумат аъзолари ва тармоқлар раҳбарларининг БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш, илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги ахборотларини мунтазам равишда эшитиш тартиби амалиётга татбиқ қилинади.

2020 йил 1 июлга қадар “Mening fikrim” веб-порталининг мобиль иловаси ишга туширилади. Веб-порталга келиб тушаётган мурожаатлар депутатлар, мутахассислар ва кенг жамоатчиликни жалб қилган ҳолда оммавий ахборот воситаларида муҳокама қилинади.

Парламентнинг қонун ижодкорлиги ва назорат фаолиятини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар дастури, тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунларни ишлаб чиқиш бўйича “йўл харита”си тузилади.

Аҳолининг электорал маданиятини юксалтириш концепцияси ҳамда Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган стратегияси қабул қилинади.

Буларнинг барчаси Янги Ўзбекистоннинг янгича давлат бошқарувини шакллантиради. Давлат бошқаруви самарадорлигини оширади, очиқлик ва шаффофликни таъминлайди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари ва барча даражадаги партия ташкилотлари Давлат дастури ижросини таъминлашда фаол иштирок этади. Барча ваколатлардан самарали фойдаланади.

Алишер ҚОДИРОВ,
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси
Марказий кенгаши раиси