Аёллар бахтли бўлса, мамлакат бахтли бўлади! — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Аёллар бахтли бўлса, мамлакат бахтли бўлади!

Банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатувчи “Ишга марҳамат” Мономарказида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси қошидаги “Депутат аёллар клуби”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбир аввалида “Миллий тикланиш” демократик партияси билан  “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти, Республика «Istiqbolli avlod» ижтимоий-ахборот Маркази, “Ишга марҳамат” Мономаркази ҳамда Халқаро спорт клублари Ассоциацияси ўртасида ҳамкорлик Меморандумлари имзоланди.

Меморандумда оилавий анъана ва қадриятларни асраш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, ажримларни камайтириш, исрофгарчиликка  барҳам бериш, аёлларнинг таълим олиши ҳамда уларнинг оилада кўпроқ бўлиши учун мослашувчан иш вақтини жорий этиш масалалари кўзда тутилган. Шунингдек, узоқ вақт хорижда бўлиб қайтган аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, хотин-қизларни оилавий тадбиркорлик ва  ҳунармандчиликка жалб этиш масалалари ўрин олган.

– “Миллий тикланиш” демократик партияси жамиятни тараққий эттириш учун аввало инсонни ўзгартириш керак деган ғояни илгари сурмоқда, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, партия Марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров. – Хўш, инсоннинг ўзгариши нимага боғлиқ, уни ким ва қандай ўзгартиради? Албатта, бу жамиятнинг устуни ҳисобланган оила билан боғлиқ. Оила тинч бўлса, жамият тинч бўлади. Оиланинг тинч бўлиши эса аёлга боғлиқ. Демак, аёллар бахтли бўлса, мамлакат бахтли бўлади. Шу маънода, юртимиз келажаги, тараққиёти бевосита фарзандларимизга муносиб таълим-тарбия берадиган аёлларга боғлиқ.

“Депутат аёллар клуби”ни таъсис этишдан мақсад ҳам аёлларнинг яширин қудратидан тўғри ва самарали фойдаланишдир. Бунинг учун “Миллий тикланиш”нинг барча даражадаги депутатлари бир оилага бирлашиб, партия ғоялари, мақсад ва вазифалари, сайловчиларга берган ваъдаларни бажарида янада фаол иштирок этади, – деди партия етакчиси.     

Тадбирда таъкидланганидек, партиянинг 2020-2024 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида ижтимоий соҳада хотин-қизлар масалаларига оид белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Партия томонидан ўтган вақт мобайнида хотин-қизлар, оила, оналик ва болалик, тазйиқ ва зўравонлик, бу борада мавжуд муаммоларни тизимли ҳамда манзилли ҳал этиш, қонунчилик устидан жамоатчилик, депутатлик ва парламент назоратини ўрнатиш бўйича самарали ишлар амалга оширилди.  Партия тизимида гендер масалаларига оид қонунчилик ижросини таъминлаш мақсадида гендер статистикаси ва рейтинги ишлаб чиқилди.

Бугунги кунда партия умумий аъзоларининг 137 минг нафарини (47 фоиз) хотин-қизлар ташкил этади. Сенатда ушбу кўрсаткич 43 фоиз, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 16,6 фоиз, халқ депутатлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларидаги депутатларнинг 38,8 фоизи, халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларидаги депутатларнинг эса 27,4 фоизи хотин-қизлардан иборатдир. Шунингдек, Олий таълим муассасалари талабаларидан иборат “Кўмак” ҳуқуқий-тарғибот гуруҳининг 50,8 фоизи, “Миллий тикланиш”дан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентига сайланган ёш депутатларнинг 35 фоизини хотин-қизлар ташкил этади.

Партиянинг ҳудудий ташкилотлари томонидан жорий йилда “Хизмат-беминнат” лойиҳаси доирасида 3000 га яқин хотин-қизлар касбга йўналтирилди. “Уйма-уй” лойиҳаси орқали эса 15 мингга яқин хонадондан хабар олиниб, 10 мингдан ортиқ муаммолар аниқланди ва уларнинг 7 мингга яқини ҳал этилди. 300 дан ортиғи депутатлик назоратига олинди.

“Аёллар қаноти” томонидан хотин-қизлар мурожаатлари билан ишлаш юзасидан @MTAyollarmurojaatiBotи ишга туширилди. Хотин-қизлар ва ёшлар мурожаатлари билан тизимли ишлаш мақсадида ишонч телефонлари фаолият кўрсатмоқда.

 Мазкур йўналишдаги ишларни янада яхшилаш мақсадида “Миллий тикланиш” қошида сиёсий партиялар тарихида биринчи марта сиёсатчи аёлларни бирлаштирувчи “Депутат аёллар клуби” таъсис этилди. Мақсад партиядан сайланган 368 нафар аёл депутатларга мулоқот ва тажриба майдонини яратиш, уларга “Устоз-шогирд” анъанаси асосида ҳудудлардаги “Аёллар қаноти” фаолларини бириктириш орқали сиёсатчи аёлларнинг янги авлодини тарбиялаш, бу борада семинар-тренинг, давра суҳбатлари ва маҳорат дарсларини ташкил этишдир. Шунингдек, клуб аёллари оила, таълим-тарбия, бандликка оид қарорлар қабул қилинишида фаол иштирок этади.

Тадбирда Қашқадарё вилоятида “Устоз-шогирд” анъанаси асосида ҳар бир аёлга ўз хонадонида гилам тўқиш имкониятини берадиган ҳамда ўзбек гиламчилигини ривожлантиришга қаратилган “Келинг, гилам тўқиймиз!” ҳамда Сурхондарёда касаначиликни ривожлантиришга қаратилган “Гулбаҳор нурли келажак” билан фаровон келажак сари” лойиҳаларининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Шунингдек, партия сафига қабул қилинган янги аъзоларга гувоҳнома ва эсдалик совғалари топширилди. 

ЎзМТДП Марказий кенгаши Ахборот хизмати