Аҳолига кредит ажратиш тартиби енгиллаштирилади — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Аҳолига кредит ажратиш тартиби енгиллаштирилади

Республикамиз бўйлаб карантин талаблари ҳудудлардаги вазиятни инобатга олган ҳолда босқичма-босқич юмшатиб борилмоқда. Шу қаторда пандемия даврида даромадлари кескин камайиб кетган, зарар кўриб ишлаётган, оғир аҳволга тушиб қолган кичик бизнес вакилларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 19 май куни ўтказилган видеоселекторда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан кўрилиши зарур бўлган чора-тадбирлар белгиланди.

Бўлиб ўтган видеоселекторда пандемия туфайли камбағал аҳоли ва ишсизлар сони ошганлиги, оилалар даромади камайиши туфайли, қисқа фурсатда янги иш ўринлари яратиш кераклиги тўғрисида тавсия берилди. Маҳаллий ҳокимликларга бу борада жиддий эътибор қаратишлари, ҳар бир тадбиркор мурожаати шахсан ҳоким назоратида бўлиши, ҳамма нарсадан тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашни устун қўйишлари белгиланди.

Бирорта тадбиркорнинг мулки ноқонуний олиб қўйилса, ҳоким фақат ишдан кетиш билан қутулмайди, балки қонун олдида жавоб бериши тўғрисида барча ҳокимлар жиддий огоҳлантирилди. Ўзини ўзи банд қилаётган, қўлида касб-ҳунари бор одамларга муносиб шароит яратиш мақсадида янги тизим жорий этилади. Яъни, сартарош, этикдўз, новвой, темирчи, дурадгор, тикувчи, таксист, таржимон, дизайнер, компьютер дастурчиси каби ўзини-ўзи банд қилган 60 дан зиёд касб эгалари даромад солиғидан озод қилиниши айтилди.

Келгусида мазкур имтиёздан фойдаланиш учун телефон орқали солиқ идораларини хабардор қилиш кифоя бўлади. Илғор хорижий тажриба асосида бундай фуқароларни рўйхатга олиш ва ҳисобини юритиш бўйича мобил илова ишлаб чиқилиб, йўлга қуйилади. Пандемия оқибатларини юмшатиш доирасида “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурига қўшимча равишда «Тикланиш ва тараққиёт» жамғармаси ҳисобидан 1 триллион сўм маблағ ажратилмоқда. Дастур доирасида ажратилаётган бу маблағ аҳолини тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришда, қўшимча даромади ошиши учун яна қўшимча имкониятлар яратади.

Маҳсулот, ускуна, хомашё ҳамда айланма маблағлар учун кредит олишда тадбиркорларга ўрнатилган барча чекловлар олиб ташланиши кераклигини, Марказий банкка кичик бизнес ва оилавий тадбиркорлик субъектларига кредитлар бериш шартларини соддалаштириш бўйича топшириқ берилди. Маҳсулотларга талабни яратиш учун савдо фаолиятини рағбатлантириш, аҳолининг истеъмол қобилиятини ошириш мақсадида истеъмол кредитлари беришни кенгайтириш лозимлиги қайд этилди.

Халқ қабулхоналари ва Бош вазир қабулхоналарига келган мурожаатларнинг 55 фоизи банк кредитлари билан боғлиқлиги бу борадаги муаммолар кўламини кўрсатади. Шунингдек, банк хизматлари бўйича тадбиркорлар мурожаатлари банклар томонидан ижобий ҳал қилингани бўйича кўрсаткичлари жуда паст бўлиб, банклар фаолияти танқид остига олинди.

Келгусида банк фаолиятига мижозларга хизмат кўрсатиш сифатига қараб баҳо берилишини алоҳида қайд этди. Тижорат банклари кичик бизнес ривожида муҳим бўғин экани, ҳар бир тумандаги “ўсиш нуқталари”га маблағ йўналтириб, тадбиркор ва фуқароларни қўллаб-қувватлаши зарурлиги юзасидан тавсиялар берилди.

Фарҳод Зайниев

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати