Бир йилда ажримлар сони 8 тага камайган, бу кўпми ёки… — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Бир йилда ажримлар сони 8 тага камайган, бу кўпми ёки…

Маълумки, оила Ватан ичидаги кичик Ватан ҳисобланади. Таассуфки, сўнгги йилларда “кичик Ватан” ичидаги муаммолар ҳақида шунчалик кўп гапиряпмизу, лекин самараси кўринмаяпти. Оилавий ажримлар сони ҳамон юқори, ёшлар орасида содир бўлаётган жиноятчилик кўрсаткичлари ҳам ижобий эмас. Ажримлардан, айниқса,  болалар кўпроқ азият чекмоқда ва бу масала билан нафақт тегишли идоралар, балки бутун жамият жиддий шуғулланмоғи лозим. Бу борада ўтказилаётган йиғилишларда эса “лойиҳалар амалга ошириляпти, яраштириш комиссиялари ишлаяпти” деган гап-сўзлардан нарига ўтилмаяти.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Сирдарё вилоят кенгаши ташаббуси билан бир қатор масъул ташкилотлар ҳамкорлигида “Оилада ва оилавий қадриятларда анъанавий муносабатларни сақлаб қолиш”  мавзусида  ўтказилган очиқ мулоқотда юқоридаги масалалар кенг муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан учрашувдаги маърузаларида белгиланган вазифалар, ЎзМТДПнинг  “Узлуксиз тарбия ва таълим — мустаҳкам жамият ва қудратли давлат пойдевори” ғояси ҳамда “Биз хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликка ва оилавий ажримларга қаршимиз!” лойиҳаси асосида ташкил қилинган ушбу тадбир чинакам баҳс-мунозора майдонига айланди.

— Оилавий ажримлар масаласи ҳамон жамиятимизнинг энг долзарб ва оғриқли муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда, — деди тадбирни очиб берган партия вилоят кенгаши Ижроия қўмитаси девони раҳбари Шерзод Нурматов. — Минг афсуски, Сирдарё вилояти ҳам бу масалада мақтана олмайди. Вилоятда ажримлар сони ҳамон юқори. Статистика бошқармаси маълумотига кўра, вилоятда 2018 йилда 1112 та ажрим қайд этилган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 1104 тани ташкил қилган. Атиги 8 тага камайган холос. Ажримлар ортида бутун бошли оила — эр-хотин, болалар тақдири ётганини эътиборга олсак, ажримларнинг биттаси ҳам кўп.

Тадбир давомида барча туманларнинг чекка ҳудудларида ушбу мавзу юзасидан самарали очиқ мулоқотлар ўтказиш ва партиянинг хотин-қизлар ва ёшлар масаласига оид қатор лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифлар ўртага ташланди. Бу бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

ЎзМТДП Сирдарё вилояти кенгаши Ахборот хизмати