“БОРИ ЭЛГА ЯХШИЛИҒ ҚИЛҒИЛКИ, МУНДИН ЯХШИ ЙЎҚ” — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

“БОРИ ЭЛГА ЯХШИЛИҒ ҚИЛҒИЛКИ, МУНДИН ЯХШИ ЙЎҚ”

Бу йил давлат арбоби, моҳир саркарда, улуғ шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудига 537 йил тўлди. Шу муносабат билан мамлакатимизда шоир ижоди ва ҳаётига бағишланган халқаро илмий анжуманлар, маданий-маърифий тадбирлар, шеърият кечалари ўтказилмоқда. Албатта, Бобур ҳақида гапирганда биринчи навбатда Бобур номидаги жамоат фонди ва халқаро экспедиция тилга олинади. Чунки фонд фаолияти бевосита Бобур ва бобурийлар ҳаёти билан боғлиқ.

Бобур номидаги халқаро жамоат фонди ва илмий экспедицияси раҳбари, ЎзМТДП фаоли, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Зокиржон МАШРАБОВ билан суҳбатимиз айнан шу мавзуда бўлди.

— Домла, қарийб 40 йилдан буён Бобур ва бобурийлар ҳаёти билан шуғулланиб келяпсиз. Заҳириддин Муҳаммад Бобур билан Зокиржон Машрабовни қандай ришталар боғлаб турибди?

— Заҳириддин Муҳаммад Бобур буюк инсон. Унинг ҳар бир ҳаракати ўрнак ва ибрат олишга арзийди. Ота, дўст сифатидаги фазилатлари, подшоҳлик даврида оддий инсонларга бўлган муносабати, саркардалик пайтида қўл остидаги аскарларига муомаласи…

Бобурнинг ҳаётда қолдирган ўрни беқиёс ва уни ҳеч нарса билан таққослаб бўлмайди. Шунинг учун ҳам Европа, Америка Бобурга ҳақиқий баҳо беришда биздан анча олдинлаб кетган. Шўролар даврида Бобурга турли айбловлар қўйилган бир пайтда Европада “Тож кийган дарвеш”, “XVI аср бунёдкори”, “Бобур йўлбарс”, “Гулбаданбегим” каби китоблар чоп этилган.

Бобур номидаги халқаро жамоат фондитомонидан ўзбек ва умумтуркий адабиётининг дунёга машҳур қомусий асари“Бобурнома” бир неча бор нашр қилинди. Нодир асар рус тилида ҳам чоп этилиб, юздан ортиқ китобларни “Мана, мемуар асар “Бобурнома”нинг ҳақиқийсини ўқинглар. Бобур босқинчи бўлмаган, унинг Чингизхонга ҳеч қандай алоқаси йўқ, улар “буюк мўғил” эмас, буюк ўзбек бўлганини исботлаш мақсадида Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги давлатларининг тарихчи олимлари, ёзувчиларига туҳфа қилдик. Шунингдек, Бобур ҳақида хорижий давлатларда нашр қилинган китобларни она тилимизга таржима қилиб, китобхонларига тақдим қилдик.

— Жаҳонгир бобомиз ижодий меросини халқаро миқёсда ўрганиш мақсадида Бобур номидаги халқаро экспедицияга асос солинганига ҳам чорак асрдан ошибди. Экспедиция раҳбари сифатида қилинган ишлар ҳақида қисқача маълумот берсангиз?

Фаолиятимизни бошлаганимизга қарийб 30 йил бўлибди. Илк халқаро сафар 1992 йилнинг майида амалга оширилган эди. Андижондан бошланган сафаримиз Самарқанд, Бухоро шаҳарларида Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Хожа Аҳрор ҳамда бошқа улуғ азиз авлиёларни зиёрат қилиб, Туркманистон ва Эрон орқали Саудия Арабистонининг Жидда, Макка, Мадина, Арриёд шаҳарларига қадар давом этганди. Шу кунгача Бобур ва бобурийлар қадами етган юртларга ўнлаб экспедициялар уюштирилди.

Ўтган йиллар мобайнида буюк аждодларимиз қолдирган бебаҳо ёдгорликлар, хорижий давлатларда сақланаётган илмий маданий меросларини тўпладик. Андижонда Боғи Бобур мажмуаси, Бобур Мирзонинг рамзий мақбараси барпо этилди. “Бобур ва жаҳон маданияти” музейи, “Бобур ва дунё” журнали ташкил қилинди. Бобур изидан 50 га яқин давлатга илмий сафарлар уюштирдик. 500 дан зиёд ноёб қўлёзма асарлар, нодир китоблар, қимматли манбаларни тўплашга муваффақ бўлдик ва улар бугун музейимиз хазинасидан жой олган.

— Афғонистон буюк аждодларимиз мангу қўним топган маскан ҳисобланади. Халқаро экспедиция у ердаги нотинчликка қарамай кўплаб илмий сафарлар уюштириб, хайрли ишларни амалга оширди.  Афғон халқи  бундай саъй-ҳаракатларингизни қандай қарши олди?    

— Ҳақиқатан ҳам Афғонистонда кўплаб илмий экспедицияларни амалга оширдик. Чунки у ерда ётган аждодларимизнинг қабрларини топиб, ободонлаштириш бизнинг энг асосий мақсадимиз ва инсонийлик бурчимиз эди.

Маълумки, бу юртда Алишер Навоий ва у кишнинг устози Лутфий, Камолиддин Беҳзод, Бобур, Абдураҳмон Жомий, Ҳусайн Байқаро, Беруний ҳазратлари, Бобраҳим Машраб каби буюк алломаларимиз қабрлари бор. Мавлоно Лутфий, Камолиддин Беҳзод, Алишер Навоий қабр мақбарасини Афғонистон ҳукумати билан ҳамкорликда тиклаб, зиёратгоҳга айлантирдик. Андижондан икки мингдан ортиқ манзарали дарахт кўчатларини  Афғонистонда олиб бориб, Навоийнинг мақбараси атрофини катта боғга айлантирдик. Ушбу мамлакат расмий ҳукумат вакиллари пойтахт Қабулдан келиб,  жараённи кузатди ва бошлаган хайрли ишимизга ҳавас қилди.

Афғонистонлик олимларнинг “Ўзбек халқи, Ўзбекистон раҳбарияти нафақат аждодларининг йўқ бўлиб кетаётган мақбараларини тиклаб зиёратгоҳларга айлантирди, балки бу билан жаҳонга ибрат нурини сочди”, деган гаплари қулоғим остида ҳамон жаранглайди. Ўшанда барчамизнинг кўзларимиздан ёш чиқиб кетган эди.

Мухтасар айтганда, фондимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур, бобурийлар ва бошқа улуғ алломаларимиз илмий меросини ўрганиш, тарғиб этиш борасидаги ишларни изчил давом эттирмоқда.

— Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг энг фаол аъзоларидан бирисиз. Партия билан Бобур номидаги халқаро жамоат фонди ҳамкорлигига ҳам тўхталсангиз?

— Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Андижонда илк бор фаолиятини бошлаган даврда партияга аъзо бўлганман. Ўша маҳалда Ўзбекистон халқ шоири Тўлан Низом ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Қамчибек Кенжа учаламиз ўтириб, фондда партиянинг Бошланғич партия ташкилотини тузганмиз. Менинг ташкилий ишларим кўп бўлгани боис, Тўлан Низомни бошланғич партия ташкилотига раис, Қамчибек Кенжани эса ўринбосар этиб сайлаганмиз.

Ўшанда “Миллий тикланиш” демократик партияни бежиз танлаганимиз йўқ. Партиянинг Сайловолди дастури билан танишганимизда Бобур фонди ғоялари билан деярли бир хил эканини кўрдик. Яъни, томонларнинг асосий мақсади миллий тикланиш, тарихий обидалар, аждодларимиздан қолган бой маданий меросни асраб-авайлаш, татқиқ этиш, халқимиз, ёшлар маънавиятини янада юксалтириш, уларга Ватанпарвар, юртига, халқига садоқат руҳида таълим-тарбия беришдир.

— Бобурнинг одамларга ўрнак бўладиган яна қандай фазилатлари бор?

— Бобурмирзонинг халқимизга ўрнак бўладиган фазилатлари жуда кўп. Унинг оила аъзоларига, қариндош-уруғлари, дўстларига меҳр-оқибат, садоқат, яхшилик кўрсатиши “Бобурнома”да яққол намоён бўлган. Шоирнинг:  

          Бори элға яхшилиғ қилғилки, мундин яхши йўқ,

         Ким, дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ,

мисралари билан бошландиган ғазали ҳам Бобурнинг қандай инсон эканидан далолат беради. Ёки Бобур яхшилик қилишга чақириш билан бирга:

Ким ёр анга илм, толиби илм керак,

Ўргангали илм толиби илм керак!

Мен толиби илму толиби илме йўқ,

Мен бормен илм толиби – илм керак

ғазали билан инсонларни илм-маърифат, маънавиятли бўлишга, касб-ҳунарни эгаллашга даъват қилади.

Бобурнинг фарзандларига таълим-тарбия беришда ўзига хос ёндашувлари бор эдики, у ота сифатида болалари ҳақида ҳар доим қайғурган, уларни бир-бирига меҳрибон, оқибатли бўлишига чақирган. Буни Ҳумоюн Мирзога ёзган “Укаларингга меҳрибон бўл, хато қилса кечир, асло ўзингдан узоқлаштирма”, мазмунида ёзган хатидан ҳам кўриш мумкин. Шунинг учун “Бобурномани” бир эмас, бир неча бор қайта-қайта ўқишимиз лозим. Бобомизнинг серқирра ижоди, ибратга тўла ҳаёти, ўзига хос ҳаёт йўли бугун барчамиз учун умумбашарий қадриятлар даражасига айланиб, намуна мактаби бўла олади.

ЎзМТДП Андижон вилояти кенгаши матбуот котиби
Камола АБДУВАЛИЕВА суҳбатлашди