Бу – биз учун яккаю ягона ва энг тўғри йўл — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотпи Партия логотпи

Бу – биз учун яккаю ягона ва энг тўғри йўл

Бугунги Мурожаатномани янги 10 йилликда Ватанимиз тараққиётини таъминлаш ҳамда халқимиз турмуш фаравонлигини оширишда муҳим дастуруламал бўлиб хизмат қилишини англадим.

Жорий йилнинг мамлакатимизда “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилиши эса миллионлаб юртдошларимиз юрагидаги ният бўлди. Зеро, қайси давлатда, жамиятда илм-фанга, маърифатга юксак эътибор қаратилса, ўша юртда албатта ривожланиш, тараққиёт бўлади. Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йўлида ташланган муҳим қадам эса барча соҳалардаги ўсиш кўрсаткичларимизни аниқ ҳисоб-китоблар асосида олиб боришимизни таъминлайди.

Мурожаатномада хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, бу борадаги ишлар сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқилиши таъкидланди. Уларнинг бизнес лойиҳаларига 100 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилиши, 5 минг 500 нафар хотин-қизнинг янги уй-жойга эга бўлиши учун давлат бюджетидан бошланғич бадалнинг тўлаб берилиши чиндан ҳам юртимизда аёлларга кўрсатилаётган жуда катта ғамхўрликнинг ёрқин наъмунаси бўлди.

Мурожаатномада шифокорларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш, тиббиёт муассасаларининг моддий техник базасини мустаҳкамлаш зарурлигига ҳам эътибор қаратилди. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки миллат қачонки соғлом бўлса, у буюк ишларни амалга оширишга қодир бўлади, кўзланган мақсадларга эришиш осон кечади.

Келажагимиз эгалари бўлган ёшлар масаласи ҳам Мурожаатномада алоҳида тилга олинди. Хусусан, йигит ва қизларимизнинг маънавий-маърифий савиясини доимий юксалтириш – биринчи даражали вазифа сифатида белгилаб берилди. Жорий йилда бюджет маблағлари ҳисобидан 22 та театр ва маданият объектлари қурилиши ва реконструкция қилиниши, давлат-хусусий шериклиги асосида 20 та маданият маркази ва истироҳат боғлари фаолияти йўлга қўйилиши таъкидланди.

2020 йилда маърифат машъалини баланд кўтариб чиққан аллома ва адиб Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 145 йиллик таваллуд санасини кенг нишонлаш, ҳадис илмининг султони Имом Бухорий, калом илми асосчиси Абу Мансур Мотуридий ва унинг давомчиси Абу Муин Насафий ҳаёти, илмий меросига бағишланган ҳамда диний бағрикенглик мавзуларида халқаро илмий-амалий конференциялар ва бошқа тадбирлар ташкил этиш масаласи ҳам қатъий белгиланди.

Имом Бухорий бобомизнинг Самарқанддаги ёдгорлик мажмуасини бу мўътабар зотнинг мусулмон дунёсидаги улуғ мақомига мос равишда мутлақо янги лойиҳа асосида қайта барпо этиш ишлари бошланиши, буюк аллома Баҳовуддин Нақшбанд бобомизнинг 700 йиллик таваллуд айёми юқори савияда ўтказилиши маълум қилинди.

Президентимиз миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш йўналишига ҳам эътибор қаратиб, “30 июль – “Халқаро дўстлик куни” муносабати билан юртимизда биринчи марта “Дўстлик ҳафталиги”ни ва “Дўстлик” халқаро форум-фестивалини ўтказишни таклиф этдилар.

Мурожаатномада шунингдек, кейинги 3 йилда Ўзбекистонда сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама ривожлантириш, журналист ва блогерларнинг эркин фаолият юритиши ва ижод қилишлари учун ҳуқуқий асослар ва кенг имкониятлар яратилганини мамнуният билан қайд этди. Бундан кейин ҳам “тўртинчи ҳокимият” вакилларининг эркин ва холис фаолият юритишлари, республикамизда амалга оширилаётган жадал ислоҳотларни халқимиз ва халқаро ҳамжамият учун очиқ-ойдин ёритишлари учун зарур шарт-шароитлар  яратиб берилишини таъкидладилар.

Бир сўз билан айтганда, Мурожаатномада белгилаб берилган устувор вазифалар партия фаоли сифатида зиммамизга жуда катта вазифалар юклайди.

Ёлқин Оқбўтаев,
ЎзМТДП Самарқанд вилоят
Кенгаши фаоли