Бу кечаги Наманган эмас… Ташриф ҳаёжонлари — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Бу кечаги Наманган эмас… Ташриф ҳаёжонлари

Датимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг вилоятимизга ташрифлари Попдан бошланди. Қирқ йиллар мобайнида самарасиз ётган ерларда интенсив боғ яратишга инновацион асосда ёндашилган, сувни тежайдиган томчилатиб суғориш технологияси жорий этилган. «Nuranuz» масъулияти чекланган жамияти томонидан Поп туманидаги адирликлардан иборат 1 минг 885 гектар ўзлаштирилмаган ерда мева-сабзавотчилик кластери ташкил этилган бўлиб, бу ерда 100 гектарга ўрик, 70 гектарга гилос кўчатлари , 12 гектар ерда барпо этилган узумзорлар Наманган намунаси сифатида эътирофга лойиқ бўлди.

Кластер эгалари бу билан чекланиб қолмасдан, боғ қатор ораларига қовун, тарвуз экишгани айни кунларда ғарқ пишган ширин-шакар тарвуз-қовунлар Россия ва бошқа бозорларга экспорт қилинаётгани давлатимиз раҳбарига ҳам маъқул бўлди.

Давлатимиз раҳбари боғни кўздан кечириб, шу ерда нуронийлар, қишлоқ хўжалиги ходимлари билан суҳбатлашди. Шу ерда Наманган вилоятида қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришга оид лойиҳалар, истиқболли режалар муҳокама қилинди. Чортоқ тумани Баланд адир ҳудудида «Бир жойда – минг оила иссиқхонаси» лойиҳасининг амалга оширилгани вилоятимизда ислоҳотлар нечоғлик жадаллик билан амалга оширилаётганини кўрсатиб берди.

Иссиқхоналарда «Бир маҳалла – бир маҳсулот» тамойили асосида сифатли, экспортбоп маҳсулотлар етиштирилади, камбағал оилалар доимий даромад манбаига эга бўлади. Яна бир қулайлиги, маҳсулотни етиштиришда кўчат, сув, минерал ўғит ҳамда бозор таъминоти етакчи тадбиркор томонидан кафолатланаётганлиги давлатимизнинг фуқароларга кўрсатаётган ғамхўрлигининг яққол намунасидир.

– Одамларимиз ислоҳотлар самарасини сезиши керак, – деди давлатимиз раҳбари. – Уларни рози қиладиган тизим яратишимиз зарур.

Балиқ етиштириш нафақат сердаромад соҳа, балки ижтимоий аҳамияти катта экани инобатга олиниб, Вилоятимизда балиқчилик тармоғига алоҳида эътибор берилаяпти. Шавкат Мирзиёев Учқўрғон тумани Норин дарёси бўйида жойлашган ноёб балиқ турларини ишлаб чиқариш корхонаси “DB Group Eco” фаолияти билан танишди. Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 1500 тонна. Бу ерда Европа тажрибаси асосида интенсив усулда форель, лосось каби ноёб балиқ турларини етиштириш йўлга қўйилган. Увилдириқлар ва балиқ озуқаси Дания ва Германиядан келтирилади.

– Бу кечаги Наманган эмас. Жуда қисқа фурсат ичида 55 минг иш ўрни яратиш, 13 триллион сўмлик лойиҳалар ишлаб чиқиш – ушбу ҳудуд тарихида мисли кўрилмаган ўзгаришлар олиб келиши аниқ, – деди давлатимиз раҳбари.

Вилоятимизнинг янада ривож топиши, соҳа ва тармоқларда амалга оширилаётган янгиликлар, ўзгаришларни “Наманган намунаси” дея эътироф этилиши барчамизга ўзгача ғурур, фахр-ифтихор,келгуси ишларда шижоат бағишлади.

Ташриф давомида Президентимиз томонидан Наманган вилоятида амалга оширилиши зарур бўлган бир қатор вазифалар белгилаб берилди. Уларни амалга оширишда «Миллий тикланиш» демократик партияси вилоят кенгаши ҳам фаол иштирок этади ҳамда жойлардаги ижросини жамоатчилик ва депутатлик назоратига олишда партиядан сайланган депутатлар ташаббус кўрсатади.

Ғайратжон Тўйчибоев,

ЎзМТДП Наманган вилоят кенгаши раиси