Вазир албатта жавоб беради — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Вазир албатта жавоб беради

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бугунги кунда барча давлат ва жамоат ташкилотларининг устувор вазифаси одамларни рози қилиш, халққа хизмат қилишга йўналтирилди. Раҳбарлар “кабинет”да эмас, одамлар орасида, жойларда, ҳудудларда бўлиб, аҳолини қийнаётган масалаларни аниқлаш, уларнинг ечимини топиши зарурлиги белгиланди. Бу борада бир қатор ишлар ҳам амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши ҳамда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоларидан иборат ишчи гуруҳи ҳам айни кунларда Жиззах вилоятида аҳоли билан учрашиб, уларнинг муаммоларини ўрганмоқдалар.

Мақсад – сайловолди ташвиқот учрашувларида сайловчиларга берилган ваъдаларни бажариш, партиянинг дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда вилоятда “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг ижроси, мактабгача таълим, мактаблар ҳамда маҳаллалардаги шарт-шароитлар билан яқиндан танишиш, муаммо ва камчиликларни ўрганиш, бу бўйича таклифлар олишдан иборат.

Дастлаб Жиззах политехника институтида партия Марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров бошчилигидаги ишчи гуруҳ ва партиядан маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатларнинг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда депутатлар ва маҳаллий партия ташкилотлари олдига сайловчилар ишончини оқлаш, жойлардаги муаммоларни аниқлаш, уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгилаш, аниқланган муаммолар ечими бўйича таклифлар тайёрлаш каби топшириқлар берилди.

Шунингдек, партиядан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатлар учун “Жойлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни бартараф этишда маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари ва депутатларнинг ўрни”  мавзусида семинар-тренинг ўтказилди.

Семинарда депутатларга халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари, доимий комиссиялар ва депутатларнинг шахсий иш режаларини шакллантириш, уларда партиянинг дастурий-ғоявий мақсадларининг ифодаланиши, партия гуруҳининг тузилиши, ваколати, фаолияти бўйича маълумотлар берилди.

Куннинг иккинчи ярмида ишчи гуруҳи аъзолари томонидан Жиззах шаҳри ва Шароф Рашидов туманида ўрганишлар амалга оширилди. Улар мактабгача таълим ва таълим муассасалари, маҳаллаларда бўлиб, мавжуд шарт-шароитлар билан танишдилар. Муаммо ва камчиликларни ўргандилар, масъул раҳбарлар, ишчи ва хизматчилардан таклифлар олдилар, мулоҳазаларини тингладилар.

Ишчи гуруҳнинг Жиззах вилояти туманларини ўрганиш ишлари давом этмоқда. Ўрганиш давомида аниқланган масалалар юзасидан партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси йиғилишида тегишли вазирларнинг эшитувини ташкил этиш режалаштирилган.

Бизни кузатиб боринг.

ЎзМТДП Ахборот хизмати