Вазир ҳисоботга тайёрми? — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Вазир ҳисоботга тайёрми?

“Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий Кенгаши ҳамда партия фракцияси аъзоларидан иборат ишчи гуруҳи Жиззах вилоятида бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга йўлланган Мурожаатномасида белгилаб берилган устувор йўналишлар ҳамда партиянинг Сайловолди дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, фуқаролар мурожаатларини ҳал этиш, мавжуд муаммо ва камчиликлар ечими билан боғлиқ ҳолатларни ўргандилар.

2019 йил 22 декабрдаги сайловларда Жиззах вилоятидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 1 нафар, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига эса 72 нафар депутат сайланган.

Шу кунгача маҳаллий кенгаш депутатлари томонидан Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, электорат манфаатларини ҳимоя қилишга доир 77 та депутатлик сўрови юборилиб, шундан 11 таси қонунлар ва ҳукумат қарорларининг жойлардаги ижроси, 66 таси фуқаролар мурожаатлари асосида амалга оширилган. 55 та сўровда кўтарилган маслалар (яъни 71,4 фоизи) ижобий ҳал этилиб, 22 та (яъни 28,6 фоизи) депутатлик сўрови ижроси назоратга олинган.

Маълумки, партиянинг Сайловолди дастурида тарбия ва таълим тизимини ислоҳ қилиш масалаларига устуворлик берилгани боис ишчи гуруҳи томонидан умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди. Айни пайтда, Жиззах вилоятида 548 та мактаб, 805 та мактабгача таълим ташкилоти фаолият олиб бормоқда. Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан мактабларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари ўрганилганда, аҳолининг сони ўсиб боришига қарамасдан, йиллар давомида мактабларда ўқув ўринлари сони реал ўқувчилар сонига нисбатан номутаносиб бўлиб келган. Ана шу даврда кутубхона, ошхона, спорт заллари ҳамда ҳожатхоналар яроқсиз ҳолга келганини таъкидлаш жоиз. Шунингдек, мактабларда иситиш тизимининг носозлиги, уларни тоза ичимлик суви билан таъминлаш масалаларида ҳам қатор камчиликлар сақланиб қолмоқда.

Вилоят Халқ таълими бошқармаси маълумотларига кўра, 164 та мактабда спорт заллари мавжуд эмас. 548 та умумтаълим мактабига эса охирги 5 йил давомида 16 турдаги спорт жиҳозлари ажратилмаган. Саноқли мактабларда буфетлар бўлиб, уларда ўқувчиларга асосан уй шароитида тайёрланган овқатлар сотиляпти.

Шу ўринда кўплаб мактаб кутубхоналаридаги ҳолат тақдим этилаётган кўрсаткичларга зид эканини таъкидлаш жоиз. Халқ таълими бошқармаси маълумотига кўра, 2019 йилда 131 та мактабда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” ҳамда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Дастурлари асосида қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилган. Шундан, 59 та мактаб республика бюджети ҳисобидан замонавий жиҳозлар билан таъминланган. Бироқ, маҳаллий бюджетдан белгиланган маблағ ажратилмагани боис, 51 та мактаб керакли тарзда жиҳозланмаган. Айни пайтда ушбу мактабларни жиҳозлашга 9 млрд. сўм миқдоридаги маблағ талаб этилмоқда.

Мактабларни замонавий технологиялар билан таъминлашда ҳам муаммолар мавжуд. Тўғри, 548 та умумтаълим мактабининг 163 таси компьютер билан таъминланган. Жорий йил яна 168 та мактабни компьютер техникаси билан таъминлаш режалаштирилган. Аммо 217 та мактабда компьютерлар мавжуд эмас. 30 та мактаб эса интернет тармоғига уланмаган.

Умумтаълим мактабларидаги шарт-шароитлар ҳақида гап кетганида Ғаллаорол туманидаги 32-умумий ўрта таълим мактабининг 43 нафар ўқитувчиси орасида олий тоифали ўқитувчи йўқлиги, мактаб икки сменали бўлгани учун тўгарак дарслари ўтилмаётганини айтиш жоиз. 2019 йилда ушбу мактабни тамомлаган 35 нафар боланинг бирортаси олий таълим муассасасига киролмаган. Шу ўринда – Зомин, Зафаробод, Пахтакор ва Фориш туманлари Халқ таълими бўлимлари маъмурий биноларига эга эмаслиги ҳам таълим тизими мутасаддиларининг жойлардаги реал ҳолатдан хабардор эмасликларини кўрсатади.

Ишчи гуруҳи аъзоси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Фарҳод Зайниевнинг таъкидлашича, ўрганишлар натижасига кўра, фракция аъзолари парламент эшитувларига жиддий тайёргарлик кўра бошладилар.

“Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Феруза Муҳамеджанова эса халқ таълими тизимидаги муаммоларни таҳлил этар экан, Жиззахда ўз жонига қасд қилаётган ёшлар сони ортиб бораётгани энг нохуш ҳолатлардан бири эканини таъкидлади.

Ишчи гуруҳи аъзолари бундай ўрганишлар мавсумий тадбир эмаслигини, жойларда аниқланган ҳар қандай камчилик, фуқаролар эътирозига сабаб бўлаётган омиллар юзасидан соҳа ва тизим раҳбарлари, вазирлик ва идора мутасаддиларининг ҳисоботлари эшитилади. Аммо мутасаддилар ана шундай ҳисоботларга тайёрмилар?

Ишчи гуруҳи томонидан мактабгача таълим ташкилотлари, маҳалла, хотин-қизлар билан ишлашга ихтисослашган тузилмалар фаолияти ҳам ўрганилди. Ишчи гуруҳи банкларнинг аҳоли ва хўжалик субъектларига хизмат кўрсатиш ва тадбиркорлик муҳитини яхшилаш борасидаги ишларини ҳам кўриб чиқди. Хусусан, Арнасой туманининг “Агробанк” ва “Халқ банки”, Дўстлик туманининг “Халқ банки” фаолияти таҳлил этилганида мижозларга кредит ва омонатлар бўйича керакли ахборотлар тарқатилмаётгани аниқланди.

Жиззах вилояти Марказий банки ва тижорат банкларнинг ҳудудий бошқарма ва бўлинмалари раҳбарлари билан уюштирилган очиқ мулоқотда эса айнан банк ва мижоз ўртасидаги муносабатлар муҳокама этилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Алишер Қодиров иштирок этган тадбирда қайтиши мавҳум бўлган кредитлар учун банк ходимлари жавобгар бўлиб қолаётганларига ҳам эътибор қаратилди. Шунинг учун ҳам муаммоли кредитларни қайтариш буйича суд ва ижро жараёнлари муддатини оптималлаштириш, мижоз томонидан такдим этилаётган кўчар ва кўчмас мулкларни баҳолаш тизимини қайта кўриб чиқиш, мустақил баҳоловчи ташкилотлар жавобгарлигини ошириш, таъминот ҳисобига олинган ва кредитни қайтариш жараёнида аукцион орқали сотилган мулклардан ҚҚС солиғи олмаслик, банк ходимларининг асосий вақти кредит ундиришга сарфланаётганини ҳисобга олиб, муаммоли кредитлар билан ишлашни учинчи шахсларга (коллектор) топшириш масаласида таклифлар билдирилди.

Ишчи гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги ва “Реклама тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунлари ижроси ҳам атрофлича ўрганилди.

Таъкидлаш жоизки, Жиззах шаҳри, Дўстлик, Мирзачўл, Пахтакор, Фориш, Ғаллаорол, Янгиобод туманларидаги кўплаб ташкилотлар, жамоат жойлари, кўчалар, бозорлардаги ташқи реклама матнлари асосан рус ва инглиз тилларида ёзилган. Давлат тилида бўлмаган ташқи ёзувлар Жиззах шаҳрида 40-50 фоизни ташкил этади.

Гарчи “Давлат тили ҳақида”ги Қонунда лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матни давлат тилида бўлиши кераклиги аниқ белгилаб қўйилган бўлса-да, бошқа тилда таржимаси берилиши мумкинлигига ҳам рухсат этилган. Рекламага оид қонунларда эса реклама берувчининг хоҳишига биноан хоҳлаган тилда ҳам берилиши кўрсатилган.

Гуруҳ аъзолари юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, ҳар иккала Қонун нормаларидаги ўзаро зидликни бартараф этиш, қонун нормаларида реклама ахбороти, шунингдек, эълон, нархномаларга аниқ тушунчалар бериш, янги таҳрирда тайёрланаётган “Реклама тўғрисида”ги Қонун лойиҳасининг 6-моддасини қайта ишлаб чиқиш лозим, деган хулосага келдилар.

Партия Марказий Кенгаши ҳамда фракция аъзоларининг маълум қилишларича, ўрганиш натижалари юзасидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилади. Бундан ташқари ҳар бир соҳа ва тизим мутасаддиларининг Жиззах вилоятидаги фаолияти юзасидан парламент эшитувларини ўтказиш ҳам кўзда тутилган.

Одилбек РАҲМОНОВ тайёрлади