Вебинар фонидаги таҳлил: Интернет ва ижтимоий тармоқларда ахборот тарқатиш маданияти — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Вебинар фонидаги таҳлил: Интернет ва ижтимоий тармоқларда ахборот тарқатиш маданияти

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши Ўқув-услубий ва тадқиқот маркази томонидан партия ходимларининг малакасини ошириш мақсадида “Интернет ва ижтимоий тармоқларда ахборот тарқатиш ҳамда фойдаланиш маданияти” мавзусида вебинар ўтказди.

Онлайн ўқув даврсида эксперт сифатида иштирок этган Тошкент давлат юридик университети профессори, юридик фанлари доктори Ф. Муҳиддинова ижтимоий тармоқларда замонавий ахборот тарқатиш технологиялари ва усуллари ҳақида ўзига хос маъруза қилган бўлса, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти бўлим бошлиғи А. Сапаров ижтимоий тармоқларда омма онгига салбий таъсир этувчи, бузғунчи, ва нохолис мазмундаги ахборотларга қарши кураш услублари бўйича иштирокчиларга “мастер-класс” тақдим этди. “Маърифат” тарғиботчилар жамиятининг яна бир вакили, психолог Ж. Пўлатов эса ахборот хуружидан фақатгина туғри тарбия ва маданият орқали ҳимояланиш мумкин, дея ўз фикрларини ҳаётий мисоллар орқали изоҳлаб берди.

Маълумки, ҳозирги даврда шиддатли ўзгараётган замон билан ҳамнафас фаолият юритиш, ички ва ташқи ғоявий-мафкуравий таҳдидларнинг олдини олишга қаратилган тизимли тарғибот ишларини йўлга қўйиш долзарб вазифа саналади. Уни амалиётга тадбиқ ва тарғиб этиш жараёнида фуқаролар, айниқса, ёшлар, ўқувчи-талабаларда мафкуравий иммунитет, ғоявий курашчанлик фазилатларини шакллантириш учун огоҳлик, сезгирлик ва ҳушёрлик хусусиятларини кучайтириш алоҳида аҳамият касб этади.

Ахборот билан қизиқиш ақллилик белгиси, уни тўғри ва нотўғри маълумотларга ажратиш донолик, ахборотни инсон онгига сингдириш эса – бу қуролдир. Ахборотлашган жамият муаммоларининг бугунги талқинлари халқимизнинг ғоявий курашчанлик фазилатларига жиддий эътибор қаратишни тақозо этмоқда. Ахборот босими миллий тикланиш, маънавий юксалиш йўлидаги барча саъй-ҳаракатларимизнинг ҳимоя чизиғини таъминлашга эҳтиёжни кучайтирмоқда.

Вебинар давомида профессор Феруза Муҳиддинова ОАВнинг қонуний асослари хусусида гапириб, унинг амалётда кенг қўлланиши фақатгина маданиятни кучайтириш орқали бўлади, деб фикр билдирди. Конфуций айтганидек: “Қонун қаттиқўллик билан қабул қилинса, одамлар уларни четлаб ўтадилар. Натижада, янги қонун пайдо бўлади”, шундан келиб чиқиб, қонунларга риоя қилиш учун ҳам маданиятни кучайтириш лозимлигига алоҳида урғу берди профессор.

SММ (Social media marketing) ижтимоий тармоқларда компания ёки брендни тарғиб қилиш ва бошқа бизнес муаммоларини ҳал қилиш учун канал сифатида фойдаланиш бўйича тадбирлар мажмуи ҳисобаланади. Вебинар эксперти Алексей Сапаров SММ воситаларидан ўнтасини тушунтириб берди. Контент маркетинг асосий жиҳатдан SMM контент маркетинги билан бошланади. Контент сифати бошқа SMM воситаларининг ишлаши ва самарадорлигини белгилайди. Контент қанчалик яхши бўлса, бошқа SММ воситалари ҳам яхши ишлайди, деди у.

Контент – бу аудиториянгизни истеъмол қиладиган ҳар қандай маълумот: ижтимоий тармоқдаги иштироки, бизнес тавсифи, номлаш, постлар, расмлар, видеолар, жонли трансляциялар ва қизиқарли воқеалар мажмуидир.

Жамиятни бошқариш ёки жамият менежменти, авваламбор, фойдаланувчилар билан мулоқот қилишдан иборат. Жамият менеджери фойдаланувчиларнинг саволлари, эътирозлари ва салбий томонларини зудлик билан кўриб чиқиши керак. Аниқ реакция вақтини белгилаш лозим, чунки, жавоб кутиш ҳеч кимга ёқмайди. Салбий муносабатлар билан ишлашда, ҳар қандай ҳолатда ҳам фойдаланувчининг ғазабланган изоҳларини ўчирмаслик керак. Уларни оммавий ва хушмуомалалик билан қайта ишлаш лозим, назаримизда.

Блогерлар билан ишлаш – ушбу SMM воситаси “Instagram”да, шунингдек, “YouTube”, “Вконтакте” ва “Facebook”да реклама қилишда тез-тез ишлатилади. Ўзингизнинг лойиҳангизда бир қатор тўғридан-тўғри транслацияларни ўтказиш учун таниқли блогерни танланг ёки Инстаграм блогерлари учрашувини ташкил қилинг.Органик реклама – бу пуллик нашрларни аллақачон илгари сурилган гуруҳларда ва оммавий саҳифаларда жойлаштиришдир. Нашрда реклама қилинган компания ҳақида маълумот, шунингдек, реклама акцияси ёки танлов ҳақидаги хабар бўлиши мумкин. Бундай нашрларни махсус почта биржалари орқали жойлаштириш қулай.

Айланма ҳаракат – агар сиз аллақачон ривожланган каналга эга бўлсангиз ва бошқасини ишга туширмоқчи бўлсангиз, ривожланган каналдан янги канал очилганлигини эълон қилишингиз мумкин.
Танловлар – агар сиз маҳсулот эътиборини жалб қилиш учун танловлардан фойдаланмоқчи бўлсангиз, унда фақат тасдиқланган ва тушунарли схемалардан фойдаланинг. Танловда иштирок этиш имкон қадар содда ва фойдаланувчи вақтининг бир неча сониясидан ошмаслиги керак.

Кросс-промо – шунга ўхшаш мақсадли аудиторияга ва бир хил бренд даражасига эга бўлган шериклар билан музокара олиб бориш ҳамда реклама пакетларини алмашиш. Шунингдек, маҳсулотларни, товар белгиларини, жамоатчиликни, ҳамкор сайтларни реклама қилиш учун қўшма реклама кампаниясини ўтказиш.

Ҳештегларни ўйлаб топган ва улардан фойдаланишни бошлаган биринчи ижтимоий тармоқ “Twitter” эди. Ижтимоий тармоқдаги барча таркибни ушбу “#” белгиси бирлаштиради ва намойиш этади. Бу ижтимоий медиа таркибнинг энг тез ўсиб бораётган тури. “Instagram”, “Twitter”, “Facebook” орқали видеоэшиттиришлар яхши ишлайди. «Одноклассники» ва «Вконтакте»да ҳам шунга ўхшаш хизматлар мавжуд: ОК LIVE, ВК LIVE.

Вебинарнинг яна бир маърузачиси, психолог Жавдат Пўлатовнинг мулоҳазалари тингловчиларнинг алоҳида этиборини тортди. Ахборотларни мунтазам кузатар эканмиз, сиёсий маданият, орият, маънавият, сиёсат, ахлоқ борасидаги тасаввурларимиз остин-устун бўлиб кетди, дейди у. Интернет орқали мафкуравий таъсир ва тазийқ ўтказиш давлатнинг энг асосий геосиёсий потенциали бўлмиш миллий менталитет, маданият, одамларнинг ахлоқий эьтиқоди, мустақил позициясини ўзгартириб ташлаш қудратига эгадир. Бизга келаётган ахборот оқимининг моҳиятини ақл-идрок, тафаккур кўзгусига солиб, тўғри тушуниб олишга ўргатиш ва ахборотларни фильтрлаш қобилиятини шакллантириш керак.

Шу билан биргаликда, маърузачи нейро лингвистик дастурлашнинг моҳиятини тушунтириб берди. – Нейро лингвистик дастурлаш – бу шахслараро мулоқот, шахсни ривожлантириш ва психотерапия бўйича ёндашув ҳисобланади. Дастур яратувчилари неврологик жараёнлар ва хулқ-атвор моделлари ўртасида боғлиқлик, шунингдек, уларга керакли мақсадларга эришиш учун махсус техника билан таъсир ўтказиш имконияти мавжудлигини таъкидлайдилар. Ушбу техника маълум бир соҳада муваффақиятга эришган кишиларнинг хатти-ҳаракатини нусхалаш ёки моделлаштиришга қаратилган. Бу ҳолатда ахборот инсон онгига таъсир этиб, унинг моддий майилларини юзага чиқаради. Натижада, ҳар қандай янги ахборот улар томонидан тажовузкор қабул қилинади.

Психолог маърузасининг сўнгида ахборот хуружидан фақатгина туғри тарбия ва маданият орқали ҳимояланиш мумкин, дея фикр билдирди. Бунда дунёқараши кенг бўлган фарзандларни тарбиялаш муҳим аҳамият касб этади.

Веминар баҳс-мунозара, савол-жавобларга бой бўлди.

ЎзМТДП Марказий кенгаши Ахборот хизмати