Китоб ўқийдиганлар бор, аммо китоб йўқ — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Китоб ўқийдиганлар бор, аммо китоб йўқ

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Зафар Абдиримов Янгибозор тумани Қадрият маҳалласидаги 19-сонли умумтаълим мактабида маҳалла аҳолиси ва ёшлар билан учрашув ташкил этди. Учрашувда “Миллий тикланиш” демократик партияси Хоразм вилоят кенгаши раиси Ражаббой Рўзметов, Янгибозор туман ҳокими Ўктам Машарипов иштирок этди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати томонидан Президентимизнинг 5 муҳим ташаббуси доирасида ўтказилаётган танловларнинг туман босқичида фаол қатнашиб, совринли ўринларни эгаллаб келаётган мактаб ўқувчиларига бадиий китоблар совға қилинди.

— Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати билан учрашганимиздан бениҳоя хурсандмиз. Депутат билан дилдан суҳбатлашдик, таълим олиш жараёнларимиз билан танишди. Китобсевар дўстларим учун депутатнинг совғалари бебаҳо туҳфа бўлди, — дейди мактаб ўқувчиси Муниса Ражабова.

Халқ вакили З.Абдримов шу куни туманидаги 10-сонли умумтаълим мактабда ҳам бўлиб, дастлаб мураббий ва ўқувчилар билан суҳбатлашди. Мактабнинг ҳар бир синфини кўздан кечирди. Ўқув жиҳозлари билан қай даражада таъминланганлигини ўрганди. Депутат мактаб кутубхонаси фаолияти билан танишар экан, маърифат масканининг фондини янада бойитиш зарурлигини қайд этди.

— Мактаб кутубхонасида китоблар салмоғи етарли эмас. Ўқувчи ёшларимизнинг китобга бўлган қизиқиши, меҳри ошиб бормоқда. Лекин баъзан улар сўраган китобларни топиб беролмай қоляпмиз, — дейди мактаб кутубхонаси масъул ходими Мақсуда Қуронбоева.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати партия Гурлан туман кенгаши масъул ходимлари ҳамда халқ депутатлари Гурлан туман Кенгашига ЎзМТДПдан сайланган депутатлар билан ҳам учрашди. Учрашувда тумандаги умумтаълим мактабларининг бугунги ҳолати, моддий-техник таъминотини ўрганиш бўйича депутатлардан иборат ишчи гуруҳи ташкил этилиб, айни масалалар юзасидан муаммоларни чуқур ўрганиш белгилаб олинди.

Депутатларнинг тумандаги мавжуд умумтаълим мактаблари ҳолатини ўрганиш ишлари давом этмоқда.

ЎзМТДП Хоразм вилояти кенгаши